Part 10

 

41Ва агар Аллоҳга, фурқон куни-икки жамоат тўқнашган куни бандамизга нозил қилган нарсамизга иймон келтирган бўлсангиз, билингки, ўлжага олган нарсангиздан бешдан бири Аллоҳга, Расулига, яқинларига, етимларга, мискинларга ва мусофирларгадир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. («Фурқон куни-икки жамоат тўқнашган куни»дан мурод Бадр уруши кунидир. Чунки айни ўша кун Аллоҳ таоло ҳақ билан ботилни фарқ қилган, ажратган кундир. Ўша кун мусулмонлар билан мушриклар тўқнашган кундир. Оятда Бадр уруши куни Расулуллоҳга нозил қилинган оятларга иймон келтиришлик Аллоҳга иймон келтириш билан бирга зикр этилмоқда. Ўша куни нозил қилинган ояти карималар ўлжани тақсимлашга ҳам тааллуқли эди. Ана ўша оятлардаги ҳукмларга амал қилсалар, иймонлари борлигига далолат бўлиши таъкидланмоқда.Жиҳод пайтида қўлга тушган ўлжаларнинг бешдан тўрти мужоҳидларга бўлиб берилади. Қолган бир қисми эса, ушбу оятда зикр қилинган тоифаларга ажратилади:)

42Ўшанда сизлар (водийнинг Мадинага) яқин тарафида, улар узоқ тарафида, отлиқлар эса, сиздан пастда эди. Агар ваъдалашиб олганингизда ҳам, келишилган жой ва вақтда хилоф қилардингиз. Лекин Аллоҳ қилиниш керак бўлган ишни ҳал этиш учун, ҳалок бўладиган одам очиқ-ойдин ҳужжат билан ҳалок, бўлиши учун, яшаши керак бўлган одам очиқ-ойдин ҳужжат билан яшаши учун (тўқнашдингиз). Ва, албатта, Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зотдир. (Яъни, Бадр уруши куни сизлар, эй мусулмонлар, водийнинг Мадинага яқин тарафига келиб тушдингиз. Мушриклар водийнинг Мадинадан узоқ тарафига келиб тушдилар. Карвондаги отлиқлар эса, сиз турган жойнинг пастроғидан юриб, соҳил бўйлаб ўтиб кетди. Сиз билан мушриклар ўртасида тепалик бўлиб, бир-бирингизни кўрмас эдингиз.)

43Ўшанда Аллоҳ тушингда уларни сенга оз кўрсатди. Агар уларни сенга кўп кўрсатганида, тушкунликка учрар эдингизлар ва бу ишда ораларингизда низо чиқар эди. Лекин Аллоҳ сақлади. Албатта, У дилингиздаги нарсани билгувчи зотдир.

44Ўшанда, тўқнашганингизда уларни сизнинг кўзингизга оз қилиб кўрсатганини, сизни уларнинг кўзига оз қилиб кўрсатганини эсланг. Буни Аллоҳ қилиниши керак бўлган ишни ҳал этиш учун қилди. Ва барча ишлар Аллоҳга қайтарилур. (Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) кўрган тушлари рост чиқди. Аллоҳ таоло мусулмонларга кўп сонли мушрикларни оз қилиб кўрсатди. Аллоҳ таоло мушрикларга оз сонли мусулмонларни яна ҳам камайтиб кўрсатди. Улар биз кўпмиз, мусулмонлар оз экан, деб ғурурга кетишди ва ғафлатда қолиб, мағлуб бўлишди.)

45Эй иймон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки нажот топсангиз.

46Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир. (Ғалаба омилларидан бири–Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилиш бўлиб, у нафақат уруш майдонидаги, балки барча соҳалардаги ғалаба ва муваффақиятларнинг асосий гаровидир. Маълумки, урушда қўмондоликка итоат катта аҳамиятга эга. Бу оддий бандаларга итоат ҳақидагаи гап. Энди оламларнинг яратгувчиси ва тадбирини қилгувчисига, у зотнинг танлаб олган охирги Пайғамбари Муҳаммадга (с.а.в.) бўладиган итоат қанчалар улуғ эканини, қанчалик муваффақиятлар гарови эканини ўзимиз билиб олаверишимиз керак.)

47Ва диёрларидан кибру ҳаво билан, одамларга риё учун чиқиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларга ўхшаманг. Аллоҳ нима қилаётганларини иҳота қилгувчидир. (Ушбу ояти каримада кофирларга, жумладан, Маккадан Бадрга қараб отланган қурайшликларга ишора қилинмоқда. Улар урушга катта дабдаба билан борардилар. Кибру ҳаволари дунёни оларди. Қаерга тушсалар, туялар сўйишар, ўйинчи қизларни ўйнатиб, қўшиқ айттиришар, одамларни меҳмон қилишар эди. Бу дабдабалар риё учун, куч -қувватларини бошқаларга кўрсатиш учун эди.)

48Ўшанда шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатди ва: «Бу кунда одамлардан сизга ғолиб кела оладиган ҳеч ким йўқ. Мен сизнинг ҳомийингизман», деди. Икки жамоа бир-бирини кўрганида эса, орқасига қайтди ва: «Албатта, мен сиз кўрмаётган нарсани кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир»,деди. (Яъни, мусулмонлар бир томондан, мушриклар бошқа бир томондан жанг майдонига қараб юриб, бир-бирларига яқин келганда эса, шайтон орқасига қараб қочди. Мушрикларни васваса қилиш, уларнинг ишини зийнатлаб кўрсатиш тўхтади. Демак, шайтон мушриклар мағлубиятга учрашлари шубҳасиз эканлигини кўрган, шунинг учун қочган.)

49Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлганлар: «Анавиларни дини мағрур қилиб юборди», дедилар. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.

50Агар фаришталар куфр келтирганларнинг жонини олатуриб, юзларига ва кетларига уриб: «Ёнғин азобини тотинг !

51Бу қўлингиз тақдим қилган нарса туфайлидир. Албатта, Аллоҳ бандаларига ҳеч зулм қилгувчи эмасдир», дейишларини кўрсанг эди.

52Худди Оли Фиръавн ва улардан олдингиларнинг қилмишларига ўхшайдир. Аллоҳнинг оятига куфр келтирдилар. Бас, Аллоҳ уларни гуноҳлари туфайли тутди. Албатта, Аллоҳ кучли ва иқоби шиддатли зотдир.(Яъни, мушрикларнинг бу қилмиши, худди оли Фиръавн ва улардан олдингиларнинг қилмишларига ўхшайди.)

53Бундай бўлиши Аллоҳ бир қавмга берган неъматини токи улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи бўлмаслиги ва Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зот бўлганидандир.

54Худди Оли Фиръавн ва улардан олдингиларнинг қилмишига ўхшаб, Роббиларининг оятларини ёлғонга чиқардилар. Бас, Биз уларни гуноҳлари туфайли ҳалок қилдик ва Оли Фиръавни ғарқ қилдик. Ҳаммалари золим эдилар.

55Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ҳайвоннинг ёмони куфр келтирганларидир. Бас, улар иймон келтирмаслар. (Иймон бўлмаган жойда яхшилик қаердан бўлсин. Яратган холиққа–Аллоҳга ишонмай юрган одамдан ҳар қандай ёмонликни кутиш мумкин. Бундай одам иймонсиз–кофир бўлгани учун ҳайвондан ҳам паст даражага тушиб қолади. Тушганда ҳам, Аллоҳнинг ҳузурида тушади. Бу эса, ҳар қандай инсон учун бадбахтликдир.)

56Улардан сен аҳдлашганлар сўнгра ҳар сафар аҳдларини бузарлар ва улар (Аллоҳдан) қўрқмаслар. (Бу қилмишлари билан яна бир инсонийлик хусусиятларини йўқотадилар. Яъни, аҳдда туриш инсонни ҳайвондан ажратадиган хусусиятларидан бири саналади. Кофирлар аҳдни бузиш билан шу сифатни ҳам йўқотдилар. Бу қилмишларига бош сабаб уларнинг Аллоҳдан қўрқмасликларидир.)

57Агар урушда улардан зафар қозонсанг, бас, уларни ҳалок қилиш билан ортларидагиларни сарсон қилиб қўй, шоядки эсласалар.

58Агар бир қавмнинг хиёнатидан қўрқадиган бўлсанг, уларга тенгма-тенг (аҳд бузилганини) ўртага ташла. Албатта, Аллоҳ хоинларни севмас. (Яъни, бирор кофир қавм билан аҳдлашган бўлсанг, аммо содир бўлаётган гап-сўз ва тасарруфлардан, баъзи бир маълумотлардан аҳдга хиёнат қилаётганларини билиб қолсанг, уларга аҳд икки томондан баробар бузилганини билдир. Аҳдга ишониб, хотиржам турган томонга ёмонлик қилиш хоинлик бўлади.)

59Куфр келтирганлар ўздик деб ўйламасинлар. Улар ҳеч қочиб қутула олмайдилар.

60Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз. Уларни Аллоҳ биладир. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизга тўлиқ қайтарилур. Сизга зулм қилинмас. (Ушбу оят мусулмон жамиятининг қуролли кучлари доимо шай туриши лозимлигига далилдир. Ҳар бир мусулмон жамият қўлидан келганича ҳарбий тайёргарликни кўриб қўйиш билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўлади.)

61Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.

62Агар сени алдашни ирода қилсалар, бас, сенга Аллоҳ кифоя қиладир. У сени Ўз нусрати ва мўминлар билан қўллаган.

63Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик бирлаштирган тузум ёки мафкура йўқ. Бўлмайди ҳам. Кишилар қалбидан Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган. (Бу масалалар халқлар бошига битган бало бўлгани ҳаммага маълум.) Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат асосида бўлади.)

64Эй Набий, сенга ва сенга эргашганлар мўминларга Аллоҳ кифоядир.

65Эй Набий, мўминларни жангга чорла! Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгадир. Бу улар тушунмайдиган қавм бўлганларидандир.

66Энди Аллоҳ сизлардан енгиллаштирди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан мингта бўлса, Аллоҳнинг изни ила икки мингтани енгадир. Аллоҳ сабрлилар биландир. (Мусулмонлар доимо қувватли бўлиб туравермас эканлар, уларда заифлик ҳоллари ҳам учраб тураркан. Буни Аллоҳ таоло ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Шунинг учун аввалги оятда келган ҳукмни енгиллаштириб, заиф ҳолатида бир мусулмон жангчи иккита душманга ғолиб келишини таъкидламоқда. Шу билан бирга, номи мусулмон бўлса бўлди, деган тушунча уйғонмаслиги учун «Аллоҳнинг изни ила» шарти ҳам қўшиб қўйилди.)

67Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши яхши эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи матоҳини истарсизлар. Аллоҳ эса, охиратни истар. Ва Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Ушбу ва кейинги ояти карималар Бадр урушида асирга тушган мушриклар масаласида нозил бўлгандир.)

68Агар Аллоҳнинг олдиндан ёзгани бўлмаганида, сизга олган нарсаларингиз туфайли улуғ азоб етар эди. (Аллоҳ таоло аввалдан Бадр урушида иштирок этган мусулмонларнинг барча гуноҳларини кечиб юборган эди. Шунинг учун уларнинг бу холатлари ҳам олдиндан ёзиб қўйилган қазои қадарга биноан кечиб юборилди. Бунинг устига, уларга бошқа инъомлар ҳам берди.)

69Бас, ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалол-пок ҳолда енглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир.

70Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: «Агар Аллоҳ қалбларингизда яхшилик борлигини билса, сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарсани берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир», деб айт! («Қурайшликлар Расулуллоҳга (с.а.в.) асирларни тўловини бериб, озод қилиш учун одам юбордилар. Аббос: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен мусулмон эдим», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мусулмонлигингни Аллоҳ билади.Аммо сен сиртдан бизга қарши бўлдинг. Ўзинг учун, акаларингнинг ўғиллари учун ҳамда иттифоқдошинг Бани Ҳорис ибн Феҳрнинг укаси учун тўлов бер», дедилар. Аббос: Эй Аллоҳнинг Расули, менда унча мол йўқ», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Умму Фазл икковингиз кўмган моллар қани?» дедилар. Аббос: «Аллоҳга қасамки, эй Муҳаммад, сиз Аллоҳнинг Расули эканингизни яхши биламан, бу молларни мен ва Умму Фазлдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Мендаги молнинг йигирма уқияси ўзингизга ўтди деб ҳисоблайверинг», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йўқ, у бойлик Аллоҳ сендан бизга олиб берганидир»,–дедилар. Аббос ўзига, икки акасининг икки ўғлига ва иттифоқдошига тўлов берди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятини нозил қилди.)

71Агар сенга хиёнат қилишни истасалар, батаҳқиқ, бундан олдин Аллоҳга хиёнат қилган эдилар. Бас У уларга қарши имкон топди. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир.

72Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи зотдир.(Исломда «вала»-валийлик ақида асосида бўлади. Ким мўмин-мусулмон бўлиб, Исломга кирар экан, бошқа ҳамма восита ва алоқалардан узилиб, ақида ила боғланади. Барча мўмин-мусулмонлар унинг валийсига айланади. Қариндошлари мўмин бўлмаса, валий эмаслар; жамияти мўмин бўлмаса, валий эмас.)

73Куфр келтирганлар бир-бирларига валийдирлар. Агар (мазкур нарсани) қилмасангиз, ер юзида фитна ва катта фасод бўладир.

74Иймон келтирган, ҳижрат этган, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар ҳақ мўминлардир. Улар учун мағфират ва карамли ризқ бордир.

75Кейин иймон келтириб, ҳижрат қилган ва сизлар билан жиҳод қилганлар ҳам сизлардандир. Аллоҳнинг китобида қариндошлар бир-бирларига ҳақлироқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи зотдир.( ҳижратнинг аввалида мерос маълум муддат мусулмон биродарлиги асосида тақсимланган. Ушбу оят нозил бўлгандан бошлаб, мерос мусулмон қариндошлар орасида бўладиган бўлди.)

