Part 15

 

Chapter 17 (Sura 17)

1Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи зотдир.

2Ва Биз Мусога китобни бердик ва у(китоб)ни Бани Исроилга ҳидоят қилиб: «Мендан ўзгани вакил тутманглар!» дедик.

3(Эй) Нуҳ билан бирга кўтарганларимизнинг зурриётлари! Албатта, у ўта шукрли банда эди. (Нуҳ (а.с.) ўта шукрли банда эди. Унга иймон келтирганлар ҳам ўта шукрли бандалар эдилар. Сизлар ҳам шукрли бўлинглар.)

4Биз у китобда Бани Исроилга, ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга кетурсизлар, деб билдирдик.

5Бас, ўша икки(бузғунчилик)дан биринчисининг ваъда вақти келганда, устингизга шиддатли куч-қудратга эга бандаларимизни юбораурмиз. Бас, улар ҳовли-жойларни оралаб кезарлар. Бу қилиниши лозим ваъда эди. (Турли имконларга эга бўлиб, муқаддас ерда юксаладилар. Сўнгра бузғунчиликга ўтадилар. Сизга қилмишингизнинг жазосини куч-қувватга эга бандаларимиз беради, сизларни топиб, азоблаб ўлдирадилар. Улардан қочиб қутула олмайсиз.)

6Сўнгра сизга улар устидан ғалабани қайтардик ва сизга молу дунё ва фарзандлар ила мадад бердик. Ва сизларнинг нафарингизни кўп қилиб қўйдик.

7Агар яхшилик қилсангиз, ўзингиз учун яхшилик қиласиз. Агар ёмонлик қилсангиз ҳам, ўзингиз учундир. Бас, кейинги (бузғунчиликнинг) ваъда вақти келганда, юзингизни қора қилишлари учун, масжидга аввал кирганларидек киришлари учун ва эгаллаган нарсаларини тамоман парчалашлари учун (бандаларимизни юборамиз). (Сиз ўзингизнинг қилмишингиз ила ўша ваъданинг юзага чиқишига сабаб бўлганингизда... У бандаларимиз шиддатли куч-қувват эгалари бўладилар. Улар масжидга–Байтул Мақдисга аввал қандай кирган бўлсалар, шундай кирадилар ва ўзлари эгаллаган нарсаларни тамоман парчалаб йўқ қилиб ташлайдилар.)

8Шояд Роббингиз сизга раҳм қилса. Агар сиз қайтсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Ва жаҳаннамни кофирларга зиндон қилганмиз.

9Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур.

10Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга, ўшаларга аламли азобни тайёрлаб қўйдик.

11Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир. (Яъни, иймонсиз, Қуръон ҳидоятидан маҳрум бўлган ҳар бир инсон ўзини яхшиликка урганидек, ёмонликка ҳам ураверади. Чунки у нима яхши ва нима ёмон — ажрата олмайди. Шунингдек, яхшилик тилаб дуо қилганидек, ёмонлик тилаб ҳам дуо қилаверади. У аввал ёмонликни англаб етмайди, англаган чоғида ҳам ундан ўзини тўхтата олмайди.)

12Кеча ва кундузни икки оят-аломат қилдик. Кеча аломатини маҳв этдик. Кундуз аломатини кўрсатувчи қилдикки, токи Роббингиздан фазл талаб қилсангиз ва йиллар ададини ҳамда ҳисобини билсангиз. Ва ҳар бир нарсани батафсил баён қилганмиз.

13Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга китоб чиқарамизки, унга очилган ҳолда рўбарў бўлур.

14Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур). (Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан.)

15Ким ҳидоятга юрса, фақат ўзи учунгина ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, фақат ўзи учунгина залолатга кетадир. Ҳеч бир жон ўзганинг оғирлигини кўтарувчи бўлмас. Токи Пайғамбар юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз.

16Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қилурмиз, бас, улар у(шаҳар)да фисқ қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, Биз у(шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз. (Ҳар бир юртнинг маишатпарастлари бор. Улар каттакон амалдорлар ва ҳар хил нозу неъматга кўмилган кишилар тоифасидир. Фазилат, муқаддас нарса, гуноҳ ёки савоб каби тушунчалар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Кўнгиллари тусаган ишни қилишга ўрганиб қоладилар. Кўнгиллари эса, доимо фисқу фасодни, ҳаром маишатни тилайди. Аъёнлари шу даражага етишига томошабин бўлиб турган халқдан ҳам яхшилик кутилмайди. Бундай юрт ҳалок бўлишга сазовордир.)

17Нуҳдан сўнг қанчадан-қанча асрларни ҳалок қилдик. Бандаларининг гуноҳларидан хабардор бўлиш ва уларни кўришда Роббинг Ўзи кифоя қилур.

18Ким шошган(дунё)ни истаса, унга бу дунёда ирода қилган кишимизга нимани хоҳласак, шошилинч берурмиз. Сўнгра унга жаҳаннамни берурмиз. Унга хор ва қувғинга учраган ҳолда кирур. (Бундай киши бу дунёда керак нарсасига эришиб олади. Аммо охиратига ҳеч нарса қолмайди.)

19Ким охиратни истаса ва унга эришиш учун мўмин бўлган ҳолида керакли ҳаракатини қилса, бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир. (Яъни, одам охиратда яхши натижага эриштирадиган ишларни қилиши, охиратда жаҳаннамга дучор этадиган ишларнинг яқинига йўламаслиги лозим бўлади.)

20Барчага–манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан чўзамиз. Роббингнинг атою неъматлари ман бўлган эмас. (Барча бандаларга, яъни, охиратни истаган, иймонга келиб, ибодат қилиб, керакли саъй-ҳаракатларни қилганларга ҳам, дунёни истаб, иймонга келмай, исён қилиб, гуноҳкор бўлиб юрганларга ҳам Робингнинг атою неъматларидан берамиз.)

21Баъзиларини баъзиларидан қандай афзал қилиб қўйганимизга назар сол. Албатта, охират даражаси ва афзаллиги каттароқдир. (Бу дунёда баъзи одамларга кўпроқ неъмат тегса, бошқаларидан афзал бўлиб юраверадилар. Аммо бу ҳоллари ҳақиқий афзаллик, ҳақиқий юксак мартаба эмас. Охиратнинг даража ва афзаллиги ҳақиқийдир. Чунки бу даража ва афзалликлар абадий қолажакдир. Ўзини билган одамлар ана ўша афзаллик ва ана ўша даражага эришиш учун ҳаракат қиладилар.)

22Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳни (шерик) қилма! Яна мазамматга учраб, чорасиз ўтириб қолмагин.

23Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! (Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси — ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси — ота-онанг олдида «уфф» дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.)

24Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт.

25Роббингиз, сизнинг дилингиздаги нарсани ҳам ўта билгувчидир. Агар аҳли солиҳлардан бўлсангиз, албатта, У сертавбалар учун сермағфиратдир.

26Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма.

27Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир.

