Part 17

 

Chapter 21 (Sura 21)

1Одамларга ҳисоблари яқинлашиб қолди. Улар эса, ғафлатда, юз ўгирувчи бўлган ҳолларида.

2Қачон Роббиларидан янги эслатма келса, фақат уни ўйнаётган ҳолларида тингларлар.

3Қалблари ғофил бўлиб. Зулм қилганлар ўзаро: «Бу ўзимизга ўхшаган башардан ўзга эмас-ку. Ўзингиз кўриб туриб сеҳрга келасизми?» деб пичирлашарлар.

4У: «Роббим осмону ердаги сўзни билур. У эшитгувчи ва билгувчи зотдир», деди.

5Улар: «Балки алғов-далғов тушлардир, балки ўзи уйдириб олгандир, балки у шоирдир. Бас, бизга аввалгилар юборилганидек, мўъжиза келтирсин», дедилар.

6Улардан олдин бирор шаҳар (аҳолиси) иймон келтирмади. Биз уларни ҳалок қилдик. Энди улар иймон келтирармидилар?! (Улардан олдин лол қолдирувчи мўъжиза келтиришни талаб қилганлардан бирортаси ҳам иймонга келмади. шунинг учун ҳаммасини ҳалок қилдик. Энди улар иймонга келармидилар?!

7Биз сендан илгари ҳам фақат эр кишиларни Пайғамбар қилиб юбориб, уларга ваҳий қилганмиз, холос. Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг. (Башар Пайғамбар бўлмайди, деб даъво қилаётган, эй кофир-мушриклар, агар Пайғамбарлар башар эканини билмасангиз зикр-илм эгаларидан, аҳли китоблардан сўранг.)

8Биз уларни таом емайдиган жасад қилганимиз йўқ. Улар абадий қолгувчи ҳам бўлган эмаслар.

9Сўнгра уларга (берган) ваъдамиз устидан чиқдик. Бас, уларга ҳамда ўзимиз хоҳлаганларга нажот бердик ва исрофчиларни ҳалок қилдик. (Кейин Пайғамбарларга берган ваъдамиз устидан чиқдик, уларга эргашган мўминларга нажот ва фатҳу нусрат бердик. Исрофчиларни, кофир бўлганларни ҳалок этдик. Одат шу. Ҳозирги кофирлар ибрат олсинлар.)

10Батаҳқиқ, Биз сизга китоб нозил қилдик. Унда сизнинг зикрингиз бор. Ақл ишлатмайсизларми?!. (Зикрингиз-шарафингиз бор. Одамлар ақлнини ишлатишлари лозим. Яна Қуръонга қайтиб, унга амал қилмоқлари шарт.)

11Биз золим бўлган шаҳар-қишлоқлардан қанчасини (белини) синдирдик ва улардан кейин бошқа қавмларни пайдо этдик.

12Бизнинг азобимизни ҳис қилганларида эса, бирдан у ердан қочишга бошларлар.

13Қочманглар! Маишатпарсатлик қилган нарсаларингизга, масканларингизга қайтинглар. Ҳали эҳтимол сўралурсизлар.

14Улар: «Ҳолимизга вой! Биз, албатта, золим бўлган эканмиз», дедилар.

15Уларнинг ўша дод-войлари, Биз уларни ўрилган ўтдай, совуган кулдай қилгунимизча бардавом бўлди.

16Биз осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйин учун яратганимиз йўқ. (Бундай улкан ва ажойиб нарсалар, албатта, ўйин учун яратилмайди. Беҳудага шунчалик уринишнинг кераги йўқ. Мақсад ўйин бўлса, шунга мосроқ нарса яратилар эди.)

17Агар Биз кўнгилхуши тутишни ирода қилсак, уни қилувчи бўлганимизда ҳам, Ўз томонимиздан тутар эдик.

18Йўқ, Биз ҳақни ботил устига отурмиз. Бас, уни яксон қилур. Кўрибсанки, у(ботил) заволга учрабди. Сизларга эса, қилган васфларингиздан ҳалокат келур.

19Осмонлару ердаги барча жонзотлар Уникидир. Унинг ҳузуридагилар ибодатидан такаббурлик қилмаслар ва малол олмаслар.

20Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтарлар. Чарчамаслар.

21Ёки улар ердан худолар тутдилару ўшалар тирилтирурларми?

22Агар у(осмонлару ер)ларда Аллоҳдан ўзга «худо»лар бўлганида, бузулиб кетар эдилар. Аршнинг Робби Аллоҳ улар васф қилган нарсадан покдир. (Борлиқни бир зот яратган, бир зот идора қилиб, бошқариб туради. Борлиқ шунга бўйсунади. Шу боис ҳам ҳадсиз-ҳисобсиз бўлишига қарамай, борлиқда қойил қоларлик даражада низом ва мутаносиблик ҳукм суради. Агар борлиқни яратган, уни идора қилиб турган зот биттадан кўп бўлса, ўша зотларнинг иродаси бир-бири билан, албатта, тўқнашар эди. Оқибатда борлиқда номутаносиблик келиб чиқар, жипслик йўқолар ва низом бузилар эди. Модомики борлиқ бир низомда турибдими, мутаносибми, демак, уни яратган ва тадбирини қилиб турган зот битта.)

23У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар.

24Ёки ундан ўзга «худо»лар тутдиларми? Сен:«Ҳужжатларингизни келтиринг. Мана бу мен билан биргаларнинг зикридир ва мендан олдингиларнинг зикридир», дегин. Йўқ, уларнинг кўплари ҳақни билмаслар. Бас, улар юз ўгиргувчидирлар. (Борлиққа назар солиб, ундаги мавжудотларни мулоҳаза қилиб кўрганда, Аллоҳ таолонинг шериги бўлиши мумкин эмаслиги исботланди. Яна нима учун мушриклар Аллоҳ таолога ибодат қилмаяптилар?)

25Сендан илгари юборган ҳар бир Пайғамбарга: «Албатта, Мендан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз.

26Улар: «Роҳман фарзанд тутди», дедилар. У покдир. Йўқ! Икром этилган бандалардирлар. (Яъни, мушриклар, Аллоҳ фаришталарни қиз қилиб олди, дедилар. Аллоҳ бу нуқсондан покдир. Фаришталар Аллоҳнинг қизи эмас, муҳтарам бандаларидаир.)

27Улар ундан олдин сўз айтмаслар. Улар Унинг амри ила амал қилурлар.

28У зот уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам биладир. Улар фақат у зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар у зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар.

29Улардан ким: «Мен ундан ўзга илоҳман», деса, бас, ўшани жаҳаннам ила жазолармиз. Золимларни шундай жазолармиз.

30Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми? (Ояти карима маъноси хусусида тафсирчилар бир неча хил маънолар айтганлар. Биринчиси, Ибн Умар ва Ибн Аббослардан (р.а.) ривоят қилинган бўлиб, осмон ёпиқ эди, Биз уни очдик ва ёмғир-қор ёғдирдик, оқибатда ўша сув ила ҳамма тирик нарсалар пайдо бўлди, деган маъно чиқади. Иккинчиси, унга кўра осмонлару ер йўқ эди, уларни Биз яратдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бўлади.Учинчиси, Ҳасан, Қатодалардан (р.а.) ривоят қилинган бўлиб, осмонлару ер бир-бирига битишган бир нарса эди, уларнинг орасини Биз очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бор.Тўртинчиси ҳозирги замон баъзи тафсирчиларнинг фикрлари бўлиб: осмону ер, юлдузлару қуёш ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди, Аллоҳнинг иродаси ила кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди: қуёш алоҳида, ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам; сувдан эса, барча тирик нарсалар, инсон, ҳайвон ва набототлар пайдо қилинди. Булар, ояти кариманинг маъносини тушунишга уринишдир. Оятнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳнинг Ўзи билади.)

31Биз ерда уларни тебранмасликлари учун тоғлар қилдик ва шоядки тўғри йўл топсалар, деб унда даралар, йўллар қилдик.

32Ва осмонни сақлаган шифт қилиб қўйдик. Улар эса, Унинг аломатларидан юз ўгиргувчи бўлмоқдалар.

33У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар.

34Сендан олдин ҳам бирор башарга абадийликни қилганимиз йўқ. Агар сен ўлсанг, улар абадий қолар эканларми?

35Ҳар бир жон ўлимни татиб кўргувчидир. Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда бизгагина қайтарилурсиз.

36Куфр келтирганлар сени кўрганларида, масхара қилиб: «Худоларингизни зикр қилаётган шуми?!» дейишдан бошқани билмаслар. Ҳолбуки, улар Роҳманнинг зикрига ўзлари кофирдирлар.

37Инсон шошқалоқ ўлароқ яратилгандир. Мен, албатта, сизларга Ўз оят-аломатларимни кўрсатурман. Бас, мени шошилтирманглар.

38Улар: «Агар содиқ бўлсангиз, бу ваъда қачон бўладир», дерлар.

39Куфр келтирганлар юзларидан ва сиртларидан оловни тўса олмайдиган ва ўзларига ёрдам берилмайдиган вақтни билсалар эди.

40Йўқ! У уларга тўсатдан келиб, ҳайрату даҳшатга солур. Бас, уни рад қилишга қодир бўлмаслар ва уларга муҳлат ҳам берилмас.

41Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар масхара қилинган. Бас, уларни масхара қилганларга ўзлари масхара этиб юрган нарса тушди.

42Сен:«Кечаси ва кундузи сизни Роҳмандан ким қўрийди?» дегин. Йўқ! Улар Роббилари зикридан юз ўгиргувчилардир!

43Ёки уларнинг Биздан ўзга ҳимоя қиладиган «худо»лари борми? Улар ўзларига ҳам ёрдам беришга қодир бўла олмаслар ва Биздан дўстлик топмаслар. (Дўстлик топганларида ҳимоямизга ўтишлари мумкин эди. Лекин зинҳор биздан дўстлик топмаслар. Чунки улар бунга муносиб эмаслар. Кофирлар эса, буни ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Қачон ва қаерда сохта худолари уларга ҳомий бўлибди, бирор ёрдам қилибди, яхшилик етказибди?)

44Балки Биз уларни ва ота-боболарини баҳраманд қилдик, ҳатто уларга умр узун кўринди. Улар ерга келиб, уни атрофидан қисқартираётганимизни кўрмайдиларми?! Ғолиб келгувчи уларми? (Тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги ушбу жумла маъноси ҳақида бир неча хил фикр билдирганлар. Қадимги тафсирчиларимиз, ернинг атрофидан қисқартирилиши–куфр ерлари қисқариб Ислом ерлари кенгайиб бориши, деганлар. Мужоҳид ва Икрималар (р.а.), ернинг атрофидан қисқариши–хароб бўлиши, дейишган. Ал-Афвий Ибн Аббосдан (р.а.) қилган ривоятда эса, баракасининг қисқариши, дейилган. Аш-Шаъбий, агар ер қисқарадиган бўлса, унга сиғмай қолар эдинг, лекин жонлар ва мева-чева, ҳосиллар қисқаради, деган. Икрима (р.а.) ҳам, агар ер қисқарганида, ўтиргани жой топа олмай қолар эдинг, қисқариш ўлимдир, деб айтган. Кейинги давр тафсирчилари эса, роҳат-фароғатда яшаган, ернинг турли атрофларида ғолиб бўлиб, ўзининг сўзини ўтказиб турган давлатлар ва халқлар баҳрамандликдан ҳовлиқиб кетиб, ҳадларидан ошганларида, нуқсонга дучор қилинишлари–қисқартирилишларидир, дейдилар. Ушбу маънолар бир-бирини тўлдириб келади. Ҳар бир тафсирчи олим ўз замонасидаги воқеликдан, ўз тушунчасидан келиб чиқиб маъно айтган бўлади.)

45Сен:«Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман. Гунглар огоҳлантирилганларида даъватни эшитмаслар», дегин.

46Қасамки, агар уларга Роббинг азобидан салгина етса, албатта: «Ҳолимизга вой! Ҳақиқатда биз золимлар бўлган эканмиз», дерлар.

47Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирурмиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз.

48Батаҳқиқ, Биз Мусо ва Ҳорунга Фурқонни тақводорлар учун зиё ва эслатма қилиб бердик. (Аллоҳ таоло ояти каримада шундай китобни Мусо ва Ҳорунларга алайҳиссалом берганини эслатмоқда. Шу билан бирга, Таврот ҳам Фурқон сифатига, ҳам «тақводорлар учун зиё ва эслатма» сифатига эга экани баён қилинмоқда. Ҳа, илоҳий китоб зиёсидан баҳраманд бўлиш ва ундаги эслатмалардан ибрат олиш учун тақводор бўлиш керак. Бетавфиқ ва тақвосизлар унинг зиёсидан ҳам, эслатмасидан ҳам баҳраманд бўла олмайдилар.)

49Улар Роббиларидан ғойибона қўрқурлар ва улар (қиёмат) соатидан титрарлар.

50Бу, Биз нозил қилган муборак эслатмадир. Сизлар уни инкор қилгувчи бўласизларми?!