Chapter 9 (Sura 9)

1(Бу) Аллоҳдан ва Унинг Расулидан мушрикларнинг сиз аҳдлашганларига «бароат»–ора очиқлик (эълони)дир.

2Бас, ер юзида тўрт ой сайр қилиб юринглар ва билингларки, албатта, сиз Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз ва, албатта, Аллоҳ кофирларни хор қилгувчидир.(Бу иш мусулмонлар билан тузган аҳдни бузган мушрикларга тегишлидир.)

3(Бу) Аллоҳ ва Унинг Расулидан одамларга «ҳажжул акбар» куниги билдиришдир. Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расулининг мушриклар билан оралари очиқдир. Бас, агар тавба қилсангиз, у ўзингиз учун яхшидир. Агар юз ўгириб кетадиган бўлсангиз, билингларки, албатта, сизлар Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз. Куфр келтирганларга аламли азобнинг «башоратини» беравер.

4Магар мушриклардан сиз аҳдлашганингиздан кейин ҳеч нарсани нуқсон қилмаганлари ва сизга қарши бировга ёрдам бермаганларининг аҳдларини муддатларигача батамом қилинг. Албатта, Аллоҳ тақводорларни севадир.

5Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар жойда пойланглар. Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларига қўйиб юборинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.(Оятдаги амр йигирма икки йиллик сабр-чидам натижасидир, тушунтириш, турли йўлларни ахтариш ва аҳднома тузишлар наф бермаганидан сўнг, шунингдек, чор атрофни хавф-хатар ўраб олгандан кейин Ислом марказини ички душмандан тозалаш ниятида қилинган буйруқдир. Бу амрдан мақсад қириб ташлаш эмас, балки ҳақиқатни яхшилик билан тушунмаганларга бир оз таъсир ўтказиш эканлиги оятнинг иккинчи ярмидан ҳам билиниб турибди.)

6Агар мушриклардан биронтаси паноҳ сўраса, унга паноҳ бер, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни омонлик жойига етказиб қўй. Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир.

7Қандай қилиб мушрикларга Аллоҳнинг ҳузурида ва Унинг Расулининг ҳузурида аҳд бўлсин?! Магар сиз билан Масжидул Ҳаром олдида аҳдлашганлар, сизга нисбатан мудом мустақим турсалар, сиз ҳам мустақим туринг. Албатта, Аллоҳ тақводорларни севадир. (Аҳду паймон уларнинг фақат бир тоифасига, яъни, мусулмонлар билан Масжидул Ҳаром олдида, яъни, Ҳудайбияда аҳдлашган мушрикларгагина бўлиши мумкин. Агар улар аҳдларида турсалар, мусулмонлар ҳам аҳдида туради. Модомики улар аҳдларида турган экан, мусулмонлар ҳам вафоли бўлишлари шарт. Чунки Ислом–аҳдга вафо динидир.)

8Қандай қилиб (уларга аҳд бўлсинки), улар агар сиздан устун келсалар, на аҳдга ва на бурчга риоя этмаслар. Сизни оғизлари билан рози қиладилар-у, қалблари кўнмайдир. Уларнинг кўплари фосиқлардир.

9Улар Аллоҳнинг оятларини озгина баҳога сотиб, Унинг йўлидан тўсдилар. Дарҳақиқат, уларнинг қилганлари қандай ҳам ёмон бўлди?! (Мушриклар ҳаммага баробар келган Аллоҳнинг оятларини қабул қилмай, ундан бу дунёнинг озгина баҳосини устун кўрдилар. Дин йўлига юрсалар, дунёнинг матоҳидан ажралиб қоламан ёки камроқ улуш оламан, деб ўйлашди. Шунингдек, бу дунёдаги молидан садақа беришдан чўчишди. Шуларни ўйлаб, одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсишди.)

10Улар мўмин ҳақида на аҳдга ва на бурчга риоя қилмаслар. Ана ўшалар ўзлари тажовузкорлардир.(Улар бошқаларга нисбатан аҳдга риоя қилишлари мумкин. Аммо мўминга келганда:«...на аҳдга ва на бурчга риоя қилмайдилар».)

11Бас, агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, дин қардошингиздирлар. Биладиган қавм учун оятларимизни батафсил баён қилурмиз.

12Агар, аҳд берганларидан кейин аҳдларини бузсалар ва динингизга таъна тошини отсалар, куфрбошиларга қарши жанг қилинг! Зеро, уларнинг аҳдлари йўқдир. Шоядки, тўхтасалар.(Улар ўзлари рози бўлиб аҳднома тузганларидан сўнг, ўзлари уни бузсалар, бунинг устига, сизнинг динингиз Исломга таъна тошини отсалар, улар куфрбоши, кофирларнинг бошлиғи–имоми бўладилар. Уларга қарши жанг қилиш лозим. Чунки улар аҳдга вафо қилмайдиган одамлардир. Уруш уларни йўқотиш учун эмас, душманликларини тўхтатиш учундир.)

13Аҳдларини бузган, Расулни (юртдан) чиқаришга қасд қилган ва сизга (қарши) биринчи бўлиб (уруш) бошлаган қавм билан урушмайсизми?! Улардан қўрқасизми?! Агар мўмин бўлсангиз, қўрқишингиз лойиқ зот Аллоҳдир!!! (Ушбу ояти каримада мушрикларга қарши урушнинг баъзи сабаблари баён қилинмоқда. Мусулмонлар орасида ҳам, қавм билан нима учун урушамиз, деган савол туғилиши мумкин. Шундай саволга савол билан жавоб берилмоқда.)

14Уларга қарши жанг қилинглар! Аллоҳ уларни сизнинг қўлингиз билан азоблайдир, хорлайдир ва уларга қарши сизга ёрдам берадир. Ва мўмин қавмларнинг кўнгилларига шифо берадир.

15Ва қалбларидаги аччиқни кетказадир. Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшанинг тавбасини қабул қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир.(Яъни, муҳими сизлар жанг қилаверинглар, бу ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ сизларни қудратига парда қила туриб, қўлларингиз билан мушрикларни азоблайди, хорлайди. Мўминларга нусрат, мушрикларга мағлубият бериш билан аввалда мушриклар озорлаган мўминларнинг кўнгилларини даволайди. Исломга ёрдам бериб, уни куфрдан устун қилиш билан мўминларнинг қалбида йиғилиб қолган аччиқларни кетказади.)

16Сиздан жиҳод қилганларни, Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва мўминлардан ўзгани дўст тутмаганларни билмай туриб, Аллоҳ томонидан тарк этиб қўйилмоғингизни ўйладингизми? Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардор зотдир.(Даъват қилиб динга қизиқтирилганда, одамлар кўпчиликка қўшилаверадилар. Турли фикр, мақсад ва ғараз билан ўзини мусулмон кўрсатишга ҳамма уринаверади. Баъзилар сиртдан ўзини мусулмон кўрсатиб, ичдан Аллоҳдан бошқани дўст тутган бўлиши мумкин. Мўминлардан бошқани дўст тутган бўлиши мумкин. Бундай кишиларнинг ҳақиқий башараларини очиш учун сохтакорлар чидай олмайдиган қийинроқ иш таклиф қилинади. Жиҳод ана ўша ишлардан биридир. Жиҳодда ҳақиқий мўмин-мусулмонлар бошқалардан ажралиб чиқиб қоладилар.)