28Агар улардан Роббингдан раҳмат талаб қилган ҳолда юз ўгирадиган бўлсанг, бас, уларга мулойим сўз айтгин. (Kўлингда берадиган нарсанг бўлмаса, ота-она, қариндош, мискинларга моддий ёрдам бера олмай юз ўгирадиган бўлсанг, Роббингдан келажакда сенга ҳам ризқ-рўз–раҳмат талаб қилган ҳолда уларга ширин сўз айт. «Ўзимда ҳеч вақо йўқ-ку, сенларга нимани берар эдим! каби қўпол сўзларни айтиш яхши эмас. «Кечирасизлар, ҳозир бир оз қўлим қисқароқ бўлиб турувди, Аллоҳнинг раҳматидан умидвормиз, бизга ҳам неъматидан бериб қолса, инша Аллоҳ, сизларга ҳам берамиз», каби ширин сўзлар айтиш керак.)

29Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин. (Бахил одам кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай, деб қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда. ҳар бир нарса тавозин ила меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади.)

30Албатта, Роббинг ризқни кимга хоҳласа, кенг қилур ёки тор қилур. Албатта, у бандаларидан хабардор ва (уларни) кўргувчи зотдир.

31Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир. (Жоҳилият даврида арабларда фақирлик ва очликдан қўрқиб фарзандни тириклай кўмиб юбориш одати бор эди.)

32Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир. (Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.)

33Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Кимки мазлум ҳолида ўлдирилса, унинг валийсига ҳақ берганмиз. Бас, у ўлдиришда исроф қилмасин. Албатта, у нусрат берилган одамдир.

34Етимнинг молига, токи у балоғат ёшига етгунча, яқинлашманглар. Магар яхшилик ила бўлса, майли. Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд масъул бўлган ишдир.

35Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарози ила тортинг. Ана ўша яхшидир ва оқибати гўзалдир.

36Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар.

37Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассан!

38Буларнинг барча ёмони Роббининг ҳузурида хуш кўрилмагандир. (Яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган нарсаларнинг ёмонлари Аллоҳ севмаган ишлардир.)

39Ушбулар Роббинг сенга ваҳий қилган баъзи ҳикматлардир. Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳ қилма. Яна жаҳаннамга маломат қилинган ва қувилган ҳолингда ташланмагин.

40Роббингиз сизларга ўғилларни хос қилиб бериб, фаришталарни ўзига қиз қилиб олдими? Албатта, сизлар зўр гапни айтмоқдасизлар. (Араб мушриклари қиз фарзандни ҳеч ёқтирмас эдилар. Бошқа оятларда зикр қилинганидек, улардан қиз кўргани қаттиқ хафа бўлиб, юзи қорайиб кетар эди. Kиз фарзанд тўғрисида шунчалар салбий эътиқодда бўла туриб, араб мушриклари, фаришталар Аллоҳнинг қизлари, деб эътиқод қилишар эди. Ояти каримада уларнинг мазкур нотўғри ақидалари инкор этилмоқа.)

41Батаҳқиқ, Биз бу Қуръонда эслашлари учун баён қилдик. Лекин бу уларга нафратдан ўзгани зиёда қилмас.

42Сен: «Агар, улар айтганидек, У билан бирга бошқа илоҳлар бўлганида, улар Арш эгаси томон йўл излардилар», деб айт. (Бу оят мушрикларнинг Аллоҳдан бошқа ибодатга сазовор турли илоҳлар бор, деган даъволарига раддиядир. Фаразан, мушриклар айтаётганидек, Аллоҳ таоло билан бирга бошқа илоҳлар бўлса эди, ўша илоҳлар Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ томон, унга яқинлашаман деб ёки унинг мулкига соҳиб бўламан, деб йўл излаган бўлар эдилар.)

43У зот улар айтаётган нарсадан пок ва ниҳоятда олийдир.

44Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир. (Араб тилида тасбиҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.)

45Қачон Қуръон қироат қилсанг, сен билан охиратга иймон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда қилурмиз. (Ана ўша кўринмас парда уларни Қуръонга ишонишдан тўсиб туради.)

46Ва қалбларига уни англамасликлари учун ғилоф қилдик ва қулоқларини кар қилдик. Қачон сен Қуръонда Роббингнинг ёлғиз ўзини зикр қилсанг, улар ортларига ўгирилиб қочурлар.

47Биз улар нима сабабдан тинглаётганларини, улар сени тинглаётганларида ўзаро пичирлашаётганларини, золимларнинг: «Сизлар сеҳрланган кишига эргашяпсиз, холос», деганларини ҳам яхши билурмиз. (Улар Қуръондан манфаат олиш, ҳидоят топиш учун эмас, масхара қилиш, айб топиш учун эшитадилар.)

48Улар сенга қандай мисол келтирганларига назар сол! Бас, залолатга кетдилар ва (тўғри) йўлга қодир бўлмаслар.

49Улар: «Суяк ва титилган тупроқ бўлганимиздан кейин ҳам, яна янгидан яратилиб тирилтириламизми?» дедилар.

50Сен:«Тош ёки темир бўлиб олинглар.

51Ёки кўнгилларингизда катта кўринган бошқа бирон махлуқ бўлиб олинглар», деб айт. Бас, улар: «Бизни ким қайта тирилтирур», дерлар. Сен:«Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот», дегин. Улар сенга бошларини қимирлатурлар ва: «У қачон бўлур?» дерлар, Сен:«Шояд яқинда бўлса», дегин.

52У кунда У зот сизни чақирур. Бас, сиз Унга ҳамд ила жавоб берурсиз ва (дунёда) фақат озгина турганлигингизни гумон қилурсиз.

53Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир. Албатта, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир.

54Роббингиз сизларни яхши билгувчи зотдир. Хоҳласа, сизга раҳм қилар, хоҳласа сизни азоблар. Ва Биз сени улар устидан қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ. (Қиёмат куни ҳамма бир хил бўлиб, титраб-қақшаб, фақат Аллоҳга ҳамд айтишдан бошқа нарсага тили бормай тургани билан, Аллоҳ ҳар бир банданинг кимлигини, нима қилганини ипидан-игнасигача яхши билади. Ҳа, бу дунёдаги ишларни ҳисоб-китоб қилиш, уларга яраша мукофот ёки жазо бериш Аллоҳ таолонинг ишидир. Пайғамбарга эса, Аллоҳнинг таълимотини бандаларга етказиш топширилган, холос.)

55Роббинг осмонлару ердаги кимсаларни яхши билгувчи зотдир. Батаҳқиқ, Биз баъзи Пайғамбарларни баъзиларидан афзал қилдик. Ва Довудга Забурни бердик. (Мисол учун, баъзиларига китоб нозил қилдик, баъзиларига нозил қилмадик. Айримларига кўп ва катта мўъжизалар, айримларига оз ва кичик мўъжизалар бердик ва ҳоказо. «Ва Довудга Забурни бердик». Бу ҳам Пайғамбарларнинг бирини бошқасидан афзал қилганимиз намунасидир.)

56Сен: «Ундан ўзга ўзингизча гумон қилганларингизни чақиринг. Бас, улар сиздан зарарни кушойиш қила олишга ёки буриб юборишга молик эмаслар», деб айт.

