Part 1

4

Chapter 1 (Sura 1)

1Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман. (Аллоҳ таоло ўз китобини "бисмиллаҳ" билан бошлагани мусулмонларга ҳам ўрнак, улар ҳам доим ўз сўзларини ва ишларини "бисмиллаҳ" билан бошламоқлари лозим. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: "Эътиборли ҳар бир иш "бисмиллаҳ" билан бошланмас экан, унинг охири кесикдир", деганлар. Яъни, баракаси бўлмайди, охирига етмайди.)

2Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин. (Оламларни яратгани учун ҳам, уларнинг тарбиячиси бўлгани учун ҳам, улардаги барча жонзотларга ҳаёт, ризқи рўз бергани учун ҳам Аллоҳ барча ҳамду саноларга сазовордир.)

3У Роҳман ва Раҳийм... (Барчага-кофирга ҳам, мўъминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи. "Роҳман" сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, ундан бошқа ҳеч кимга нисбатан бу сифатни ишлатиб бўлмайди. "Раҳийм" сифати, хосроқ бўлиб, фақат мўъминларга қиёмат куни раҳм қилувчи маъносини англатади ва Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан, Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади.)

4У қиёмат кунининг подшоҳи, эгаси. ("Дин" сўзи арабчада ҳисоб, жазо, мукофот маъноларини билдиради. "Явмид дин"-қиёмат кунида бандалар қайта тирилтирилиб ҳисоб-китоб қилинади. Яхшига мукофот, ёмонга жазо берилади. Бу оятни ўқиганда қиёматни эслаб, ўша даҳшатли кунда фақат Аллоҳнинг ўзи ҳукм чиқаришини, ўша ерда уялиб қолмасликни эслаб, унга тайёргарлик кўришга аҳд қилинади.)

5Фақат сенгагина ибодат қиламиз ва фақат сендангина ёрдам сўраймиз. ( "Иййака наъбуду" "фақат сенинг айтганингни қиламиз" маъносини англатади. Бу эса, банда тарафидан Аллоҳга берилган улкан ваъда. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ваъданинг устидан чиқадиганлардан қилсин. "Иййака настаъин" ҳам, фақат Аллоҳдангина ёрдам сўраш маъносини англатади.)

6Бизни тўғри йўлга бошлагин. ("Ҳидоятга бошлаш" луғатда бирор нарсага лутф билан йўллаб қўйишга айтилади.)

7Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас. ("Неъмат берилганлар"дан мурод-Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалар. "Ғазабга дучор бўлганлар"дан мурод-яҳудийлар. Яҳудийларнинг ғазабга дучор бўлишларининг сабаблари кўп, жумладан, анбиёларни ўлдиришлари, Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилмасликлари ва ҳоказо. Лекин катта сабаб-билганига амал қилмаслик. Аллоҳ уларга илм берган, улар эса била туриб илмга амал қилмаганлар. "Адашганлар"дан мурод-насронийлар.Насороларнинг "адашганлар" бўлиши ҳам бир қанча сабабларга кўрадир. Энг асосийси-улар мақсадга эришиш йўлида Аллоҳ кўрсатган йўлни эмас, ўзлари топган йўлни танлаганлар. Демак, оятнинг маъноси: Эй Аллоҳ, бизни ўтган анбиёю авлиё, азизларнинг йўлидан бошлагин, яҳудий ва насронийлар йўлидан бошламагин, деганидир. Имоми Насаий машҳур саҳобий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: "Намозни ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандамга нима сўраса, бераман. Агар у (банда) "Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн" деса, Аллоҳ, бандам менга ҳамд-шукр айтди, дейди. Банда: "ар-Роҳманир Роҳийм", деса. Аллоҳ: "Бандам менга сано-мақтов айтди", дейди. Банда: "Малики явмиддин", деса, Аллоҳ: "Бандам мени улуғлади", дейди. Банда: "Иййака наъбуду ва иййака настаъин", деса, Аллоҳ: "Бу мен билан бандам орасидаги аҳд, бандамга нима сўраса, бераман", дейди. Агар банда: "Иҳдинас сиротал мустақим, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағзуби алайҳим валаззооллийн", деса, Аллоҳ: "Бу бандамга хос, бандамга сўраганини бердим", дейди.)

Chapter 2 (Sura 2)

1Алиф Лом Мим. (Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар "Ҳурифул муқатаот" кесик ҳарфлар десалар, бошқалар "Ҳурифул ҳижои" алифбо ҳарифлари дейдилар, учинчилари эса, "Фавотуҳус суар" сураларни очувчилар дейдилар. Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари: "Бу Аллоҳ билан Пайғамбар алайҳиссалом ўрталаридаги сир", дейдилар. Бошқа бирлари эса, уларга ўзларича маъно йўйганлар. Ихтилофнинг асосий сабаби-улар ҳақида на Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир.)

2Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. (Яъни, Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир. Қуръони Каримнинг бир сифати "тақводорларга ҳидоятдир". Ҳидоят-мақсадга эриштиргувчи лутф билан йўл кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир. Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак унда тақво бор экан.)

3Улар Ғайбга иймон келтирурлар, намоз ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар. (Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси саналган: Биринчиси-"ғайбга иймон келтирурлар". Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида: "Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир", деган эканлар. Иккинчиси-"намоз ўқирлар". Яъни, Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Парвардигорига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Ҳаётида ерга қапишиб юришдан юқори нарсани топади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади. Учинчиси-"Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар". Мўмин-мусулмоннинг, тақводор одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади. "Садақа" сўзини тасдиқ маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни, яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор. "Нафақа" ўзи умумий сўз бўлиб, закот, хайр-эҳсон, садақа каби маъноларни англатади.);

4Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирурлар ва охиратга аниқ ишонурлар. (Демак, тақводорларга оид навбатдаги тўртинчи сифат-Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони Каримга ва у кишидан олдин туширилган самовий китобларга иймон келтириш. Бу нарса, Ислом умматининг буюк сифатларидан бири бўлиб, бошқа ҳеч бир умматда йўқдир. Чунки Ислом умматидан бошқа ҳеч бир уммат Аллоҳдан нозил бўлган барча китобларга бирдек иймон келтирмаган. Ислом уммати Аллоҳ туширган барча китобларга бирдек иймон келтиради.)

5Ана ўшалар Роббиларидан бўлган ҳидоятидадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топгувчилардир. (Ким нажот топишни истаса, ўзида тақводорлик сифатларини мужассам қилишга уринсин.)

6Албатта, куфр келтирганларга қўрқитасанми-қўрқитмайсанми-барибир, иймон келтирмайдилар.

7Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларини муҳрлаб қўйган ва кўзларида парда бор. Ва уларга улкан азоб бордир.

8Ва Одамлардан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар.

9Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Ва ҳолбуки, сезмасдан ўзларини алдайдилар.

10Уларнинг қалбларида касал бор. Аллоҳ касалларини зиёда қилди. Ва уларга ёлғон гапирганлари учун аламли азоб бор.

11Ва агар уларга, ер юзида фасод қилманг, дейилса, биз фақат ислоҳ қилувчилармиз, дейдилар.

12Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин сезмайдилар.

13Ва агар уларга, одамлар иймон келтирганидек, иймон келтиринглар, дейилса, "Эсипастлар иймон келтирганидек иймон келтирамизми?" дейишади. Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар эсипастлардир ва лекин ўзлари билмайдилар.

14Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дейдилар, шайтонлари билан ҳоли қолганда эса, биз сизлар биланмиз, фақат истеҳзо қиляпмиз холос, дейдилар.

15Аллоҳ уларни истеҳзо қилади ва туғёнларида довдирашларига қўйиб беради.

16Ана ўшалар, ҳидоятга залолатни сотиб олганлардир. Ва тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар. (Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳидоятни қўйиб залолат-адашиш йўлини ихтиёр қилганликларини илоҳий таъбирлар билан баён қилмоқда. Агар улар хоҳласалар, ҳидоят қўлларига теккан эди, ундан фойдаланиб юрсалар бўлар эди. Пайғамбар алайҳиссалом бошқалар қатори уларни ҳам даъват қилган эдилар. Аммо улар ҳидоятни бой бериб, залолатни танладилар. Яъни, ҳидоятга залолатни сотиб олдилар. Аммо уларнинг бу тижорат-савдолари фойда келтирмади. Шу билан бирга, улар ҳидоятда-тўғри йўлда юрувчилардан бўлмадилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, сўзида турмайди ва омонатга хиёнат қилади", деганлар. Шунингдек, Имом Бухорий Ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: "Тўрт нарса бор, кимда улар бўлса, тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда улардан бир хислат бўлса, уни ташлагунча, нифоқнинг хислатларидан бири у кишида туради. Омонатга хиёнат қилади, ёлғон гапиради, аҳд қилса, алдайди ва тортишса, фожирлик қилади", дейилган.)

17Улар мисоли ёққан ўти энди атрофини ёритганида Аллоҳ нурларини кетказиб, қоронғу зулматларда қолдирган кишиларга ўхшайдилар. Улар кўрмайдилар. (Ҳақиқатда ҳам, мунофиқлар кофирларнинг зидди ўлароқ, аввал бошдан Ислом даъватини эшитдилар. Ислом-иймон калималарини нутқ қилдилар, ҳатто яхшигина қулоқ осдилар, иймон келтирдик, дедилар, ибодат ҳам қилдилар. Кейин эса, ҳаммасини ташлаб, инкор қилиб, куфр, нифоқ, шак-шубҳа зулматларида қолиб кетдилар.)

18Улар кар, соқов, кўрдирлар. Бас, улар қайтмаслар.

19Ёки худди осмондан ёмғир ёғиб, қоронғу босиб, момақалдироқ ва чақмоқ чаққанда, яшиндан қочиб, панжаларини қулоқларига тиқиб, ўлимдан эҳтиёт бўлаётган одамга ўхшарлар. Ва Аллоҳ кофирларни ўраб олувчидир.

20Чақмоқ уларнинг кўзини олиб қўяй дейди. Ёриган пайтда юришади, қоронғи бўлса, тўхташади. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларнинг кўзу қулоқларини кеткизади. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Аллоҳ таоло ушбу икки оятда мунофиқларнинг ҳайратлари, иккиланишлари ва умумий руҳий ҳолатларини момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақиб, осмонни зулмат босиб, қаттиқ ёмғир ёққанда кўчада қолган бечора одамга ўхшатади. У қўрққанидан даҳшатга тушиб, яшиндан қутулмоқчи бўлади, панжаларини қулоқларига тиқиб, шу мени ўлимдан сақлайди, деб туради. Улар куфр ва нифоқ зулматидадирлар; чақмоқ чаққан пайтдаги ёруғдан фойдаланиб бир-икки қадам боса оладилар, чақмоқдан кейин яна қоронғуда туриб қоладилар.)

21Эй одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки тақводор бўлсангиз. (Ушбу оятда умумбашарга қарата нидо этилмоқдаки, сизларни яратган тарбиякунандаларингиз улуғ Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизларни яратишда У ягона бўлган, энди ёлғиз Ўзига ибодат қилишингизга ҳақлидир. Ибодатдан мақсад-шоядки тақводор бўлсаларингиз.)

22У сизларга ерни тўшаб, осмонни бино қилган ва осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган зотдир. Билиб туриб Аллоҳга бошқаларни тенглаштирманг.

23Ва агар бандамизга туширилган нарсамизга шакингиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг.

24Бас, агар қила олмасанглар, ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам, ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар. (Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг, "ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам", дейиши улкан мўъжизадир. Бу ерда Қуръон сураларидан биттасига ўхшаш сурани ҳеч қачон келтира олмаслиги таъкидлаб айтилмоқда.)

25Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга, улар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар борлигининг башоратини бер. Қачонки уларнинг мевасидан баҳраманд бўлсалар, бундан аввал ҳам ризқланган эдик, дейишади. Уларга ўхшаш нарсалар берилгандир. Уларга бу ерда покиза жуфтлар бор ва улар у ерда абадий қолурлар. (Ушбу ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга башорат-суюнчилик хабар беришни буюрмоқда. Демак, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатга кириш учун иймон келтириш, яъни, Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ва иймон лозим бўлган бошқа нарсаларга иймон келтириш ҳамда амали солиҳларни, яъни, Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларни қилиш зарурдир.)

26Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини биладилар. Аммо куфр келтирганлар. Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилади, дейишади. У билан кўпчиликни залолатга кеткизади ва кўпчиликни ҳидоятга солади. У билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизади.

27Улар Аллоҳнинг аҳдини боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир. (Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажраб туради. Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга... ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ-кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар. Фасоднинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод-борлиқни яратувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлини тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишидир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.)

28Аллоҳга қандай куфр келтирасизлар? Ва ҳолбуки жонсиз эдингиз У сизга жон берди, сўнгра жонингизни олади ва яна тирилтиради ва сизлар Унга қайтажаксизлар.

29У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот. Сўнгра осмонга юзланди ва уларни еттита қилиб тўғрилади. Ва У ҳар бир нарсани билувчи зотдир. (Аллоҳ дунёдаги жамики нарсаларни инсонга ҳадя этган экан, инсон ҳам, ўз навбатида, ўша неъматларни берган Зотга шукр қилиб яшамоғи лозим. Ҳол шундай экан, қандай қилиб улар Аллоҳни инкор этадилар ва унга куфр келтирадилар?!)

30Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: "Мен ер юзида халифа қилмоқчиман", деди. Улар: "Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз", дедилар. У: "Мен сиз билмаганни биламан", деди. (Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари-халифаси бўлишини ирода этган экан. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.)

31Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: "Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг", деди.

32Улар:"Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан", дедилар.

33У зот:"Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер", деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, "Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим", деди. (Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.)

34Эсла, фаришталарга: "Одамга сажда қилинглар!" деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди. (Фаришталарга саждани буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни-Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди. Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки улар фитратида Аллоҳнинг амрига исён қилиш хусусияти йўқ. Фақат Иблис сажда қилмади.)

35Ва: "Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар", дедик.

36Шайтон уларни ундан оздирди ва бўлган нарсаларидан чиқарди. Ва Биз: "Баъзингиз баъзингизга душман бўлиб тушинглар, сизларга ер юзида қароргоҳ ва бир муддат ҳузур қилиш бордир", дедик.

37Бас, Одам ўз Роббисидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли зотдир.

38Биз: "Ундан ҳаммангиз тушинг, бас, Мендан сизга ҳидоят келажак. Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар", дедик.

39Ва куфр келтирган ҳамда оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса, улар дўзах эгаларидир, улар унда абадий қолурлар. (Аллоҳнинг ҳидоятига эргашмаганларни Аллоҳ таоло лўнда қилиб, куфр келтирганлар деб қўя қолган. Эришадиган оқибатлари аниқ: улар дўзахга тушадилар, ўша ерда абадий қоладилар.)

40Эй Бани Исроил, сизга берган неъматларимни эсланг ва Менга берган аҳдингизга вафо қилинг. Мен ҳам сизга берган аҳдимга вафо қиламан. Ва Мендангина қўрқинг.

41Ва сиздаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширган нарсамга иймон келтиринг. Унга биринчи куфр келтирувчи бўлманг. Менинг оятларимни оз баҳога сотманг ва Менгагина тақво қилинг.

42Ҳақни ботилга аралаштирманг ва ўзингиз билиб туриб ҳақни беркитманг.

43Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг.

44Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!

45Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир. (Биз ёрдам сўранг деб таржима қилган ибора араб тилида "истаъийну" деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр ҳам, кўпчилик хаёл қилганидай салбий маънода, яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир. Энг бош сабр ҳавою нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир.)

46Улар, албатта, Роббиларига рўбарў бўлишлари ва, албатта, Унга қайтиб боришларига ишонган зотлардир.

47Эй Бани Исроил, сизга берган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг! (Ўша пайтларда Пайғамбарлик, илоҳий китоблар ва бошқа афзалликлар Бани Исроилга берилган эди. Лекин улар бу неъматларга шукр этмадилар, аҳдга вафо қилмадилар. Шундан сўнг Аллоҳ уларни лаънатлади, ғазаб қилди, хорлик ва зорликни раво кўрди.)

48Бир жон бошқасидан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган кундан қўрқинг.

49Сизни ёмон азобларга солиб, ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни тирик қолдираётган Фиръавн аҳлидан қутқарганимизни эсланг. Ана ўшанда Роббингиздан улуғ синов бордир. (Фиръавн-қадимги Миср подшоҳининг лақаби. Яъни, ким Мисрга подшоҳ бўлса, Фиръавн бўлади. "Фиръавн аҳли" дегани Фиръавннинг одамлари демакдир. Фиръавн Бани Исроилда туғилган ўғил болаларни ўлдириб, қизларни тирик қолдириши ҳам улкан бир азоб.)

50Ва денгизни ёриб, сизни қутқариб, сизнинг кўз олдингизда Фиръавн аҳлини ғарқ қилганимизни эсланг. (Бани Исроилни Мусо алайҳиссалом Мисрдан олиб чиқиб кетаётганларида, Фиръавн одамлари билан қувиб келиб қолади. Шунда Аллоҳ денгизни иккига бўлиб йўл очади ва Бани Исроил ўтиб оладилар. Ортларидан Фиръавн одамлари билан тушганда, Аллоҳ уларни ғарқ қилади.)

51Ва Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимизни, у (кетгани) дан сўнг золим бўлган ҳолингизда бузоқни (худо деб) тутганингизни эсланг!

52Ўшандан кейин сизни афв этдик. Шоядки шукр қилсангиз.

53Шоядки ҳидоят топсангиз, деб Мусога китобни ва фурқонни берганимизни эсланг.

54Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, албатта, сиз бузоқни (худо) тутишингиз ила ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз. Энди сизни йўқдан бор қилувчи зотга тавба қилинг, ўзингизни ўзингиз ўлдиринг, шундоқ қилмоғингиз йўқданбор қилувчи зот ҳузурида сиз учун яхшидир. Бас, тавбангизни қабул қилди. Чунки У тавбани кўплаб қабул қилувчи ва раҳмли зотдир», деганини эсланг. (Бузоқни худо деб тутиш инсон учун, унинг ақли учун нақадар улкан ор бўлишига қарамай, Бани Исроил табиатидаги бузуқликдан келиб чиқиб, шу ишни ўзига эп кўрди ва бу билан ўзига ўзи зулм қилди.)

55«Эй Мусо, Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча сенга ишонмаймиз», деганингизни, шунда сизни ўзингиз назар солиб турганингизда яшин урганини эсланг. (Бани Исроилнинг бу шаккоклиги учун Аллоҳ таоло муносиб жазолади: ўзлари қараб турган ҳолда яшин уриб, ҳалок бўлдилар.)

56Сўнгра ўлимингиздан кейин қайта тирилтирдик, шоядки шукр қилсангиз. (Аллоҳ таоло уларни қайта тирилтирибгина қўймади. Балки яна қўшимча марҳаматлар кўрсатди.)

57Ва булутни устингиздан соя солдириб қўйдик, сизга манн ва беданани туширдик. Ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларини енглар. Бизга зулм қилмадилар. Лекин ўзларига зулм қилар эдилар. (Ибн Касирнинг айтишларича, «Манн» ўзини еса, таом ва ширинлик, сувга қўшиб ичса, ичимлик бўладиган нарсадир. Уни бошқа нарсаларга қўшса ҳам бўлаверади.)

