Part 18

 

Chapter 23 (Sura 23)

1Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар.

2Улар намозларида хушуъ қилувчилардир.

3Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир.

4Улар закотни адо қилгувчилардир.

5Улар фаржларини сақловчилардир.

6Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир.

7Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир.

8Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир.

9Улар намозларини муҳофаза қилувчилардир.

10Ана ўшалар ворис бўлгувчилардир.

11Улар Фирдавсни мерос олурлар, улар унда абадий қолгувчилардир.

12Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик.

13Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик.

14Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир.

15Сўнгра, албатта, сизлар бундан кейин ўлгувчисизлар.

16Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат куни қайта тирилтирилурсизлар.

17Батаҳқиқ, Биз устингизда етти йўлни яратдик. Биз махлуқотдан ғофил бўлган эмасмиз. (Эй одамлар, Биз устингизга етти табақа осмонни яратиб қўйганмиз. Шундай жонсиз, мустаҳкам ва чексиз нарсаларда нима бўлаётганини ҳам билиб турамиз.)

18Биз осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерга жойлаштирдик. Албатта, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз. (Осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерда қарорлаштириш ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир. Ким керакли миқдорда осмондан сув тушира олади? Ердаги ҳамма сув осмондан ўлчов билан тушгандир. Ортиқча ҳам эмас, кам ҳам эмас. Шунинг ўзини ибрат назари билан ўйлаган одам иймонга келиши керак. Сувни келтирган зот кетказа олмасмиди? Аллоҳ таоло сувни кетказишига далил сифатида баъзан маълум жойларни сувдан бебаҳра қилиб қўяди. Ўша ерда қурғоқчилик бўлиб, ҳамма нарса ҳалокатга юз тутади. Ана шу қурғоқчилик ҳодисалари ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилади. Улар ҳам одамларни иймонга чақирадиган ибратли нарсалардир.)

19Ва у(сув) ила сиз учун хурмо ва узум боғлари пайдо қилдик, сизга у(боғ)ларда кўп мевалар бўлиб, улардан ерсизлар.

20Ва Тури Сийнодан чиқадиган бир дарахтни (пайдо қилдикки), у ёғ ва егувчиларга нонхуриш ила ўсур. (Яъни, ҳам ёғ, ҳам нонхуриш сифатида ишлатиладиган, кўпроқ Тури Сийнода ўсадиган зайтун ҳам ибратга сазовор дарахт саналади.)

21Албатта, сиз учун чорва ҳайвонларида ибрат бордир. Биз сизни уларнинг қоринларидаги нарса ила суғорурмиз ва сиз учун уларда кўпгина манфаатлар бор ва улардан ерсизлар.

22Ва уларга ва кемаларга юкланурсизлар.

23Батаҳқиқ, Биз Нуҳни қавмига юбордик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир. Наҳотки қўрқмасангиз?!» деди.

24Бас, унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлари: «Бу сизга ўхшаш башар, холос, сиздан афзал бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ хоҳласа, фаришталарни туширар эди. Аввалги ота-боболаримизда буни эшитган эмасмиз.

25У фақат бир жинни одам, холос. Бас, уни бир оз муддат пойлаб туринг», дедилар.

26У: «Эй Роббим, мени ёлғончи қилганларга қарши менга нусрат бер», деди. (Нуҳ алайҳиссалом ҳақиқий нусрат қаердалигини яхши билганлари учун дарҳол Аллоҳга илтижо қилиб, ўзларини ёлғончи санаганларга қарши ёрдам сўрадилар.)

27Бас, Биз унга: «Бизнинг кўз ўнгимизда ва ваҳийимиз ила кема яса. Бас, Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора бўлганда, у(кема)га ҳар бир турдан бир жуфтдан ва аҳлингни чиқар, магар кимнинг зиддига олдин сўзимиз ўтган бўлса (чиқарма). Зулм қилганлар ҳақида Менга хитоб қилма. Албатта, улар ғарқ қилингувчилардир.

28Бас, сен ўзинг билан бирга бўлганлар ила кемага жойлашиб олгач: «Бизни золим қавмлардан қутқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дегин.

29Ва: «Эй Роббим, мени муборак манзилга туширгин, Сен, Ўзинг манзилга туширгувчиларнинг энг яхшисисан», дегин», дедик.

