Part 11

 

93Бой-бадавлат бўлиб туриб сендан изн сўрайдиганларни айблашга йўл бор. Улар хотин-халажлар билан бирга бўлишга рози бўлдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босди. Бас, улар билмаслар.

94Ҳузурларига қайтиб келганингизда, сизга узр айтадилар. Сен:«Узр айтманглар, биз сизларга ҳеч қачон ишонмаймиз. Батаҳқиқ, Аллоҳ бизга сизларнинг хабарларингизни берди. Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули амалингизни кўрадир, сўнгра ғайбни ва шаҳодатни билгувчи зотга қайтарилурсизлар. Бас, у сизга қилиб юрган амалингизнинг хабарини берадир», деб айт.

95Уларнинг ҳузурларига қайтиб келганингизда уларни айбламаслигингиз учун сизга Аллоҳнинг номи ила қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Албатта, улар нопокдирлар. Қилиб юрган касблари жазосига жойлари жаҳаннамдадир. (Урушдан қочиб, сафарбарликдан ортда қолган ўшалар фақат оддий узр айтиш билан кифояланмайдилар, балки узрлари ҳақиқий эканлигига ишонтириш учун қасам ичадилар. Қасам ичганда Аллоҳнинг номини тилга оладилар. Лекин уларнинг қасамларига ҳам ишонмаслик керак экан. Чунки пасткаш мунофиқнинг ўз манфаати йўлида Аллоҳ номи ила ёлғон қасам ичиши ҳеч нарса эмас.)

96Улар сизлар улардан рози бўлишингиз учун сизга қасам ичарлар. Агарчи сиз улардан рози бўлсангиз ҳам, Аллоҳ фосиқ қавмлардан рози бўлмас.(Мунофиқлар Аллоҳнинг розилигини эмас, балки банданинг розилигини олишга уринадилар. Мунофиқлик шу асосга қурилган.)

97Аъробийлар куфр ва нифоқда ашаддийроқ ва Аллоҳ Ўз Пайғамбарига нозил қилган нарсанинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Оятда аъробийларнинг асл табиатлари васф қилинмоқда. Улар ўзлари яшаб турган муҳитга мослашиб қолганлар. Улар куфр ва нифоқда ашаддий бўладилар. Аъробийлар шафқатсиз табиий шароитда узоқ яшагани учун кўнгли қаттиқ, қўпол табиатли бўлиб қоладилар. Яна бунга ўхшаган сабаблар жуда ҳам кўп бўлиши мумкин.)

98Аъробийлардан қилган инфоқни зиён деб биладиган ва сизга бало-офат келишини кутиб турадиганлари ҳам бор. Ёмон балолар ўзларига урсин! Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зотдир. (Оятда васфи келган мунофиқлар аъробийлардир. Улар мусулмонларга ўзларининг сири очилиб қолишидан қўрқиб, закот беришга ва жиҳод учун баъзи бир сарфларни қилишга мажбур бўладилар.)

99Аъробийлардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган ҳамда инфоқ қиладиган нарсасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Расулнинг дуосига мушарраф этиш воситаси деб биладиганлари ҳам бор. Билсинларки, албатта, ўша нарсалар улар учун қурбатдир. Албатта, Аллоҳ уларни ўз раҳматига киритади. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Бу оятда васфлари келган аъробийлар мухлис, мўмин-мусулмон аъробийлардир. Улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган саодатманд кишилардир.)

100Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир.

101Атрофингиздаги аъробийлардан мунофиқлар бор. Мадина аҳлидан ҳам. Улар нифоқда сийқаси чиққанлардир. Сен уларни билмассан, уларни Биз биурамиз. Албатта, уларни икки марта азоблаймиз. Сўнгра улкан азобга қайтарилурлар. (Ушбу ояти каримада аъробийларнинг ва аҳли Мадинанинг алоҳида мунофиқлари, сийқаси чиққан мунофиқлари ҳақида сўз кетмоқда. Шу даражада сийқаси чиққанки, усталигидан, ҳатто Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам уларнинг мунофиқ эканликларини билмайдилар. Мунофиқлигини фақат Аллоҳ таолонинг ўзигина билади.)

102Бошқалар эса, гуноҳларини эътироф қилдилар; улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир. Шоядки Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ушбу оят тушишига сабаб бўлганлар Табук урушига бормай қолиб, сўнгра ўз ишларидан афсус-надомат қилиб тавба этган кишилардир. Улар ғазотдан қолиб жуда ёмон иш қилган, аммо чин кўнгилдан афсусланишлари яхши ишдир. Энди бундай кишиларнинг ишлари Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилинади.)

103Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгуви ва билгувчи зотдир.

104Улар, албатта, Аллоҳ Ўз бандаларидан тавбани қабул қилишини ва садақаларни олишини ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва раҳмли зот эканини билмайдиларми?

105Сен:«Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрарлар. Ва, албатта, ғайбни ва шаҳодатни билгувчи зотга қайтариласизлар. Бас, У сизларга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини берадир»– деб айт.

106Ва Аллоҳнинг амрига ҳавола қилинган бошқалар бор. Уларни ёки азоблайдир ёки тавбаларини қабул қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Уламоларимиз бу тоифадаги одамлар мазкур оят нозил бўлган пайтда уч киши, яъни, Ҳилол ибн Умаййа, Каъб ибн Молик ва Мирор ибн ар-Робийълар эди, дейдилар. Улар мунофиқ эмас, балки чин мусулмон бўлганлар, лекин хато қилиб, Табук ғазотига бормай қолганлар. Сўнгра афсус-надомат қилганлар-у, аммо Абу Лубоба ва унинг шерикларига қўшилиб, ўзларини масжид устунига боғламаганлар. Абу Лубоба ва унинг шерикларининг тавбалари қабул қилинди, гуноҳлари кечирилди. Аммо бу уч кишининг амри Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинди. Хоҳласа, уларни азоблайди, хоҳласа, тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларини кечиради.)

107Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир. (Мазкур мунофиқлар қурган масжиддан ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки улар ўз масжидларини Муҳаммад (с.а.в.) биринчи бўлиб тиклаган Қубо масжиди ёнида қурган эдилар. Шунинг учун бу масжид Масжидул Зирор–зиён масжиди, деб номланди. Бу масжиднинг куфр учун қурилди дейилишига сабаб мунофиқлар уни ўзларига марказ қилиб, куфр ишларини ривож топтириш мақсадида эдилар. Ояти карима маълум шахслар, маълум масжид сабабли тушган бўлса ҳам, унинг маъноси умумийдир. Мунофиқ ва кофирлар барча жойларда ва барча замонларда Исломга зиён етказиш учун, куфрни ривожлантириш учун, мўмин-мусулмонлар орасига тафриқа солиш учун, Аллоҳ ва Унинг Расулига уруш очганларга кузатиш жойи бўлиш учун кўплаб Масжидул Зирорлар қурганлар. Бу ҳолат динсиз давлатлардаги масжид ва диний муассасалар мисолида жуда ҳам равшан намоён бўлган.)

108Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир.

109Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган кимса яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб у билан бирга жаҳаннам ўтига қулаган кимса яхшими? Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас.

110Барпо қилган бинолари қалбларида шак-шубҳа ҳолида бардавом қолади. Магар қалблари қиймаланиб кетсагина шак-шубҳа қолмас. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир.

111Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди. Улар Аллоҳнинг йўлида жанг қиладилар, ўлдирадилар ва ўлдириладилар. Бу Тавротда, Инжилда ва Қуръонда Унинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, бас, қилган савдоларингиздан шод бўлаверинг. Ана шунинг ўзи улкан ютуқдир.(Ушбу савдо алоқасида Аллоҳ таоло харидору, мўмин инсон сотувчи. Мўмин-мусулмон бўлиш билан инсон ўз жони ва молини Аллоҳга сотади. Аллоҳ таоло эса мўмин мусулмон бандасига жонингни ва молингни Менинг йўлимга тиксанг, Мен бунинг эвазига жаннатни бераман, деб сотиб олади. «Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат звазига сотиб олди», дегани шу маънони англатади. «Сотиб олди», яъни, савдо тугади. Шунинг учун ҳеч бир мўмин-мусулмон шахс савдони бузмасликка, Аллоҳга сотган жони ва молини беришга доим тайёр турмоғи лозим.)

112Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер! (Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар.)

113Пайғамбар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир. (Демак, Пайғамбаргаки (с.а.в.) рухсат йўқ экан, бошқаларга бўлмаслиги аниқ гап. Мўмин киши учун ҳамма нарсадан иймони афзал, шунинг учун у аввало иймон, дин қардошлари ила алоқа ва боғланишларни йўлга қўяди. Қон-қардошлик алоқаси эса бу жойда ҳеч нарсани ҳал қилмайди.)

114Иброҳимнинг отаси учун айтган истиғфори унга берган ваъдаси устидан эди, холос. Вақтики, унга отасининг Аллоҳга душман эканлиги аён бўлганда ундан воз кечди. Албатта, Иброҳим тазарруъли ва ҳалиймдир. (Яъни, отаси Иброҳим (а.с.) билан тортишиб, уни сўкиб, тошбўрон қилмоқчи бўлганда ҳалийм сифатли Иброҳим (а.с.): «Сенинг учун Аллоҳга истиғфор айтаман», деб ваъда берган эди. Ана шу ваъдага вафо қилиш учун отасига истиғфор айтди, холос. Кейинчалик унга отаси Аллоҳнинг душмани эканлиги аён бўлди. Ўшанда у отасидан воз кечди.)

115Аллоҳ бир қавмни ҳидоятга бошлаганидан сўнг уларга сақланишлари лозим бўлган нарсани баён қилмасдан туриб залолатга кетказмас. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи зотдир. (Яъни, иймон келтириб мусулмон бўлганларга аввало нима қилиш кераклиги, нималардан сақланишлари лозимлиги баён қилинади. Кейин ҳам ноҳақ иш қилсалар, нотўғри йўлда юрсалар, ана шундан сўнг Аллоҳ уларга нисбатан чора кўради.)

116Албатта, осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У тирилтирур ва ўлдирур. Сизларга Аллоҳдан бошқа дўст ҳам йўқ, ёрдамчи ҳам йўқ.

117Батаҳқиқ, Аллоҳ Пайғамбарининг, муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди. Албатта, У зот уларга марҳаматли ва меҳрибондир. (Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) тавбаларини қабул қилгани хусусида хабар бермоқда. Маълумки, Пайғамбарлар маъсумдирлар. Аммо бу оятда Пайғамбаримизнинг Аллоҳдан тушган ваҳийга хилоф қилганлари ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу ҳол бўлиши ҳам мумкин эмас. Балки У зот (а.с.) ижтиҳод маъносида баъзи бир кишиларга Табук ғазотига чиқмай қолишга изн берган эдилар. У зот (с.а.в.) бу билан афзал ишни эмас, ундан пастроғини қилган эдилар. Афзали эса то ростгўйлар ёлғончилардан ажралгунча кутиб туриш эди.)

118Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир. (Бу уч кишининг қиссаси ҳамма тарих китобларимизда, тафсир ва ҳадис китобларимизда ривоят қилинган. Мазкур уч киши Каъб ибн Молик, Мирора ибн Робиъ ва Ҳилол ибн Умаййа ал-Воқифийлар мунофиқ эмас, балки чин мусулмон бўлганлар, лекин хато қилиб, Табук ғазотига бормай қолганлар.)

119Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар.

120Мадина аҳлига ва уларнинг атрофидаги аъробийларга Расулуллоҳдан четда қолишлари ва ўз жонларини кўзлаб унинг жонига эътибор қилмасликлари дуруст эмас. Зеро, уларга Аллоҳнинг йўлида ташналик, чарчоқ, очлик етса, кофирларнинг ғазабини чиқарадиган бирон қадам боссалар, душманга бирон зиён етказсалар, албатта, уларга солиҳ амал ёзиладир. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас.

121Кичик ёки катта нафақа қилсалар ҳам, бирон водийни кесиб ўтсалар ҳам, албатта, уларга (солиҳ амал) ёзиладир. Аллоҳ уларга қилган энг гўзал амалларининг мукофотини берадир. (Яна ҳаммаёқ тўла ажр-савоб. Катта-кичик бўлсин, нафақа қилсалар бас. Унга ҳам ажр-савоб берилади. Душман томон бирон водийни кесиб ўтсалар ҳам ажр-савоб ёзилади. Ёзилганда ҳам мужоҳиднинг умрида қилган энг яхши амалининг савоби ёзилади. Шундай бўлиб тургандан кейин нима учун энди сафарбарликдан қочиб, жиҳоддан ортда қолиш керак экан?)

122Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғолишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар. (Ушбу ояти каримадаги мўминларнинг ҳаммалари бирдан жиҳодга чиқишлари лозим эмаслиги ҳақидаги маъно, бошқа оятлардаги ҳамма чиқиши лозимлиги ҳақидаги маъноларга қарама-қарши келмайди. Ҳар бир оятга мақомга қараб амал қилинади. Баъзи вақтлар бўладики, ҳамма жиҳодга чиқиши тақазо қилинади. Баъзи вақтларда эса, ҳамманинг чиқиши шарт эмас. Керакли даражада чиқса етади. Ҳамма нарса вазиятга қараб, Ислом жамияти раҳбарлари томонидан аниқланади. Биз ўрганаётган бу оятда ҳамма жиҳодга чиқиши лозим бўлмаган ҳолат ҳақида гап кетмоқда.)

123Эй иймон келтирганлар, сизга яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилинг. Улар сиздаги шиддатни кўрсинлар. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир. (Пайғамбаримиз (с.а.в.) ва хулофаи рошидинлар даврида ушбу ояти каримага тўлиқ амал этилган. Ислом ерларига яқин турган куфр жамиятларига қарши жиҳод қилинган. Бу тарихда маълум ва машҳур ҳақиқатдир.)