58«Ушбу қишлоққа кирингиз ва унинг хоҳлаган жойида енглар, еганингиз ош бўлсин ва эшикдан таъзим билан, ҳиттатун, деб киринг, сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшиларга зиёда қиламиз», деганимизни эсланг. (Ушбу оятда, «Ушбу қишлоққа кирингиз», деган жумладаги «қишлоқ»дан мурод–Қуддуси шарифдир. Узоқ замонлар Мисрда ватангадо бўлиб юрган Бани Исроилга Аллоҳ таоло ватан ато қилиб, «қишлоққа кирингиз», деяпти. Бунинг устига яна: «Хоҳлаган жойингизда еб-ичинглар, еганларингиз ош бўлсин», деб катта марҳамат кўрсатяпти. Шу билан бирга, қандай ҳолда кириш лозимлигини ҳам ўргатди. Эшикдан сажда қилиб, яъни, одоб билан, «ҳиттатун» деган сўзни айтиб киринг, дейилди. «Ҳиттатун» дегани–афв эт, гуноҳимни кеч, деган маънони англатар экан. Бани Исроил агар қишлоққа сажда қилиб, гуноҳларини кечишини сўраб, Аллоҳ ўргатган сўзни айтиб кирсалар, Парвардигор уларга мағфират ваъда қилди. «Сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшиларга зиёда қилиб берамиз», деди.)

59Бас, зулм қилганлар уларга айтилган сўзни бошқасига алмаштирдилар. Биз зулм қилганларга фисқ қилаётганлари учун осмондан азоб туширдик. ( Бани Исроил яна бузғунчилик қилди. Аллоҳ таоло ўргатган «ҳиттатун» сўзи ўрнига бошқа сўзни алмаштириб айтдилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбар алайҳиссалом: «Бани Исроилга, эшикдан таъзим қилиб, ҳиттатун, деб киринглар, дейилган эди. Улар думбалари билан судралиб, сўзни алмаштириб, ҳаббатун фи шаъратин, деб кирдилар», дедилар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, улар ҳам амалда, ҳам сўзда хилоф қилганлар. Сажда (таъзим) қилиб киринглар, дейилса, думбалари билан судралиб кирганлар. «Ҳиттатун» деб айтинглар, дейилса, «ҳаббатун фи шаъратин», яъни,арпа дони ичидаги бир дона дон, дейишган. Уларнинг бу ишлари ҳам зулм, ҳам фисқ–Аллоҳнинг амридан чиқиш эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга осмондан азоб туширди.)

60Мусо ўз қавмини сероб қилишни сўраганида, «Ҳассанг билан тошни ур!» деганимизни эсланг. Бас, ундан ўн икки булоқ отилиб чиқди. Ҳар қабила ўз сувини билди. Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар. Ер юзида бузғунчилик устига бузғунчилик қилманглар.

61«Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч чидай олмаймиз, Роббингга дуо қил, бизга ерда ўсадиган нарсалардан–сабзавот, бодринг, саримсоқ, мош, пиёз чиқариб берсин», деганингизни эсланг. У: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни сўрайсизларми? Бирорта шаҳарга тушинг, сўраганингизни албатта, топасиз», деди. Уларга хорлик ва мискинлик ёзилди ва Аллоҳнинг ғазабига лойиқ бўлдилар. Бу Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари, Пайғамбарларни ноҳақ қатл этганлари учундир. Бу исёнга кетганлари ва ҳаддан ошганлари учундир.

62Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собиийлардан, қайсилари Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса ва яхши амалларни қилса, ўшаларга Роббилари ҳузурида ажрлар бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар. (Ояти каримадаги «иймон келтирганлар»дан мурод мусулмонлардир. «Яҳудий бўлганлар»–Бани Исроилдир. Яҳудийнинг икки тоифаси бор: биринчиси–Аллоҳга қайтган, иккинчиси–Яҳудонинг фарзандлари. «Насоролар» деганда эса, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирганлар тушунилади. Улар у кишига ёрдам берганлари учун «насоро» (ёрдам берувчилар) деб ном олганлар. «Собиийлар» деб Пайғамбаримиз келишларидан олдин араб мушрикларидан бир гуруҳлари ўз қавмларининг буту санамларга сиғинишларини ёқтирмай, ўзлари янги ақида ахтариб, охири, Иброҳим алайҳиссалом динида юрамиз, деб қавмларидан ажраб чиққан кишиларга айтилади. Бу номни уларга мушриклар берган, яъни, оталарининг динидан бурилганлар, деганидир.)

63Аҳду паймонларингизни олганимизни ва устингизга Турни кўтарганимизни, «Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг ва ундаги нарсани эсланг, шоядки тақводор бўлсангиз», деганимизни эсланг.

64Сўнгра ўшандан кейин юз ўгирдингиз. Сизга Аллоҳнинг фазли бўлмаганида, албатта ютқазганлардан бўлардингиз.

65Батаҳқиқ, сизлардан шанба куни тажовузкорлик қилганларни билдингиз. Биз уларга: «Қувилган, хор-зор маймунга айланинг», дедик.

66Биз бу (ҳодиса) ни унинг олдидагиларга ва кейинидагиларга ва тақводорларга мавъиза қилдик. (Ушбу хабарлардан Бани Исроилнинг яна икки ахлоқини билиб олса бўлади. 1. Кўп таъкидлашга қарамай, ўзларига тушган ваҳийдан, илоҳий кўрсатмалардан юз ўгириш. 2. Буйруқ ва қайтариқларга юзаки амал қилган бўлиб, аслида, хилоф иш тутиш. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Яҳудийлар қилган ишни сизлар қилманглар, Аллоҳ харом қилган нарсаларни ҳар хил ҳийлалар билан ҳалол ҳисобламанглар», дейдилар.)

67Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ сизга сигир сўймоқни буюрмоқда», деганини эсланг. Улар: «Бизни масхара қиляпсанми?» дедилар. У: «Жоҳиллардан бўлишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», деди.

68Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини баён қилиб берсин», дедилар. У: «У қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, икковининг ўртасидаги сигир, деяпти. Бас, буюрилган нарсани бажаринг», деди.

69Улар: «Роббингга дуо қил, унинг рангини баён қилиб берсин», дедилар. У: «У, ранги сап-сариқ, қараганларни хурсанд қиладиган сигир, деяпти», деди.

70Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини бизга баён қилиб берсин, сигир бизга ноаниқ бўлиб қолди, биз, иншааллоҳ, албатта ҳидоят топувчимиз», дедилар.

71У: «У, ўша сигир минилмаган, ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, аралашган ранги йўқ, деяпти», деди. Улар: «Ана энди ҳақни келтирдинг», дедилар. Бас, уни сўйдилар. Сал бўлмаса, қилмасдилар.

72Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақида ихтилофга тушганингизни эсланг. Аллоҳ сиз беркитган нарсани чиқаргувчидир.

73«Бас, уни у(сигир)нинг баъзи жойи билан уринг», дедик. Аллоҳ худди шундай қилиб ўликларни тирилтиради ва оят-аломатларини сизга кўрсатади. Шоядки ақл ишлатсангиз.