51Батаҳқиқ, илгари Биз Иброҳимга рушди ҳидоятни берган эдик. Биз унинг (ҳолини) билгувчи эдик. (Иброҳим Аллоҳ томонидан рушди ҳидоят берилган зотлар ичида аввалгиларидан бири эди. Биз унга рушдни бехосдан берганимиз йўқ. Биз Иброҳимнинг рушди ҳидоятга, Пайғамбар бўлишга лойиқ зотлигини яхши билар эдик.)

52Ўшанда у отасига ва қавмига: «Манави сиз ибодатига берилаётган ҳайкаллар нима?» деган эди.

53Улар: «Ота-боболаримизни уларга ибодат қилган ҳолларида топганмиз», дедилар.

54У: «Батаҳқиқ, сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатдасизлар», деди.

55Улар: «Сен бизга ҳақ ила келдингми ёки ўйин қилгувчиларданмисан?» дедилар.

56У: «Йўқ! Роббингиз осмонлару ернинг Роббидир. У зот уларни яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман.

57Аллоҳга қасамки, сизлар ортга ўгирилиб кетганингиздан кейин санамларингизга бир бало қиламан», деди. (Яъни, Иброҳим алайҳиссалом ўзлари билан тортишаётган қавмларига, уларнинг санамларига бир ёмонлик етказишлари аниқлигини қасам ила таъкидлаб айтдилар. Аммо нима қилишларини очиқ-ойдин айтмадилар. Араб тилида «санам» деб бош қисми инсон шаклига ўхшатиб ишланган бутларга айтилади.)

58Бас, уларни парча-парча қилиб ташлади. Магар энг каттасини, шоядки унга қайтсалар, деб қолдирди. (Мушрик қавм йиллик байрамларида шаҳардан ташқарига чиқар эди. Улар навбатдаги йиллик байрамни нишонлаш учун кетганларида Иброҳим алайҳиссалом ҳамма бутларни парча-парча қилиб ташладилар ва энг катта бутга тегмасдан қолдириб қўйдилар.)

59Улар: «Бизнинг худоларимизга ким бундай қилди?! Албатта, у золимлардандир!» дедилар.

60Улар: «Уларни эслаб юрган бир йигитни эшитган эдик, уни Иброҳим, деб айтиларди», дедилар.

61Улар: «Уни одамлар кўзи олдига олиб келинглар. Шоядки гувоҳ бўлсинлар», дедилар.

62Улар: «Худоларимизга буни сен қилдингми, эй Иброҳим?!» дедилар.

63У: «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди. Агар гапирадиган бўлсалар, улардан сўраб кўринглар», деди.

64Бас, улар ўзларига келдилар ва: «Албатта, сизлар ўзингиз золимдирсиз», дедилар. (Иброҳимнинг алайҳиссалом мантиқли саволларидан кейин мушриклар ўзларига келдилар.)

65Сўнгра яна бошлари айланиб: «Сен, батаҳқиқ, буларнинг гапирмаслигини билар эдинг!» дедилар.

66У: «Аллоҳни қўйиб, сиз ҳеч манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган нарсага ибодат қиласизми?!

67Сизга ҳам, Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган нарсаларингизга ҳам суф-э! Ахир, ақл юритиб кўрмайсизларми?!» деди.

68Улар: «Уни куйдиринглар! Агар (бир иш) қиладиган бўлсангиз, худоларингизга ёрдам беринг!» дедилар. (Яъни,Иброҳимни куйдириб юборишингиз худоларингизга ёрдам бўлади, дедилар. Хуллас, мушриклар катта гулхан ёқиб, Иброҳимни алайҳиссалом ўша гулханга отдилар.)

69Биз: «Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» дедик.

70Улар у(Иброҳим)га ёмонлик ирода қилган эдилар. Биз уларни энг зиёнкорлар қилиб қўйдик.

71Унга ва Лутга нажот бериб, оламлар учун баракали қилган ерга юбордик. (Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ва у кишининг жиянлари Лут алайҳиссаломга нажот берди. Қавмларига етган балодан уларни соғ-саломат олиб қолиб, «оламлар учун баракали қилган ер»га–Шомга юборди. Дарҳақиқат, Шом ери энг баракали ерлардан ҳисобланади. Барча Пайғамбарлар ўша жойдан чиққан. У ер муқаддас жой. У юртда Байтул Мақдис жойлашган.)

72Унга Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни зиёда қилиб бердик ва ҳаммаларини аҳли солиҳлар қилдик.

73Ва уларни Ўз амримиз ила ҳидоятга бошловчилар қилдик. Уларга яхшиликлар қилишни, намозни тугал адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик. Улар Бизга ибодат қилгувчилар бўлдилар.

74Ва Лутга ҳукм ва илм бердик ва унга ифлосликлар қилаётган қишлоқдан нажот бердик. Албатта, улар ёмон, бузғунчи қавм эдилар.

75Ва Биз уни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, у солиҳлардандир.

76Ва Нуҳни (эсла). Бундан олдин у нидо этганида, Биз унинг нидосига жавоб қилдик ва унга ҳамда унинг аҳлига улуғ ғамдан нажот бердик.

77Унга оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмга қарши нусрат бердик. Албатта, улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилдик. (Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари бошқа сураларда батафсил келган. Бу сурада сиёққа қараб икки оятда қисқача баён қилинмоқда.)

78Ва Довуд билан Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилаётганларини (эсла). Ўшанда у(экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди. Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик. (Ўз даврининг Пайғамбари ва подшоҳи бўлмиш Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига икки киши ораларида ҳукм чиқаришни сўраб келишибди. Улардан бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар эгаси экан. «Ўшанда у (экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди». Кечаси билан экинзорни пайҳон қилиб, еб битирган эди. Довуд алайҳиссалом икки томоннинг гапини эшитиб бўлиб, қўйларни экинзор эгасига берилишига ҳукм чиқардилар. Пайҳон бўлиб йўқолган экинзор ўрнига уни пайҳон қилган қўйларни олиб бериш айни адолат эди. Бу ҳукмдан кейин қайтиб кетаётган қўй эгаси Сулаймонни алайҳиссалом кўриб қолиб, бўлган ҳодисани у кишига айтиб берди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссалом олдиларига кирдилар ва «Эй Аллоҳнинг Набийи, ҳукм сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди», дедилар. Довуд алайҳиссалом: «Қандай бўлиши керак эди», дедилар. Сулаймон алайҳиссалом: «Қўйни экинзор эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса, қўй эгасига беринг, уни тузатиб асл ҳолига келтирсин. Сўнгра ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзор эгаси экинзорини эски ҳолига келгандан сўнгра қайтариб олади. Қўй эгаси ҳам қўйларини қайтариб олади», дедилар. Шунда Довуд алайҳиссалом: «Ҳукм сен чиқарган ҳукмдир», дедилар.)