57Ана ўша дуо қилаётганлари Роббиларига васила изларлар, қайсилари яқинроқ эканини (билмоқ учун). Унинг раҳматини орзу қилурлар ва азобидан қўрқурлар. Албатта, Роббингнинг азоби ҳазир бўлишга лойиқдир. (Ўзи Аллоҳнинг раҳмати орзуида юрган кимса қандай қилиб бировни раҳмат қила олади? Ўзи Аллоҳнинг азобидан қўрқиб турган кимса қандай қилиб бировни азоблай олади? Шунга қарамасдан, Аллоҳнинг азобидан қўрқмай, бир пулга арзимайдиган нарсаларни уУга шерик қилиб юрганларга ҳайронсан.)

58Ҳеч бир шаҳар йўқки, биз уни қиёмат кунидан аввал ҳалок қилгувчи бўлмасак ёки шиддатли азоб-ла азобловчи бўлмасак. Бу китобда битилгандир. (Xеч бир юрт қолмай азобга ёки ҳалокатга учраши Аллоҳнинг ҳузуридаги китобда–Лавҳул Маҳфузда очиқ-ойдин битилгандир.)

59Бизни оят-мўъжизаларни юборишимиздан фақат аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганлари ман қилди. Самудга туяни кўз очувчи (мўъжиза) қилиб бердик. Бас, унинг сабабидан (ўзларига) зулм қилдилар. Биз оят-мўъжизаларни фақат қўрқитиш учунгина юборурмиз. ( Қурайш кофирлари ҳам худди ўзларидан олдинги кофирларга ўхшаб, оят-мўъжизаларни кўрса ҳам, иймонга келмасликлари турган гап. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса, талабга биноан мўъжиза келтирилгандан кейин ҳам иймонга келмаган қавмни Аллоҳ таоло таг-томири билан йўқ қилиб юбориши керак. Муҳаммаднинг (с.а.в.) умматлари охирги уммат бўлганлари учун уларни бутунлай ҳалок этишни Аллоҳ ирода қилмаган. Бу уммат қиёматгача туриши керак.)

60Биз сенга: «Албатта, Роббинг одамларни иҳота қилиб ўраб олгандир», деганимизни эсла. Биз сенга кўрсатган нарсаларни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни фақат одамлар учун синов қилдик, холос. Ва уларни қўрқитамиз. Бас, бу улар учун катта туғёндан бошқани зиёда қилмас. (Пайғамбарнинг (с.а.в.) Исро ва Меърожда кўрган нарсалари одамлар учун синов бўлганидек, Қуръонда лаънатланган дарахт ҳам синов бўлди. Қуръонда лаънатланган дарахтдан мақсад Заққум дарахтидир. Ушбу Заққум дарахти ҳақида ас-Соффат сурасида: «...ёки Заққум дарахтими? Дарҳақиқат, Биз уни золимлар учун фитна қилиб қўйдик. Албатта, у дўзах қаъридан чиқадиган дарахтдир. Унинг шингиллари худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди. Бас, албатта, улар ундан егувчилардир ва ундан қоринларини тўлдиргувчилардир. Сўнгра, албатта, улар учун унинг устидан қайноқ сувли ичимлик бўлур», дейилган. Ушбу оятдан ҳам Заққум дарахти нима учун Қуръонда лаънатлангани аниқ кўриниб турибди.)

61Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизда сажда қилганларини, магар иблис қилмаганини, «Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?» деганини эсла.

62У:«Менга хабар бер-чи, мендан устун қилганинг шуми? Агар мени қиёмат кунигача қўйиб қўйсанг, унинг зурриётининг озгинасидан бошқасини жиловлаб оламан», деди.

63У зот: «Боравер, улардан ким сенга эргашса, бас, албатта, жаҳаннам тўлиқ жазоингиз бўлур.

64Улардан кимига кучинг етса, овозинг ила қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда аскарингни торт, уларга молларда ва болаларда шерик бўл ва ваъдалар қил. Шайтон уларга ғурурдан бошқани ваъда қилмайдир.

65Албатта, Менинг бандаларим устидан сенинг султонинг йўқ. Роббингнинг Ўзи вакилликка кифоядир», деди.

66Роббингиз, Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун денгизда кемани юргизиб қўйган зотдир. Албатта, У сизга раҳмлидир.

67Қачон сизни денгизда фалокат тутса, Ундан ўзга илтижо қиладиганларингиз ғойиб бўлур. Қачонки сизга нажот бериб қуруқликка чиқарса, юз ўгирасиз. Инсон ўзи куфрон(и неъмат) қилгувчидир.

68Сизни қуруқликнинг бир томонига ютқазиб юборишидан ёки устингиздан тошли шамол юборишидан, сўнгра ўзингизга қутқарувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!

69Ёки сизни у(денгиз)га яна бир марта қайтариб, устингиздан шиддатли шамол юбориб, куфр қилган нарсангиз сабабли ғарқ қилиб юборишидан ва сиз ўзингизга Биздан ўч олувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!

70Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик. (Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.)

71Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган кунни (эсла). Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар китобларини ўқирлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас. (Аҳли жаннатларнинг, яъни, жаннатга элтувчи амал қилиб ўтганларнинг номаи аъмол китоби ўнг томонидан берилади. Ана ўшанда улар амаллари битилган китобларини мароқ билан ўқийдилар. Ёруғ дунёда ана шундай ишлар қилиб яшаганларидан мамнун бўладилар. Уларга ажру савоблар тўлалигича берилади, заррача зулм қилинмайди.)

72Ким бу дунёда кўр-гумроҳ бўлса, у охиратда янада кўр-гумроҳ ва янада йўлдан адашганроқ бўлади.

73Сени Биз ваҳий қилган нарсадан фитна орқали буриб, Бизнинг шаънимизга бошқасини уйдиришингга ундашларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, албатта, сени дўст тутар эдилар. (Мушриклар турли йўллар билан Муҳаммадни (с.а.в.) Аллоҳ юборган ваҳийдан буриб юборишга кўп уриниб кўрганлар.)

74Агар Биз сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди.

75Шундай бўлган тақдирда биз сенга ҳаёт (азобини) ҳам икки ҳисса, мамот (азобини) ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра Ўзинг учун бизга қарши ёрдамчи топа олмас эдинг.

76Улар сени бу ерда безовта қилиб, ундан сени чиқариб юборишларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, сендан кейин улар озгина муддатдан бошқа тура олмаслар. (Бу қилмишлари учун Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган бўларди. Аллоҳ уларни ҳалок қилишни истамагани учун Пайғамбарни (с.а.в.) Маккадан чиқаришларига йўл қўймади. Балки Пайғамбарнинг (с.а.в.) ўзларига чиқиб кетишни амр қилди.)

77Бу сендан олдин юборган Пайғамбарларимизнинг суннатидир. Бизнинг сунннатимизга ўзгартиш топа олмайссан.

78Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» гувоҳлантирилгандир. (Уламоларимиз, бу оятда беш вақт намозни адо этишга ишора бор, дейдилар. Қуёш қиёмдан оғиши билан Пешин вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан Аср вақти киради. Қуёш ботиши билан Шом ва тун қоронғусида Хуфтон вақти бўлади. «Фажр қуръони», Бамдоддир. )

79Кечанинг баъзисида у ила бедор бўл. Сенга нофила бўлсин. Шоядки Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса.