74Сўнгра, шундан кейин қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқ. Ва ҳолбуки, тошларнинг баъзиларидан анҳорлар отилиб чиқади, баъзилари ёрилиб ундан сув чиқади ва баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан қулаб тушади. Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмас. (Ушбу оятда Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг охирги ҳодисадан кейинги ҳолатини васф қилмоқда. Шунча мўъжиза кўрган инсон, ким бўлишидан қатъий назар, қалби эриб, Аллоҳга бўлган эътиқоди зиёда бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроилнинг қалблари қаттиқ бўлди. Қаттиқ бўлганда ҳам, тошдек қаттиқ, балки тошдан ҳаим қаттиқ бўлди.)

75Уларнинг иймон келтиришларини тамаъ қиласизларми? Ва ҳолбуки, улардан бир гуруҳлари Аллоҳнинг каломини эшитар эдилар ва сўнгра уни тушунганларидан кейин билиб туриб бузар эдилар. (Иймон ўзига яраша поклик, мусаффолик, нурни қабул қилиб олишга истеъдод талаб қилади. Аммо яҳудийларда бу нарсага яқинлик ҳеч сезилмаяпти. Уларнинг энг яхши вакиллари бўлмиш диний олимларики Аллоҳнинг каломини эшитиб, уни тушуниб етгандан сўнг, билиб туриб бузсалар, қолганлари нима ҳам қилар эди.)

76Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дейдилар. Баъзилари баъзилари билан холи қолсалар: «Уларга Аллоҳ сизга очган нарса ҳақида Роббингиз ҳузурида ҳужжат талашишлари учун гапиряпсизми? Ақлни ишлатмайсизми?» дейдилар. (Шунақа сифат эгаларининг иймонга келишидан умидвор бўлса бўладими? Улар иккиюзлама қавмдир. Мусулмонлар билан учрашиб қолганда, иймонга келдик, Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлдик, дейишади. Чунки Тавротда у киши ҳақларида башоратлар бор ва яҳудийлар у зотнинг Пайғамбар бўлиб келишларини кутаётган эдилар. Аллоҳ таоло ўша Пайғамбар туфайли бизни душманларимизга ғолиб қилади, дейишар эди... Аммо ўзлари бир-бирлари билан ёлғиз қолганларида, бу ҳақиқатни ошкор қилганларни сўка бошлар эдилар.)

77Аллоҳ уларнинг сир тутгану ва ошкор қилган нарсаларини, албатта, билишини англамайдиларми? (Зикр қилинган бу ҳол яҳудийларнинг диний олимларига оид.)

78Уларнинг ичида китобдан бехабар, хомхаёлдан бошқани билмайдиган омийлар бор. Улар фақат гумон қиладилар халос. (Яъни, яҳудийлар ичида Тавротдан бехабар, унда нима гап борлигини билмайдиган саводсиз омийлар ҳам бор. Ўша омийларнинг билгани фақат хомхаёл, холос. Турли нарсаларни гумон қилиб, ўша гумонига ишониб юраверади. Бу омийларнинг шундай ҳолга тушиб қолишига нима сабаб? Асосий сабабларидан бири–залолатга кетган уламолар.)

79Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин! (Ояти карима зикр қилган «арзон баҳо» ҳақида Имом Ҳасан Басрий: «Арзон баҳо–дунё ва унинг нарсаларидир» деган эканлар. Дунёга молу бойлик, мансаб ва бошқалар киради.)

80Ва улар: «Бизга (дўзах) ўти ҳеч тегмайди, тегса ҳам саноқли кунларгина тегади», дедилар. Сен: «Аллоҳдан аҳд олдингизми? Зотан, Аллоҳ аҳдига ҳеч хилоф қилмайди. Ёки Аллоҳнинг номидан билмаган нарсангизни гапиряпсизми?» деб айт.

81Йўқ! Ким гуноҳ қилса ва уни хатолари ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.

82Ва иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар, ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.

83Бани Исорилдан Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закот беринг, деб аҳду паймон олганимизни эсланг. Сўнгра озгинангиздан бошқангиз юз ўгириб, ортга қараб кетдингиз. (Мулоҳаза қилинса, Аллоҳ таоло Бани Исроилдан аҳду паймон олган ишлар Ислом дини ҳам буюрган ишлардир. Шундан ҳамма самовий динларнинг бирлиги келиб чиқади. Тавҳид ақидасининг асоси–Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслик–аҳду паймон олинган ишларнинг бошида саналяпти. Ота-онага яхшилик қилиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Қариндошларнинг қариндошлик ҳаққи бор, уларга ҳам яхшилик қилиш лозим. Етимлар–боқувчисиз қолган ёш болалардир. Жамиятда уларнинг ҳам ҳаққи бор. Шунингдек, мискинлар ҳам турли сабабларга кўра, ҳаёти ноқулай ҳолларга тушиб қолган шахслардир, уларга ҳам яхшилик кўрсатиш инсоннинг инсонийлик бурчи ҳисобланади.)

84Сизлардан бир-бирингизнинг қонларингизни тўкмайсиз ва диёрингиздан чиқармайсиз, деб аҳду паймонингизни олганимизни эсланг. Сўнгра гувоҳлик бериб туриб иқрор бўлдингиз.

85Сўнгра сиз ўзингизни ўзингиз ўлдирасиз ва бир гуруҳингизни диёридан чиқарасиз ҳамда уларга қарши гуноҳ ва душманлик йўлида ёрдам берасиз. Агар улар асир бўлсалар, қутқариб оласиз. Ва ҳолбуки, уларни чиқариш ҳаром эди. Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?! Сизлардан ўшани қилганларнинг жазоси бу дунёда фақат расво бўлишликдир, қиёмат кунида эса, энг шиддатли азобга қайтарилурлар. Аллоҳ қилаётганингиздан ғофил эмас.

86Ана ўшалар дунё ҳаётини охиратга сотиб олганлардир. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.

87Ва батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан Пайғамбарларни кетма-кет юбордик. Ва Ийсо ибн Марямга равшан (мўъжизалар)ни бердик ва уни руҳул қудс билан қўлладик. Ҳар қачон Пайғамбар сизнинг ҳавою нафсингизга ёқмайдиган нарса келтирса, мутакаббирлик қилиб, баъзиларини ёлғончига чиқариб, баъзиларини ўлдираверасизми?!

88Ва улар: «Қалбимиз ғилофланган», дейишади. Йўқ, ундай эмас, куфрлари сабабли Аллоҳ уларни лаънатлаган. Бас, озгинагина иймон келтирадилар. (Яҳудийлар Исломга даъват қилинганларида: «Бизнинг қалбимиз ғилофланган, янги даъват кирмайди, янги даъватчини қабул қилмайди», деб айтишар эдилар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу гаплари ёлғон эканини фош этиб, ҳақиқатни баён қилмоқда. Ҳақиқат нима? Ҳақиқат шулки, улар аввалдан куфр келтириб, иймондан қочиб юрганлари учун Аллоҳ уларни лаънатлаб, яъни, раҳматидан қувиб, ҳидоят неъматидан маҳрум этган. Шу сабабдан улар иймонга кела олмайдмлар. Агар мабодо келсалар ҳам, жуда оз келадилар.)

89Уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиқловчи китоб келганда, ва ҳолбуки, кофирларга қарши (ундан) ёрдам кутардилар, ўзлари билган нарса келганда, унга куфр келтирдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. (Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, яҳудийлар Авс ва Хазраж қабилаларига қарши, яқинда бизнинг китобларимиз хабарини берган Пайғамбар чиқади, биз унга иймон келтириб, сизларнинг устингиздан ғалаба қозонамиз, дер эдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбарни араблар ичидан танлаб юборгач эса, у кишига куфр келтирдилар. Аввалги гапларини ўзлари инкор қилдилар. Шунда Муоз ибн Жабал, Башир ибн ал-Барраа ибн Маъруф ва Довуд ибн Саламалар уларга қарата: «Эй яҳудийлар жамоаси, Аллоҳдан қўрқинглар! Мусулмон бўлинглар! Биз ширк аҳли бўлган давримизда, бизга қарши у кишидан ёрдам топишингизни айтар эдингизлар. У кишининг Пайғамбар қилиб юборилиши хабарини берар эдингизлар. Сифатларини айтиб берар эдингизлар», дедилар. Бунга жавобан Бани Назийр яҳудийларидан Салом ибн Мушкам дегани: «У биз билган нарсани олиб келди. Биз сизга айтган бу эмас», деди.)

90Улар ўзларини сотган нарса, Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганига Ўз фазлидан туширганига ҳасад қилиб, Аллоҳ туширган нарсага куфр келтирмоқлик, қандоқ ҳам ёмон. Улар ғазабнинг устига ғазабни лозим тутдилар. Кофирларга хор қилувчи азоб бордир.

91Агар уларга: «Аллоҳ туширган нарсага иймон келтиринг», дейилса, «Бизга туширилган нарсага иймон келтирамиз», дейишади. Ва ундан кейинги нарсага куфр келтиришади. Ҳолбуки, у улардаги нарсани тасдиқловчи ҳақдир. Айт: «Агар мўмин бўлсангиз, нимага илгари Аллоҳнинг Пайғамбарларини ўлдирдингиз?!»

92Ва батаҳқиқ, Мусо сизларга равшан (мўъжиза)лар ила келди. Сўнгра сиз ундан кейин золим бўлган ҳолингизда бузоқни (худо) тутдингиз.

93Сиздан аҳду паймонингизни олиб, устингизга Турни кўтариб: «Сизга Биз берган нарсани қувват билан тутинг ва тингланг», деганимизни эсланг. Улар: «Тингладик ва исён қилдик», дедилар. Куфрлари сабабли қалбларига бузоқ ўрнаштирилди. Айт: «Агар мўмин бўлсангиз сизнинг иймонингиз қандай ҳам ёмон нарсага буюради!» (Бани Исроилнинг хиёнаткорлиги, алдамчилиги ва бошқа кирдикорларни назарда тутган ҳолда Аллоҳ таоло улардан таъкидланган, ҳужжатлаштирилган аҳду паймон олган ва устиларига Тур тоғини кўтариб туриб: «Сизга Биз берган нарсани қувват билан тутинг ва тингланг», деб айтган эди. Иймони бор халққа шу етарли бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроил нима қилди?! Улар тилда «эшитдик», дейишди, аммо амаллари билан, «исён қилдик», дейишди. Яъни, тил бошқа, амал бошқа бўлди.)

94Айт: «Агар Аллоҳнинг ҳузуридаги охират ҳовлиси бошқа одамларсиз холис сизга бўладиган бўлса, гапингизда ростгўй бўлсангиз, ўлимни орзу қилинг».

95Улар қўллари тақдим қилган нарсалар сабабидан, уни абадий, ҳеч-ҳеч орзу қилмаслар ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчи зотдир. (Оятдаги «қўллари тақдим қилган нарсалар» жумласи, «гуноҳлар» маъносида келгандир. Араб тилида бирор нарсанинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатилмоқчи бўлинса, ушбу услуб ишлатилади. Демак, яҳудийлар ўлимни орзу қила олмайдилар. Чунки улар ўзларининг гуноҳларини яхши биладилар. Ушбу гуноҳлар билан ҳеч-ҳеч жаннатга кириб бўлмайди. Ўлсалар, беш кунлик дунёнинг матосидан ажралиб қолишларидан қўрқиб, бу дунё ҳаётига маҳкам ёпишиб оладилар.)

96Уларнинг ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканлигини биласан. Мушриклардан бирлари минг йил умр кўришни суяди. Аммо узоқ умр кўриши уни азобдан қутқармайди. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўрувчидир.

97Жиброилга душман бўлганларга айт, албатта у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан, ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва башорат қилиб туширди. («Жиброилга душман бўлганлар»–яҳудийлардир. Улар Жиброил фаришта алайҳиссаломни ўзларига душман ҳисоблашар эдилар. Бунга далил ўлароқ Имом Аҳмад Ҳанбал ривоят қилишича яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан узоқ суҳбат қурган эдилар. Шунда, «Улар: «Ҳар бир Пайғамбарнинг унга хабар келтирадиган фариштаси бўлади. Бизга айт-чи, сенинг соҳибинг ким?» дедилар. У киши: «Жиброил алайҳиссалом», дедилар. Улар: «Жиброил урушни, жангни, азобни туширади, бизнинг душманимиз, агар раҳмат, ёмғир ва набототларни олиб тушадиган Микоил деганингда, яхши бўларди», дедилар.)

98Ким Аллоҳга, унинг фаришталарига, Пайғамбарларига, Жиброилга ва Микоилга душман бўлса, албатта, Аллоҳ кофирларнинг душманидир.

99Батаҳқиқ, сенга равшан оятларни туширдик, уларга фақат фосиқларгина куфр келтирадир.

100Ҳар қачон аҳд қилишсалар, улардан бир гуруҳи уни бузаверадими?! Йўқ! Уларнинг кўплари иймон келтирмаслар.

101Улардаги нарсани тасдиқлаб, Аллоҳнинг ҳузуридан уларга Пайғамбар келса, китоб берилганлардан бир гуруҳи, худди билмагандек, Аллоҳнинг китобини ортларига қараб отдилар. («Аллоҳнинг китоби» Таврот бўлиши мумкин, чунки унда Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар бўлиб келишлари башорати бор. Тавротнинг башоратини тан олмаганларни китобни орқаларига қараб отиш деб васф этилмоқда. Айни чоқда, у китоб Қуръони Карим ҳам бўлиши мумкин, чунки яҳудийлар уни ҳам қабул қилмадилар.)

102Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва икковларидан зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганадилар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон! (Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима–кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога «Сулаймон кофир бўлмаган» деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Кофирликни бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади сеҳрларини?«Эр-хотиннинг ўртасини бузишга». Демак, ёмон нарсага. Cеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар.)

103Агар улар иймон келтириб, тақво қилганларида, гар билсалар, Аллоҳнинг ҳузуридаги савоб яхши эди.

104Эй иймон келтирганлар! «Роъина» деманглар, «унзурна» денглар ва тингланглар. Ва кофирларга аламли азоб бўлур. (Cаҳобаи киромлар ўрганиши лозим бўлган нарсаларни сабоқ олсалар, Пайғамбаримиз алайҳиссалату вассаламга, «Роъина», яъни, кузатиб туринг, тушуниб, ўзлаштириб олайлик, дейишар экан. Аммо пасткаш яҳудийлар мусулмонларни таҳқирлаш учун шу ҳолатдан ҳам фойдаланишибди. Ўзларининг иброний тилларида худди «роъина» каби талаффуз этиладиган, лекин сўкиш, масхара маъносида ишлатиладиган сўзни Расули акрам c.а.в. ҳузурларига келганда айтадиган бўлишибди.)

105Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар сизларга Роббингиздан яхшилик туширилишини ёқтирмайдилар. Ва ҳолбуки, Аллоҳ Ўз раҳматини кимга хоҳласа, ўшанга хос қилади. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.

106Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унутдирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир эканини билмадингми?

107Албатта, осмонлару ернинг мулки Аллоҳники эканини ва сизларга Аллоҳдан ўзга дўст йўқ, ёрдамчи ҳам йўқлигини билмадингми? («Насх» сўзи луғатда ўзгартиш, бекор қилиш маъносини билдиради. Шариат таърифида эса, бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишига айтилади. Тушуниш учун оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, кўпчилик бўлар-бўлмасга Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кириб, бекорчи гаплар билан у зотнинг вақтларини олишаверганидан сўнг, Аллоҳ таоло оят тушириб, ким Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳузурларида ёлғиз қолиб гаплашмоқчи бўлса, гаплашишдан олдин садақа қилишга буюрди. Одамлар бу орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор ўтказмаслик лозим эканлигини англаб бўлганларидан сўнг, бошқа оят тушириб, аввалги ҳукм бекор қилингани эълон этилди.)

108Ёки Пайғамбарингиздан, бундан аввал Мусодан сўралганидек, савол сўрашни хоҳлайсизми?! Ким иймонни куфрга алмаштирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашган бўлади. (Аллоҳ таоло мусулмонларни яҳудийларга ўхшаб ғаразли саволлар беришдан қайтармоқда. Пайғамбар алайҳиссаломдан Мусо алайҳиссаломдан Бани Исроил сўраган нарсаларга ўхшаш нарсаларни сўрашнинг ёмонлигини баён қиляпти ва бу ишни, иймонни куфрга алмаштириш, деб атаяпти.)

109Аҳли китоблардан кўплари уларга ҳақ равшан бўлганидан кейин, ўзларича ҳасад қилиб, сизларни иймонли бўлганингиздан кейин кофирликка қайтармоқчи бўладилар. Аллоҳнинг амри келгунча афв этинг, кечиримли бўлинг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.

110Намозни қоим қилинг, закот беринг, ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётганингизни кўрувчидир.

111Ва улар: «Жаннатга яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким кирмайди», дедилар. Бу уларнинг хом хаёлларидир. «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатингизни келтиринг», деб айт.

112Йўқ! Кимки яхшилик қилган ҳолида юзини Аллоҳга топширса, унга Робби ҳузурида ажр бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар. (Демак, ҳам маънавий, ҳам моддий тарафдан фақат Аллоҳ учун бўлган иш ўз эгасини мукофотга етказади. Аввало, «Робби ҳузурида ажр бордир». Яна унга келажакда хавф йўқ. Яна у бўлиб ўтган ишлардан афсусланмайди. Булар Аллоҳнинг ваъдаларидир ва, муҳаққақ, шундай бўлгусидир.)

113Яҳудийлар: «Насронийлар арзимас нарсададирлар», дедилар. Насронийлар: «Яҳудийлар арзимас нарсададирлар», дедилар. Ва ҳолбуки, улар китоб тиловат қиладилар. Шунингдек, билмайдиган кимсалар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Бас, қиёмат куни ораларида Аллоҳ улар ихтилоф қилган нарса ҳақида ҳакамлик қилади. (Самовий китоб эгаси бўлмаган халқлар оятда илоҳий таълимотларни «билмайдиган кимсалар» деб аталяпти. Улар ҳам яҳудий ва насронийларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтадилар, яъни, булар иккаласи ҳам ҳеч нарсага арзимайди, дейдилар.Улар тортишишган масаланинг ҳақиқий ҳукмини Аллоҳ таоло қиёмат куни Ўзи чиқаради.)

114Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар у жойларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди-ку! Уларга бу дунёда хорлик бордир ва уларга охиратда улуғ азоб бордир.

115Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз, Аллоҳнинг юзи бор. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир. (Бутун ер юзи–мағрибу машриқ мусулмонлар учун масжид қилинган. Чунки ер юзи Аллоҳ таолоники. Унга ибодат қилмоқчи бўлган одам ҳар жойда қилаверса бўлаверади.)

116Улар: «Аллоҳ ўзига фарзанд тутди», дейдилар. У покдир. Балки осмонлару ердаги барча нарсалар Уникидир. Ҳамма Унга бўйсунувчидир.

117У осмонлару ерни пайдо қилувчидир. Бирор ишни қилмоқчи бўлганида, унга: «Бўл!» деса, бўлаверадир. (Кофирлар ушбу ояти каримада келганидек, «Аллоҳ ўзига фарзанд тутди», дейдилар. Бу оятлар тушаётган пайтда мусулмонлар билан юзма-юз тўқнашиб турган уч тоифа кофирлар уччаласи ҳам улкан жиноятга бориб, Аллоҳга туҳмат қилишарди: Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», дейишарди; насоролар: «Ийсо Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», дейишарди; кофирларнинг учунчи гуруҳи бўлмиш мушриклар: «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», дейишарди. Исломий тасаввурдан бошқа тасаввурлар фалсафаларнинг катта хатоси Холиқ (яратувчи) билан махлуқ (яратилмиш) орасидаги фарқни тушунмасликдадир. Ислом назарияси бўйича, маҳлуқлар тамом бошқа, Холиқ тамом бошқа мавжудлик. Холиқнинг асло ўхшаши йўқ, Уни тасаввурга сиғдириб ҳам бўлмайди, махлуққа қиёсан таърифланмайди ҳам. Яъни, Аллоҳнинг хотини ҳам, фарзанди ҳам бўлиши мумкин эмас.)