79Бас, Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик. Довуд билан бирга тасбиҳ айтсин деб тоғларни ва қушларни бўйинсундириб қўйдик. Шуларни қилгувчи бўлган Бизмиз.

80Биз унга сизлар учун сизни ёмонликдан сақлайдиган кийим қилиш санъатини ўргатдик. Энди шукр қиларсизлар?!

81Сулаймонга шамолни қаттиқ эсувчи қилиб бердик. У(шамол)ни унинг амри ила, Биз баракали қилган ерга эсадиган қилиб қўйдик. Барча нарсани билгувчи бўлдик.

82Ва шайтонлардан унга ғаввослик қиладиганларни ва бундан бошқа амалларни қиладиганларни қилдик. Биз уларни муҳофаза қилгувчи бўлдик.

83Ва Айюбнинг ўз Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!» деганини эсла. (Айюб алайҳиссаломга жуда катта зарар етгани маълум. Лекин ўша зарарнинг айнан номини Қуръони Карим аниқ айтмайди. Ушбу оятда ҳам Айюбнинг алайҳиссалом Аллоҳга ёлбориб нидо қилаётганлари келяпти, холос.)

84Бас, Биз унинг (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва, обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик.

85Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир.

86Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир.

87Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди. (Зуннундан мурод Юнус алайҳиссаломдир. «Нун» балиқ дегани, Зуннун эса, балиқ эгаси дегани. Юнусни алайҳиссалом денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташланган. Шунинг учун Зуннун–балиқ эгаси, лақабини олганлар. У зотнинг қиссалари Ас-Саффот сурасида келади. Аммо бу сурада сиёққа мос равишда қисқача баён қилинмоқда. Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар. Уламоларимиз айтишларича, аслида у киши бошқа Пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло, у кишини балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда, «зулматларда туриб», яъни кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорни зулматида туриб, Аллоҳ таолога ёлбориб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».)

88Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз.

89Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен, Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди.

90Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳъёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар.

91Фаржини пок сақлаган аёлни эсла. Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга оят-белги қилдик. («Фаржини пок сақлаган» аёл деганда, Биби Марям назарда тутилган.)

92Албатта, сизнинг ушбу умматингиз бир умматдир ва Мен сизнинг Роббингизман. Бас, Менгагина ибодат қилинг.

93Улар эса ишларини парчаладилар. Барчалари Бизга қайтувчидирлар. (Аслида, ҳамма бир уммат бўлиб, бир динга ишониб, ягона Аллоҳга ибодат қилиши керак эди. Аммо одамлар бу йўлдан юрмай, ўзларича йўлларини, динлари ва ишларини бўлак-бўлак қилиб олдилар. Уларнинг ҳаммаси барибир охир-оқибат бизга қайтадилар. Ўшанда биз ўзимиз билиб ҳисоб-китоб қиламиз.)

94Ким мўмин ҳолида солиҳ амаллардан қилса, саъйи-ҳаракати зое кетмас. Албатта, Биз уни ёзиб қўйгувчидирмиз.

95Биз ҳалок қилган қишлоқ-шаҳарларнинг қайтмаслиги ҳаромдир. (Бу дунёдаги гуноҳлари учун йўқотиб юборилган шаҳар-қишлоқларнинг аҳолиси қиёмат куни жазоларини олиш учун қайтариладилар. Уларнинг қайтмасликлари мумкин эмас.)

96Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида.

97Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг, куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб: «Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик. Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар. (Каҳф сурасида айтиб ўтилганидек, қиёматнинг аломатларидан бири–Зулқарнайн қурган садд-тўғон очилиб, Яъжуж ва Маъжужлар чиқиб кетишидир, улар жуда кўп бўлиб, кўпликларидан юрганларида худди сел оққандек оқиб келар эканлар. Қиёмат қойим бўлгандаги ҳолни кўрсанг, унда «...куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб», яъни қотиб қолади. Шундай, ғафлатда эмас. Балки билиб туриб тайёргарлик кўрмаган эдик. Ишонмай, зулм қилган эдик, дейдилар.)

98Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ёқилғисидирсиз. Сизлар унга киргувчилардирсиз.

99Агар анавилар худолар бўлганида унга кирмас эдилар. Ҳаммалари унда абадий қолурлар. (Сизлар Аллоҳдан ўзга сиғинган нарсалар ҳақиқатда худолар бўлганида, жаҳаннамга кирмас эдилар. Аммо улар ҳеч қачон худо бўлган эмас, уларни сизлар худо деб олгансиз, шунинг учун жаҳаннамга тушмоқдалар.)

100У ерда уларга инграш бордир. Улар у ерда эшитмаслар.

101Албатта, Биздан уларга яхшилик раво кўрилганлар, ана ўшалар, ундан узоқлаштирилгандирлар. (Яъни, Аллоҳнинг мўмин бандалари, Аллоҳ уларга яхшиликни раво кўрган бандалар жаҳаннамдан узоқда бўладилар. Унинг яқинига ҳам келмайдилар.)

102Улар унинг чисирлашини эшитмаслар. Улар ўз нафслари иштаҳа қилган нарсалари ичида абадий қолгувчилардир.

103Уларни буюк даҳшат ғами босмас. Уларни фаришталар: «Бу сизларга ваъда қилинган кунингиздир», деб кутиб оларлар.

104Ўша кунда осмонни худди мактуб ёзилган дафтарни ёпгандек ёпамиз. Аввал қандай яратган бўлсак, шундай ҳолга қайтарамиз. Бу зиммамиздаги ваъдадир. Албатта, Биз буни қилгувчимиз. (Худди ҳисоб-китоб ёзиб борувчи шахс ишини тугатиб дафтарини ёпганидек, қиёмат кунида осмон шундай ёпилади. Демак, дунёдаги ишлар ҳаммаси битган, охирига етган бўлади. Энди ишга, амалга, савоб топиш ёки тавба қилишга фурсат қолмайди.)

105Батаҳқиқ, Биз зикрдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик. (Тафсирчиларимиз ушбу ояти каримадаги «зикр» ва «ер» сўзларидан кўзланган мақсад ҳақида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари, «зикр»дан мурод–Тавротдир, шунга кўра, оятнинг маъноси: «Батаҳқиқ, Биз Тавротдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик» бўлади, дейдилар. Бошқалари эса, «зикр»дан мурод–Лавҳул Маҳфуз, бинобарин, аввал ўша маънони Лавҳул Маҳфузга ёзиб, кейин Забурга ҳам ёзган эдик, маъноси чиқади, деганлар.«Ер» ҳақида эса, баъзи уламоларимиз оддий ер кўзда тутилган десалар, бошқалари жаннат ери назарда тутилган, дейдилар. Ушбу икки хил маънони қўшиб, ҳар иккиси кўзда тутилган, деса ҳам бўлади.)