17Мушрикларга ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Ана ўшалар амаллари ҳабата бўлганлардир ва улар дўзахда абадий қолувчилардир.

18Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қиларлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар.

19Ҳожиларга сув беришни ва Масжидул Ҳаромни обод қилишни, Аллоҳга, охират кунига иймон келтирган ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилган каби қилдингизми?! Улар Аллоҳнинг ҳузурида тенг эмаслар. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. ( Макка мушриклари Масжидул Ҳаромнинг ва ҳажнинг хизматларини тақсимлаб олишган эди, айниқса, ҳожиларга сув бериш алоҳида мартаба ҳисобланарди. Бу ишлардан мушриклар доимо фахрланиб юришар эди. Ҳатто кишилар орасида бу ҳақда тортишувлар ҳам бўлиб турарди. Оятда бу ишнинг ҳақиқий баҳоси берилмоқда.)

20Иймон келтириб, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилганларнинг даражалари Аллоҳнинг ҳузурида жуда улуғдир. Ана ўшалар ютуққа эришувчилардир.

21Роббилари уларга Ўз тарафидан бўлган раҳмат, розилик ва ичида уларга аталган доимий неъматлар бор жаннатларнинг башоратини беради. (Яъни, иймон келтириб, ҳижрат қилиб, моллари ва жонлари билан жиҳодга чиққан бандалар, ана шундай ютуқларга эришадилар.)

22Улар унда абадий қолувчилардир. Албатта, Аллоҳ, ҳузурида улуғ ажр бор зотдир.

23Эй иймон келтирганлар! Агар куфрни иймондан устун кўрсалар, ота-онангиз ва ака-укаларингизни дўст тутманг. Сиздан ким уларни дўст тутса, бас, ана ўшалар, ўзлари золимлардир. (Ислом ақидаси учун соф қалб керак. Ақида тоза қалбдан жой олиши учун ундан бошқа манфаатлар узилиши лозим. Яъни, иймон, эътиқод, дину диёнат масаласи ҳамма нарсадан устун қўйилмоғи керак. Ҳатто ота-она ва ака-ука каби дунёдаги энг яқин кишилар бошқа диёнатни танлаган бўлсалар, уларни ҳам дўст тутиб бўлмайди. Яъни, қалбдан яхши кўриш мумкин эмас. Улар билан алоқа, муомалалар бўлаверади, аммо қалб фақат ақида учун холис қолади. Куфрни ихтиёр этган қариндошларни дўст-валий тутиш ширкнинг бир кўринишидир. Шунинг учун бу ишни қилганлар оятда золимлар деб аталмоқдалар.)

24Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини келтургунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас.(Ояти каримада инсон учун бу дунёда энг қадрли саккиз нарса эслатилиб, улардан ҳам маҳбуброқ нарса Аллоҳ, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилиш бўлмоғи лозимлиги уқтирилмоқда. Мазкур саккиз нарсанинг ҳаммаси ёки бирортаси инсонга Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуб бўлса, унда у инсоннинг иймони нуқсонга учрайди.Бу дунёда ота-она инсонлар учун жуда қадрдон ҳисобланадилар. Ислом дини уларга яхшилик қилишни, уларни ҳурматлаш ва эъзозлашни қаттиқ тайинлаган. Аммо шундай бўлса-да, уларнинг муҳаббати Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва жиҳоддан устун бўла олмайди. Мусулмон одам бу ҳақиқатни билмоғи лозим.)

25Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз.

26Сўнгра Аллоҳ сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни туширди ва куфр келтирганларни азоблади. Ана ўша кофирларнинг жазосидир.

27Сўнгра ўшандан кейин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.

28Эй иймон келтирганлар! Албатта, мушриклар нажасдирлар, бунга шубҳа йўқ, бу йилларидан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар. Агар фақирликдан қўрқсангиз, тезда Аллоҳ Ўзи хоҳласа, сизни фазли ила бой қилиб қўядир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Ақидалари бузуқ мушриклар маънавий жиҳатдан нажас ҳисобланадилар. Ушбу ояти карима ҳукмига биноан улар Масжидул Ҳаромга яқин келишлари мумкин эмас. Оятда «бу йилларидан» ибораси билан тўққизинчи ҳижрий йили назарда тутилган. Ўша йили, юқорида ўрганганимиздек, Ҳазрати Абу Бакр амирликларида ҳаж бўлган ва ҳазрати Али бу оятларни ҳажга келганларга ўқиб, ҳукмини тушунтирганлар. Ўша йилдан бошлаб мушрикларнинг Масжидул Ҳаромга келишлари ман қилинган. Бунинг учун ҳарам чегараси белги қилиб олинди. Маккаи Мукарраманинг атрофидаги ўша чегарадан мусулмон эмасларга ичкари киришга рухсат берилмайдиган бўлди.)

29Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиганларга, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши, то улар бўйинсунган ҳолларида ўз қўллари билан «жизя» бермагунича, жанг қилинг. (Жизя, ғайридин кишининг Ислом ҳимояси остида яшаши, мусулмонлар томонидан тақдим этилган оммавий хизматлардан фойдаланиши ва бошқа сабаблар учун Ислом давлатига тўлаб туриладиган маблағдир. Жизяни ўз қўли билан бўйинсунган ҳолда берадиган аҳли китобларга қарши мусулмонлар урушмайдилар.)

30Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Насоролар: «Масиҳ Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Бу оғизлари билан айтган гапларидир. Аввалги куфр келтирганларнинг гапига ўхшатадилар. Аллоҳ уларни лаънатласин. Қаён бурилмоқдалар?!

31Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар. Ундан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ. У зот улар ширк келтираётган нарсадан покдир.(Адий ибн Ҳотим Жоҳилият даврида насронийлик динига кирган экан. Синглиси бориб акасини Исломга тарғиб қилибди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига боришга ундабди.У Мадинага борганида, бўйнига кумушдан ясалган хоч таққан ҳолида Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурлариига киради. Шунда у зот: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар», оятини тиловат қилаётган эдилар. Адий (р.а.) айтадиларки: «Мен: «Уларга ҳеч ибодат қилишгани йўқ», дедим. У зот (с.а.в.): «Лекин уларга ҳалолни ҳаром қилдилар ва ҳаромни ҳалол қилдилар, улар эса эргашдилар. Ана ўша уларга ибодат қилишдир», дедилар»)

32Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир.(Яъни, фақат ўз нурининг тўкис бўлишини истайди.)