124Бирон сура нозил қилинган вақтда улардан: «Бу сиздан кимнинг иймонини зиёда қилди?» дейдиган кимсалар бор. Бас, иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди ва улар шоду хуррам бўлдилар. (Қуръони Каримдан бир сура нозил бўлиши жуда катта ҳодиса бўлган. Аммо мунофиқлар учун бу улкан ҳодиса истеҳзо ва масхара учун фурсат ҳисобланади. Улар сиртдан ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиш учун уринадилар, аммо иймон ва Ислом тақазосидаги ишлар ўртага чиққанда ўзларини ким эканликларини фош қилиб қўйишади. Улар нозил бўлган сура бировнинг иймонини зиёда ҳам қиладими, деган истеҳзони бошқача қилиб айтадилар. Ҳа, Қуръон, унинг оятлари мўминларнинг иймонини зиёда қилади. Улар ўша иймонлари ва унинг зиёдалиги туфайли икки дунёда шоду хуррам бўлурлар. Қалби касал мунофиқларга эса бошқача таъсир қилади.)

125Аммо қалбларида касали борларнинг ифлосликлари устига ифлослик зиёда қилди ва улар кофир ҳолларида ўларлар. (Албатта, қалбларида касали борлардан мурод мунофиқлардир, «ифлослик»дан мурод эса мунофиқликларидир.)

126Улар ҳар йили бир ёки икки марта фитна қилаётганларига қарамайдиларми? Шунда ҳам на тавба қилмаслар ва на эсламаслар. (Ҳар йили уларнинг ҳаётида бир ёки икки марта синовли ишлар, касалликми, бошқа мусибатми бўлиб ўтади. Аслида ўша ҳодисалар уларнинг кўзини очиши керак. Лекин улар бу нарсаларга ибрат кўзи билан қарамайдилар.)

127Бирон сура нозил бўлган вақтда сизни биров кўрмадими, деб бир-бирларига назар соладилар-да, сўнгра бурилиб кетадилар. Улар фаҳмламайдиган қавм бўлганлари учун Аллоҳ қалбларини буриб қўйди.

128Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди. (Ояти каримада Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида У зотдек (с.а.в.) кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз (с.а.в.) сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.)

129Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин.

Chapter 10 (Sura 10)

1Алиф. Лом. Ро. Булар ҳикматли китобнинг оятларидир.

2Одамларга ўзларидан бўлган бир кишига ваҳий юбориб: «Одамларни огоҳлантир ва иймон келтирганларга Роббилари ҳузурида улар учун собитқадамлик борлигининг башоратини бер», деганимиз ажабланарли бўлдими? Кофирлар: «Албатта, бу очиқ-ойдин сеҳргардир», дедилар.

3Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнг аршни эгаллаган Аллоҳдир. У ишнинг тадбирини қиладир. Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинглар. Эсламайсизларми?! (Аллоҳ таоло Ўзининг Робблик–тарбиякунандалик сифати ила осмонлару ерни олти кунда яратган. (Бу олти куннинг ҳақиқатини–кайфиятини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо бизнинг тушунчамиздаги «кун» маъносида эмаслиги маълум. Чунки бизнинг тушунчамиздаги «кун» осмонлару ер яратилгандан сўнг ерга муносиб бўлган вақт билан чегараланади. Бу оятдаги «кун» эса, осмонлару ер яратилишидан олдинги замонга тегишли вақтни англатмоқда.)

4Барчангизнинг қайтишингиз Унгадир. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Албатта, У аввал бошда (барчани) Ўзи яратади. Сўнгра иймон келтирган ва яхши амал қилганларни адолат-ла мукофотлаш учун уларни қайтарур. Кофир бўлганлар эса, куфр келтирганлари учун уларга қайноқ сувдан шароб ва аламли азоб бордир.

5У қуёшни зиё ва ойни нур қилган ҳамда сизлар йилларнинг ададини ва ҳисобини билишингиз учун унинг манзилларини ўлчовли қилган зотдир. Аллоҳ ўшани фақат ҳақ ила яратди. У биладиган қавмлар учун оятларини батафсил баён қилади. (Инсон ҳаёти давомида доимий ҳис этиб турадиган мавжудотлардан бири қуёш, яна биттаси ойдир. Лекин инсон уларнинг мавжудиятига ўрганиб қолганидан кўп ҳам эътибор бермайди.)

6Албатта, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмонлару ерда яратган нарсаларда тақво қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир. (Кеча кириши муқаррар лаҳзада кеча киради. Кундуз бўлиши муқаррар лаҳзада кундуз бўлади. Ҳеч ким, ҳеч қандай куч бу жараёнга аралаша олмайди. Ҳаммаси Аллоҳнинг иродаси ва тадбири ила рўй беради. Аммо бу ишлар тинимсиз такрорланаверганидан инсон бу жараёнга эътибор бермай қўйган.)

7Албатта, Биз ила мулоқот бўлишини умид қилмаганлар ва бу дунё ҳаётидан рози бўлиб, у билан хотиржам қолганлар ҳамда оятларимиздан ғофил бўлганлар.

8Ана ўшаларнинг жойлари, қилган касблари туфайли, жаҳаннамдир.

9Албатта, иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларни Роббилари иймонлари сабабли ҳидоятга бошлайдир. Наим жаннатларида остларидан анҳорлар оқиб турадир.

10У ердаги дуолари: «Эй бор Худоё, сени поклаб ёд этамиз»дир. У ерда саломлашишлари «ас-Салом»дир. Охирги дуолари эса: «Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин»дир.

11Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар. (Аллоҳ таоло бандаларига яхшиликни доим, тез, сўраса-сўрамаса бериб келади. Бу ҳаётда кўрилаётган ҳақиқат. Аммо ёмонликни сўраган заҳоти бермайди. Чунки ёмонликни ҳам тезда берса, ҳаммалари ҳалок бўлиб кетадилар. Аллоҳ бандаларини бунинг учун яратмаган. Шу боис ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадисларида насиҳат қилиб, кишиларни ўзларига қарши, моллари ва болаларига қарши дуо этишдан қайтарганлар.)

12Қачонки инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Ана шундай қилиб, исрофчиларга қилаётган амаллари зийнатланиб кўрсатилди. (Инсон иши юришиб турганида, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳат-фароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётига мағрур бўлиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўмин-мусулмонлардан бошқалари. Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғигами, тинчлигигами ёки роҳатигами футур етса, бошига мусибат келса, дарҳол Аллоҳ ёдига тушади. Ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлборишни бошлайди. Ҳатто, энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир куни келиб, бошига яна қайта мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.)

13Батаҳқиқ, сиздан олдинги асрларни зулм қилган чоғларида ва Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келганларида иймон келтирмайдиган бўлганларида ҳалок қилганмиз. Жиноятчи қавмларни ана шундай жазолаймиз.

14Сўнгра қандай амал қилишингизга назар солишимиз учун уларнинг ортидан сизларни ер юзида ўринбосарлар қилдик.