106Албатта, бу(Қуръон)да ибодат қилгувчи қавм учун етарли ўгит бордир.

107Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик.

108Сен:«Менга фақат, албатта, сизнинг илоҳингиз битта илоҳдир, деб ваҳий этилади. Бас, сизлар мусулмон бўласизларми?!» деб айт.

109Агар улар юз ўгириб кетсалар: «Мен сизларга баробарлик бўлиши учун эълон қилдим. Сизга ваъда қилинаётган нарса яқинми ёки узоқми билмасман. (Яъни, иймон масаласида ҳамма баробар бўлиши учун, менга тушган ваҳийни эълон қилдим. Кейин бехабар эдик, деган даъво бўлмаслиги учун эшиттирдим.)

110Албатта, У сўзнинг ошкорасини биладир ва нимани беркитаётган бўлсангиз ҳам биладир.

111Билмайман, эҳтимол, бу сизлар учун синовдир ёки вақтинчалик ҳаловатдир»,деб айт. (Азобнинг келмай туриши эҳтимол синовдир, эҳтимол бу дунёнинг ҳузур-ҳаловатидан фойдаланиб олишингиз учун муҳлатдир.)

112У:«Эй Роббим, Ўзинг ҳақ ила ҳукм қил. Роббимиз Роҳмандир ва сизлар қилган васфлардан мадад сўраладиган зотдир», деди. (Яъни, Пайғамбар алайҳиссаломэй Роббим, мен омонатингни адо этдим. Кишиларга таълимотларингни етказдим. Энди ўзинг ҳақ ила ҳукм қилавер, дедилар.)

Chapter 22 (Sura 22)

1Эй одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, (қиёмат) соати зилзиласи улкан нарсадир.

2Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.

3Одамлардан Аллоҳ ҳақида билмасдан тортишганлари ва бебош шайтонга эргашганлари ҳам бор. (Аллоҳ таоло ҳақида, «билмасдан» тортишиш жоҳилликдир. Бундай тортишувга журъат қилган шайтонга эргашган бўлади.)

4Унга битилганки, албатта, унга ким дўст бўлса, шубҳасиз, уни адаштиради ва дўзах азобига «ҳидоят» қилади.

5Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топдирамиз. Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарамиз. Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қиламиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада тубан умрга етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрасан. Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканар ва кўпчир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир. (Сизнинг отангиз Одамни тупроқдан яратганмиз. Инсон йўқ эди. У отасининг нутфа-спермасидан дунёга келди. Оддий кўзга кўринмас ушбу маний ҳайвончалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?! Ана шу заррадан одам яратган Холиқ Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?! Қуръони Каримда «алақа» деб номланган босқичдаги ҳомила зулукдек бачадонга ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг суврати ҳақиқий зулук билан солиштирилса, уларни фарқлаб бўлмайди.Хўш, ўша зулукка ўхшаш қотган лахта қон билан инсон орасида қанча фарқ бор? Ҳомила ривожланиб, алақа-лахта қон шаклидан бир парча чайналган гўшт ҳолига ўтади. Ана ўшанда унга шакл киради. Шакл кирса, битган бўлади. Шакл кирмаса, битмаган бўлади, бачадондан тушиб кетади. Ҳеч ким уни эсламайди ҳам. Энди, ўша бир парча чайналган гўштга ўхшаш нарса билан инсон орасида қанча фарқ борлигини бир ўйлаб кўрайлик? Ўша гўштдан инсон яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!)

6Булар кўрсатурки, албатта, Аллоҳ ҳақ зотдир ва, албатта, У ўликларни тирилтирур ҳамда У ҳар бир нарсага қодирдир.

7Ва, албатта, (қиёмат) соати келгувчидир, бунга шубҳа йўқ. Ва, албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур.

8Одамлардан Аллоҳ ҳақида билмасдан, ҳидоятга ёки нурли китобга эга бўлмасдан туриб тортишадиганлари бор.

9Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун, бўйнини булқаб (тортишади). Унга дунёда расволик бор. Қиёмат куни унга куйдириш азобини тотдирамиз.

10Бундай бўлиши ўз қўлларинг тақдим қилган нарсалардандир. Албатта, Аллоҳ бандаларга зулм қилгувчи эмасдир.

11Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир. (Ислом тижорат эмаски, унга ўткинчи фойдани кўзлаб кирилса. Ислом–иймон, эътиқод, Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг йўлида жонни ҳам, молни ҳам фидо этиш, ҳар хил бало-офатларга бардош бериш демакдир. Ана ўша синовлардан ўтганлар икки дунё бахтига сазовор бўладилар. Аммо Исломга муайян фойдани кўзлаб кирган, ўша фойдага эришса, хурсанд бўлиб, эришмаса, динни тарк этиб, юз ўгириб кетадиган мунофиқлар икки дунёда зиён кўришлари муқаррар. Аслини олганда мунофиқ, Исломдан, Аллоҳдан юз ўгириб, қаёққа ҳам борарди, кимга ҳам топинарди?)

12У Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам бермайдиган, манфаат ҳам бермайдиган нарсага илтижо қилур. Шунинг ўзи қаттиқ адашишдир.

13У манфаатидан кўра зарари яқинроқ бўлганга илтижо қиладир. У қандай ҳам ёмон хожа ва қандай ҳам ёмон дўстдир!

14Албатта, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни Аллоҳ остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритадир. Албатта, Аллоҳ ирода этган нарсани қиладир.

15Кимки унга бу дунёю охиратда Аллоҳ нусрат беришига шубҳа қилса, бир восита топиб, осмонга осилсин, сўнгра уни кессин. Бас, назар солсин-чи, унинг бу ҳийласи ғам-ғуссани кеткизармикан?! (Аллоҳга иймони йўқ кишининг ҳоли шундай бўлади. Унинг бало-офатдан, ғам-ғуссадан қутулишга чораси йўқ. Аллоҳга иймони бўлмагани учун ундан нусрат келишига ҳам умид қилмайди. Шунинг учун ё осмонга чиқиб, ёрдам топсин, ё, ундай қила олмаса, ўзини оссин. Бошқа иложи йўқ.)

16Мана шундай қилиб, Биз у(Қуръон)ни очиқ-ойдин оятлар ҳолида нозил қилдик. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишиларни ҳидоят қиладир.

17Албатта, Аллоҳ қиёмат куни иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар, насоролар, мажусийлар ва ширк келтирганлар орасида Ўзи ажрим қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир.

18Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамлардан кўплари, албатта, Аллоҳга сажда қилишини кўрмайсанми? Кўпларига эса, азоб ҳақ бўлди. Кимни Аллоҳ хор қилса, уни икром қилгувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилади. (Демак, дунёдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади. Уларнинг қандай сажда қилишини Аллоҳнинг Ўзи билади. «Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар Аллоҳга сажда қилади», деб қўйилса, кифоя эди, бутун борлиқнинг сажда қилиши тушунаверилар эди. Лекин баъзи махлуқлар алоҳида қайд этилди, чунки баъзи одамлар ўша махлуқларга–қуёш, ой ва юлдузларга сажда қиладилар. Оятда ўша нарсаларнинг Аллоҳга сажда қилишини таъкидлашдан мақсад улар худо бўла олмаслигини яна бир бор таъкидлашдир. Бутун борлиқ ҳеч бир истисносиз Аллоҳга сажда қилаётгани айтилган бўлса ҳам, одамларга келганда, «кўплари» сажда қилмасликларига ишора этилмоқда. Ҳа, фақат одам боласигина Аллоҳга исён қилади. Аллоҳга сажда қилмагани учун, кофир бўлгани учун уларга азоб ҳақ бўлди. Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар икки дунёда хордир.)

19Мана бу икки ғаним Роббилари ҳақида талашган эдилар. Бас, куфр келтирганларга оловдан кийим бичилди. Бошлари устидан ўта қайноқ сув қуйиладир.

20У билан қоринларидаги нарсалар ва терилари эритилади.

21Улар учун темир гурзилар бор.

22Улар ҳар қачон ундаги ғамдан чиқмоқчи бўлсалар, унга қайтариладилар ва «Ёниш азобини тотинг!» дейиладир.

23Албатта, Аллоҳ иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Улар у ерда олтин билакузуклар ва инжулар ила безанурлар. У ердаги либослари эса, ипакдандир. (Бир-бирига қарама-қарши икки нарсани бир жойда, бир хил савияда васф қилишлик Қуръони Каримга хос хусусиятлардан биридир. Жаҳаннамда оловнинг азобига қўшимча қилиб, ўта қайноқ сув қуйилса, жаннатда соя-салқин боғлар остидан муздек зилол, ҳузурбахш сувлар оқиб турибди. Жаҳаннамда азоб устига азоб келса, жаннатда ҳузур устига ҳузур. Дўзахиларга оловдан кийим кийдирилса, жаннатиларга ипакдан кўйлак кийдирилади. Дўзахилар бошига темир гурзи билан урилса, жаннатиларга олтин ва инжулардан безак тақилган.)

24Улар ширин сўзга ҳидоят қилинурлар ва мақталган Зотнинг йўлига ҳидоят қилинурлар. (Жаҳаннам аҳлига «Ёниш азобини тотинг!» деб гурзи билан урилса, жаннат аҳлига ширин сўзлар айтилиб, Аллоҳ таолонинг йўлига ҳидоят қилиб қўйилади.)

25Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерли ва четдан келган одамлар учун баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганларга ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирамиз.

26Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин.

27Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар.

28Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.

29Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар», деганимизни эсла. (Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан, унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар Қурайш кофирларида эмас, мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга Қурайш кофирлари эмас, мусулмонлар ҳақлидирлар. Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир. Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Йўл узоқлигидан, машаққатлилигидан уловлари озиб-ҳориб кетса ҳам, келсинлар.Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Ҳаж мавсумнинг авжи, ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади, эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда«...ўзларидаги кирларни кетказсинлар...» дейишдан мақсад шу. «Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи, дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этишлик билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.)

30Ана шундай. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга риоя қилса, бас, бу Робби ҳузурида унинг ўзи учун яхшидир. Ва сизларга (келажакда) тиловат қилинадиганлардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Бас, бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинг ва ёлғон сўздан йироқ бўлинг.

31Аллоҳга бўлган иймондан оғманг, Унга ширк келтиргувчи бўлманг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўёки осмондан қулаб тушгану уни йиртқич қуш олиб қочган ёки уни шамол узоқ ерга учириб кетган кабидир. (Инсон иймонга эришганда, юқори мартабаларга эришган бўлади,кимки ўша юксак мартабани хоҳламай, Аллоҳга ширк келтирса, худди осмондан қулаб тушган каби бўлади.)

32Иш бундоқ. Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир. (Ушбу оят маъносида «нишонлар» деб таржима қилган ибора Қуръони Каримда «шаоир» деб айтилган. Бу «шаъийра» сўзининг жами–кўплиги, нишон, белги, аломат маъноларини билдиради. Бу сўз Аллоҳ таолога нисбат берилиб, «шаоируллоҳ–Аллоҳнинг нишонлари», дейилганда эса, Аллоҳнинг дини, Исломнинг кўзга кўринган, шон-шавкати аломати бўлган ибодатлар кўзда тутилади. Ушбу ояти каримада эса, қурбонликка сўйиладиган катта ҳайвонлар кўзда тутилмоқда.)

33Сизга у(нишон)ларда маълум вақтгача манфаатлар бордир. Сўнгра уларни (сўйиш) ҳалол макони «қадимги уй» (атрофи)дадир.

34Ҳар бир умматга уларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб берганига Аллоҳнинг исмини эслашлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз. Бас, илоҳларингиз бир илоҳдир. Бас, Унгагина мусулмон бўлинг. Итоатли, мутавозеъларга башорат бер.

35Улар Аллоҳ зикр қилинган вақтда қалблари титрайдиган ва ўзларига етган мусибатга сабр қилгувчилар ҳамда намозни тўкис адо этгувчилардир, уларга ризқ қилиб берган нарсамиздан инфоқ қиларлар.

36Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсангиз.

37Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат бер. (Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.)

38Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни мудофаа қиладир. Албатта, Аллоҳ барча хоин ва кофирларни хуш кўрмас.

39Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир. (Демак, кофирлар аввал мусулмонларга қарши уруш очган. Мусулмонлар ҳужумга ва зулмга учраганлар. Энди улар ўзларини ҳимоя қилмасалар, бўлмайди. Кофирлар уларни йўқ қилиб юборишлари мумкин. Мусулмонлар урушга кирсалар, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир.)

40Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир.

41Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарарлар. Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир. (Ояти каримадаги «Уларга ер юзида имкон берсак» жумласидан «макон берсак» маъноси ҳам тушунилади. Бунга қўшимча «ер юзида нусрат, ғалаба берсак» маънолари ҳам чиқади. Диёрларидан «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун чиқарилган мусулмонларга ер юзида макон, нусрат, ғалаба–имкон берсак: Ховлиқиб кетмайдилар, балки Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қиладилар, у билан боғланишни кучайтирадилар. Аллоҳ хоҳлаган оқибатини келтириб чиқаради. Хоҳласа, мағлубиятни ҳам ғалабага айлантириб юборади.)