80Ва сен: «Эй Роббим, мени кирадиган жойимга содиқлик ила киритиб, чиқадиган жойимга содиқлик билан чиқаргин ва менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато эт», дегин.

81Ва: «Ҳақ келди, ботил йўқ бўлди. Зотан, ботил доимо йўқ бўлгувчидир», дегин.

82Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас. (Дарҳақиқат, Қуръони Карим шифодир, Қуръони Карим раҳматдир. Қуръони Карим куфр, ширк ва мунофиқлик каби энг зарарли ақидавий хасталикларни даволайди.)

83Қачон Биз инсонга неъмат ато этсак, юз ўгирур ва четга бурилиб, узоқлашур. Қачон уни ёмонлик тутса, ноумид бўлур.

84Сен:«Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Бас, Роббингиз ким тўғри йўлдалигини яхши билгувчидир», деб айт.

85Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен:«Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт. (Яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қурайшликларга Пайғамбардан (с.а.в.) руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан баробар, агар жавоб берса, Пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий Пайғамбар бўлади, дейишган. Муҳаммад (с.а.в.) ҳақиқий Пайғамбар бўлганлари учун ҳам, руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар.)

86Агар хоҳласак, сенга ваҳий қилган нарсаларимизни кетказамиз. Сўнгра бизга қарши ўзингга вакил топа олмассан.

87Магар Аллоҳда марҳамат бўлсагина. Албатта, Унинг фазлу карами сен учун каттадир.

88Агар инсу жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларга ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар.

89Батаҳқиқ, ушбу Қуръонда одамларга турли мисолларни баён қилдик. Бас, одамларнинг кўплари куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар. (Аллоҳ таоло Қуръони Каримда одамларни иймонга чорловчи, ҳидоятга йўлловчи, уларнинг қалбларини, ҳис-туйғуларини, ақлларини ишга солувчи турли мисолларни баён қилди. Аммо буни идрок эта олмаган инсонлар ҳамма нарсадан бош тортдилар.)

90Улар: «Токи бизга ердан чашма отилтирмагунингча зинҳор сенга иймон келтирмасмиз», дедилар.

91Ёки сенинг хурмо ва узум боғинг бўлиб, уларнинг орасидан анҳорларини отилтириб чиқармагунингча.

92Ёки ўзинг даъво қилганингдек, устимиздан осмонни парча-парча қилиб туширмагунингча ёхуд Аллоҳни ва фаришталарни олдимизга келтирмагунингча (сенга иймон келтирмаймиз, дерлар). (Бу таклифда очиқ тажовузкорлик, Аллоҳнинг қудратидан қўрқмаслик кўриниб турибди.)

93Ёки сенинг олтиндан безалган уйинг бўлмагунича, ёхуд осмонга кўтарилмагунингча, ўша кўтарилишингга ҳам токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча, ишонмаймиз», (дерлар). Сен: «Роббим пок бўлди. Мен фақат башар Пайғамбардан бошқа нарса эмасман», дегин.

94Одамларга ҳидоят келган пайтда иймон келтиришларидан манъ қилган нарса фақат, Аллоҳ башардан Пайғамбар юборадими, дейишлари бўлди. (Улар фариштадан кўра, Аллоҳ одамни азизу мукаррам қилиб қўйганини англаб етмас эдилар. Агар одам Аллоҳнинг йўлида юриб, буюрган ишларини қилиб, қайтарганларидан қайтса, фариштадан афзал бўлишини идрок этмас эдилар.)

95Сен айт:«Агар ер юзида фаришталар хотиржам юрганларида, уларга осмондан фаришта Пайғамбар туширган бўлар эдик». (Ер юзида яшаб юрганлар одамлар бўлгани учун уларга одамларни Пайғамбар қилди. Агар ер юзида хотиржам яшаб юрганлар фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришта Пайғамбар туширган бўлар эди.)

96Сен:«Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. Албатта, У Ўз бандаларидан хабардор ва уларни кўриб тургувчи зотдир», деб айт. (Одамлар ҳақиқатни, Пайғамбарлик нима эканини англашни хоҳламасалар, улар билан тортишишнинг ҳожати йўқ, уларни Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилиб қўйиш керак.)

97Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, ўша ҳидоят топгувчидир. У кимни адаштирса, уларга Ундан ўзга зинҳор валийлар топа олмассан. Уларни қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, соқов ҳолларида тўплармиз. Уларнинг турар жойлари жаҳаннамдир. У қачон сокин бўлса, уларга оловни зиёда қилармиз. (Аллоҳ таоло, ақлини ишлатиб ҳидоят йўлини ихтиёр этган бандаларини ҳидоятга бошлайди. Ана ўша одам ҳақиқий ҳидоят топган одам бўлади. Ҳавои нафсининг гапига кириб, залолат йўлини ихтиёр этганларни эса, залолатга кетказади.)

98Ана ўша, Бизнинг оятларимизга куфр келтирганлари ва «Агар суяк ва титилган тупроқ бўлсак ҳам, албатта, янгитдан яратилиб, қайта тирилтирилурмизми?!» деганлари учун жазоларидир.

99Улар осмонлару ерни яратган Аллоҳ уларга ўхшашини яратишга қодир эканини ва улар учун шак-шубҳасиз ажал белгилаганини билмадиларми?! Бас, золимлар куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар.

100Сен:«Агар сизлар Роббим раҳмати хазиналарига эга бўлсангиз ҳам, уни сарфлашдан қўрқиб, мумсиклик қилган бўлар эдингиз. Инсон зоти ўзи бахил бўлур», деб айт.

101Батаҳқиқ, Биз Мусога тўққизта очиқ-ойдин оят-мўъжиза бердик. Бани Исроилдан уларга у (Мусо) келган пайтини ўрагин. Бас, Фиръавн унга: «Албатта, мен сени, эй Мусо, сеҳрлангансан деб ўйлайман», деди. (Мазкур тўққиз мўъжиза–қўл, асо, тўфон, чигиртка, бит, бақалар, қон, очарчилик йиллари ва меваларнинг камчил бўлиши эди. Бу мўъжизалар ҳақида Аъроф сурасида ва бошқа сураларда сўз кетган.)

102У:«Ановиларни кўзни очгувчи қилиб, осмонлару ернинг Роббидан ўзга ҳеч бир зот туширмаганини яхши биласан. Албатта, мен сени, эй Фиръавн, ҳалок бўлгувчисан деб ўйлайман», деди. (Анови тўққиз очиқ-ойдин мўъжизаларни ғафлат уйқусида қолганлар учун кўзини очувчи қилиб осмонлару ернинг Робби туширганини, ундан ўзга ҳеч ким тушира олмаслигини яхши биласан. Лекин шундай бўлса ҳам, инкор қилмоқдасан.)

103Бас, уларни ердан қўзғатиб чиқармоқчи бўлди. Шунда биз уни ва у билан бирга бўлганларни жамлаб ғарқ қилдик. (Фиръавн Мусони (а.с.) ва у кишининг қавмлари Бани Исроилни Миср еридан қўзғатиб чиқармоқчи бўлди. Шунда Аллоҳ таоло Фиръавнни ва унинг қавмини жамлаб денгизга ғарқ қилди. Ҳаммалари ҳалок бўлдилар.)