15Қачонки, уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен ўзимча уни алмаштира олмайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт. (Бу гапни ўта кетган жоҳилларгина айтиши мумкин. Улар ваҳий нима эканини билишни ҳам хоҳламайдилар. Унинг кимдан чиққанини ҳам, унинг инсоният учун аҳамиятини ҳам билмайдилар. Яъни, Қуръоннинг ўрнига бошқа нарса келтириб ёки уни алмаштириб, Роббимга осийлик қилсам, улуғ қиёмат кунининг азобига дучор бўлишдан қўрқаман. Пайғамбар бўлатуриб у зот (с.а.в.) шунчалик қўрқсалар, Қуръон ўрнига бошқа дастур келтираётган ва унинг оятлари ёки ҳукмларини алмаштираётган оддий одамларни нима деса бўлар экан?!)

16Сен:«Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас эдим ва У зот ҳам уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл ишлатиб кўрмайсизларми?» деб айт.

17Аллоҳга ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, жиноятчилар нажот топмаслар.

18Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зарар ҳам, манфаат ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиларлар ва: «Ана ўшалар бизнинг Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчиларимиздир!» дерлар. Сен: «Аллоҳга у осмонлару ерда билмайдиган нарсаларнинг хабарини бермоқчимисизлар?!» деб айт. Аллоҳ улар келтираётган ширкдан пок ва юксак зотдир.

19Одамлар фақат бир уммат бўлган эдилар. Сўнгра ихтилофга тушдилар. Агар Роббинг томонидан айтилган сўз бўлмаганида, улар ихтилоф қилаётган нарса ҳақида ораларида ҳукм қилинган бўлар эди. (Дарҳақиқат, Одам атодан кейин ҳамма бир хил ақидада–тавҳид ақидасида эди. Аммо вақт ўтиши билан турли омиллар таъсирида баъзи ихтилофлар келиб чиқди. Айрим одамлар тавҳидни маҳкам тутдилар. Бошқалари ширкка кетдилар.)

20Ва улар: «Унга Роббидан оят-мўъжиза тушса эди», дерлар. Бас, сен: «Ғайб Аллоҳникидир. Интизор бўлиб туринг, мен ҳам сиз ила интизор бўлувчиларданман», деб айт. (Мушрикларнинг одатлари шу: атрофларидаги сон-саноқсиз мўъжизалардан кўз юмиб, Пайғамбарнинг (с.а.в.) ва у кишига келаётган ваҳийнинг ҳақ эканлигини тасдиқловчи алоҳида катта моддий мўъжиза келтиришни талаб қилишарди. Ҳазрати Муҳаммаднинг (с.а.в.) шариатлари охирги шариат бўлганидан Аллоҳ таоло мушрикларнинг матлубини ортга суришга аҳд қилган эди. Шу боис Пайғамбари Муҳаммадга (с.а.в.) мушрикларнинг бу бемаъни талабига:«Ғайб Аллоҳникидир. Интизор бўлиб туринг, мен ҳам сиз ила интизор бўлувчиларданман», деб айт», демоқда.)

21Қачонки одамларга уларга етган зарардан сўнг раҳматни тотдирсак, баногоҳ, уларда оятларимиз ҳақида макр бўлур. Сен:«Аллоҳ макрда тезкордир. Албатта, элчиларимиз қилаётган макрларингизни ёзиб борурлар», деб айт. (Одам боласининг иши қизиқ: бошига мусибат тушса, Аллоҳни эслайди, Унга ёлборади, халос қилишини сўрайди. Мусибат кўтарилганида эса, ҳаммаси ёдидан чиқади, туғёнга кетади ва яна гуноҳ ишларга ботади. Ушбу ҳолат ояти каримада: «Қачонки одамларга уларга етган зарардан сўнг раҳматни тотдирсак, баногоҳ, уларда оятларимиз ҳақида макр бўлур», деб васф қилинмоқда. Ожиз бандалар ўзларича макр қилишга уринадилар. Аммо ҳамма нарсани билгувчи ва ҳар нарсага қодир Аллоҳ уларнинг макрини дарҳол йўққа чиқаради. Бунинг устига, Аллоҳнинг элчилари–фаришталар ҳар бир макрни ёзиб туради. Вақти келганда ўша ёзув маккорлар зиддига ҳужжат бўлади. Маккорлар икки дунёда ҳам макрларининг азобини тортади.)

22У сизларни қуруқликда ва денгизда юргизадиган зотдир. Токи сизлар кемада бўлганингизда ва у(кемалар) яхши еллар ила уларни олиб кетганида ҳамда улар бундан хурсанд бўлганларида, қаттиқ шамол келур ва уларга ҳар томондан тўлқин келур. Ўзларининг қуршовда қолганларини англаганларида Аллоҳга чин ихлос билан: «Агар бизни мана шундан қутқазсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилурлар.

23Бас, қачонки У зот уларга нажот берса, кўрибсизки, улар ер юзида ноҳақдан зулм қилурлар. Эй одамлар! Бу зулмингиз фақат ўз зиёнингизгадир. Бу ҳаёти дунё матоҳи, холос. Сўнгра Бизга қайтишингиз бор. Бас, Биз нима амал қилганингизнинг хабарини берурмиз.

24Албатта, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сувга ўхшайдир. Бас, одамлар ва чорвалар ейдиган ер набототи у билан аралашиб, ер безагини олганда ва зийнатлаганда ҳамда унинг аҳли, энди бунга эришдик, деб ўйлаганда, кечаси ёки кундузи унга Бизнинг амримиз келадир. Биз уни худди куни кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз. Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз.

25Аллоҳ тинчлик диёрига даъват қиладир ва Ўзи хоҳлаганларни сироти мустақимга ҳидоят қиладир. (Аллоҳ бандаларини икки дунёда ҳам саодатли бўлишларини хоҳлайди. Уларни тинчлик диёрида, омонликда, бахт-саодат ва фароғатда бўлишга чақиради. Кимки Аллоҳнинг чақириғига лаббай деб жавоб берса, унинг айтганларини қилса, барча яхшиликларга етишади. Тўғри йўлда–сироти мустақимда барқарор туради. Доимо яхшиликларга соҳиб бўлади.)

26Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир. Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар. (Аллоҳга иймон келтириб, Унинг чақириғига лаббай деб жавоб бериб, яхши амалларни қилиб яшаган бандалар бу дунёда гўзал ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, бу дунёда қилган гўзал амаллари учун савоб оладилар, жаннатга дохил бўладилар.

27Ёмонликларни касб қилганларга эса ёмонликларига яраша ёмон жазо бўлур. Уларни хорлик қоплайдир. Улар учун Аллоҳдан бирор сақловчи ҳам бўлмас. Юзлари худди тун зулматидан бир парча ила қопланган каби бўлур. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар. Олдинги манзаранинг тамоман акси. Оятда бу дунёда гўзал амаллар эмас, ёмон амаллар қилганлар васф қилинаётир. Ёмонликлари туфайли улар бу дунёнинг ўзида ёмон ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, уларга: «»ёмонликларига яраша ёмон жазо бўлур».)