118Билмайдиган кимсалар: «Аллоҳ биз билан гаплашса эди ёки мўъжиза келса эди», дейишди. Улардан олдингилар ҳам уларнинг сўзига ўхшаш гапирган эдилар. Қалблари ўхшаш бўлди. Батаҳқиқ, Биз яхши билувчи қавмларга мўъжизаларни баён қилганмиз.

119Албатта, Биз сени ҳақ билан суюнчли хабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Ва дўзахилар ҳақида сўралмайсан.

120Сендан яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам уларнинг миллатига эргашмагунингча ҳеч-ҳеч рози бўлмаслар. «Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти ҳақиқий ҳидоятдир», деб айт. Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавои нафсларига эргашсанг, сени Аллоҳдан (қутқарувчи) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.

121Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтиради. Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар, ўзларигина ютқазганлардир. (Агар яҳудийлар ҳақиқий Тавротни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқисалар, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етадилар. Насронийлар ҳам Инжилни бузмасдан, инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқисалар, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш зарурлигини англаб етадилар. Кимки Қуръони Каримни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқиса, унга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етади.)

122Эй Бани Исроил, сизга берган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг!

123Бир жон бошқа жондан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинг!

124Иброҳимни Роббиси калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этганини эсла! У зот:«Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман» деди. У: «Зурриётимдан ҳамми?» деди. У зот:«Золимлар аҳдимга ҳеч қачон эриша олмайдилар», деди.

125«Уй»ни одамлар учун масаба ва омонлик жойи қилганимизни эсланг. Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг. Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик. («масаба» зиёрат қилиб тўймайдиган макон.)

126Иброҳимнинг: «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», деганини эсла. У зот: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» деди. (Ушбу оятда иккинчи марта, энди Иброҳим алайҳиссалом тилларидан, Байтуллоҳнинг омонлик маскани бўлиши хабари келяпти. Аммо, одобли, сермулаҳаза Пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом аввалги дарсдан сабоқ олиб, Аллоҳнинг мукофотини бу гал ҳаммага эмас, балки мўминларгагина сўрамоқдалар. Асосий қоида эса ўзгармасдир: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» «Озгина ҳузур» кофирлар учун бу дунёда бериладиган зоҳирий ҳузурдир. Сўнгра эса, охиратда уларни дўзах азоби кутади.)

127Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб, байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.

128«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан».

129«Роббимиз, ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли зотсан». (Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб кўз олдимизга олиб келади. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги дуоларни ҳам қилиб олдилар. Ақида иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда аҳли ҳарамга ризқ сўраган ота-бола Пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон-ислом сўрамоқдалар. Улар яна Аллоҳдан: «Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар. Биз, «ибодатларимизни» деб таржима қилган сўз арабчада «манасикана» дейилган. «Маносик» сўзи аслида ибодат маъносини англатса ҳам, урфда ҳаж ибодатлари маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу дуода, мана, сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам ўзинг ўргат, маъноси бўлади.)

130Ўзини эси паст санаганларгина Иброҳимнинг миллатидан юз ўгиради. Албатта, Биз уни бу дунёда танлаб олдик ва, албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай.

131Чунки Робби унга: «Мусулмон бўл!» деганида, у: «Оламларнинг Роббига мусулмон бўлдим», деди.

132Иброҳим ўша (миллат)ни болаларига васият қилди. Яъқуб ҳам: «Эй болаларим, албатта, Аллоҳ сизларга динни танлади, сизлар мусулмон бўлмасдан туриб ўлмайсиз» деди.

133Ёки Яъқубга ўлим ҳозир бўлиб, у ўз болаларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» деганида, улар: «Сенинг илоҳингга ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг илоҳига, ёлғиз илоҳга ибодат қиламиз ҳамда биз Унга мусулмон бўлувчимиз», деганларида гувоҳ бўлганмисиз?!

134Улар бир уммат эди, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлади. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлади. Уларнинг қилган амалларидан сиз сўралмайсиз.

135Улар: «Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз», дейдилар. Балки: «Иброҳимнинг ҳаниф миллатига (динига) эргашамиз ва у мушриклардан бўлмаган», деб айт. (Яҳудий ва насронийларнинг гапи битта: униси, яҳудий бўлинг, ҳидоят топасиз, деса, буниси, насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дейди. Бунга жавобан эса, Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга: «Яхшиси ҳаммамиз–сизлар ҳам, биз ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф миллатига эргашайлик», дейишни буюрмоқда. «Ҳаниф» дегани барча ботил динларни ташлаб ҳақ дин томон бурилишни англатади.)

136Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз». (Қуръони Каримда зикри келган «асботлар»дан мурод–Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки нафар ўғлидан тарқалган зурриётлари. Демак, мусулмонлар уларнинг Пайғамбарликларига ҳам иймон келтиришлари лозим.)

137Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топадилар. Ва агар юз ўгирсалар, бас, албатта, улар хилофдан бошқа нарсада бўлмайдилар. Аллоҳ сенга улар (ёмонлиги)дан кифоя қилади. Ва У эшитувчи, билувчи зотдир.

138Аллоҳнинг бўёғини (лозим тутинг). Аллоҳнинг бўёғидан чиройлироқ бўёқ бергувчи ким бор?! Ва биз Унга ибодат қилувчилармиз. (Оятдаги «бўёқ» калимаси рамзан динни англатади. Инсонни гўзал қилиб кўрсатадиган нарса диндир. Ҳақиқий диндор шахсда унинг аломатлари яққол кўзга ташланиб туради. Шу маънода, инсон агар гўзал бўлиш учун турли бўёқлардан–дин ва тузумлардан бирини танлаши лозим бўлса, нимани танлаши керак? Албатта, ҳеч қандай гап-сўзсиз, Аллоҳнинг бўёғини (динини) тутиши лозим. Чунки Аллоҳнинг бўёғидан (динидан) ўзга чиройлироқ бўёқ йўқ!)

139Айт: «Биз билан Аллоҳ ҳақида тортишасизми?! Ва ҳолбуки, У бизнинг Роббимиз ва сизнинг Роббингиз, бизнинг ўз амалларимиз бор, сизнинг ўз амалларингиз бор. Ва биз Унга мухлисмиз».

140Ёки: «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботлар яҳудий ва насроний бўлган», дейсизларми?! «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» дегин. Ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир.

141Улар бир уммат эдилар, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлади. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлади. Уларнинг қилган амалларидан сизлар сўралмайсизлар.