33У гарчи мушриклар ёқтимаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган зотдир. (Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммадни (с.а.в.) ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган. У дини Исломнинг дунёдаги барча динлардан устун бўлишини хоҳлайди. Аҳли китоблар Аллоҳниг бу хоҳишига қарши чиқадилар. Улар Исломнинг бошқа динлардан устунлигини кўра олмайдилар. Шунинг учун қўлларидан келган барча ёмонликларни қиладилар.)

34Эй иймон келтирганлар! Албатта, ҳибр ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар. Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер.(Аҳли китобларнинг ҳибр ва роҳиблари мол-дунёга ўчлиги тарихда маълум ва машҳурдир. Улар одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлар. Ушбу ояти каримада бу қабиҳ иш уларнинг «кўпларига» нисбат берилмоқда. Озчилиги ботил йўл билан одамларнинг молини ейишга қизиқмайди. Бу эса, воқеъликка тўғри келади. Бир вақтлар ҳибр ва роҳиблар тўплаган дунёлари подшоҳ ва императорларникидан ҳам кўплиги ошкор бўлган.Ояти каримада баён қилинишича, ҳибр ва роҳиблар фақат одамларнинг молларини ботил йўл орқали ейиш билан кифояланиб қолишмайди. Балки Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар ҳам:)

35Бир куни ўша(олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилади ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» дейилур.

36Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони, Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир. (Ушбу ояти карима ойларнинг ҳисоби, табиий равишда, Аллоҳ осмонлару ерни яратган пайтдаёқ, уларнинг ҳаракатига боғлиқ қилиниб ўн икки этиб белгиланганлигини баён қилмоқда. Бу доимий равишда бир хил турадиган собит ҳисобдир. Унда инсоннинг ҳеч даҳли йўқ. Инсон фақат Аллоҳ яратган нарсаларга қараб, Аллоҳ берган ақл билан ойларни санайди, холос.)

37Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кеткизилурлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қиларлар, бир йил ҳаром қиларлар. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қиларлар. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас. (Ояти каримадаги «насийу» луғатда ортга суриш маъносини ифода қилади. Жоҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни, араб мушриклари ҳам тўрт ой ҳаром ойлар эканлигини айтар эдилар. Ўша ойларда уруш тамоман тўхтар эди. Агар бирор киши шу ойларда отасини ўлдирган одамни учратиб қолса, унга тегмасди. Аммо бордию урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверар эдилар. Мисол учун, Муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, бу йил унинг ҳаромлигини Сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз, деб Муҳаррамда уруш қилишар эдилар. Сафарда эса, уруш қилишмасди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди. Оятда уларнинг бу тасарруфларига баҳо ва шарҳ берилмоқда.)

38Эй иймон келтирганлар! Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида қўзғолинг дейилса, ерга ёпишиб олдингиз. Ёки охиратни қўйиб, ҳаёти дунёга рози бўлдингизми? Охират олдида бу ҳаёти дунё жуда оз-ку?!(Бу ояти карима Табук урушига оммавий сафарбарлик эълон қилингандан сўнг юз берган баъзи ҳолатлар туфайли нозил бўлган.)

39Агар қўзғолмасангиз, У зот сизни аламли азоб билан азоблайдир. Ўрнингизга бошқа қавмни келтирадир. Сиз Унга зарар келтира олмассиз. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.

40Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.(Эй мўминман деб юрганлар, агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ, сизга ёмон бўлади. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Уни Маккада кофирлар ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Аллоҳ кофирларнинг ёмон ниятларини унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган. Пайғамбар (с.а.в.) Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган.)

41Енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам, қўзғолингиз ва Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз ила жиҳод қилингиз. Агар билсангиз, шу ишингиз ўзингиз учун яхшидир.(Мусулмон инсон Аллоҳнинг йўлида молини ҳам, жонини ҳам қурбон қилишга доим тайёр турмоғи зарурдир. Ана шундагина ўзларига яхши қилган бўладилар. Мухлис мусулмонлар бу олий маънони тўлиқ тушунган пайтларида «енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам», қўзғолганлар. Аллоҳнинг йўлида молларини ва жонларини фидо қилганлар,ваъда қилинган яхшиликка эришганлар. Бутун дунёга етакчи халқ бўлганлар.)

42Агар осон манфаат ва яқин сафар бўлганида, албатта, сенга эргашар эдилар. Лекин уларга масофа узоқ кўринди. Улар тезда Аллоҳ номи билан қасам ичиб: «Агар қодир бўлганимизда, албатта, сиз билан чиқар эдик», дерлар. Улар ўзларини ҳалок қиладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ улар ёлғончи эканларини, албатта, билади.(Мунофиқлар шахсий манфаатларини кўзлаб, мусулмонлар орасига суқилиб олган кимсалар эди. Ўзларини сиртдан мухлис мусулмон қилиб кўрсатишарди. Лекин Табук ғазотига умумий сафарбарлик эълон қилиниши билан уларнинг сирлари фош бўлиб қолди.)

43Аллоҳ сени авф қилди. Нима учун уларга то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, изн бердинг?(Пайғамбар (с.а.в.) мунофиқлардан баъзиларига урушга бормасликка изн бериб қўйган эдилар. Аслида, шошилиб рухсат бергандан кўра, кутиб турганларида яхши бўлар эди. Чунки изн олганларнинг кимлиги билинмай қолди. Изн бўлмаганда ҳам сафарбарликдан қолар эдилар. Шунда уларнинг мунофиқлиги ҳаммага ошкор бўларди.)

44Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар сендан моллари ва жонлари билан жиҳод қилишдан қолишга изн сўрамайдилар. Аллоҳ тақводорларни билгувчи зотдир.

45Албатта фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиганлар ва қалблари шубҳага тўлганларгина сендан изн сўрарлар. Бас, улар шубҳаларида иккиланаверадилар.

46Агар чиқишни хоҳлаганларида, унга тайёргарлик кўрар эдилар. Лекин Аллоҳ уларнинг ҳаракатланишларини ёқтирмай тутиб қолди. Уларга, ўтирувчилар билан ўтиринглар, деди. (Ўша иймонсиз мунофиқларда, аслида, жиҳодга чиқиш нияти бўлса, аввалдан тайёргарлик кўриб қўйган бўлар эдилар. Сафарбарлик эълон этилгандан сўнг турли баҳоналар қилиб, жиҳоддан қолишга изн сўраб келишлари, уларнинг жиҳодга чиқиш ниятлари йўқлигидандир.)

47Агар улар ичингизда чиққанларида ҳам сизга ёмонликдан бошқа нарсани зиёда қилмасдилар, тезлаб орангизга фитна солишга уринардилар. Ҳолбуки, ичингизда уларга қулоқ солувчилар бор эди. Аллоҳ золимларни билгувчи зотдир.

48Батаҳқиқ, бундан аввал ҳам, улар ёқтирмасалар-да, ҳақ келиб, Аллоҳнинг иши устун бўлгунича, фитна қўзиб, сенга ишларни ағдар-тўнтар қилишар эди. (Яъни, мунофиқлар аввалдан фитначи бўлиб келганлар. Улар Пайғамбаримиз (с.а.в.) Мадинаи Мунавварага келган пайтларида устма-уст фитна қўзғашган. Доимо ишларни остин-устин қилиб бузиб юришган. Токи Аллоҳ имкон бериб, душманлар устидан ғалаба қозониб, Ислом куч-қувватга эга бўлгандагина, қўрққанларидан бир оз бўшашиб қолишган эди.)