28У кунда барчаларини тўплаймиз. Сўнгра ширк келтирганларга: «Сизлар ҳам, шерик қилганларингиз ҳам жойингиздан қимирламангиз», деймиз. Бас, ораларини ажратамиз ва шерик қилинмишлар: «Бизга ибодат этмаган эдингиз.

29Биз билан сизнинг орангизда шоҳидликка Аллоҳ кифоядир. Биз, албатта, сизнинг ибодатингиздан ғофил эдик», дерлар.

30Ўша ерда ҳар бир жон ўзи қилиб ўтган ишдан сўралур-хабардор бўлур ва ҳақиқий хожалари Аллоҳга қайтарилурлар. Ҳамда ўзларича тўқиб чиқарган нарсалари улардан ғойиб бўладир.

31Сен:«Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қиладир?» деб айт. Улар, албатта: «Аллоҳ», дерлар. Бас, сен: «Тақво қилмайсизларми?» деб айт.(Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган даврдаги одамлар тушунчаси бўйича, ўсиб-ҳаракатланиб турган нарсалар тирик, ҳаракатсиз, ўсмай турган нарсалар ўлик ҳисобланар эди. Ана шу тасаввурга биноан қадимги тафсирчиларимиз «ўликдан тирикни чиқариш»га тухумдан қушни, уруғдан ўсимликни, данакдан дарахтни чиқаришни ва шунга ўхшаш ҳолатларни мисол қилиб келтирганлар. Ёки, аксинча, ҳамма ҳайвонлар тирик бола туғади, қушлар эса, жонсиз тухумни. Ўсиб етилган ўсимликдан жонсиз уруғ чиқади.Буларнинг ҳаммасини ким қилмоқда? Албатта, Аллоҳ!)

32Бас, мана шу Аллоҳ сизнинг ҳақ Роббингиздир. Ҳақдан сўнг нима бўладир? Магар залолат бўладир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?

33Шундай қилиб, фосиқлик қилганларга Роббингнинг сўзи ҳақ бўлди. Улар иймон келтирмаслар.

34Сен:«Сизнинг шерик келтираётганларингиз орасида махлуқотни аввал-бошда яратиб, сўнгра уни қайтарадигани борми?» деб айт. Сен:«Аллоҳ махлуқотни аввал-бошда яратиб, сўнгра уни қайтарадир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?» деб айт.

35Сен:«Сизнинг шерик келтираётганларингиз орасида ҳаққа ҳидоят қиладигани борми?» деб айт. Сен:«Аллоҳ ҳаққа ҳидоят қилади. Эргашишга ҳаққа ҳидоят қиладиган зот ҳақлироқми ёки ҳидоят қилмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож кимсами? Сизга нима бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз?!» деб айт.

36Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи зотдир. (Аллоҳнинг йўлида юрмаганларнинг кўплари, балки ҳаммалари гумон ва тахминга эргашадилар. Улардан, нима учун бу ишни қилмоқдасан, нима учун бу йўлга юрмоқдасан, деб сўралса, берадиган жавоблари фақат гумондан иборат бўлади. Қадимда бутпарастлар, ота-бобомиз шундай қилган, биз ҳам қилмоқдамиз, деб жавоб беришган. Ҳозирда ҳам фалончи айтгани учун, пистончи қилгани учун, дейишади.)

37Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа томонидан тўқиб чиқарилган эмас. Балки у ўзидан олдингининг тасдиғи ва китобнинг тафсилотидир. Унда ҳеч шубҳа йўқ. У оламларнинг Роббисидандир.

38Ёки ўзи тўқиб олган дейдиларми? Сен:«Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва (бу ишга) Аллоҳдан бошқа кучингиз етганича кимни хоҳласангиз, чақиринг», деб айт.

39Балки улар ўзлари илмини билмаган нарсани уларга унинг таъвили етмай туриб, ёлғонга чиқарурлар. Улардан олдингилар ҳам шундай ёлғонга чиқарган эдилар. Золимларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол.

40Улардан унга иймон келтирадиганлар ҳам бор ва улардан унга иймон келтирмайдиганлар ҳам бор. Роббинг эса, бузғунчиларни яхши билгувчи зотдир.

41Агар улар сени ёлғончи қилсалар, сен: «Менга ўз ишим, сизларга ўз ишингиз, сизлар мен қиладиган ишдан поксизлар, мен сизлар қиладиган ишдан покман», деб айт. (Улар шунчалик далилларни кўриб-билиб, ҳақиқатни англаб етганларидан кейин ҳам иймон келтирмасалар, сени ёлғончига чиқарсалар, унда улар билан орани очиқ қилишингдан бошқа чора қолмайди. Уларга йўллар бошқа-бошқа эканини билдириб: Шу билан бирга, орада ҳеч бир алоқа қолмаганини ҳам таъкидлаш лозим.)

42Ва улардан сенга қулоқ тутадиганлари ҳам бор. Агар ақл ишлатмасалар, карқулоқларга сен эшиттира олурмисан?!

43Улардан сенга назар соладиганлари ҳам бор. Агар ўзлари (қалб кўзлари ила) кўрмасалар, кўрларни сен ҳидоят қила олурмисан?!

44Албатта, Аллоҳ одамларга ҳеч зулм қилмас, лекин одамлар ўзларига зулм қилурлар. (Уларнинг энг катта зулмлари Ислом динига юрмасликларидир.)

45Уларни тўплайдиган кунда худди наҳордан бир соатгина турганга ўхшаб бир-бирлари билан танишурлар. Батаҳқиқ, Аллоҳнинг мулоқотини ёлғонга чиқарганлар ва ҳидоят топганлардан бўлмаганлар зиён қилурлар.

46Ёки сенга уларга ваъда қилганимизнинг баъзисини кўрсатамиз, ёки сени вафот эттирамиз. Бас, уларнинг қайтишлари Бизгадир. Сўнгра нима қилаётганларига Аллоҳ шоҳиддир.

47Ҳар умматнинг ўз Пайғамбари бордир. Қачонки уларга Пайғамбарлари келса, ораларида адолат ила ҳукм чиқарилур. Уларга зулм қилинмас.

48Улар: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, бу ваъда қачон бўладир?» дерлар.

49Сен:«Мен ўзим ҳам на зарарга ва на фойдага молик эмасман. Магар Аллоҳ нимани хоҳласа (шу бўладир). Ҳар умматнинг ўз ажали бор. Ажаллари келган вақтда бир соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар», деб айт. (Гапнинг хулосаси шу. Бировга зарар ёки фойда етказиш фақат Аллоҳнинг иши. Агар Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларига на зарар, на фойда етказа олмасалар, демак, ўзгаларга ҳам етказа олмасликлари турган гап. Лекин улар ҳадеб у зотдан ваъда қилинган азоб қачон келишини сўрайверадилар. Ажал келган соатнинг айни ўзида ҳалок бўладилар. Бунга ўтган умматлар, хусусан, Қуръони Каримда зикри келган умматлар ёрқин мисолдир. Баъзи уламоларимиз, умматларнинг ҳалокати фақат жисмоний бўлиши шарт эмас, маънавий ҳалокат ҳам шунга киради, дейдилар.)