104У(Фиръавн)дан сўнг Бани Исроилга: «Мана шу ерни маскан тутинглар. Бас, охират ваъдаси келган чоғида ҳаммангизни тўплаб келтирурмиз», дедик. (Қиёмат қоим бўлганида, ҳаммангизни–сизни ҳам, Фиръавн ва унинг қавмини ҳам тўплаб келтирамиз. Ўшанда ҳисоб-китоб бўлаверади.)

105Уни ҳақ ила нозил қилдик ва ҳақ ила нозил бўлди. Биз сени фақат хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик, холос.

106Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик.

107Сен: «Унга иймон келтиринглар ёки иймон келтирманглар барибир. Албатта, ундан олдин илм берилганлар у уларга тиловат қилинганда юзлари ила саждага йиқилурлар», деб айт. (Ушбу оят сажда ояти бўлиб уни ўқиган ёки эшитган одамга қироат саждаси қилишлик вожиб бўлади. Қуръондан олдин илм берилганлар деганда Таврот ва Инжил берилганлар тушунилади. Аллоҳни таниганлар, дин-диёнат, Пайғамбар, илоҳий китоб, ваҳий, фаришта каби нарсалар нима эканини биладиганлар уларга Қуръони Карим тиловат қилиниши билан ўзларини тута олмай саждага йиқиладилар.)

108Ва улар: «Роббимиз мутлақо пок бўлди. Шубҳасиз, Роббимизнинг ваъдаси амалга ошажак», дерлар.

109Ва юзлари ила йиқилиб йиғларлар ва у хокисорликларни зиёда қилур.

110Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Гўзал исмлар Уникидир», деб айт. Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима, уни жуда махфий ҳам ўқима, бунинг орасида бир йўл тут.

111Сен:«Ҳамд бўлсин, фарзанд тутмаган, мулкда шериги бўлмаган ва хорликдан қутқаргувчи дўстга зор бўлмаган Аллоҳга», дегин. Ва Уни мутлақо улуғла!

Chapter 18 (Sura 18)

1Ўз бандасига китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин.

2Уни тўғри қилган; Ўз ҳузуридан бўладиган шиддатли азобдан огоҳлантирадиган; яхши амалларни қиладиган мўминларга, уларга гўзал ажр бўлиши башоратини берадиган қилган Зотга.

3(Улар) у(ажр)да абадий қолгувчидирлар.

4Ва, Аллоҳ Ўзига бола тутди, деганларни огоҳлантириш учун.

5На уларнинг ва на ота-боболарининг бу ҳақда илми йўқдир. Оғизларидан чиқадиган сўз қандай ҳам оғир. Улар ёлғондан бошқани айтмаслар. ( Ҳолбуки ўзлари тўқийдиларми ёки ота-боболарига суяниб гапирадиларми–барибир уларнинг бу даъволарида заррача илмийлик йўқ. Бу даъво жоҳилона айтилган қуруқ гап, холос. Аллоҳ ҳақида билмай туриб гапириш жуда оғир. Айниқса, илмсизларча, жоҳиллик билан, Аллоҳ Ўзига бола тутди, дейиш яна ҳам оғир.)

6Улар бу сўзга иймон келтирмасалар, эҳтимол уларнинг ортидан таассуф ила ўзингни ҳалок этмоқчи бўларсан?! (Яъни, мушриклар Қуръонга иймон келтирмасалар, уларга афсусланиб, ўзингни ўзинг қийнарсан? Йўқ, бундай қилма. Улар бунга арзимайдилар.)

7Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз.

8Албатта, Биз унинг юзидаги нарсаларни қуп-қуруқ тупроққа айлантиргувчимиз.

9Каҳф ва битик эгаларини Бизнинг ажойиб оят-белгиларимиздан деб ўйладингми?! (Яъни, эй Пайғамбар, ўша каҳф (ғор) эгалари ва ундаги уларнинг исмлари битилган битикни Бизнинг энг ажойиб мўъжизаларимиз деб ўйладингми?)

10Қачонки йигитлар каҳфдан жой олганларида: «Эй Роббимиз, бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат бергин ва ишимизни ўзинг тўғрилагин», дедилар. (Каҳф эгалари йигитлар экан. Улар ғордан паноҳ жой топибдилар. Яъни, бировдан қочиб келиб яширинибдилар. Демак, ишларидан кўнгиллари тўқ эмас. Уларга бу борада ҳам Аллоҳдан ёрдам керак.)

11Бас, каҳфда уларнинг қулоқларига бир неча йиллар (парда) урдик. («Қулоққа парда урди» дегани, қулоғини эшитмайдиган қилиб қўйди, деганидир. Йигитлар қочиб келиб ғорга жойлашганларида Аллоҳ таоло уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйган, яъни, ухлатиб қўйган. Яъни, йигитлар ғорда узоқ вақт ҳеч нарсани эшитмай ухлаб ётганлар.)

12Сўнгра икки гуруҳдан қайси бири уларнинг турган муддатини ҳисобловчироқ эканини билиш учун уларни уйғотдик.

13Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берурмиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва Биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик.

14Уларнинг қалбларини мустаҳкамладик. Қачонки турдилар ва: «Бизнинг Роббимиз осмонлару ернинг Роббидир. Ундан ўзгани ҳаргиз илоҳ дея дуо қилмаймиз. Агар шундай қилсак, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз.

15Ана у қавмимиз Ундан ўзга худолар тутдилар. Уларга равшан ҳужжатлар келтира олармиканлар?! Аллоҳга ёлғон уйдиргандан ҳам золимроқ ким бор.

16Модомики улардан ва улар Аллоҳдан бошқа ибодат қилаётган нарсадан узоқлашмоқчи бўлсангиз, каҳфдан паноҳ жой олингиз. Роббингиз сизга Ўз раҳматини таратур ва сизга ишингизда осонлик яратур», дедилар. (Роббиларига иймон келтирган, Роббилари ҳидоятларини зиёда қилиб, қалбларини мустаҳкамлаган йигитлар кофирлар билан баҳслашиш бефойдалиги, улар ёмонлигидан фақат қочибгина қутулиш мумкинлигини англаб етгач, иймонлари муҳофазаси учун каҳф-ғорга кириб бекинишни ўзаро маслаҳат қилдилар.)

17Қуёш чиққанида уларнинг каҳфининг ўнг томонидан мойил бўлганини, ботганда эса, чап томонидан қийиб ўтганини кўрасан. Улар эса у(ғор)нинг кенг жойидадирлар. Ана шу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидандир. Кимни Аллоҳ ҳидоятга бошласа, ўша ҳидоят топгувчидир. Кимни адаштирса, бас, ҳаргиз унга иршод қилувчи бирон дўст топа олмассан. (Араб тили билимдонлари, бу тасвир ёлғиз Аллоҳга хос, дейдилар. Ғорда бир гуруҳ йигитлар бир неча йилдан бери ухлаб ётишибди. Ҳар куни қуёш чиқади, уларга тегмайди. Сўнгра оғиб ботишга мойил бўлади, яна ғор аҳлига тегмайди.)

