Part 16

 

75У: «Сенга, албатта, сен мен билан бирга сабр қила олмайсан демабмидим?!» деди.

76У: «Агар бундан кейин сендан яна бир нарсани сўрасам, мен билан биродарлик қилмай қўявер. Батаҳқиқ, мен тарафимдан узр (қабули)ни охирига етказдинг», деди.

77Бас, юриб кетдилар. То бир шаҳар аҳолисига келганларида, унинг аҳлидан таом сўрадилар. Улар икковларини зиёфат қилишдан бош тортдилар. Икковлари у ерда йиқилиб кетай деб турган бир деворни кўришди. Бас, уни турғизиб қўйди. У (Мусо): «Агар хоҳласанг, бунинг учун ҳақ олар эдинг», деди.

78У: «Бу, мен билан сенинг орамиздаги ажрашишдир. Энди сенга сабр қила олмаган нарсанинг таъвилини айтиб бераман;

79Кемага келсак, у денгизда ишлайдиган мискинларники эди. Бас, мен уни айбли қилишни ирода қилдим. Чунки ортларида бир подшоҳ бўлиб, барча кемани тортиб олаётган эди. (Кемани айбли қилиб, кема эгаларига зарар етказдим. Аммо аслини олганда, уларга фойда қилдим. Подшоҳ одамлари айбли кемани ташлаб кетадилар. Камбағаллар кемасиз қолгандан кўра, айбли бўлса ҳам, уни ишлатиб кун ўтказа берадилар.)

80Энди болага келсак, ота-онаси мўмин кишилар эди. Бас, биз унинг икковларини туғён ва куфр ила эзишидан қўрқдик. (Боланинг ота-онаси мўмин кишилар эдилар. Аммо бола улғайса, кофир бўлиб, туғёнга кетиб, ота-онасини эзар эди. Ўша ота-онани келажакдаги ёмонликдан асраш учун болалари вояга етмасдан, куфр ва туғён содир этмасдан ўлдириб қўйишни лозим топдик.)

81Бас, Роббилари уларга унинг бадалига ундан кўра яхшироғини, аҳли солиҳроқ ва меҳрибонроғини беришни ирода қилди.

82Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Роббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишини ирода қилди. Бу Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди. Мен ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қила олмаган нарсанинг таъвилидир», деди.

83Сендан Зулқарнайн ҳақида сўрарлар. сен:«Сизга унинг ҳақидаги зикрни тиловат қилурман», дегин. (Баъзи ривоятларда яҳудийлар сўраган, дейилса, бошқаларида яҳудийлар ўргатган, қурайшликлар сўраган, ҳам дейишади. Умуман олганда, одамлар Пайғамбардан (с.а.в.) Зулқарнайн ҳақида сўрашган. Қуръоннинг хабар бериши шундай. Аллоҳ Пайғамбарига савол ҳақида хабар бериб, унга қандай жавоб беришни ҳам ўзи ўргатмоқда: Ўша зикр-хабарга назар солинса, сўров Зулқарнайннинг шахси, яшаган жойи ёки замони ҳақида эмас, балки бошқа нарсалар, яъни, қилган ишлари ҳақида экани ойдинлашади.)

84Албатта, Биз унга ер юзида имконият бердик ва ҳар бир нарсага (эришиш) сабабини ато қилдик. (Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзида ҳукмронлик ва бошқа катта имкониятларни берган эди.)

85Бас, сабабга эргашди. (Яъни, ўзига осон қилинган йўлдан юрди.)

86То қуёш ботиш жойига етганида, унинг қора балчиқ булоққа ботаётганини кўрди ва унинг олдида бир қавмни кўрди. Биз: «Эй Зулқарнайн, ё уларни азобларсан, ёки гўзаллик-ла тутарсан», дедик. (Аллоҳ бу гапни Зулқарнайнга қандай айтганини Ўзи билади. Ваҳий орқалими, илҳом қилдими? Лекин ўша қавм бўйича қарор қабул қилишни–хоҳласа, азоблаб, хоҳласа, яхшилик этишни ихтиёрига қўйди.)

87У: «Ким зулм қилган бўлса, тезда уни азоблаймиз, сўнгра Роббига қайтарилар, бас, У зот ҳам уни мункар азоб ила азоблайдир.

88Аммо иймон келтириб яхши амаллар қилганларга эса, уларга гўзал мукофот бордир ва унга ўз ишимиздан осонини айтурмиз», деди.

89Сўнгра яна сабабга эргашди.

90То қуёш чиқиш жойига етганида, уни бир қавм устидан чиқаётганини кўрди. Уларга у(қуёш)дан тўсиқ бўладиган нарса қилмаган эдик.

91Ана шундай, батаҳқиқ, Биз унинг олдидаги нарсанинг хабарини иҳота қилдик. (Яъни, мағрибдаги ҳақ сўзлар ва ишлар машриқда ҳам жорий қилинди. Зулқарнайн мағрибда ҳукмронлик қилганидек, машриқда ҳам ҳукмронлик қилди. Биз, шубҳасиз, Зулқарнайннинг ҳузуридаги ҳамма нарсанинг хабарини тўлиқ биламиз.)

92Сўнгра у яна сабабга эргашди.

93То икки тоғ орасига етганида, уларнинг ортида бирон гапни англамайдиган қавмни кўрди.

94Улар: «Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан?» дедилар. (Яъжуж ва Маъжуж ҳақида ҳам жуда кўп гаплар бор. Бу ҳам тахминий гаплардан иборатдир. Биз эса, Қуръони Каримдаги маълумотлар билан кифояланамиз. Шуниси хайрли.)

95У:«Роббим менга берган имконият яхшидир. Бас, сиз менга куч ила ёрдам беринг. Сиз билан уларнинг орасида бир девор қилажакман.

96Менга темир парчаларини келтиринг», деди. Ниҳоят, икки тоғ томонлари ила баробарлашганда: «Дам уринглар», деди. Ниҳоят, у (тўп темир)ни ўтга айлантиргач: «Олиб келинглар, устидан мис қуяман», деди. (Икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб эритиб олов ҳолига келтирдилар. Эритилган мис олиб келинглар, олов бўлиб турган темир устидан қуяман, деди.)

97Бас, улар унинг устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар.

98У:«Бу Роббим раҳматидандир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса, буни ер баробар қилур. Роббимнинг ваъдаси ҳақдир», деди.

99Ўша куни уларни бир-бирлари ила мавж урган ҳолларида тарк этдик ва сур чалинди. Бас, уларнинг ҳаммаларини жамладик.

100Ўша куни кофирларга жаҳаннамни кўндаланг қилиб кўрсатдик.

101Улар кўзлари Менинг зикримдан пардада бўлган ва эшитишга қодир бўла олмайдиганлар эдилар.

102Ёки куфр келтирганлар Мени қўйиб бандаларимни валий-илоҳ қилиб олишни гумон қилдиларми?! Албатта, Биз жаҳаннамни кофирларга манзил этиб тайёрлаганмиз.

103Сен:«Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми?

104Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин.

105Ана ўшалар Роббилари оятларига ва унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир. Бас, уларнинг амаллари ҳабата бўлди. Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз. (Яъни, қиёмат куни кофирларнинг ҳеч қандай қадр-қиймати бўлмайди. Уларнинг бу дунёда қилган амалларининг вазни ҳам бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг наздида ҳамма қадр-қиймат ва амалларнинг вазни иймонга боғлиқ. Иймони йўқнинг қадри ҳам йўқ, қиймати ҳам йўқ. Унинг қилган ишининг вазни ҳам йўқ.)

106Шунингдек, куфр келтирганлари ва Менинг оятларим ва Пайғамбарларимни масхара қилганлари сабабли уларнинг жазоси жаҳаннамдир.

107Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир.

108Унда абадий қолурлар ва ундан кўчишни истамаслар.

109Сен:«Агар денгиз Роббим калималарига сиёҳ бўлсаю унга ўз мислича мадад келтирсак ҳам, Роббим калималари тугашидан олдин денгиз тугаб қолур», дегин. (Оятдаги «денгиз» лафзи барча денгиз жинсини ўз ичига олади. Демак, дунёдаги барча денгизлар сиёҳ қилиб олиниб, уларга яна шунча денгиз сиёҳи қўшилса-да, Аллоҳ таолонинг калималари ёзилса, ўшанча денгиз сиёҳ тугаб қолади, аммо Аллоҳнинг калималари тугамайди. Демак, Аллоҳ таолонинг илми шунчалик кўп. Буни қиёсдан тушуниб олса бўлаверади.)

110Сен:«Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта «илоҳ» экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин.

Chapter 19 (Sura 19)

1Кааф, ҳаа, йаа, айн, сод.

2Бу, Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир. (Яъни, эй Муҳаммад (с.а.в.), ушбу қисса «Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир».)

3Унинг Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла.

4У: «Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман.

5Ва, албатта, мен ортимдаги қариндошлардан қўрқдим. Аёлим туғмас эди. Бас, менга Ўз даргоҳингдан бир валий–ортдан қолгувчи ато эт.

6У менга ва Яъқуб оиласига меросхўр бўлсин. Эй Роббим, уни Ўзинг рози бўладиган қил», деди.

7Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга отдош қилган эмасмиз. (Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга буюк раҳмат назари билан боқди. Фарзанд берибгина қолмай, унга Ўзи Яҳё, деб исм ҳам қўйди. Буларнинг бари дунёга келаётган фарзандининг келажаги жуда қутлуғлигидан дарак берар эди.)

8У: «Эй Роббим, аёлим туғмас бўлса, ўзим қариб-чириб қолган бўлсам, қандай қилиб менинг ўғлим бўлсин?!» деди.

9У: «Ана шундай! Роббинг айтдики, бу мен учун осон. Батаҳқиқ, бундан олдин сени яратдим. Ҳолбуки, сен ҳеч нарса эмас эдинг», деди.

10У: «Роббим, менга бир белги ато қил», деди. У зот: «Сенинг белгинг саломат ҳолингда, одамларга уч кеча гапирмаслигингдир», деди.

11Бас, у ўз қавми ҳузурига меҳробдан чиқди ва уларга, эртаю кеч тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилди. (Соғлом ҳолда тилдан қолган Закариё алайҳиссалом меҳробда ибодат, тасбиҳ ва Таврот тиловати билан машғул бўлдилар. Меҳробдан чиқиб қавмларига, эртаю кеч Аллоҳга тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилдилар. Бу билан қавмларини бирга ибодат қилишга, берилган улуғ неъмат шукронасини адо этишга чорладилар. Шу нуқтада Закариёга алайҳиссалом тегишли тарих хотима топади. Яҳё алайҳиссаломнинг таваллудлари, ҳаётларига тааллуқли бошқа тарихлар баён этилмай, бир йўла ул зотга китоб нозил этилиш қиссаси зикр этилади.)

12«Эй Яҳё, китобни қувват-ла ол!» (дедик) ва унга гўдаклигидаёқ ҳукмни бердик. (Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга, илоҳий Тавротни қувват билан ол, демоқда. Оятдаги: «Унга гўдаклигидаёқ ҳукмни бердик», деган жумлани уламоларимиз илму ҳикмат мазмунида таъвил қилганлар.)

13Ва Ўз томонимиздан меҳрибонлик ва поклик (бердик). Ҳамда у тақводор эди.

14У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабр-ситам қилгувчи ва исёнчи эмасди.

15Унга туғилган кунида ҳам, ўладиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам саломлар бўлсин.

16Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда.

17Ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда, Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди. (Яъни, эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Байтул Мақдисда яшаётган, бокира, тақводор қиз Марям, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди. Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади. Чунки бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.)

18У: «Мен сендан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг...» деди.

19У: «Мен Роббингнинг элчисиман, холос, сенга бир пок ўғилни ҳадя этиш учун келдим», деди.

20У: « Менда қаёқдан ўғил бўлсин, менга башар тегмаган бўлса, мен бузуқ ҳам бўлмасам?!» деди.

21У: «Ана шундай, Роббинг айтдики, бу Мен учун осондир ва уни одамларга белги қилиш учун ҳамда Биздан раҳмат бўлиш учун, бу, ҳукми чиқиб бўлган ишдир», деди.

22Бас, унга ҳомиладор бўлди. Сўнгра у билан узоқ маконга четланди. (Яъни, Жаброил алайҳиссалом Марямнинг ёқасидан пуфлаганидан кейин Ийсога алайҳиссалом ҳомиладор бўлди.)

23Бас, тўлғоқ уни хурмо танасига олиб борди. У: «Кошки бундан олдин ўлсам эди ва бутунлай унутилиб кетсам эди», деди.

24Унинг остидан: «Маҳзун бўлма, батаҳқиқ, Роббинг остингдан оқар ариқ қилди.

25Хурмо танасини силкит, сенга янги мева туширади», деб нидо қилди. (Тафсирчи уламоларимиз ушбу ояти каримани икки хил талқин қиладилар. Баъзилар «Унинг остидан» иборасини хурмонинг остидан маъносида, «нидо қилди» иборасини, фаришта нидо қилди мазмунида шарҳлаганлар. Айрим уламолар эса, «Унинг остидан»ни «Марямнинг остидан» ва «нидо қилди»ни, Ийсо нидо қилди, деб талқин этганлар.)

26Е, ич ва кўзинг қувонсин. Бас, бирор одамни кўрар бўлсанг: «Мен Роҳманга рўза назр қилдим. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмасман», дегин.

27Бас, уни кўтариб қавмига олиб келди. Улар: «Эй Марям, сен ажойиб нарса келтирдинг-ку!

28Эй Ҳорун синглиси, отанг ёмон одаммас ва онанг ҳам бузуқ бўлмаган эди-ку!» дедилар. (Биби Марям Ийсо алайҳиссаломни кўтариб қавми ҳузурига борди. Қавм бу ҳолни кўриб ҳайратга тушди. Дарҳол Марямни тергаб, дашном бера бошлади.)