50Сен:«Хабар беринг-чи, агар Унинг азоби сизларга кечаси ёки кундузи келса, жиноятчилар унинг нимасига шошилмоқдалар?» деб айт.

51У воқеъ бўлганидан сўнг унга ишондингизми? Энди-я?! Уни тезроқ келсин, деб шошилаётган эдингиз-ку?! (Азобнинг тушиши муқаррар. Қачон бўлса ҳам, барибир тушади. Ана ўша вақтда мушрик ва кофирларга юқоридаги сўзлар айтилади.)

52Зулм қилганларга: «Мангу азобни тортинглар. Фақат касб қилганингизга яраша жазо олурсизлар, холос», дейилур. (Улар бу дунёда қилган зулмлари–Аллоҳга иймон келтирмаганлари учун қилмишларига яраша жазо оладилар, дўзахда мангу қоладилар.)

53Улар сендан: «У ҳақми?» деб сўрарлар. Сен:«Ҳа, Парвардигорим ҳаққи, албатта, у ҳақдир ва сизлар қочиб қутулувчи эмассизлар», деб айт.

54Агар ҳар бир зулм қилган жонга ер юзидаги ҳамма нарса берилсаю уни фидо қилса ҳам. Азобни кўрганларида ичларида надомат чексалар ҳам. Улар ўртасида адолат ила ҳукм чиқарилур. Уларга зулм қилинмас.

55Огоҳ бўлинг! Осмонлару ердаги нарсалар, албатта, Аллоҳникидир. Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг ваъдаси, албатта, ҳақдир. Лекин кўплари билмаслар.

56У тирилтирадир ва ўлдирадир ва Унгагина қайтарилурсизлар.

57Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди. (Эй одамлар! Қуръонни ёлғон деманг! Қуръонни фалончи тўқиган, деманг! Унинг тўғрисида шубҳа қилманг. У қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди. Ким Қуръонга иймон келтириб, мусулмон бўлса, у ўша одамни ҳидоятга бошлайди, Аллоҳнинг раҳматига эриштиради.)

58Сен:«Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт. (Бир умматга икки дунё бахтига эриштирувчи илоҳий китоб берилиши ўша миллатга Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидир. Бу миллат ушбу оятга амал қилиб, қанча хурсанд бўлса, арзийди. Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати бўлмиш Қуръони Каримга иймон келтириб, уни ўзига дастур қилиб олган зотлар ўша энг улуғ фазл ва раҳматга эришган кишилар сифатида қанчалик хурсанд бўлсалар, шунчалик оз. Қуръонга эришиш дунёдаги бошқа ҳамма нарсаларни жамлаб, ўшаларга эга бўлишдан кўра яхшироқдир.)

59Сен:«Аллоҳ сизга нозил қилган ризқдан хабар беринг-чи! Уни ҳаром ва ҳалол қилиб олдингиз!» деб айт. Сен:«Аллоҳ сизга изн бердими ёки Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқияпсизми?» деб айт.

60Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиётганларнинг қиёмат куни ҳақида нима гумонлари бор? Албатта, Аллоҳ одамлар учун фазл эгасидир. Лекин кўплари шукр қилмаслар.

61Қайси ҳолда бўлсанг, Қуръондан нимани тиловат этсанг, ишлардан қай бирини қилсанг, албатта, биз ўшанга киришаётган пайтингларда сизларга гувоҳмиз. На ер юзида ва на осмонларда зарра миқдоридаги, ундан кичикроқ ёки каттароқ нарса Роббингдан махфий бўла олмас, балки очиқ-ойдин китобдадир. (Аллоҳ нафақат кўради ёки билади, балки унга гувоҳ бўлади ва очиқ-ойдин китобга ёзиб ҳам қўяди. Шундай бўлгандан кейин, дунёда энг катта гуноҳни қилганларнинг–Аллоҳ таологагина хос бўлган ҳаққа тажовуз этиб, унинг шаънига ёлғон тўқиб, берган ризқининг баъзисини ҳаром, баъзисини ҳалол деганларнинг гуноҳи махфий бўлиб қолармиди? Аллоҳ гувоҳ бўлиб турибди, очиқ-ойдин китобга ёзилиб турибди, деган эътиқод билан яшаб, Аллоҳга ихлос ила эътиқод ва бандалик қилганларнинг бирор амали зое бўлармиди? Албатта, йўқ. Ҳаммаси ҳисобга олинади ва мукофоти берилади.)

62Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.

63Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир. (Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У зотга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзи ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир.)

64Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир. (Аллоҳнинг дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар. Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир. Ҳозирда баъзи мусулмон жамиятлар ўша улуғ ютуққа бу дунё ҳаётида эриша олмаётган бўлсалар, бу нарса Аллоҳнинг калималари ўзгарганига эмас, балки иймон ва тақвода камчилик борлигига ёки иймон ва тақвонинг умуман йўқлигига далилдир.)

65Уларнинг гапи сени хафа қилмасин. Азизликнинг барчаси Аллоҳникидир. У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.

66Огоҳ бўлингким, осмонларда ким бўлса ва ер юзида ким бўлса, албатта, Аллоҳникидир. Аллоҳдан ўзга шерикларга илтижо қилаётганлар нимага эргашадилар? Улар фақат гумонга эргашадилар, холос. Улар фақат тахмин қиладилар, холос.

67У сизларга сокинлик топишингиз учун кечани ва кўрсатувчи этиб кундузни қилган зот. Албатта, бунда эшитадиган қавмлар учун оят-аломатлар бордир.

68Улар:«Аллоҳ фарзанд тутди», дедилар. У (бундан) покдир. У беҳожатдир. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уникидир. Бу ҳақда сизнинг ҳеч қандай далилингиз йўқ-ку! Аллоҳга нисбатан билмаган нарсангизни айтаверасизми? (Одатда инсон қай ҳолларда фарзанд тутади? Фарзандсизлигим билинмасин; менга ёрдам бўлсин; кўнглимни кўтариб турсинн ва ҳоказо ҳожатларни кўзлаб фарзанд тутади. Ажабо, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шу каби ишларга муҳтожми? Унга нисбатан бунақа сифат бериш дурустми? Йўқ, албатта.)

69Сен:«Албатта Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганлар нажот топмаслар», деб айт.

70Бу дунёда (бир оз) фойдаланиш, кейин Бизга қайтишлари бор. Сўнгра Биз уларга, куфр келтириб ўтганлари учун, шиддатли азобни тоттирамиз.

71Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Вақтики у ўз қавмига: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳга таваккал қилдим. Сиз шерик келтирганларингиз билан биргаликда ўз ишингизни билаверинглар. Яна ишларингиз ўзингиз учун ноаниқ бўлиб қолмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар, менга муҳлат берманглар.