30Албатта, бунда оят-ибратлар бордир. Албатта, Биз синовчи бўлган эдик.

31Сўнгра улардан кейин бошқа авлодларни пайдо қилдик. (Яъни, Нуҳ ва унинг қавмидан кейин бошқа халқларни пайдо қилдик.)

32Бас, уларнинг ичига ўзларидан бўлган Пайғамбарни: «Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир, наҳотки, қўрқмасангиз», деб юбордик. (Эътибор берадиган бўлсак, бу Пайғамбар ҳам Нуҳ алайҳиссаломнинг сўзларининг айнан ўзини такрорламоқда. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқлигини таърифламоқда ва Аллоҳга иймон келтирмай юриш қўрқинчли эканини уқтирмоқда.)

33Унинг қавмидан куфр келтирган, охиратга рўбарў бўлишини ёлғонга чиқарган ва Биз уларни ҳаёти дунёда маишатпараст қилиб қўйган зодагонлари: «Бу сизга ўхшаган башар, холос. Сиз еган нарсадан ейди, сиз ичган нарсадан ичади.

34Агар ўзингизга ўхшаган башарга итоат қилсангиз, унда, албатта, сиз зиёнкорлардандирсиз.

35У сизга, ўлсангиз, тупроқ ва суяк бўлсангиз ҳам, албатта, чиқарилгувчи бўлишингизни ваъда қилмоқдами?!

36Ҳайҳот! Ҳайҳот! Сизга ваъда қилинган нарса нақадар узоқ!

37Шу дунёдаги ҳаётимиздан бошқа ҳаёт йўқдир. Ўламиз, тириламиз ва биз қайта тирилгувчи эмасмиз.

38У фақат Аллоҳга нисбатан ёлғон уйдирган одам, холос. Биз унга иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар. (Бу қавмнинг жавоби ҳам моҳиятан Нуҳ қавми жавобининг айнан ўзи. Бу сафар ҳам қавм номидан зодагонлари жавоб бермоқда.)

39У: «Эй Роббим, мени ёлғончи қилганларга қарши менга нусрат бер», деди.

40У зот: «Озгинадан сўнг улар надомат чекувчи бўлурлар», деди. (Яъни, Аллоҳ таоло у Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуоларини қубул қилди. У зот алайҳиссаломга нусрат берадиган бўлди. Ва сабр қил, озгина вақтдан сўнг у кофирлар пушаймон қилувчи бўладилар, деди.)

41Бас, уларни ҳақ ила қичқириқ олди. Бас, Биз уларни хасу чўпга айлантирдик. Даф бўлсин золим қавмлар!

42Сўнгра улардан кейин бошқа аср авлодларини пайдо қилдик. (Яъни, қиссаси келтирилган ўша қавмдан кейин бошқа турли қавмларни дунёга келтирдик.)

43Ҳеч бир уммат ўз ажалидан олдин ҳам кетмас, ортда ҳам қолмас.

44Сўнгра Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик. Ҳар қачон бир умматга ўз Пайғамбари келса, уни ёлғончи қилдилар. Бас, Биз ҳам уларни баъзилари ортидан баъзиларини (ҳалокатга) эргаштиравердик ва уларни гапу сўзга айлантирдик. Бас, даф бўлсин иймон келтирмайдиган қавмлар!

45Сўнгра биз Мусо ва биродари Ҳорунни оятларимиз ва очиқ ҳужжат ила юбордик.

46Фиръавн ва унинг аъёнларига. Бас, улар мутакаббирлик қилдилар ва ўзини юқори қўйган қавм бўлдилар.

47Бас, улар: «Ўзимизга ўхшаган икки башарга иймон келтирамизми?! Ҳолбуки, уларнинг қавми бизга қуллик қилгувчи бўлиб турибди-ку?!« дедилар. (Яъни, қандай қилиб ўзимизга ўхшаган, қўлимизда қул бўлиб турган Бани Исроил қавмининг икки одамига Пайғамбар деб иймон келтирамиз, дедилар.)

48Бас, икковларини ёлғончи қилдилар ва ҳалок қилинганлардан бўлдилар.

49Батаҳқиқ, Биз, шоядки, ҳидоят топсалар, деб Мусога Китобни берган эдик.