29Бас, у унга ишорат қилди. Улар: «Бешикдаги гўдак ила қандай гаплашамиз?!» дедилар. (Бешикдаги бола ҳеч қачон гапирмайди. Аммо Аллоҳ ҳар нарсага қодир. У хоҳлаган иш бўлади. Бешикдаги гўдак Ийсо алайҳиссалом тилга кирдилар.)

30У: «Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У менга китоб берди ва мени Пайғамбар қилди.

31Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни адо этмоқни тавсия қилди.

32Мени онамга меҳрибон қилди ва жабр-ситам қилгувчи, бадбахт қилмади.

33Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир«, деди.

34Мана шу шубҳа қилишаётган Ийсо ибн Марям тўғрисидаги ҳақ сўздир. (Баъзилар уни «худо» дедилар, баъзилар оналари Биби Марямни зинокорликда айбладилар. Бу қуруқ ва асоссиз сўзларга эмас, Аллоҳнинг ҳақ каломига ишониш керак.)

35Бола тутмоқ Аллоҳга ҳеч тўғри келмас. У бундан покдир. У бир ишни истаса, унга «Бўл!» дейдир. Бас, бўладир.

36«Ва, албатта, Аллоҳ менинг Роббимдир ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир».

37Сўнгра фирқалар ўзаро ихтилофга тушдилар. Куфр келтирганларга буюк кундаги кўринишдан вой бўлсин. (Насоролар ҳозиргача Ийсо алайҳиссалом хусусида ихтилофдалар. Баъзилари, Ийсо Аллоҳнинг ўғли деса, баъзилари Ийсо ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборат учликнинг бири дейди; баъзилари эса, Ийсо ота худо, она худо ва бола худодан бири–бола ўғил худо, дейдилар. Уларнинг орасида Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси, Расули, руҳи ва калимаси дейдиганлар ҳам бор. Аммо ҳанузгача мазкур ихтилофлар давом этиб келмоқда.

38Бизга келадиган куни қандай ҳам яхши эшитадилар, қандай ҳам яхши кўрадилар. Лекин золимлар бугунги кунда очиқ залолатдадирлар.

39Уларни ҳасрат кунидан, иш битмиш пайтидан огоҳ қил. Улар ғафлатдадирлар, улар иймон келтирмаслар.

40Албатта, Биз ерга ва унинг устидаги кимсаларга меросхўр бўламиз ва Бизгагина қайтурлар.

41Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди.

42Қачонки у отасига: «Эй отам, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бера олмайдиган нарсага ибодат қиласан?

43Эй отам, албатта, сенга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман.

44Эй отам, шайтонга ибодат қилма. Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир.

45Эй отам, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман», деган эди.

46У: «Эй Иброҳим, сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан?! Қасамки, агар тўхтамасанг, сени, албатта, тошбўрон қиламан! Мендан узоқ кет!» деди.

47У: «Омон бўл. Энди Роббимдан сени мағфират қилишини сўрайман. Албатта, у менга жуда ҳам лутфи марҳаматлидир.

48Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам», деди.

49Бас, улардан ва улар Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсадан четланганида, Биз унга Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини Пайғамбар қилдик. (Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳни, Унинг динини деб ўз ватанлари, қавм-қариндошларини тарк этиб, ҳижрат қилган эдилар. Аллоҳ таоло у зотни ёлғиз қўймади. Қариб қолган бўлсалар ҳам, Исҳоқ ва Яъқубни берди. Иброҳим алайҳиссалом насабини бардавом айлади. Энг муҳими, уларнинг ҳаммасини Пайғамбар қилди.)

50Ва уларга Ўз раҳматимиздан ҳадя этдик ҳамда уларга ростгўй ва олий тил бердик.

51Китобда Мусони эсла. Албатта, у танлаб олинган Набий ва Расул эди. (Эй Муҳаммад, илоҳий Китоб–Қуръонда Мусо алайҳиссалом қиссасини эсла. У Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган банда: ҳам Набий ва ҳам Расул эди. Биз Аллоҳ томонидан бандаларга етказиш учун кўрсатмалар олган шахсни Пайғамбар деб одатланиб қолганмиз. Аслида эса, Пайғамбарлик моҳият жиҳатидан икки турлидир. Бир турларига «Набий», бошқаларига «Расул» дейилади. Набийлар Аллоҳдан ваҳий келган, бироқ китоб берилмаган, шунингдек, даъватлари кенг оммага эмас, ўзлари учунгина кифоя қилган зотлардир. Расул Аллоҳ томонидан ваҳий берилган, даъватлари кенг оммага мўлжалланган зот ҳисобланадилар. Мусо алайҳиссалом ушбу икки сифатни ўзларида мужассам қилган Пайғамбарлардан биридир.)

52Биз унга Турнинг ўнг томонидан нидо қилдик ва муножот учун Ўзимизга яқинлаштирдик.

53Ва унга Ўз раҳматимиздан оғаси Ҳорунни Пайғамбар қилиб ҳадя этдик. (Оғалари Ҳоруннинг Пайғамбар бўлишини Мусонинг алайҳиссалом ўзлари Аллоҳ таолога дуо қилиб сўраган эдилар.)

54Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва Набий бўлган эди.

55У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби наздида рози бўлган эди.

56Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди.

57Ва уни олий мақомга кўтардик. (Унинг қадрини юксак, зикрини олий қилдик. Дунёда шундай олиймақом зотлар ўтган.)

58Ана ўшалар, Аллоҳ неъмат берган зотлар, Пайғамбарлардан, Одам зурриётидан, Нуҳ билан бирга (кемада) кўтарганларимиздан, Иброҳим ва Исроилнинг зурриётидан, Ўзимиз ҳидоят қилган ва танлаб олганлардан бўлган зотлар, уларга Роҳманнинг ояти тиловат қилинса, йиғлаб саждага йиқилардилар.

59Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар. (Роҳманнинг ояти тиловат қилинганда йиғлаб, саждага отиладиган ҳассос зотлар ортидан, нобакор, фосиқ ва бетавфиқ ўринбосарлар келди. Бу бетавфиқ кимсалар намозни зое қилдилар,шаҳватга эргашадилар. Шаҳватга эргашган залолатга юз буради. Залолатга кетганга эса, ҳалокат етади.)

60Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар. (Ким тавба қилса, ношойиста амалидан афсус-надомат чекиб, тўғри йўлга қайтса, сўнгра иймон келтириб, мўмин бўлса ва яхши амалларни адо этса, ёмонликка учрамайди.)

61Роҳман Ўз бандаларига ғайбдан ваъда қилган адн жаннатларидир. Албатта, Унинг ваъдаси келгусидир.

62Улар унда беҳуда сўз эшитмаслар, илло, салом эшитурлар. Уларга у ерда эртаю кеч ризқлари келиб турур.

63У жаннат, бандаларимиздан тақводор бўлганларига мерос қилиб берадиган жаннатимиздир.