72Бас, агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳдан. Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман», деди. (Эй Муҳаммад, ўз вақтида Нуҳ (а.с.) ҳам сенга ўхшаб қавмига Пайғамбар бўлиб келган эди. Сен билан қавминг ўртасидаги ҳолат уларнинг ҳам бошидан кечган. Сенинг қавминг ичидан ҳам Нуҳ қавмидагига ўхшаш саркашлар чиқди. Улар Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи турли оят-белгилардан ўрнак олмаяптилар.)

73Сўнгра уни ёлғончига чиқаришди. Бас, Биз уни ва у ила бирга бўлганларни кемада қутқардик ва уларни халифалар қилдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни ғарқ этдик. Огоҳлантирилганларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол.

74Сўнгра ундан кейин Пайғамбарларни қавмларига юбордик. Бас, улар очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келдилар. Аммо у(қавм)лар олдин ёлғонга чиқарган нарсаларига иймон келтирувчи бўлмадилар. Тажовузкорларнинг қалбига шундай қилиб муҳр босамиз. (Эй сиз инсонлар, ушбу оятлар билан танишаётганлар! Сизлар ҳам ўша қавмларга ўхшаб аввал-бошдан Пайғамбарни, Қуръонни ёлғонга чиқариб, тажовузкорлик этманг. Агар шундай қиладиган бўлсангиз, ўшаларга ўхшаб қалбингизга муҳр босилиши, оқибатда ҳалокатга учрашингиз турган гап. Мана, қуйида қиссаси келадиган қавм ҳам худди шундай тақдирга дуч келган эди.)

75Сўнгра улардан кейин Мусо ва Ҳорунни Фиръавн ва унинг қавмига Ўз оят-мўъжизаларимиз ила юбордик. Бас, улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар.

76Бизнинг ҳузуримиздан уларга ҳақ келган пайтда: «Бу, албатта, очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар.

77Мусо: «Сизга ҳақ келганда (шундай) дейсизларми?! Шу сеҳрми?! Сеҳргарлар нажот топмаслар», деди.

78Улар: «Сен бизни оталаримиз тутиб келаётганида топган нарсамиздан буриш учун ва икковингизга ер юзида катталик бўлиши учун келдингми? Биз икковингизга иймон келтирувчилардан эмасмиз», дедилар. (Улар илм-маърифат асосида эмас, қалбларидаги аввалдан ўрнашиб қолган дард туфайли Аллоҳ томонидан келган динни инкор қилаётган эканлар. Бу фақат Фиръавн ва унинг қавмигагина эмас, балки Аллоҳнинг динига юришни хоҳламаган ҳар бир тоғут ва унинг қавмига хос хусусиятдир.)

79Фиръавн: «Менга барча билимдон сеҳргарни келтиринглар», деди.

80Сеҳргарлар келганида, Мусо уларга: «Сизлар ташламоқчи бўлган нарсангизни ташлангиз», деди.

81Улар ташлаганларида, Мусо: «Сиз келтирган нарса сеҳрдир. Албатта, Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ўнгламас.

82Ва Аллоҳ Ўз калимаси ила, гарчи жиноятчилар ёқтирмаса ҳам, ҳақни рўёбга чиқарур», деди. (Kиссанинг тафсилоти бошқа сураларда келган. Бу сурада эса, сиёқига мос равишда баъзи ҳолатлар баён қилинмоқда. Чунки Аллоҳ томонидан берилган мўъжизага соҳиб бўлган Пайғамбар сеҳрни осонликча билиши ажабланарлик эмас. У киши қалби Аллоҳга иймон ила тўла, ўз ишининг ҳақлигига, бошқаларнинг иши ботиллигига ишончи комил зотдирлар. Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Аллоҳнинг «Бўл!» деган калимаси ила ҳар нарса бўлиши турган гап. Сеҳргарларнинг сеҳри ботил бўлди. Аллоҳ ҳақни рўёбга чиқарди.)

83Мусога ўз қавмидан баъзи зурриётларгина Фиръавн ва амалдор-зодагонларининг фитна қилмоқларидан қўрққан ҳолларида иймон келтирдилар, холос. Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетган эди. Албатта, у исрофчилардан эди.

84Мусо: «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирган бўлсангиз, агар мусулмон бўлсангиз, фақат Унгагина таваккал қилинг», деди.

85Улар: «Аллоҳгагина таваккал қилдик. Роббимиз, бизни золим қавмларга фитна қилиб қўйма.

86Ва Ўз раҳматинг ила бизга кофир қавмлардан нажот бергин», дедилар. (Арабчада «фитна» сўзи синов маъносини англатади. Жумладан, темирни ўтга солиб синаб кўришни ҳам фитна дейишади. Шунингдек, фитна сўзи «алдов» ва «адашув» маъносини ҳам англатади. Ушбу оятда эса, мўминлар Аллоҳдан золим қавмларни улар устидан ғолиб қилиб қўймасликни сўрашмоқда. Чунки бу иш фитнага сабаб бўлиши мумкин. Мўминлар, уларнинг ишлари тўғри экан-да, бўлмаса нима учун бизга ғолиб келишади, деган хаёлга боришлари мумкин. Бу эса, катта фитнадир. Аслида, Аллоҳ кофирларни билдирмай олиш учун аввал уларга зоҳиран ғалаба бериб ҳам туриши мумкин. Аммо бу мўминлар гуруҳи шуни ҳам хоҳламаяптилар.)

87Биз Мусога ва унинг биродарига: «Икковингиз қавмингиз учун Мисрда уйлар тайёрланг, уйларингизни қибла қилиб, намозни тўкис адо этинглар ва мўминларга хушхабар бер», деб ваҳий юбордик.

88Мусо: «Эй Роббимиз, Сен Фиръавнга ва унинг амалдорларига зебу зийнат ва молу дунё бердинг. Роббимиз, бу Сенинг йўлингдан адаштиришлари учундир. Роббимиз, уларнинг молларини йўқ қилгин ва қалбларини қаттиқ қилгин, то аламли азобни кўрмагунларича иймонга келмасинлар», деди.

89У: «Батаҳқиқ, икковингизнинг дуоингиз қабул бўлди. Бас, собит туринглар ва билмайдиганларнинг йўлига эргашманглар», деди.

90Ва Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Бас, Фиръавн ва унинг аскарлари ҳаддан ошган ва туғён қилган ҳолда уларни таъқиб этдилар. Токи унга ғарқ бўлиш етганида: «Бани Исроил иймон келтирган зотдан ўзга илоҳ йўқлигига иймон келтирдим ва мен мусулмонларданман», деди.

91Эндими! Олдин исён қилган ва бузғунчилардан бўлган эдинг-ку?!