18Уларни уйғоқ деб ўйлайсан, ҳолбуки, ухлаб ётурлар. Уларни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдариб турурмиз. Итлари эса, остонада олд оёқларини чўзиб ётур. Гар уларни кўрсайдинг, ортга ўгирилиб қочар ва улардан қўрқинчга тўлар эдинг. (Ўзлари уйғоққа ўхшайдилар, аммо ухлаб ётибдилар. У ёқ-бу ёққа қимирлайдилар, аммо уйғониб ўринларидан турмайдилар. Бунинг устига, итлари остонада олд оёқларини чўзиб ётибди.)

19Ва шундай қилиб, уларни ўзаро сўрашлари учун уйғотдик. Улардан бири: «Қанча қолдинглар?» деди. Улар: «Бир кун ёки бир куннинг баъзисича қолдик», дейишди. «Қанча қолганингизни Роббингиз яхши билгувчидир, шаҳарга бирингизни ушбу пулингиз ила юборинг, назар солиб, яхши таомни танлаб, ундан ризқ келтирсин ва диққатли бўлсин, сизни бировга сездириб қўймасин.

20Чунки агар улар сизни қўлга олсалар, тошбўрон қиладилар ёки ўз миллатларига қайтарурлар. Ундай бўлса, зинҳор ва абадий нажот топмассиз, дейишди. (Демак, йигитлар қаттиқ таҳдидга учраб, шаҳар аҳолиси уларга, динимизга қайтасизлар ёки сизларни тошбўрон қилиб ўлдирамиз, деганларидан кейингина қочиб ғорга бекинишган экан. Ғорга кириб, ухлаб турганларидан кейин ҳам ўша таҳдидни эсламоқдалар ва пул олиб шаҳарга таом учун борувчини эҳтиёт бўлишга, сездириб қўймасликка чорламоқдалар. Улар ўлимни эмас, шаҳар аҳолисининг жоҳиллигини, ўз миллатлари-динларига қайтишга мажбурлашини ўйлашди. Ҳақиқий мўмин ҳар доим, ҳар жойда иймон ташвишида бўлади.)

21Шундай қилиб, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ва қиёмат соатида шубҳа йўқ эканини билишлари учун уларни (одамларга) билдирдик. Энди эса, улар иши ҳақида тортиша бошладилар: «Уларнинг устларига бино барпо қилинглар, Роббилари уларни яхши билгувчидир», дедилар. Ишларига ғолиб келганлар эса: «Уларнинг устларига, албатта, масжид қуриб олурмиз», дедилар. (Бу ердаги «Аллоҳнинг ваъдаси»–охир-оқибат иймон аҳли ғолиб келиши ва ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақлиги ҳақидаги ваъдадир. Йигитлар йиллар ўтиб қайта уйғондилар ва иймон иши ғолиб бўлганини кўрдилар. Иймонга келиб қолган шаҳар аҳолиси иймон йўлидаги жиҳодлари учун Аллоҳ томонидан муносиб тақдирланган каҳф эгаларини ҳақиқий ўлимларидан кейин қандай қилиб иззат-эҳтиром этиш борасида тортиша бошладилар.)

22Ҳали улар: «Учтадирлар, итлари тўртинчиларидир», дерлар. Ва: «Бештадирлар, итлари олтинчиларидир», деб ғайбга тош отарлар. Ва: «Еттитадирлар, итлари саккизинчиларидир ҳам», дерлар. Сен:«Роббим уларнинг саноғини яхши билгувчидир. Уларни жуда оз киши билур», дегин. Бас, улар ҳақида тортишиб юрма. Тортишсанг ҳам, очиқ тортиш. Улар ҳақида ҳеч кимдан фатво ҳам сўрама.

23Зинҳор бир нарсани: «Буни эртага албатта қилгувчиман», дема.

24Магар: «Аллоҳ хоҳласа», дегин. Қачонки унутсанг, Роббингни эсла ва: «Шоядки Роббим мени бундан яхшироққа яқин бўлишимга ҳидоят қилса», дегин. (Инсоннинг ҳар бир ҳаракати, иши, ҳатто нафас олиб-чиқариши ҳам буткул Аллоҳнинг иродасига боғлиқдир. Аллоҳ таоло хоҳласа бўлади, хоҳламаса бўлмайди. Шунинг учун келажакда бирон иш қилмоқчи бўлсанг, доимо «Инша Аллоҳ, қиламан», деб айтгин. Чунки келажак сенга нисбатан ғайбдир. Сал ўтиб нима бўлишини ўзинг билмайсан. Шунинг учун келажакдаги ҳар бир ишни « Аллоҳ хоҳласа, қиламан», деб зикр этгин.)

25Ва каҳфларида уч юз йил қолдилар ва тўққиз йил зиёда ҳам қилдилар. (Йигитлар каҳфларида шамсий йил ҳисоби бўйича уч юз йил, қамарий йил ҳисоби бўйича уч юз тўққиз йил қолдилар. Чунки шамсий юз йил қамарий бир юз уч йилга тўғри келади, деган тафсирчиларимиз ҳам бор. Бу хулоса уларнинг ўз ижтиҳодаларидир. Чунки Қуръони Каримда ҳам, суннати набавияда ҳам бу ҳақда, яъни, шамсий ва қамарий йил ҳисоби ушбу оятда эътиборга олингани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Шунинг учун оятда келганини ўз ҳолича қабул қилган маъқул.)

26Сен:«Уларнинг қанча қолганларини Аллоҳ яхши билгувчидир. Осмонлару ернинг ғайби Унга хосдир. У зот нақадар яхши кўргувчи ва яхши эшитгувчи зотдир. Уларга Ундан ўзга дўст йўқдир. Ва У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас», дегин.

27Сенга Роббинг китобидан ваҳий қилинганини тиловат қил. Унинг калималарини алмаштиргувчи йўқ. Ундан ўзга ҳеч қандай паноҳни топа олмассан.

28Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма. (Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида тафсири Кабирда қуйидагилар ривоят қилинади: «Қурайш раҳбарлари тўпланиб Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига боришди ва: «Агар бизнинг сенга иймон келтиришимизни истасанг, анави фақир-фуқораларни ҳузурингдан ҳайда», дейишди. Улар бу гаплари билан Билол, Ҳаббоб, Суҳайб ва бошқаларни кўзда тутган эдилар. Қурайшликлар яна: «Улар билан бир жойда бўлсак, кўнглимиз айнийди. Улар билан бирга тўпланишга алоҳида вақт тайин қилиб қўй», дейишди. Ана шунда Аллоҳ таоло: «Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут» оятини нозил қилди».)

29Сен:«Бу ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», дегин. Албатта, Биз золимларга деворлари уларни ўраб оладиган оловни тайёрлаб қўйганмиз. Агар ёрдам сўрасалар, эритилган маъдан каби юзларни қўғирувчи сув билан «ёрдам» берилур. Нақадар ёмон шароб ва нақадар ёмон жой!

30Албатта, Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг, гўзал иш қилганларнинг ажрини зое қилмасмиз.