64Биз фақат Роббингнинг амри билангина тушамиз. Бизнинг олдимиздаги нарсалар ва ортимиздаги нарсалар ҳамда уларнинг орасидаги нарсалар ҳам Уникидир. Роббинг унутгувчи бўлмаган. (Яъни, эй Муҳаммад, бизда ўзимизча тушавериш ихтиёри йўқ. Қачонки амр қилсагина, ҳузурингга тушамиз. Акс ҳолда, амрни кутиб тураверамиз. Жамики нарса Аллоҳнинг измида. Бизнинг олдимиздаги ва ортимиздаги ҳамда ҳар иккисининг орасидаги нарсалар Уникидир.)

65У осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Роббидир. Бас, Унга ибодат қил ва Унинг ибодатида сабрли бўл. Унга тенгдошни билурмисан? (Инсон сабр-матонат ила Аллоҳга ибодат қилиб, бутун ҳаётини унинг кўрсатмасига мос этиб яшагандагина мақсадга ноил бўлади.)

66Инсон: «Агар ўлсам, яна қайта тирик ҳолда чиқариламанми?!» дейди.

67Ўша инсон Биз уни бундан олдин ҳеч нарса бўлмай турганида яратганимизни эсламайдими?!

68Роббингга қасамки, Биз уларни ва шайтонларни, албатта, маҳшарга тўплаймиз, сўнгра уларни жаҳаннам атрофига тиз чўккан ҳолларида ҳозир қиламиз.

69Сўнгра ҳар бир гуруҳдан Роҳманга ашаддий осий бўлганини суғуриб оламиз. (Анчайин чорлаб ёхуд таклиф қилиб эмас, шиддат билан суғуриб олинади. Демак, кофирлар шайтонлари билан жаҳаннам атрофига ўтқазиб қўйилиб, қилган гуноҳларига қараб бирин-кетин дўзахга ташланадилар. Қолганлари навбат кутиб, кузатиб турадилар.)

70Кейин, албатта, Биз у(жаҳаннам)га киришга кимлар лойиқроқ эканини яхши билгувчимиз.

71Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир. (Аллоҳ таоло Анбиё сурасида мўминлар ҳақида: «Ана ўшалар у (жаҳаннам)дан узоқлаштирилганлар, унинг овозини ҳам эшитмайдилар» деган, шунинг учун ҳам бу оятга «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ», деб маъно берсак аслига мувофиқ бўлади. Бинобарин, мўминлар жаҳаннамга, хусусан, сиротдан ўтаётганларида яқинлашадилар, бироқ тушмай ўтиб кетадилар. Кофирлар эса, яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар ва гуноҳларига мос равишда кетма-кет дўзахга ташланадилар.)

72Сўнгра тақво қилганларга нажот берамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз.

73Қачонки уларга Бизнинг равшан оятларимиз тиловат қилинса, куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Икки гуруҳнинг қайси бири мақом ва мажлис жиҳатидан яхшироқдир?» дерлар.

74Ҳолбуки, Биз улардан олдин мол ва кўриниш жиҳатидан яхшироқ бўлган қанчадан-қанча асрларни ҳалок қилганмиз.

75Сен: «Ким залолатда бўлса, Роҳман унга муҳлат бериб қўйсин. Токи ўзларига ваъда қилинган нарсани — азобни ёки қиёматни кўрганларида, албатта, кимнинг мартабаси ёмонроқ ва аскари кучсизроқ эканини билурлар», дегин.

76Ва Аллоҳ ҳидоятга юрганларнинг ҳидоятини зиёда қиладир. Боқий қолувчи, солиҳ амаллар, Роббинг наздида, савоб жиҳатидан яхшироқдир ва оқибат жиҳатидан яхшироқдир.

77Оятларимизга куфр келтирган ва: «Албатта, (охиратда) менга молу дунё ҳамда бола-чақа берилажак», деганни кўрдингми?!

78У ғойибни билармикан ёки Роҳманнинг ҳузуридан аҳду паймон олдимикан?! (Ғойибда унга охиратда албатта молу дунё ҳамда бола-чақа берилиши муқаррар эканлиги ҳақида аломат бормикан?)

79Йўқ! Нима деганини, албатта, ёзиб қўямиз ва унга азобни узундан-узоқ қиламиз.

80У айтаётган нарсага меросхўр бўлурмиз ва у бизга ёлғиз ҳолида келур. (Кофир молу мулк, бола-чақа ва бошқа дунёвий нарсаларидан жудо бўлган ёлғиз ҳолида бизга–ҳузуримизга келади. Ўша пайт у билан қандай муомала қилишни ўзимиз биламиз.)

81Улар ўзларига куч-қудрат, иззат бўлиши учун Аллоҳдан ўзгаларни худо қилиб оладилар.

82Йўқ! у(худо)лар уларнинг ибодатларини инкор этурлар ва уларга зид бўлурлар. (Қиёмат куни сохта худолар мушрикларнинг уларга қилган ибодатини, бандалигини инкор этадилар. Биз уларга, бизга ибодат қилинг деганимиз йўқ, деб Аллоҳ ҳузурида ўзларини оқлайдилар.)

83Биз шайтонларни кофирларга уларни доимий қўзғаб туришга юборганимизни кўрмадингми?

84Уларнинг зиддига шошилма! Биз уларнинг саноғини санамоқдамиз.

85Тақводорларни Роҳман ҳузурига меҳмон ҳайъати этиб тўплаган кунимизда.

86Жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдаймиз.

87Улар шафоатга молик бўлмаслар. Магар ким Роҳман ҳузурида аҳду паймон олган бўлса (молик бўлур). (Шафоатга молик бўлганлар фақат Аллоҳнинг Ўзидан бу ҳақда аҳду паймон олганлардир, холос.)

88Улар: «Роҳман бола тутди», дедилар.

89Батаҳқиқ, жуда оғир нарса келтирдингиз.

90Ундан осмонлар парчаланиб, ер ёрилиб, тоғлар қулаб йиқилай, дейдир.

91Роҳманнинг боласи бор, деганларига.

92Роҳманга бола тутиш лойиқ эмасдир. (Унинг бола тутишга ҳожати йўқ. У фарзанд талабида эмас. Бу унинг шаънига тўғри келмайди. Роҳман яккадир. Воҳид ва Биру Бордир.)

93Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар.

94Батаҳқиқ, У зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир.

95Уларнинг барчалари У зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар.

96Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур.

97Бас, албатта, тақводорларга хушхабар беришинг ва у билан саркаш қавмларни огоҳлантиришинг учун у(Қуръон)ни тилингга осон қилдик.

98Улардан олдин қанчадан-қанча аср(аҳли)ни ҳалок қилдик. Улардан бирортасини ҳис этасанми ёки шарпасини эшитасанми?!

Chapter 20 (Sura 20)

1Тоҳо.

2Сенга Қуръонни бадбахт бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ.

3Магар қўрққан кимсаларга эслатма бўлиши учун.

4У ерни ва юксак осмонларни яратган зотдан нозил бўлгандир.