49Улардан: «Менга изн бер, мени фитнага солма», дейдигани ҳам бор. Ажабо, улар фитнага тушмадиларми? Албатта, жаҳаннам кофирларни ўраб олгувчидир.(Ушбу ояти кариманинг сабаби нузули ҳақида Муҳаммад ибн Исҳоқ қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бир куни жангга ҳозирлик кўриб (Табук жангига) Жадд ибн Қайсга: «Эй Жадд, Бани Асфарга (яъни, румликларга) қарши курашга тайёрмисан?» дедилар. У бўлса: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга изн бер, мени фитнага солма. Мен Бани Асфар (сариқлар)нинг хотинларини кўрсам, чидай олмайман, деб қўрқаман», деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) ундан юз ўгирдилар ва: «Сенга изн бердим», дедилар.)

50Агар сенга яхшилик етса, уларни хафа қиладир. Агар сенга мусибат етса: «Олдиндан ишнинг олдини олган эдик», деб хурсанд бўлиб юз ўгириб кетарлар.(Аҳли Исломга етган яхшилик мунофиқлар учун мусибатдир. Аммо аҳли Исломга мусибат етса, мунофиқлар хурсанд бўладилар. Яхшиям уларга қўшилмаганимиз, уларнинг гапига кирмай, ишнинг олдини олган эканмиз, соғ-саломат қолдик, дейишади.)

51Сен:«Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт.(Яъни, бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз.)

52Сен:«Сиз биз учун фақат икки яхшиликдан бирини кутмоқдасиз, холос. Биз эса, Аллоҳ сизни Ўз ҳузурида бўладиган ёки бизнинг қўлимиздан етадиган азобга дучор қилишини кутмоқдамиз. Бас, кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга кутувчилармиз», деб айт. (Жиҳодга бормай қолган мунофиқлар жиҳодга кетган мусулмонлар учун икки нарсадан бирини кутадилар, холос. Ўша икки нарса ҳам мусулмон учун яхшиликдир. Улардан бири–мусулмон инсоннинг олий мақсади–Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб шаҳид бўлишдир. Иккинчиси эса–урушда ғолиб келишдир.)

53Сен:«Хоҳлаб ёки хоҳламай нафақа қилаверинглар. Сиздан зинҳор қабул қилинмайди. Сизлар, шубҳасиз, фосиқ қавм бўлдингиз», деб айт.

54Уларнинг нафақаларининг қабул этлишидан ман қилган нарса фақат Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирганлари, намозга доимо дангаса ҳолларида келганлари ва доимо ёқтирмай инфоқ қилганларидир.

55Уларнинг моллари ва болалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни ҳаёти дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишни хоҳлайди, холос.

56Улар ўзлари, албатта, сиздан эканликларига Аллоҳ номи ила қасам ичарлар. Ҳолбуки, улар сиздан эмас. Лекин улар қўрқадиган қавмдирлар.

57Агар бирор бошпаноҳми, ғорми ёки кириб оладиган жойми топсалар, шошилиб ўша томонга юзланарлар. (Мунофиқларнинг мунофиқ бўлишининг асосий сабабларидан бири ҳам уларнинг қўрқоқликларидир. Уларга жон ширин туюлиб, ҳамма нарсадан қўрқиб, доимо ўзларини панага олиб юрадилар. Қаердан паноҳ топсалар, ўша ерга жойлашадилар. Бошпаноҳ берганга маъқул тўнни киядилар.)

58Улардан садақалар ишида сенга айб қўядиганлари ҳам бор. Агар ўша садақалардан уларга берилса, улар рози бўладилар. Агар берилмаса, кўрибсанки, ғазабланадилар.

59Агар Аллоҳ ва Унинг Расули уларга берган нарсаларидан рози бўлганларида ва Аллоҳ бизга кифоя қилур, бизга тезда Аллоҳ ва Унинг Расули Ўз фазлидан беради, албатта, биз Аллоҳга рағбат қилувчилармиз, деганларида, яхши бўларди.

60Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир.(«Садақалар» деганда «закот» назарда тутилгандир. Демак, садақаларни ҳар ким ҳам олавермайди, балки Аллоҳ таоло Ўзи тайинлаган кишиларгина оладилар. Бошқаларга закот олиш ҳаромдир. «Кўнгилларини улфат қилинадиганлар». Яъни, баъзи кишиларнинг кўнгилларини Исломга моил қилиш учун ҳам закотдан тушган молдан берилади. «қарздорларга»–турли сабабларга кўра қарз бўлиб қолган одамга уни узиш учун ёрдам тариқасида закотдан берилади.«Аллоҳнинг йўли»–энг аввало, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётганларни, қолаверса, дину диёнат, мусулмонлар оммаси фойдаси учун бўладиган ишларни ичига олади.«йўл ўғли»–яъни, сафарда, ватанидан узоқда оғир ижтимоий ҳолга тушиб қолган шахс.)

61Улардан Пайғамбарга озор берадиган ва: «У қулоқдир» дейдиганлар бор. Сен:«У сизга яхшилик нарсаларга қулоқдир. Аллоҳга иймон келтирадир, мўминларга ишонадир, сизлардан иймон келтирганларга раҳматдир. Аллоҳнинг Расулига озор берадиганларга аламли азоб бордир», деб айт.(Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳамма билан яхши муомалада бўлардилар. Ҳамманинг дардига қулоқ осар эдилар. Мунофиқлар бу юксак одоб намунасидан ҳам эгри хулоса чиқариб, моғор босган қалблари ҳиқду ҳасадга тўлиб, фитна гап ўйлаб чиқардилар. Пайғамбаримизга (с.а.в.) «қулоқ» деб лақаб қўйдилар.)

62Улар сизларни рози қилиш учун Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар. Агар мўмин бўлсалар, Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмоқлари ҳақли эди.

63Улар кимки Аллоҳга ва Унинг Расулига хилоф қилса, албатта, унга жаҳаннам оташ бўлиб, унда абадий қолишини. Ана шу катта ор эканлигини билмайдиларми?!

64Мунофиқлар уларга қалбларидаги нарсанинг хабарини берадиган сура нозил бўлишидан қўрқарлар. Сен:«Истеҳзо қилаверинглар, албатта, Аллоҳ сиз қўрқаётган нарсани чиқаргувчидир», деб айт.(Пайғамбаримиз (с.а.в.) замонларида яшаган мунофиқлар ҳар доим мусулмонлар билан бирга юрганларидан, нозил бўлаётган оятлар ва суралардан хабардор эдилар. Улар баъзи вақтларда сура нозил бўлиб, ҳеч ким билмайдиган яширин ишлар ҳам фош қилинаётганининг жонли гувоҳи эдилар. Ўзлари мунофиқлик қилиб, яширин гаплар айтиб ёки дилларида Исломга, мусулмонларга қарши ўй-фикрларни тугиб юришар эди. Аммо, бирон сура нозил бўлиб, қалбимиздаги сирни очиб қўймаса эди, деб қўрқардилар ҳам.)