42Агар сени ёлғончи қилаётган бўлсалар, бас, булардан олдин Нуҳ қавми, Од ва Самуд ҳам ёлғончи қилган эдилар.

43Иброҳим қавми, Лут қавми.

44Мадян эгалари ҳам. Ва Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен кофирларга бир оз муҳлат бердим, сўнгра уларни тутдим. Бас, Менинг инкорим қандоқ бўлди?! (Албатта, ўта шиддатли бўлди. Ўта қўрқинчли бўлди. Ўша кофир, жиноятчи, Пайғамбарларини ёлғончига чиқарган қавмларнинг баъзиларини тўфон азоби тутди. Баъзиларини ер ютди, зилзила ва бошқа азобларга дучор бўлдилар.)

45Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларни зулм қилгувчи бўлган ҳолида ҳалок этдик. Бас, улар (ҳозирда) шифтлари қулаган, ташландиқ қудуқ, (ҳувиллаган) юксак қаср (ҳолидадир).

46Ахир, ер юзида айланиб юрмайдимиларки, уларга ақл этадиган қалблар, эшитадиган қулоқлар бўлсин. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, кўксилардаги қалблар кўр бўлур. (Ўша кофирлар ер юзида айланиб юрганларида, ўтган кофирлардан қолган асарларни кўрар эдилар. Уларни кўриб, тафаккур қилганларида қалблари таъсирланиб, ақллари кирар эди. Одамлардан ўтган золим кофир қавмлар нима учун ва қандай қилиб ҳалокатга учраганлари ҳақидаги ривоятларни эшитар, улардан ибрат олар эдилар.)

47Улар сендан азобнинг тезроқ келишини сўрарлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас. Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун, сиз санайдиган минг йилдекдир. (Модомики кофирларга азоб юборишни ваъда қилдими, уларга Аллоҳнинг азоби, албатта, келади. Шошилмай турсинлар. Азобни қачон юборишни Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло ҳеч шошилмайди. «Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун сиз санайдиган минг йилдекдир». Шунинг учун ҳам У зот шошилмайди.)

48Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларга зулм қилгувчи бўлган ҳолида ҳам муҳлат бердим. Сўнгра уларни (азобга) тутдим. Қайтиш фақат менгагинадир.

49Сен: «Эй одамлар! Мен сизлар учун фақат бир очиқ огоҳлантиргувчиман, холос», деб айт.

50Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга мағфират ва икромли ризқ бордир.

51Бизнинг оятларимизни ожиз қолдирмоқчи бўлиб, саъйи-ҳаракат қилганлар, ана ўшалар жаҳийм эгаларидир.

52Биз сендан илгари ҳеч бир Расул ва Набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказур. Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Луғат жиҳатидан қарайдиган бўлсак «Таманний» сўзи араб тилида «олий орзу» (ажНабий тилдаги «идеал») маъносини англатади. Шунинг учун ҳам ояти карима маъносини таржима қилишда бу сўзни шу ҳолда қолдиришни раво кўрдик. Ушбу ояти каримада, бу олий орзу бошқа Расул ва Набийларда ҳам бўлганлиги, бу кўпроқ шайтон томонидан нотўғри фикр ёки ҳолатларга олиб бориши мумкинлиги, аммо Аллоҳ доимо Ўзи Пайғамбарларни бундан сақлаб келганлиги айтилмоқда. Ушбу ҳолат Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳаётларида бир неча марта кўрилган.)

53Шайтон ташлайдиган нарсанинг қалбларида касали борларга ва қалблари тошларга фитна бўлиши учундир. Албатта, золимлар (ҳақдан) узоқ тортишувдадирлар.

54Илм берилганлар у(Қуръон) Роббингдан келган ҳақ эканини билишлари, унга иймон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши учундир. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир.

55Куфр келтирганлар, уларга (қиёмат) соати тўсатдан келгунича ёки қисир Кун азоби келгунича у(Қуръон)дан шубҳада бўлишда давом этурлар. (Кофирлар қиёматгача Қуръони Карим Аллоҳдан келган ҳақ эканига шубҳада бўладилар. Шунинг учун иймон келтирмайдилар. Лекин бу билан фақат ўзларига зиён қиладилар, холос.)

56Ўша кунда ҳукмронлик (ёлғиз) Аллоҳгагина хосдир. У улар орасида ҳукм қилур. Бас, иймон келтирганлар ва яхши амал қилганлар нозу неъмат жаннатларидадирлар.

57Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса, бас, ана ўшаларга хорловчи азоб бордир.

58Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганлар, сўнгра ўлдирилиб ёки вафот этганларни, албатта, Аллоҳ гўзал ризқ ила ризқлантирур. Албатта, Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг энг яхшисидир. (Ҳижрат Аллоҳ йўлида ватандан, қариндош-уруғдан, молу дунёдан, турли қулайликлардан узоқда бўлишдир. Ҳижрат барча Пайғамбарлар, улуғ зотлар бошидан ўтказган ҳолатдир. Исломда эса, Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) ва у кишининг сафдошлари–саҳобаларнинг бир қисми ҳаётидаги катта синовдир. Аллоҳ таоло уларнинг Маккадан Мадинага қилган ҳижратларидан сўнг Исломга фатҳу футуҳ, шону шавкат берди.)

59Албатта, У зот уларни ўзлари рози бўладиган жойга киритур. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳалим зотдир.

60Иш бундоқ. Ким ўзига иқоб қилинганига ўхшаш иқоб қилсаю, сўнгра унга яна зўравонлик қилинса, Аллоҳ, албатта, унга нусрат берур. Албатта, Аллоҳ авфли ва мағфиратли зотдир. (Биров зулмга учраб, бошқа бир киши томонидан иқобга учраса, қасос олиш тариқасида ўша золимдан ўзига қилинган иқоб даражасида ўч олсаю, сўнгра унга яна тажовуз қилинса, ўша одамга Аллоҳ ёрдам беради. Чунки у зулм қилмаяпти, ҳаддидан ошмаяпти, фақат ўз ҳаққини талаб қиляпти. Бошқа томон эса, аввал ноҳақдан тажовузкорлик қилган эди. Тажовузига яраша жавоб келганида, тушуниб ўзини тийиши керак эди. Аммо у яна тажовузкорлик қилди.)

61Чунки Аллоҳ, албатта, кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчи зотдир. (Доимий сувратда кеча кундузга, кундуз кечага кириб туради. Буни Аллоҳга куфр келтириб, гердайиб юрган одамлар ҳам, бошқалари ҳам қила олмайди. Буни фақат Аллоҳ таологина қилади. Аллоҳнинг бу ишини биров тўхтата олмаганидек, у зотнинг мазлумларга нусрат беришини ҳам тўхтата олмайди.)