5У–Роҳман Аршни эгаллади. (Роҳман сифатининг соҳиби Аллоҳ Аршни эгаллади. Аршни эгаллашининг эса, ўхшаши йўқ, мисли йўқ, шакли ҳам йўқ. Унинг эгаллаши ўзига хос.)

6Осмонлардаги нарсалару ердаги нарсалар, уларнинг орасидаги нарсалару ер остидаги нарсалар Уникидир.

7Сен агар сўзда овозингни юксалтирсанг ҳам. Бас, албатта, у сирни ҳам, махфийни ҳам билгувчидир.

8Аллоҳ–ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Гўзал исмлар Уникидир.

9Сенга Мусонинг хабари келдими?

10У оловни кўрган чоғида ўз аҳлига: »Туриб туринглар, мен оловни кўрдим, шояд сизга ундан чўғ келтирсам ёки олов бошида йўл кўрсатувчини топсам«, деди. (Ояти каримада Мусо алайҳиссалом Мадяндан Мисрга келаётганларида рўй берган ҳодиса баён этилмоқда.)

11Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо.

12Албатта, Мен Ўзим сенинг Роббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан».

13Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос.

14Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт.

15Албатта, (қиёмат) соати келгувчидир. Ҳар бир жон саъйи-ҳаракатига яраша жазо олиши учун уни махфий тутурман.

16Ҳаргиз сени унга иймон келтирмайдиганлар ва ҳавойи нафсига эргашганлар ундан тўсмасинлар. У ҳолда ҳалок бўласан».

17«Эй Мусо, қўлингдаги нима?»

18У: «Бу асоимдир, унга суянаман, у билан қўйларимга (барг) қоқиб бераман ва унда менинг бошқа ишларим бор», деди.

19У зот: «Эй Мусо, уни ташла», деди.

20Бас, уни ташлади. Бирдан у(асо) илон бўлиб юра бошлади.

21У зот: «Уни ол, қўрқма. Биз уни аввалги ҳолига келтирамиз.

22Қўлингни қўлтиғингга тиқ, ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқади. Бу бошқа бир мўъжизадир. (Қўл оппоқ бўлди, аммо бу оқликда ёмонлик йўқдир. Яхшилик бор. Жуда чиройли бўлиб кўринади. Бундай бўлиши сенинг Пайғамбар эканлигингни тасдиқловчи асодан кейинги яна бир мўъжизадир.)

23Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун(шундай қилдик).

24Сен Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди.

25У: «Эй Роббим, менинг қалбимни кенг қил.

26Менинг ишимни осон қил.

27Тилимдаги тугунни ечгин.

28Сўзимни англасинлар.

29Менга ўз аҳлимдан бир вазир қилиб бер.

30Оғам Ҳорунни.

31У билан белимни қувватла.

32Уни ишимга шерик айла.

33Сенга кўп тасбиҳ айтишимиз учун.

34Ва Сени кўп зикр қилишимиз учун.

35Албатта, Сен Ўзинг бизни кўриб турувчи эдинг», деди.

36У зот: «Эй Мусо, сенга сўраганинг берилди», деди. (Бир оғиз гап билан ҳал қилиб қўйди. Нимани сўраган бўлсалар, берди.)

37«Батаҳқиқ, Биз сенга бошқа марта ҳам неъмат берган эдик. (Яъни, ҳозир берган неъматларимиздан бошқа ҳам неъмат берган эдик.)

38Ўшанда онангга илҳом қилинадиган нарсани илҳом қилган эдик.

39«Уни тобутга сол, уни эса, дарёга ташла. Дарё уни соҳилга отсин. Уни Менинг душманим ва унинг душмани оладир», дедик. Ва сенга Ўзимдан муҳаббат солдим. Буни Менинг кўз олдимда етиштирилишинг учун (қилдим). (Мусонинг онаси Аллоҳ берган илҳом билан уни сандиққа солиб, сувга оқизиб юборади. Мусонинг Ўз кўзи остида вояга етиши учун душман Фиръавннинг уйига уни жойлаштирган, қалбига унинг муҳаббатини солган Зот онанинг фарзанд фироқида қийналишига ҳам барҳам берди. Мурғак Мусо аёлларнинг биттасини ҳам эммай қўйди. Мусонинг опасини Фиръавн саройига юбориб, шу болани эмизадиган аёл бор, деб айтишни буюради.)

40Ўшанда опанг юриб бориб: «У (Мусо)ни кафилликка оладиганларга далолат қилайми?« деган эди. Бас, Биз сени кўзи қувониши ва хафа бўлмаслиги учун онангга қайтардик. Ва бир жонни ўлдирдинг. Бас, Биз сени ғамдан қутқардик ва турли синовлар ила синадик. Сўнгра Мадян аҳли ила йилларга қолдинг ва тақдирга биноан келдинг, эй Мусо!

41Мен сени Ўзим учун танладим. (Яъни, Пайғамбар қилиб олдим. Кейин эса, Пайғамбарлик вазифасига оид топшириқлар берилди:)

42Сен ва оғанг мўъжизаларимни олиб боринглар ва Мени зикр этишда сусткашлик қилманглар.

43Фиръавнга боринглар! Чунки, у туғёнга кетди.

44Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса». (Юмшоқ сўз тасир қилиши мумкин. Юмшоқ сўз кофирни ва туғёнга кетган шахсни ҳам мулойим қилиб қўйиши мумкин. Шояд Фиръавн ҳам ўзига келиб, инсоф қилса.)

45Икковлари: «Эй Роббимиз, биз унинг тезда бизга ёмонлик қилишидан ёки ҳаддан ошишидан қўрқамиз», дедилар.

46У зот: «Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар биланман, эшитаман ва кўраман», деди.

47Бас, унинг олдига боринглар ва унга: «Албатта, биз Роббингнинг Пайғамбарларимиз, Бани Исроилни биз билан қўйиб юбор. Уларни азоблама. Батаҳқиқ, биз сенга Роббингдан мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кимсага салом бўлур.

48Албатта, бизга ваҳий қилиндики, ёлғонга чиқарганларга ва юз ўгириб кетганларга шубҳасиз азоб бўлур», денглар.

49У: «Эй Мусо, икковингизнинг Роббингиз ким?» деди.

50У: «Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир», деди.

51У: «Ўтган асрларнинг ҳоли недир?» деди.

52У: «Уларнинг илми Роббим ҳузурида, китобдадир. Роббим адашмас ва унутмас. (Яъни, ўтган асрлар ҳақидаги барча илм Роббим ҳузуридаги китобда ёзилгандир. Қанча асрлар ўтиб, қанча одамлар яшаб, нима ишлар қилган бўлсалар, ҳамма-ҳаммаси Роббим ҳузурида турибди, китобда ёзилган. Шунга қараб жазолайди ёки мукофотлайди.)

53У сизга ерни бешик қилган, сизга унда йўллар очган ва осмондан сув туширган зотдир», деди. Бас, ўша (сув) ила турли набототлар жуфтларини чиқардик.

54Енглар ва чорваларингизни боқинглар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.