31Ана ўшаларга адн жаннатлар бордир. Остиларидан анҳорлар оқиб турадир. У ерда олтиндан бўлган билакузуклар ила безанурлар, шойи иплардан яхши либослар киярлар. Улар у ерда сўриларда ёнбошлаган ҳолда бўлурлар. Нақадар яхши савоб ва нақадар яхши жой.

32Уларга икки кишини мисол қилиб келтир. Улардан бирига узумлардан икки боғ бердик ва уларни хурмо ила ўрадик ва ораларида экинзор қилдик. (Демак, икки киши бор экан. Улардан бирига Аллоҳ таоло иккита узумзор боғ ато қилибди.)

33Ўша икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар ва ораларидан анҳор оқизиб қўйган эдик. (Ҳар икки боғнинг ҳосили тўлиқ чиқар эди. Икки боғ орасидан эса, Аллоҳ таоло анҳор оқизиб қўйган эди.)

34Унинг меваси бор эди. У ўз шериги ила гаплашар экан: «Менинг сендан молим кўп ва одамларим қувватлироқ», деди. (У кишининг боғларидан бошқа ҳам «меваси»–молу дунёси бор эди. Бир куни шериги ила баҳслашар экан, мақтаниб қолди. Менинг сендан кўра молу дунём кўп. Одамларим, болаларим, хизматчиларим, ёрдамчиларим ҳам кўп, ҳам кучли, деди. Ушбу дунёнинг зебу зийнатидан фахрланишидан бу одамнинг кофирлиги кўриниб турибди.)

35У ўз боғига кирар экан, ўзига зулм қилган ҳолида: «Мен буни ҳеч қачон йўқ бўлмар, деб ўйлайман.

36Қиёмат қоим бўлмаса керак, деб ўйлайман. Агар Роббимга қайтарилсам ҳам, албатта, бундан яхши оқибатни топаман», деди. (Кофирлар наздида, ҳамма нарсани мол-дунё, бойлик, мансаб ҳал қилади. Ҳатто охират иши ҳам шунга қараб ҳал этилиши керак. Ушбу қиссадаги уларнинг тамсилчиси, икки боғнинг эгаси бўлган кофир ҳам шуни даъво қилмоқда.)

37Унга шериги гаплаша туриб: «Сени тупроқдан, сўнгра нутфадан яратган ва инсон этиб ростлаган зотга куфр келтирдингми?!. (Яъни, молу дунёга берилган ўша кофир кишининг беодобона гапларини эшитган мўмин киши, сени йўқдан бор қилган, аслингни тупроқдан, сўнгра сенга ўхшаган зурриётларини бир томчи нутфадан яратган зотга, бекаму кўст инсон қилиб ростлаган зотга куфр келтирдингми, деди.)

38Лекин мен: «У Аллоҳ менинг Роббимдир ва Унга ҳеч кимни шерик қилмайман.

39Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада (бунга) қувват йўқ», десайдинг. Агар мени ўзингдан молу дунё ва бола-чақа жиҳатидан кам деб билсанг.

40Шояд Роббим менга сенинг боғингдан яхшироғини берса, сенинг боғингга осмондан офат юбориб, у сип-силлиқ тупроққа айланиб қолса.

41Ёки суви ерга сингиб кетиб, сен уни талаб қилишга қодир бўлмай қолсанг», деди.

42Ва унинг меваси (ҳалокат-ла) ўралди. Ўзи эса, унга сарф қилгани ҳасратидан чапак чалиб, боғида ишкомлар йиқилиб ётганини кўриб: «Қани энди Роббимга ҳеч кимни шерик қилмаганимда», деб қолаверди.

43Унга Аллоҳдан бошқа ёрдам берадиган гуруҳ бўлмади, ўзи ҳам нусрат қозона олмади.

44Бундай мақомда ҳақ нусрат Аллоҳга хосдир. У яхши савобли ва яхши оқибатли зотдир.

45Уларга ҳаёти дунёнинг мисолини келтир. У Биз осмондан туширган сувга ўхшайдир. Унинг сабаби ила ер набототлари аралашиб чиқди. Бас, хашакка айланиб, уни шамол учириб кетди. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир бўлган зотдир. (Аллоҳ таоло бу оятда дунё ҳаётини, ердан униб чиқадиган набототларга ўхшатмоқда. Ёмғир ёққанида кўзни қувонтирувчи ям-яшил ўсимликлар ўсиб чиққандек, кишига янги ҳаёт берилганида ҳам бу дунё унга гўзал, ёш, чиройли ва лаззатли кўринади. Аммо вақт ўтиши билан набототлар қуриб, хашакка айланиб, уларни шамол учириб кетгани сингари, ҳаётнинг ҳам ўткинчи эканлиги аён бўлиб қолади. Шунинг учун ўткинчи нарсага алданиб қолмаслик керак. Қодир Аллоҳни ҳеч қачон унутмасдан, охиратга, абадий ҳаётга тайёргарлик кўриш лозим.)

46Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир. (Ҳа, молу мулк, бола-чақа бу дунёнинг зийнатидир, аммо қиймати эмасдир. Исломда зийнатга ҳам ҳалол-пок бўлиш шарти ила изн берилган. Аммо зийнатлар ҳаёт қадрини ўлчовчи қийматга айлантирилмаган. Зийнатга зийнат деб қаралган. Исломда боқий қолувчи солиҳ амаллар қиймат саналади. Инсонга унинг иймони ва яхши амалига қараб қиймат берилади.)

47Тоғларни юргизадиган ва ерни яп-яланғоч кўрадиган кунда. Ўшанда уларни жамлаймиз ва бирон кишини қўймаймиз.

48Ва Роббингга сафга тортилган ҳолларида рўбарў қилиндилар. «Батаҳқиқ, сизларни аввал қандай яратган бўлсак, шундай Бизга келдингиз. Аммо сиз Бизни ҳеч жой ва вақт ваъда қилганимиз йўқ, деб ўйлар эдингиз», (дейилди). (Яъни, онадан янги туғилгандай ҳолда қайта тирилиб ҳузуримга келдингиз. Молу дунёнгиз, бола-чақангиз, хизматчи-мардикорингиз, мансаб-амалингиз ва дўст-ёрингиз у дунёда қолиб кетди. Ваъда қилинган қиёмат кунига, маҳшардаги тўпланиш жойига ишонмас эдингиз. Мана, ваъда қилинган ўша вақт–қиёмат куни қойим бўлди. Мана, ваъда қилинган ўша жойда–маҳшарда саф тортиб турибсиз. Энди сизга ваъда қилинган жазоларни берамиз.)

49Ва китоб қўйилди. Бас, жиноятчиларни ундаги нарсадан қўрққан ҳолларида кўрасан. Улар: «Вой, шўримиз қурисин. Бу қандай китоб, кичикни ҳам, каттани ҳам ҳеч қўймай ҳисоб қилибди-я», дерлар. Ва қилган амалларини ҳозир ҳолда топдилар. Роббинг ҳеч кимга зулм қилмас.

50Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла. Бас, ўшанда улар сажда қилдилар. Магар Иблис қилмади. У жиндан бўлган эди. У ўз Роббининг амридан чиқди. Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку! У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир.

51Мен уларни на осмонлару ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилмаганман ва адаштиргувчиларни ёрдамчи қилиб олган эмасман.

52У зот: «Сизлар Менинг шерикларим, деб ўйлаганларингизни чақиринг», деган кунида уларни чақирдилар. Бас, улар жавоб бермадилар ва уларнинг орасига ҳалокатгоҳ қилмишмиз.

53Жиноятчилар дўзахни кўрурлар ва, албатта, унга тушувчи эканларига ишонарлар ва ундан қочар жой топмаслар. (Аллоҳнинг тайёрлаб қўйган дўзахидан қочиб бўладими? Бу жойдан қочиш фурсатини у дунёда бой берганлар. Ёруғ дунёда иймон ва Исломда яшаганларида, бу жойдан нажот топардилар. Ёруғ дунёда Қуръонга эргашганларида, дўзахдан сақланган бўлардилар.)

54Батаҳқиқ, бу Қуръонда одамлар учун турли масаллар баён қилдик. Инсон ўзи кўп тортишувчи бўлган эди.

55Одамларни уларга ҳидоят келганида иймон келтиришларидан ва Роббиларига истиғфор айтишларидан фақатгина аввалгиларнинг суннати келишини ёки очиқ азоб келишини кутишлари тўсди, холос.

56Биз Пайғамбарларни башорат бергувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юборамиз, холос. Куфр келтирганлар эса, ботил ила мунозара қилиб, у билан ҳақни енгмоқчи бўлурлар. Ҳамда Менинг оятларимдан ва ўзлари огоҳлантирилган нарсадан истеҳзо қилурлар.

57Роббиси оятлари ила эслатилганда, улардан юз ўгириб, ўзи қилган (гуноҳ)ларни унутган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, Биз у (Қуръон)ни англамасликлари учун уларнинг дилларига пардалар ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик. Агар уларни ҳидоятга чақирсанг ҳам, ҳаргиз ҳидоят топмаслар.

58Ва Роббинг сермағфират ва раҳм-шафқат соҳиби зотдир. Агар уларни қилган касбларига биноан олганида, азобларини тезлаштирган бўлар эди. Лекин уларга ваъда қилинган вақт бор. У келганда ундан ўзга паноҳгоҳ топмаслар.

59Ана у шаҳарларни ҳам зулм қилганларида ҳалок этганмиз ва уларнинг ҳалокатларига вақт белгилаганмиз.

60Мусо ўз йигитига: «Икки денгиз жамланган жойга етмагунимча, йилларни ўтказсам ҳам, юравераман», деганини эсла. («Мусо Бани Исроил орасида бир куни хутба қилиб турганида, одамларнинг қайсиниси энг илмли, деб сўралди. У: «Мен», деди. Аллоҳ уни илмни ўзига нисбат бергани учун итоб қилди. У Мусога: «Икки денгиз қўшилган жойда менинг бир бандам бор. У сендан илмлироқ», деди. Мусо: «Эй Роббим, мен уни қандай топаман?» деди. Аллоҳ: «Ўзинг билан бир балиқни саватга солиб ол. Балиқни қаерда йўқотсанг, уни ўша ерда топасан», деди». Шундан кейин Мусо (а.с.) йўлга тайёргарлик кўрдилар ва хизматкор йигитларига юқоридаги оятда келган азму қарорни айтдилар. У киши ўзларидан илмлироқ бандани топиш учун икки денгиз жамланган жойга боришга қарор қилган эдилар.)

61Икковлон икки (денгиз) жамланган жойга етганларида, балиқларни унутдилар. Бас, у денгизни тешиб йўл олди. (Мусо (а.с.) хизматкор йигит билан юриб-юриб, икки денгиз қўшиладиган жойга етиб келдилар. Ўша жойда саватда олиб келган балиқларини унутиб қўйдилар. Балиқ эсларига келмади. Яна юриб кетавердилар. Яъни, балиқ денгизни тешиб сузиб кетди. Яъни, балиқ сузиб кетган жой тешик бўлиб сувсиз ҳолга келиб қолди. Уни кўрган одам, бу ердан бир балиқ сузиб ўтибди, деган хулосага келадиган бўлди.)

62У(ер)дан ўтганлари замон у йигитига: «Тушлигимизни келтир. Бу сафаримизда чарчоққа учрадик», деди.

63У: «Буни қара, харсангга (суяниб) жойлашганимизда, мен балиқни унутибман. Фақат шайтонгина уни эслашимни унутдирибди. Ажабо, у денгизга йўл олибди», деди. (Тушлик пайти балиқ ёдларига келса, уни тушириб қўйишгани маълум бўлади. Билъакс, унинг денгизга йўл олишидан йигит ажабланмас ҳам эди. Мусо (а.с.) тушлик сўраганларидан сўнг балиқнинг йўқлигини билди. Аввалги харсанг тошга суяниб дам олган жойларида балиқ сувга тушиб, сузиб кетганини пайқаб қолди. Ҳамда бу ишдан ғоятда ажабланганини баён қилди.)

64У (Мусо) «Ана шу биз истаган нарса», деди. Бас, келган йўлларидан изларига қайтдилар.

65Бас, бандаларимиздан бир бандани топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик.

66Мусо унга: «Сенга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам майлими?» деди. (Мусо (а.с.) улкан Пайғамбар бўлишларига қарамай, ўзларидан кўра илмлироқ, ўзларига устоз бўлиши мумкин бўлган кишига ўта одоб билан мурожаат қилиб, унга шогирд тушишни сўрадилар.)

67У: «Сен мен билан бирга бўлишга сабр қила олмассан.

68Ўзинг хабарини иҳота қилмаган нарсага қандай сабр қиласан», деди. (Бўлаётган ҳодисани иҳота эта олмаган одам унга сабр қилиб, индамай қараб тура олиши қийин эканини эслатди.)

69У: «Инша Аллоҳ, менинг сабрли эканимни кўрурсан ва сенга ҳеч бир ишда осий бўлмасман», деди.

70У: «Агар менга эргашадиган бўлсанг, то ўзим зикр қилиб айтмагунимча бир нарса ҳақида сўрамагин», деди.

71Бас, юриб кетдилар. Кемага минганларида, уни тешиб қўйди. У (Мусо): «Буни унинг аҳлини ғарқ қилиш учун тешдингми?! Жуда ғалати нарса қилдинг-ку», деди.

72У: «Сенга, албатта, мен билан бирга бўлишга сабр қила олмайсан демабмидим?!» деди.

73У: «Эсимдан чиққан нарса учун мени жазолама, бу ишим учун мени қийнама», деди.

74Бас, улар юриб кетдилар. То бир болани учратганида, уни ўлдирди. У (Мусо): «Бировни ўлдирмаган бегуноҳ жонни ўлдирасанми?! Жуда мункар нарса қилдинг-ку?!» деди. (Бу иши кемани тешгандан ҳам баттар туюлди. Чунки кўриб билиб туриб бир маъсум гўдакни қасддан ўлдириш ҳазилакам иш эмас эди.)

Part 16