62Чунки Аллоҳнинг Ўзигина ҳақдир, Ундан бошқа топинаётганлари эса, ботилдир. Албатта, Аллоҳ юксак ва буюкдир.

63Аллоҳ осмондан сув туширганида, ернинг ям-яшил бўлишини кўрмадингми?! Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва хабардор зотдир.

64Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Албатта, Аллоҳ, Унинг Ўзигина беҳожат ва мақталган зотдир. (Аллоҳ таоло осмонлару ердаги нарсаларга эга бўлганидан, У зотнинг ҳеч бир нарсага ҳожати йўқ. Шундай ҳам мақталган, ҳамду сано эгаси бўлган зотдир. Ўзидан бошқа ёрдамчига Унинг ҳожати бўлмаганидек, бировнинг мақтовига ҳам ҳожати йўқдир.)

65Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир. (Инсоф билан фикр ишлатиб қаралса, Аллоҳ таоло ер юзидаги ҳамма нарсаларни инсон фойдаси учун, унга бўйсунадиган, унга беминнат хизмат қиладиган қилиб қўйган. Ҳаводан тортиб, тошу тоққача, набототу жамодот, катта-кичик жонзотлар, ҳамма-ҳаммаси инсон учун хизматкор. Уларнинг эвазига инсондан ҳақ талаб қилинмайди.)

66Сизларни тирилтирган, кейин ўлдирадиган, сўнгра (қайта) тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир. Албатта, инсон ўта ношукрдир. (Инсонга ҳаёт бериб, уни йўқдан бор қилган ким?! Албатта, Аллоҳ! Ана шу зотга шукр қилиб, Унга иймон келтириб, Унинг ибодатини қилса, бўлмасмиди?! Бу дунёда яшаб юрган инсонни ўлдирадиган ким?! Албатта, Аллоҳ! Ўлганларни қиёмат куни қайта тирилтирадиган, уларни сўроқ-саволга тутадиган, қилганига яраша мукофот ёки жазо берадиган ким?! Албатта, Аллоҳ! Шундай экан, инсон ўша кунга тайёргарлик кўрса бўлмасмиди?! «Албатта, инсон ўта ношукрдир». Шунинг учун ҳам Аллоҳга куфр келтиради. Унга исён қилади. Унинг кўрсатган йўлидан юрмайди.)

67Биз ҳар бир умматга шариат берганмиз. Улар ўшанга амал қилгувчилардир. Бас, бу ишда ҳаргиз сен ила низо қилмасинлар. Роббингга даъват қил. Албатта, сен мустақийм ҳидоятдасан.

68Агар улар сен билан тортишсалар: «Аллоҳ нима қилаётганингизни билгувчидир.

69Аллоҳ қиёмат куни сиз ихтилоф қилган нарса бўйича орангизда ҳукм қиладир», деб айт.

70Аллоҳ, албатта, осмону ердаги нарсани билишини, ана ўша, албатта, китобда эканини ва, албатта, у нарса Аллоҳга осон эканини билмайсанми?! (Ушбу оятдаги савол иқрор қилдириш маъносидадир. Яъни, билар эдинг-ку, дейилмоқда. Ояти каримадаги «китоб»дан мурод «Лавҳул маҳфуз»дир. Демак, ҳукм қилиш Аллоҳ таоло учун ҳеч нарса эмас.)

71Улар Аллоҳни қўйиб, У зот ҳақларида бирон ҳужжат туширмаган, ўзларида у ҳақда илм бўлмаган нарсага ибодат қиладилар. Золимларга ҳеч бир нусрат бергувчи йўқдир.

72Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинаётганида, куфр келтирганларнинг юзларида инкорни кўрурсан. Улар ўзларига оятларимизни тиловат қилиб бераётганларга чанг солишга оз қолурлар. Сен уларга: «Бунингиздан ҳам ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? У дўзахдир. Аллоҳ уни куфр келтирганларга ваъда қилгандир. Ва у нақадар ёмон қайтиш жойидир», деб айт.

73Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг! Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди. (Бошқа катта жонзотларни қўйсинлар-у, энг кичик, энг ҳақир, энг аҳамиятсиз кўринган пашшани яратишга уриниб кўрсинлар. Ярата олмаслар. Хўш, энди бир дона пашшани ярата олмаган бутга қандай қилиб топиниш, сиғиниш, айтганини (агар айтолса,) қилиш мумкин? Асло мумкин эмас. Умуман ақлга, мантиққа тўғри келмайди. Пашша жуда заиф, ҳақир жон. Аммо, у сабаб бўлиб баъзи бир касалликларни ташиб келтирса, ҳаммаси тўпланиб, ҳаракат қилса ҳам, ўша касалликдан зарар кўраётганни ёки ўлаётганни қутқариб қололмайдилар. Буни ҳамма ҳаётда кўрган. «Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди». Яъни, Аллоҳдан ўзганинг ибодатини талаб қилувчи ҳам, ибодати талаб қилинган нарсалар ҳам ожиздирлар. Бирон нарса қўлларидан келмас.)

74Улар Аллоҳнинг қадрини жойига қўймадилар. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир. (Яъни, улар ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига эътиқод қилишлари, фақат Унгагина ибодат қилишлари лозим эди. Аммо улар Аллоҳнинг қадрини билмадилар, унга ширк келтирдилар, Ундан ўзгаларга топиндилар.)

75Аллоҳ фаришталардан ва одамлардан Пайғамбарлар танлар. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва кўргувчидир.

76У зот уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги нарсани билур. Барча ишлар ёлғиз Аллоҳгагина қайтарилур.

77Эй иймон келтирганлар! Рукуъ, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки нажот топсангиз.

78Ва Аллоҳ (йўлида) ҳақ жиҳод қилингиз. У сизларни танлаб олди. Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади. Бу отангиз Иброҳимнинг миллати. У сизларни бундан олдин ва бу(Қуръон)да Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса, одамларга гувоҳлар бўлишингиз учун мусулмонлар деб номлади. Бас, намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар. У сизнинг хожангиздир. Бас, У зот қандай ҳам яхши хожа ва қандай ҳам яхши нусрат бергувчи. (Суранинг охиридаги ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Ислом умматига нидо қилмоқда. Бу нидо мусулмонларга энг маҳбуб мурожаат билан «Эй иймон келтирганлар», деб бошламоқда. Бу нидо ўзидан кейин келадиган амрларни алоҳида кўтаринки руҳда адо этишга ундайди. Ундан кейин келаётган амрлар эса, рукуъ, сажда қилмоқликдир.)