55Сизларни ундан яратдик, унга қайтарамиз ва яна бир бор ундан чиқариб оламиз. (Яъни, Биз сизларни ердан яратдик, ўлганингиздан сўнг яна унга қайтарамиз. Қиёмат куни эса, сизларни қайта тирилтириб, ердан чиқариб оламиз. Эй Фиръавн, сен ҳам одамсан, сенинг ҳам бошингга шу кун тушади.)

56Батаҳқиқ, Биз унга оят-мўъжизаларимизнинг ҳаммасини кўрсатдик. Бас, у ёлғонга чиқарди ва бош тортди.

57У: «Эй Мусо, бизни еримиздан чиқариш учун сеҳринг ила келдингми?!

58Бас, албатта, биз ҳам унга ўхшаш сеҳр келтирамиз, биз билан ўзинг орангда ваъда вақти тайин қил, унга биз ҳам, сен ҳам хилоф қилмайдиган бўлайлик, ўрта жой бўлсин«, деди.

59У: «Ваъда вақтингиз зийнат куни. Одамларнинг чошгоҳда тўпланиши», деди. (Мисрликларнинг «зийнат куни» катта байрами бўлиб, унда барча халойиқ зийнатли кийимлар кийиб чиқар эдилар. Мусо алайҳиссалом ҳамма гувоҳ бўлсин деб зийнат кунини танладилар.)

60Бас, Фиръавн қайтиб кетди, сўнгра ҳийласини йиғиб келди. (Ояти карима, учта ҳолатни тасвир этмоқда. Фиръавн Мусо алайҳиссалом билан бўлган учрашувдан қайтиб кетди. Кейин ҳийласини йиғди–ҳамма кучли сеҳргарларини тўплади. Сўнгра яна қайтиб келди. Тортишув, мусобақага тайёргарлик ниҳоясига етди.)

61Уларга Мусо: «Ҳолингизга вой! Аллоҳга нисбатан ёлғон уйдирманг, бас, сизни азоб ила бутунлай ҳалок қилур. Батаҳқиқ, ким ёлғон уйдирса, ноумид бўлур», деди.

62Бас, улар ишлари ҳақида ўзаро аста шивирлашиб, мунозара қила бошладилар.

63Улар: «Албатта, бу иккови сеҳргардирлар. Сизни сеҳрлари билан ерларингиздан чиқаришни ва сизнинг афзал йўлингизни йўқотишни хоҳлайдилар.

64Бас, макр-ҳийлангизни жамлаб, бир саф бўлиб келинг. Батаҳқиқ, бугунги кунда ким устун келса, ўша ғолиб бўладир», дедилар.

65Улар: «Эй Мусо, сен ташлайсанми ёки биз аввал ташловчи бўлайликми?» дедилар.

66У: «Йўқ. Сизлар ташланг», деди. Бирдан уларнинг арқонлари ва асолари унга сеҳрларидан худди ҳаракатланаётгандек бўлиб кўринди.

67Бас, Мусо ичида хавф ҳис этди.

68Биз: «Қўрқма, албатта, сен устунсан.

69Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юбораур. Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос. Сеҳргар қаерда бўлса ҳам, зафар топмас», дедик. (Фиръавнлар ва уларнинг гумашталари-сеҳргарлари доимо ҳийла-найранглар ила халқнинг кўзини бўяб келганлар. Уларнинг ботили ҳақ кўринмаган пайтда ўтади, холос. Ҳақ келганида, ботил йўқ бўлади. Сен Роббингдан ҳақ келтирдинг, энди уларнинг ботили йўқолади. Аллоҳ таолонинг амри ила Мусо алайҳиссалом қўлларидаги асони ерга ташладилар. У сеҳргарларнинг ҳунарини ютиб юборди.)

70Бас, сеҳргарлар: «Ҳорун ва Мусонинг Роббига иймон келтирдик», деб саждага ташландилар.

71У: «Сизга изн бермасимдан олдин унга иймон келтирдингизми?! Албатта, у сизга сеҳр ўргатган каттангиздир! Бас, албатта, қўл-оёқларингизни қарама-қаршисидан кесурман ва, албатта, сизларни хурмо танасига осурман, албатта, қайси биримизнинг азобимиз шиддатлироқ ва боқийроқ эканини билурсиз», деди. (Фиръавн ўз қаричи билан ўлчар эди. У таҳдид, азоб-уқубат, қийнаш, чопиш-кесиш, ўлдириш билан одамларни измимда ушлаб тураман, деб хаёл қиларди. Аммо инсоннинг қалбига ҳақиқий иймон кирганида, унинг бу чоралари заррача ҳам таъсир қилмай қолишини англамасди. Унинг собиқ сеҳргарлари қалбига ана шундай иймон жо бўлган эди. Энди улар Фиръавннинг ҳеч қандай дўқ-пўписаларидан қўрқмасдилар.)

72Улар: «Биз сени зинҳор ўзимизга келган очиқ-ойдин (мўъжиза)лардан ва бизни яратган зотдан устун қўймаймиз. Бас, нима ҳукм қилсанг, қилавер. Сен фақат ҳаёти дунёда ҳукм чиқарасан, холос.

73Албатта, биз Роббимиз хатоларимизни ва сен бизни мажбур қилган сеҳрни мағфират қилиши учун иймон келтирдик. Аллоҳ яхши ва боқийдир», дедилар.

74Шубҳасиз, ким Роббига жиноятчи бўлган ҳолида келса, албатта, унга жаҳаннам бордир. У ерда у ўлиб ўлмас, яшаб яшамас.

75Ким Унга мўмин ўлароқ, яхши амаллар қилган ҳолида келса, бас, ана ўшаларга олий даражалар.

76Остидан анҳорлар оқиб турган адн жаннатлар бордир. Унда абадий қолурлар. Ана шу пок бўлганнинг мукофотидир.

77Батаҳқиқ, Биз Мусога: «Сен бандаларим ила кечаси йўлга туш, уларга денгиздан қуруқ йўл оч, етиб олишларидан хавф қилма ва қўрқма», деб ваҳий қилдик. (Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амрини амалга оширди. Бани Исроил билан кечаси йўлга чиқдилар. Денгизга бордилар, асолари билан уриб, йўл очдилар. Аллоҳнинг амри ила денгиз иккига ёрилиб, қуруқ ер–йўл очилди. Бани Исроил эсон-омон ўтиб олди.)

78Бас, Фиръавн аскарлари ила уларнинг ортидан таъқиб этди. Денгиз уларни ўраганича ўраб олди.

79Фиръавн ўз қавмини адаштирди, тўғри йўлга бошламади. ( Худога эмас, фиръавнларга эргашганлар доимо шундай оқибат топадилар. Аллоҳ таоло Фиръавн ва аскарларини ғарқ этиб, Бани Исроилни зулм, жабр-ситамдан озод қилди.)

80Эй Бани Исроил, батаҳқиқ, Биз сизни душманингиздан қутқардик ва сиз билан Турнинг ўнг томонини ваъдалашдик ҳамда сизларга манн ва бедана туширдик. (Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Бани Исроилга уч турлик неъматини эслатмоқда.)

81Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар, унда ҳаддингиздан ошманг, яна бошингизга ғазабим тушиб қолмасин. Кимнинг бошига ғазабим тушса, бас, батаҳқиқ, ҳалок бўлибдир.

82Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман.

83Эй Мусо, сени қавмингдан нима илгарилатди?

84У: «Улар, ана, изимдалар. Рози бўлишинг учун Мен сенга шошдим, эй Роббим», деди.

85У зот: «Батаҳқиқ, Биз қавмингни сендан кейин фитнага дучор қилдик. Сомирий уларни адаштирди», деди. (Бани Исроилга ҳурлик оғир келди, уни кўтара олмади. Жумладан, энг нозик ва аҳамиятли масала–иймон-эътиқод масаласида ҳам. Мусо алайҳиссалом илк бор тарк этишлари биланоқ залолатга кетдилар. Сомирийга эргашиб, бузоқнинг ҳайкалини худо қилиб олдилар.)

86Бас, Мусо қавмига ғазабланган, афсусланган ҳолда қайтди. У: «Эй қавмим, Роббингиз сизга яхши ваъда қилмаганмиди?! Сизларга замон узоқ кўриндими ёки бошингизга Роббингиздан ғазаб тушишини хоҳладингизми?! Менга берган ваъдага хилоф қилибсиз?!» деди.

87Улар: «Биз сенга берган ваъдага ўз ихтиёримиз ила хилоф қилмадик. Лекин бизга (у) қавмнинг зийнатидан оғирликлар юкланган эди. Бас, уларни ташладик, Сомирий ана шундай илқо қилди», дедилар. (Тақинчоқларни оловли чуқурга ташлашган экан, Сомирий уларни эритиб, бузоқ шаклига солиб, мана шу сизларнинг худоингиз, унга ибодат қилинглар, деса, ибодат қилиб кетаверишибди. Уларнинг фикрича, бу ихтиёрларидан ташқари иш эмиш!)

88Бас, у (Сомирий) уларга бўкирадиган бузоқ шаклини чиқариб берди. Улар: «Мана шу сизнинг илоҳингиз ва Мусонинг ҳам илоҳи, фақат у унутди», дедилар. (Сомирий уларга тилла тақинчоқлардан овоз чиқарадиган бузоқ ҳайкали ясаб, шу ҳайкал сизнинг илоҳингиз, Пайғамбаримиз Мусо бизга буни айтмади, деган хаёлга борманг. Мусонинг илоҳи ҳам шу бузоқ. Аммо, Мусо буни унутиб қўйиб, тоққа излаб чиқиб кетди, деди. Улар бу гапни такрорладилар.)

89Унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини, на зарар ва на фойдага молик бўла олмаётганини кўрмаяптиларми?!

90Батаҳқиқ, илгари Ҳорун уларга: «Эй қавмим, бу билан фитнага дучор қилиндингиз, холос. Шубҳасиз, Роббингиз Роҳмандир. Бас, менга эргашинг. Менинг амримга итоат қилинг», деган эди.

91Улар: «То Мусо бизга қайтгунича, унга ибодат қилишда бардавом бўламиз», дедилар.

92У: «Эй Ҳорун, уларнинг залолатга кетганларини кўрганингда сени нима ман қилди?!

93Менга эргашишингдан?! Менинг амримга осий бўлдингми?!» деди.

94У: «Эй онамнинг ўғли, соч-соқолимдан тутма. Мен сенинг: «Бани Исроилни тафриқага солибсан, гапимга кирмабсан, дейишингдан қўрқдим», деди.

95У: «Бу нима қилганинг, эй Сомирий?!» деди.

96У: «Улар кўрмаган нарсани кўрдим. Бас, Расулнинг изидан бир сиқим олдим, сўнгра уни ташладим. Ҳавои нафсим менга шундай қилишни хуш кўрсатди», деди. (Сомирийнинг Бани Исроил кўрмаганини кўргани–Жаброилнинг алайҳиссалом ҳаёт отига миниб келишлари. «Расул»дан мурод Жаброил алайҳиссалом. Изидан олинган бир сиқим эса, Жаброил алайҳиссалом миниб келган отнинг туёғи тагидан олинган тупроқ. У тупроқни сочган жойи эса, Бани Исроилнинг зеб-зийнатлари тўплаб қўйилган жой. Сомирий ана шу ишларни қилганида зийнатлар бузоққа айланиб, ундан овоз чиқадиган бўлибди. Мен ҳеч нарса қилганим йўқ, ёмон ниятим ҳам йўқ эди, кўнглимга тушган ишни қилсам, ўзларидан ўзлари эргашиб кетишаверди, демоқчи бўлди.)

97У: «Бас, жўна! Кет! Энди сенга бу ҳаётда «тегиш йўқ» дейишинг бор, холос. Албатта, сенга хилоф қилмайдиган ваъдамиз бор. Ўзинг ибодатида бардавом бўлган илоҳингга назар солиб қўй. Биз уни, албатта, куйдирурмиз, сўнгра денгизга сочиб юборурмиз. ( Бани Исроилда, «тегиш йўқ» номли қувғин жазоси бор эди. Ўша жазога маҳкум бўлган шахс билан ҳеч ким алоқа қилмас, ҳатто гаплашмас ҳам эди. У ёлғизлик азобида ўлиб кетар эди.)

98Албатта, сизнинг илоҳингиз Аллоҳдир, холос. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир. У барча нарсани ўз илми билан қамраб олгандир.

99Шундай қилиб, сенга ўтган нарсалар хабарини қисса қилиб берурмиз. Батаҳқиқ, сенга ўз тарафимиздан зикрни бердик. (Яъни, Мусо қиссасини айтиб берганимиздек, бошқаларнинг хабарини ҳам қисса қилиб берамиз.)

100Ким ундан юз ўгирса, албатта, у қиёмат куни (гуноҳ) юкини кўтарур.

101Унда абадий қолурлар. Қиёмат кунида уларнинг юки қандай ҳам ёмон бўлди.

102У кун сурга пуфланадиган кундир. Ўша кунда жиноятчиларни кўзлари кўк бўлган ҳолда тўплармиз. (Kиёматнинг келганини билдириб, сур чалинади. Ўша қиёмат кунида кофирлар-жиноятчиларни Аллоҳ таоло қўрқувдан юзлари қорайиб, кўзлари кўкариб кетган кетган ҳолларида маҳшарга жамлайди.)

103Улар ўзаро: «Ўн кундан ортиқ турганингиз йўқ», дея шивирлашади.

104Биз нима деяётганларини яхши билгувчимиз. Ўшанда уларнинг энг тўғри йўлдагиси: «Бир кундан ортиқ турганимиз йўқ», дейдир. (Демак, охират азобларини кўрган кофирлар гарчи бу дунёда узоқ йиллар роҳат-фароғатда кун кечирган бўлсалар ҳам, яшаган муддатлари оз кўриниб кетади.)