50Ибн Марямни ва унинг онасини оят-аломат қилдик ва икковларини оқар сувли қароргоҳ тепаликка жойладик. (Ийсо ибн Марям алайҳиссаломни ва у кишининг оналари Биби Марямни Аллоҳ Ўз қудратига далолат қилувчи мўъжиза-аломат ўлароқ юборди ва Байтул Мақдис еридан оқар суви бор, бир тепаликка жойлади.)

51Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман.

52Албатта, сизнинг бу умматингиз ягона умматдир. Мен эса, Роббингизман. Бас, Менгагина тақво қилинг. (Эй Пайғамбарлар, сизнинг динингиз Исломдир.Роббингиз бўлган Аллоҳга тақво қилинг.)

53Бас, улар ишларини ўз ораларида пора-пора қилиб бўлиб юбордилар. Ҳар фирқа ўз ҳузурларидаги нарса ила хурсанддирлар. (Пайғамбарлар бир динда бўлган эдилар. Аммо улардан кейингилар ягона динни турли фирқаларга парчалаб юбордилар.)

54Бас, сен уларни ғафлатларида бир муддат қўйиб қўй.

55Улар Бизнинг ўзларига молу дунё ва фарзандлар ила мадад бераётганимизни.

56Уларга яхшиликларни тезлатишимиз, деб ҳисоблайдиларми? Йўқ! Улар сезмаслар.

57Албатта, Роббиларидан қўрқиб хавфда турувчилар.

58Ва Роббилари оятларига иймон келтирадиганлар.

59Ва Роббиларига ширк келтирмайдиганлар.

60Ва берадиган нарсаларини, албатта, Роббиларига қайтгувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берурлар.

61Ана ўшалар яхшиликларга шошилурлар ва улар ўша(яхшилик)лар учун мусобақа қилурлар.

62Биз ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари таклиф қилмасмиз. Ҳузуримизда китоб бор. У ҳақни сўзлайдир. Уларга зулм қилинмас.

63Йўқ! Уларнинг қалблари бундан ғафлатдадир. Уларнинг бундан бошқа амаллари бордир. Улар ўша (амал)ларни қилгувчидирлар.

64Токи уларнинг маишатпарастларини азоб ила тутганимизда, бирдан фарёд солурлар.

65Энди, бугун фарёд солманг! Албатта, Биз томонимиздан сизга нусрат қилинмас.

66Батаҳқиқ, Менинг оятларим сизга тиловат қилинар эди. Сиз эса, ортингизга қочар эдингиз.

67У(Каъба) билан кибрланар, тунги суҳбатингизда беҳуда сўзлар айтар эдингиз.

68Наҳотки улар бу сўзни тадаббур қилиб кўрмадилар? Ёки уларга аввалги ота-боболарига келмаган нарса келибдими?

69Ёки ўз Пайғамбарларини танимасдан улар унга инкор қилгувчи бўлмоқдаларми?

70Ёки, унда жиннилик бор, дейдиларми? Йўқ! У уларга ҳақ ила келди. Уларнинг кўплари эса, ҳақни ёмон кўргувчидирлар. (Муҳаммад (с.а.в.) уларга ҳақ дин ила келди. Шунинг учун улар Исломдан юз ўгирмоқдалар. Улар ҳақни ёмон кўрадилар.)

71Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди. Йўқ! Биз уларга ўз шарафларини келтирдик. Улар эса, шарафларидан юз ўгирмоқдалар. (Ҳақ битта, яъни, Аллоҳнинг динидир. Ҳамма ҳаққа эргашмоғи лозим. Чунки ҳақ битта, одамларнинг ҳавойи нафслари эса, чексиздир. Инчунин, ҳавойи нафс ила ҳақиқатга эришиб бўлмайди. Қачон ҳавойи нафснинг кўйига тушилса, фасодга учралади. Аллоҳдан келган ҳақ–Ислом одамларни йўлга солиши керак. Аммо одамлар у ҳақдан–Исломдан юз ўгирмоқдалар. Ҳақни–Исломни ҳавойи нафсларига эргаштиришни истайдилар. Биз келтирган Қуръон–Ислом–ҳақ улар учун шарафдир. Ким ҳаққа эргашса, амал қилса, шон-шарафга эга бўлади.)