92Бугун сенинг баданингни қутқарамиз. Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин. Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар. (Соғлик-саломатлик, куч-қувват, молу мулк, ҳукм, мансаб ва бошқа имкониятлар борида қиларини қилиб юрган ҳар қандай одам ҳам ўлимига кўзи етиб қолганида Худони эслайди. Лекин бунинг фойдаси йўқ. Бу ҳақиқат ўша тоифадаги кишиларга уларнинг энг кўзга кўринган вакили Фиръавн мисолида тушунтирилмоқда. Жойингни эмас. Жонингни оламиз. Бошқалар каби ўласан. Чунки сен ҳам оддий-ожиз бандасан. Аммо жасадингни қутқарамиз. Балиқлар ҳам емайди. Сувга оқиб ҳам йўқ бўлмайди. Бошқа сабаб билан ҳам йўқ бўлиб кетмайди. «Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин». Шунчалар мулкка эга бўлсанг ҳам, қанча катта даъволар қилган бўлсанг ҳам, аскарларинг шунча кўп бўлса ҳам, барибир Аллоҳнинг азобидан қутула олмаганингни кўриб ибрат олсинлар. «Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар».)

93Батаҳқиқ, Биз Бани Исроилни ҳақиқий омонлик масканига жойлаштирдик ва уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик. Бас, улар то ўзларига илм келмагунча ихтилоф қилмадилар. Албатта, Роббинг қиёмат куни улар орасида ихтилоф қилган нарсалари ҳақида Ўзи ҳукм чиқарадир.

94Агар сенга нозил қилган нарсамиздан шакда бўлсанг, сендан олдин китобни ўқиганлардан сўра. Батаҳқиқ, сенга Роббингдан ҳақ келди. Бас, ҳеч шубҳа қилгувчилардан бўлма.

95Зинҳор Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарувчилардан бўлма, у ҳолда зиёнкорлардан бўлиб қоласан.

96Албатта, Роббингнинг калималари зиммасига вожиб бўлганлар иймонга келмаслар.

97Агар уларга ҳамма оят-мўъжизалар келса ҳам, то аламли азобни кўрмагунларича.

98Қани энди бирон қишлоқ иймон келтирганда унга иймони манфаат берса эди. Фақат Юнус қавми иймон келтирганларида улардан ҳаёти дунёдаги хорлик азобини кушойиш қилдик ва уларни маълум вақтгача фойдалантирдик. (Оятнинг маъносидан кўриниб турибдики, Юнуснинг (а.с.) қавмига ҳаёти дунёнинг хорлик азоби таҳдид солиб қолганда барчалари бирдан иймонга келганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло уларнинг бошидан бу азобни кўтарган ва иймонлари шарофати билан маълум муддатгача фаравон турмуш ила манфаатлантирган. Демак, қоида шу: қайси қишлоқ кофир бўлса, хорлик азобига дучор бўлаверади, қайси қишлоқ иймон келтирса, ундан хорлик азоби кушойиш қилиниб, иймони туфайли манфаатлар топаверади.)

99Агар Роббинг хоҳласа, ер юзидаги кишиларнинг ҳаммаси иймонга келар эдилар. Ёки сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми?

100Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир жон мўмин бўла олмас. У ақл юргизмайдиганларга ўта ифлосликни раво кўрур. (Яъни, ҳар бир инсон иймонга эришиш учун Аллоҳ изн этган йўлдан юриши керак. У кўрсатган амалларни қилиши керак. Мисол учун, Аллоҳ берган ақлни ишлатиб, атрофдаги оят-далилларни тушуниб етиб, иймонга юзланиши керак. Ақлни ишлатмаса, ўзига ибрат олмаса, иши расво бўлади. Нотўғри йўлга юриб, залолатга кетади.)

101Сен:«Осмонлару ердаги нарсаларга назар солинглар. Иймон келтирмайдиган қавмларга оят-мўъжизалар ва қўрқитувлар фойда бермас», деб айт.

102Улар фақат ўзларидан олдин ўтганларнинг кунларига ўхшаш кунларга интизор бўлмоқдаларми? Сен: «Бас, интизор бўлинглар. Албатта, мен ҳам сизлар билан интизор бўлгувчиларданман», деб айт.

103Сўнгра Пайғамбарларимизга ва иймон келтирганларга нажот берамиз. Шундай қилиб, мўминларга нажот бермоғимиз зиммамиздаги бурчдир. (Охир-оқибатда мўминларнинг нажот топиши ҳақдир. Бу вазифани Аллоҳ таоло Ўзига бурч қилиб олгандир. Бу ҳақиқатни мўмин-мусулмонлар, айниқса, даъватчилар жуда яхши англаб етмоқлари лозим.)

104Сен:«Эй одамлар, агар менинг динимда шак-шубҳангиз бўлса, бас, (билингки) мен сизлар ибодат қилаётган–Аллоҳдан ўзга нарсаларга ибодат қилмайман. Лекин сизни вафот эттирадиган Аллоҳга ибодат қиламан ва мўминлардан бўлмоғимга амр қилинганман», деб айт.

105Юзингни динга тўғри тут. Мушриклардан бўлма.

106Аллоҳдан ўзга–сенга манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган–нарсага илтижо қилма. Бас, агар шундай қилсанг, унда сен золимлардан бўласан. (Ўзини билмаган золим одамлар Аллоҳни қўйиб, бут-санамлар ва бошқа нарсаларга илтижо этиб, манфаат топмоқчи ёки зарарни қайтармоқчи бўладилар. Сен, эй Пайғамбар, уларга ўхшама, Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга, ҳеч нарсага илтижо этма.)

107Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хоҳлаганига етказади. У мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир.

108Сен:«Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман», деб айт.

109Ва сенга ваҳий қилинган нарсага эргаш ва Аллоҳ ҳукм қилгунча сабр қил. У ҳукм қилгувчиларнинг яхшисидир.

Chapter 11 (Sura 11)

1Алиф. Лом. Ро. (Ушбу) китоб оятлари маҳкам қилинган, сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир.

2Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслигингиз учундир. Албатта, мен сизларга Ундан келган огоҳлантирувчи ва хушхабарчиман.

3Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, албатта, мен сизларга улуғ куннинг азоби бўлишидан қўрқаман.

4Аллоҳнинг Ўзига қайтишингиз бор. У ҳар бир нарсага қодир зотдир.

5Огоҳ бўлингким, албатта, улар ундан яшириниш учун кўксиларига (бошларини) эгадилар. Огоҳ бўлингким, кийимларига ўралган чоғларида ҳам, У зот нимани сир тутаётганларинию нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У қалблардаги бор нарсаларни билгувчи зотдир. (Ушбу оятда жоҳилият аҳлининг кулгили ҳолатларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в.) кишиларга Қуръони Карим оятларини ўқиб бераётганларида, юқорида зикр қилинган ҳақиқатларни етказаётганларида, баъзи мушриклар, мен ҳам шу гапларга дахлдор бўлиб қолмай, дегандек, кўринмасликка уриниб, пусиб, бошини кўксига эгиб, беркинишга ҳаракат қилар эканлар. Оятда уларнинг қилмишлари, Аллоҳдан яширинишга уриниш, деб таърифланмоқда.)