105Сендан тоғлар ҳақида сўрарлар. Бас: «Роббим уларни мутлақо совуриб юборажак.

106Сўнг уларни теп-текис ҳолга келтирур.

107У ерда чуқур ҳам, дўнг ҳам кўрмассан.

108У кунда чорловчига эргашурлар. Ундан бурилиш йўқ. Овозлар Роҳман (ҳайбати)дан жим қолмиш. Пичирлашдан бошқа нарса эшитмассан. (Ҳаммаёқ теп-текис. Ҳамма жим ҳолда бўйин эгиб, маҳшарга чорловчига эргашишдан бошқа нарсани билмайди.)

109У кунда Роҳман унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқанинг шафоати фойда бермас.

110У уларни олдиларидаги нарсаларни ҳам, орқаларидаги нарсаларни ҳам билур. Улар эса, уни илм ила иҳота қила олмаслар. (Аллоҳ таоло бандаларнинг келажагини ҳам ўтмишини ҳам билади. Илмнинг барчаси Аллоҳникидир. Одамлар эса ҳеч нарса билмаслар.)

111Бутун юзлар тирик ва доим турувчи зотга бош эгмиш. Батаҳқиқ, ким зулм кўтарган бўлса, ноумид бўлмиш.

112Ким мўмин ҳолида яхши амаллардан қилган бўлса, зулмдан ҳам, нуқсондан ҳам қўрқмас», деб айт.

113Шундай қилиб, Биз уни арабий Қуръон этиб нозил этдик. Шоядки тақво қилсалар ёки уларда эслаш пайдо қилса, деб унда қўрқинчли ваъдаларни баён қилдик. (Ушбу арабий Қуръонда кўплаб қўрқинчли ваъдаларни ҳам баён этдик. Бундан мақсадимиз, шояд одамлар тақво қилсалар, куфр ва ёмонликлардан сақлансалар, қўрқинчлик ваъдалардан эслатма олсалар.)

114Ҳақ Подшоҳ–Аллоҳ олий бўлди. Сенга ваҳийи битгунча Қуръон (тиловати)га ошиқма ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин. (Пайғамбаримиз (с.а.в.) унутиб қўйишдан хавфланиб, ваҳий тушган пайтида Қуръони Карим оятларини Жаброилга алайҳиссалом қўшилиб, ўқиб турар эдилар. Бу эса, қийинчилик туғдирарди. Яъни, эй Муҳаммад, Жаброил ваҳийни сенга охиригача ўқиб бермагунича, Қуръонни тиловат қилиб, оятларни ўқишга шошилма. Олдин Жаброил тўлиқ ўқиб берсин, кейин сен ўқийсан.)

115Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик. (Биз қадимда Одам билан буйруққа бўйсуниш–дарахтдан емаслик ҳақида аҳдлашган эдик. Аммо Одам аҳдни унутди ва дарахтдан еб қўйди. У шайтоннинг иғвосига сабр қила олмади. Азму қарорида турмади.)

116Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», деганимизда, улар сажда қилдилар. Магар Иблис бош тортди.

117Бас, Биз: «Эй Одам, албатта, бу сенга ва жуфтингга душмандир. Яна у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин.

118Албатта, сен у ерда оч-яланғоч қолмассан. (Яъни, жаннатда доимо сенинг қорнинг тўқ, устинг бут бўлади.)

119Албатта, сен у ерда ташна ҳам бўлмассан, иссиқда ҳам қолмассан», дедик.

120Бас, шайтон уни васваса қилди. У: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?» деди. ( Роббинг манави дарахт мевасидан ейишингни ман қилган бўлса, сенинг абадий яшашингни, мулкинг бардавом бўлишини хоҳламаганидандир, бу дарахтнинг мевасидан есанг, ҳеч ўлмайсан, мулкинг йўқолмайди, деди.)

121Бас, икковлари ундан едилар. Кейин, авратлари ўзларига очилиб қолиб, ўзларини жаннат барглари билан тўса бошладилар. Одам Роббига осий бўлди ва йўлдан озди.

122Сўнгра Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади.

123У зот: «Ҳаммангиз бир-бирингизга душман ҳолда ундан тушинг. Агар Мен томонимдан сизга ҳидоят келганида, ким ҳидоятимга эргашса, адашмас ва бадбахт бўлмас.

124Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз», деди.

125У: «Эй Роббим, нима учун мени кўр ҳолда тирилтирдинг. Ахир, кўрувчи эдим-ку!» деди.

126У зот: «Шундай. Сенга оятларимиз келди. Сен эса, уларни унутдинг? Шунингдек, сен ҳам бугун унутиурсан», деди.

127Исроф қилган ва Робби оятларига иймон келтирмаганларни ана шундай жазолайрмиз. Охират азоби, албатта, ашаддийроқ ва боқийроқдир.

128Улардан илгари уларнинг масканларида юрган асрлардан қанчадан-қанчасини ҳалок қилганимиз ҳам ҳидоят қилмадими? Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.

129Агар Роббингдан сўз ўтиб қолмаганида ва номланган ажал бўлмаганида, албатта, (азоб) лозим бўлар эди.

130Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Роббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбиҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбиҳ айт. Шоядки рози бўлсанг. (Эй Муҳаммад, шундай экан, кофир ва мушрикларнинг нохуш гап-сўзларига, сўкишларига, иғво-бўҳтонларига сабр қил. Доимо Роббингга тасбиҳу ҳамд айт. Қуёш чиқишидан олдин ҳам, қуёш ботишидан олдин ҳам Роббингга тасбиҳ ва ҳамд айт. Кечанинг бир қисмида ҳам Роббингга тасбиҳ айт, кундузнинг атрофида ҳам. Намоз ўқи. Албатта, рози бўласан. Роббинг ҳам сендан рози бўлади.)

131Кўзларингни уларни синаш учун айримларига баҳраманд қилиб берганимиз ҳаёти дунёнинг турли зийнатларига тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир.

132Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир.

133Улар: «Бизга Роббидан оят-мўъжиза келтирса эди», дейдилар. Ахир, уларга аввалги саҳифалардаги нарсаларнинг баёноти келмадими? (Кофир ва мушриклар, Муҳаммад Роббидан бир лол қолдирувчи мўъжиза келтирса эди, дейдилар. Ахир, Қуръонда аввалги умматларга келган нарсаларнинг баёни келди-ку. Шу уларга кифоя қилмайдими?)

134Агар Биз уларни у(келиши)дан олдин азоб-ла ҳалок қилганимизда эди, албатта: «Эй Роббимиз, бизга Пайғамбар юборганингда эди, хору зор ва шарманда бўлишимиздан олдин оятларингга эргашган бўлар эдик», дердилар.

135Сен:«Барча кутгувчидир. Бас, кутинглар. Албатта, кимлар тўғри йўл соҳиблари ва кимлар ҳидоят топганини билурсизлар», деб айт. (Пайғамбаримизга (с.а.в.) қилинган бу хитоб доимо янгиланиб туради.)