65Агар улардан сўрасанг, албатта: «Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос», дерлар. Сен:«Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт. (Яъни, агар мунофиқлардан ўша истеҳзо қилиб айтган гаплари ҳақида сўрасанг, улар, биз ҳеч нарса деганимиз йўқ, фақат шундай ўзимизча гаплашдик, ўйнашдик, холос, дейдилар.)

66Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз. Агар сиздан бир тоифани авф этсак, бошқа тоифани жиноятчи бўлганлари учун азоблаймиз. (Сиз қилар ишни қилиб қўйиб, узр айтишингиздан фойда йўқ. Иймон келтиргандан сўнг, унда собит турганингизда, бошқа гап эди. Аммо сиз иймондан кейин куфр келтириб, мунофиқ бўлдингиз. Энди узр айтманг. Билмасдан, жаҳолат билан сизга қўшилиб қолган тоифани афв этсак ҳам, бошқаларингизни жиноятчи бўлганларингиз учун, албатта, азоблаймиз.)

67Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар ҳаммалари бирдирлар, ёмонликка буюрарлар, яхшиликдан қайтарарлар ва қўлларини маҳкам юмарлар. Аллоҳни унутдилар, бас, У ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар–улар фосиқлардир.(Мунофиқлар қаерда бўлсалар ҳам, кимлигидан қатъи назар, эркак-аёл бўлсин, нима иш қилмасин, барибир мунофиқдир. Ҳаммалари ҳам бир гўр. Чунки асллари бир. Кўрсатадиган фаолиятларининг маъноси бир.)

68Аллоҳ мунофиқ эркакларга, мунофиқ аёлларга ва кофирларга жаҳаннам оташини ваъда қилди. Унда абадий қолурлар. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир.

69Ўзингиздан аввалгиларга ўхшайсиз. Улар сизлардан кўра қувватлироқ, молу дунё ва бола-чақалари кўпроқ эдилар. Бас, ўз насибалари ила маза қилдилар, ўзингиздан олдингилар насибалари ила маза қилганларидек, сиз ҳам ўз насибангиз ила маза қилдингиз. Улар шунғигандек, сиз ҳам шунғидингиз. Ана ўшаларнинг амаллари дунёю охиратда ҳабата бўлди. Ана ўшалар, ўзлари зиён кўргувчилардир.

70Уларга ўзларидан олдин ўтганларнинг, Нуҳ, Од, Самуд қавмининг ва Иброҳим қавмининг, Мадян эгаларининг ва тўнтарилган(қишлоқ)ларнинг хабари келмадими? Уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилмас эди. Лекин улар ўзларига зулм қилар эдилар. (Кофир ва мунофиқлар Нуҳ қавмини тўфон босиб ҳалокатга учратганини ҳам, Од қавмини қаттиқ ўт шамол ҳалок қилганини ҳам, Самуд қавмини қаттиқ қичқириқ яксон этганини ҳам, Иброҳим алайҳиссалом ўзи қутулиб қолиб, қавмлари қандай ҳалок бўлганини ҳам, Мадян эгаларини зилзила олганларини ҳам, Лут алайҳиссаломнинг қавми қишлоқлари қандай тўнтарилиб, жинояткор аҳолисини босиб қолганини ҳам яхши билишар эди. Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжат билан келганида, уларни ёлғончига чиқариб, бошларига ўша мусибатлар тушганини ҳам яхши билишарди. Шу қилмишлари билан улар ўзларига ўзлари зулм қилдилар. Бўлмаса, Аллоҳ уларга зулм қилмас эди.)

71Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.(Бу васфлар мунофиқлар ҳақида келган васфга тамоман зид эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Мунофиқларнинг бир хил эканликлари, улар доимо бир-бирларига ўхшашлари таъкидланган бўлса, мўминларнинг ўзаро дўст-валий эканликлари айтилмоқда.)

72Аллоҳ мўмин эр ва мўмина аёлларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларда абадий қолишни ва барқарорлик жаннатидан покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳдан бўладиган розилик эса, энг улуғидир. Ана ўша улкан ютуқдир. (Кофир ва мунофиқларни жаҳаннам кутиб турган бўлса, мўмин ва мўминаларни ажойиб жаннатлар кутиб турибди. Кофирлар ва мунофиқлар дўзахда абадий азоб чексалар, мўмин ва мўминалар жаннатда абадий маза қиладилар. Уларнинг доимий истиқомат қиладиган жаннатларида покиза масканлар кутиб турибди. Лекин бу мўмин ва мўминаларга берилган мукофотнинг охирги даражаси эмас. Уларга бериладиган мукофотнинг энг улуғи Аллоҳнинг розилигидир. Бу мукофотнинг олдида жаннатлар ва уларнинг битмас-туганмас неъматлари ҳам ҳеч гап бўлмай қолади.)

73Эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқларга қарши жиҳод қил ва уларга нисбатан қаттиққўл бўл. Уларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон қайтадиган жой.(Маълумки, Пайғамбаримиз (с.а.в.) аввалда мунофиқларга нисбатан жуда ҳам кечиримли бўлганлар. Уларнинг кўпгина беодоблик ва душманликларини авф қилганлар. Ҳатто баъзи саҳобалар ҳаддан ошиб кетган мунофиқларни ўлдиришга изн сўраганларида ҳам, қўй, одамлар, ўз шерикларини ўлдиряпти, демасин, деганлар. Аммо ушбу ояти карима энди юмшоқ муомалаларнинг вақти ўтганини, энди мунофиқларга ҳам кофирларга қилгандек муомала қилиш вақти келганини билдирмоқда. Уларга қарши жиҳод қилиб, қаттиққўл бўлиш тайинланмоқда. Уламоларимиз Расулуллоҳ (с.а.в.) мунофиқларга қарши уруш қилмаганларини, уларни ўлдирмаганларини алоҳида таъкидлайдилар. Лекин шу оятдан кейин муомала кескин ўзгариб, уларга нисбатан қаттиққўл бўлинган ва кирдикорлари аёвсиз фош этилган.)

74Улар гапирмаганлари ҳақида Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар. Батаҳқиқ, куфр калимасини айтдилар ва Исломларидан кейин куфр келтирдилар ҳамда ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар. Аллоҳ ва Унинг Расули уларни Ўз фазлидан бой қилиб қўйганларидан бошқа «айб» топа олмадилар. Агар тавба қилсалар, ўзларига яхши бўладир. Гар юз ўгириб кетсалар, Аллоҳ уларни бу дунёю охиратда аламли азоб билан азоблайдир. Ер юзида уларга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқ. ( Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) вақтларида мунофиқлар бир неча бор куфр гапларни айтганларидан кейин тониб, айтганимиз йўқ, деб қасам ичишган. Ояти каримада ўша ҳақиқат таъкидланиб, улар куфр гапни айтганлари ва шу билан мусулмонликдан чиқиб қайта кофир бўлганликлари баён қилинмоқда. Оятдаги «»ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар»дан мурод Расулуллоҳни (с.а.в.) ўлдирмоққа қасд қилганлари ва мақсадларига ета олмаганларидир.)

75Улардан: «Агар У зот Ўз фазлидан берса, албатта, садақа қиламиз ва, албатта, аҳли солиҳлардан бўламиз», деб Аллоҳга аҳд берувчилар бор.

76У зот Ўз фазлидан берган чоғда эса, бахиллик қилиб, юз ўгириб, орқага қараб кетарлар.

77Бас, Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғон гапирганлари учун Унга рўбарў бўладиган кунгача қалбларида нифоқни оқибат қилиб қўйди.

78Улар Аллоҳ уларнинг сирларини ҳам, яширин гапларини ҳам албатта билишини ва Аллоҳ, албатта, ғайбларни билгувчи зот эканини билмасмидилар?

79Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қилади ва уларга аламли азоб бўладир.

80Улар учун истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам (барибир). Агар улар учун етмиш марта истиғфор айтсанг ҳам, Аллоҳ уларни зинҳор мағфират қилмас. Бу уларнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига куфр келтирганлари учундир. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас. (Мунофиқлар сурасидан маълумки, мунофиқларнинг гуноҳларини мағфират қилишни сўраб, улар учун истиғфор айтиш таклиф қилинган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ишга моил бўлганлар. Ўшанда ҳам шу маънодаги ояти карима нозил бўлган. Биз ўрганаётган ояти каримадан билиниб турибдики, Табук ғазоти асносида мунофиқларнинг кирдикорлари кетма-кет фош бўлгандан кейин яна улар учун истиғфор айтиш таклифи бўлган ёки ҳолат шуни тақозо қилиб қолган. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммадга (с.а.в.) хитоб қилиб, мунофиқлар учун истиғфор айтишлари ва айтмасликлари барибир эканлигини, фойдаси йўқлигини билдирмоқда.)

81Улар Аллоҳнинг Расулига хилоф қилиб ортда қолганлар ўтирган жойларида хурсанд бўлдилар ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилишни ёқтирмадилар ҳамда «Иссиқда қўзғолманглар», дедилар. Сен:«Жаҳаннамнинг оташи иссиқроқ, агар тушунсалар», деб айт.(Яъни, улар одамларни ҳам ўзларига ўхшаб сафарбарликдан қочишга чақирдилар. Улар бу дунёнинг арзимаган иссиғидан қочишмоқдаю, аммо ўзларини охиратнинг ашаддий иссиғига дучор қилишмоқда.)

82Бас, қилган касблари туфайли оз кулиб, кўп йиғласинлар. (Улар бу дунёда қанча кўп кулсалар ҳам оз бўлади, охиратда кўп йиғлашлари турган гап.)

83Бас, Аллоҳ сени улардан бир тоифасига қайтарса-ю, улар сендан (урушга) чиқишга изн сўрасалар: «Мен билан ҳеч қачон чиқмайсизлар ва мен билан бирга ҳеч қачон жанг қилмайсизлар, сизлар биринчи мартада ўтиришга рози бўлдингиз, бас, ортда қолувчилар билан ўтираверинглар», деб айт.

84Ва ҳеч қачон улардан ўлган бирортасига ҳам (жаноза) намоз ўқима, қабри устида турма. Чунки улар Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқ ҳолларида ўлдилар. (Чунки, жаноза намозини ўқиш, бировнинг қабри устида туриш ўлган учун катта ҳурмат ва эъзоздир. Бу улкан ҳурмат ва эъзозни ҳақдор кишиларга қилиш керак.Мунофиқ ва фосиқлар бунга лойиқ эмаслар.)

85Уларнинг мол-дунёлари ва бола-чақалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишни хоҳлайди, холос.

86«Аллоҳга иймон келтиринглар ва Унинг Расули билан жиҳод қилинглар», деб сура нозил қилинган пайтда улардан бой-задагонлари: «Бизни тек қўй, ўтирувчилар билан бирга бўлайлик», деб изн сўрарлар.

87Улар хотин-халажлар билан бирга бўлишга рози бўлдилар ва қалбларига муҳр босилди. Бас, улар англамаслар. (Улар ўзлари хоҳлаб пасткашлик қилдилар. Шу сабабдан қалбларига муҳр босилди. Энди улар ўз фойдаларини англамайдилар. Агар англаганларида жиҳоддан қочмас эдилар.)

88Лекин Пайғамбар ва у билан бирга иймон келтирганлар моллари ва жонлари билан жиҳод қилдилар. Ана ўшаларга, ўзларига яхшиликлар бўладир. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир. (Булар мунофиқларга ўхшаб молу дунёга берилиб, унинг кетиб қолишидан қўрқиб, бахиллик қилмадилар. Топганларини Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодга сарфладилар. Улар мунофиқларга ўхшаб жонлари ширин кўриниб, қўрқиб, урушдан қочиб, хотин-халаж орасига кириб ўтириб олмадилар. Улар Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг йўлида шаҳид бўлишни орзу этиб жиҳод қилдилар. Шунинг учун уларга барча яхшиликлар берилади. Шунинг учун улар нажот топадилар.)

89Аллоҳ улар учун остида анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Унда абадий қолурлар. Ана шу буюк ютуқдир.

90Аъробийлардан узр айтувчилар уларга изн берилишини сўраб келдилар. Аллоҳга ва Расулига ёлғон гапирганлар эса, ўтириб қолдилар. Улардан кофир бўлганларга аламли азоб етадир. (Араб тилида «аъробий» деб саҳрода истиқомат қилувчи арабларга айтилади. Уларнинг ичидан ҳам Табук урушига бормай қолганлари бор эди.)

91Заифҳолларга, беморларга ва сарф-харажат қиладиган нарса топа олмаётганларга, Аллоҳга ва Расулига ихлосли бўлсалар, насиҳат қилсалар, гуноҳ йўқ. Чиройли амал қилувчиларни айблашга йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.(Урушга ярамайдиган заифҳол кишилар, беморлар ёки урушга бориш учун керак сарф-ҳаражатларни кўтара олмайдиган одамлар урушга бормай қолсалар, айб эмас. Гуноҳ ҳам бўлмайди. Чунки Ислом инсонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.)

92Яна сенга улов беришинг учун келганларида: «Сизларни миндиргани нарса топа олмаяпман», деганингда ғамгин бўлиб, кўзларидан ёшлари тўкилиб, орқага қайтиб кетганларга ҳам, сарф-харажат қиладиган нарса топа олмаганлари учун гуноҳ йўқ. (Бу тоифадагилар ўзлари соғ-саломат, бақувват, урушга ярайдилар. Рағбатлари ҳам бор. Урушга бориш учун жўнаб йўлга ҳам чиққанлар. Аммо Табук узоқ жой бўлгани учун миниб оладиган улов керак. Уларнинг эса, уловлари йўқ. Шунинг учун Расулуллоҳнинг (с.а.в.) олдиларига улов сўраб келишган.)