72Ёки сен улардан харож сўраяпсанми?! Бас, Роббингнинг харожи яхшироқдир. У зот энг яхши ризқ бергувчидир.

73Албатта, сен уларни тўғри йўлга чақирасан.

74Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганлар бу йўлдан озгувчидирлар.

75Агар уларга раҳм қилиб, уларга етган зарарни кушойиш қилсак ҳам, туғёнларида бардавом бўлиб, адашиб-улоқиб юраверадилар.

76Батаҳқиқ, Биз уларни азоб ила тутдик, бас, улар Роббиларига бўйин ҳам эгмадилар, тазарруъ ҳам қилмадилар.

77Токи қачон уларга шиддатли азоб эшигини очганимизда, тўсатдан ноумид бўлгувчилардир.

78У зот сизга қулоқни, кўзлару қалбларни пайдо қилган зот. Нақадар оз шукр қилурсиз!

79У зот сизларни ер юзида яратиб, таратгандир. Ва Унгагина тўпланурсизлар.

80У зот тирилтирур ва ўлдирур. Кечаю кундузнинг алмашиниши ҳам Унга оид. Наҳотки ақл юритмасангиз?

81Йўқ! Улар аввалгилар айтган нарсага ўхшаш нарсани айтдилар.

82Улар: «Биз ўлиб тупроқ ва суяк бўлганимиздан кейин ҳам-а? Биз, албатта, қайта тирилтирилувчимизми-а?

83Батаҳқиқ, бизга ҳам, бундан олдин ота-боболаримизга ҳам бу ваъда қилинган эди. Бу аввалгиларнинг афсонасидан бошқа нарса эмас», дедилар.

84Сен: «Агар билсангиз, Ер ва ундаги кимсалар кимникидир?» деб айт.

85«Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Наҳотки эслатма олмасангиз?!» дегин.

86Сен: «Етти осмоннинг Робби ким? Улуғ аршнинг Робби ким?» деб айт.

87Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Наҳотки қўрқмасангиз?!» деб айт.

88Сен: «Агар билсангиз (айтинг-чи), ҳар бир нарсанинг мулки қўлида бўлмиш, Ўзи ҳимоя қиладиган ва Ундан ҳимоя қилинмайдиган зот ким?!» деб айт. (Яъни, хоҳлаган кишисини Ўз ҳимоясига ола биладиган, бошқалар Ундан ҳимоялана олмайдиган зот ким?)

89«Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Қандоқ ҳам сеҳрланмоқдасиз-а?!» деб айт. (Агар ўша нарсалар Аллоҳники эканини билсангиз, нима учун Аллоҳга иймон келтирмаяпсиз?! Кофир ҳолингизда юрибсиз? Буни фақат сеҳрланган одам қилиши мумкин, холос. Сиз қандоқ ҳам сеҳрлангансиз-а?! Ушбу саволлар мушрикларга, Аллоҳга ширк келтирадиганларга берилмоқда. Бунда Аллоҳга турли-туман бут-санамларни ширк келтирадиганлар ҳам, аҳли китоб бўла туриб, Аллоҳга баъзи шахсларни ширк келтирадиганлар ҳам баробардирлар. Чунки уларнинг ҳаммаси Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот бирор нарсани ярата олмаслигини, бирор нарсага молик бўла олмаслигини билгани ҳолда, Аллоҳнинг ваҳдониятига эмас, ширкка қараб юрадилар. Улар бу ишни ҳужжат-далил йўқлигидан қиладиларми?)

90Йўқ! Биз уларга ҳақни келтирдик. Улар эса ёлғончилардир.

91Аллоҳ ҳеч бир фарзанд тутмаган, У билан бирга ҳеч бир илоҳ бўлмаган. Шундоқ бўлганида, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсаси билан кетиб, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Аллоҳ улар қилаётган васфдан пок бўлди. (Яъни, Аллоҳдан бошқа яна илоҳ бўлганида, у ҳам ўзига бирор нарсаларни яратган бўлар эди. Оқибатда ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсани ўзича тасарруф қилавериб, дунёнинг низоми бузилар эди. Ҳар бир илоҳ ўзиникини ўтказаман деб уриниши натижасида ораларида низо чиқар, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Дунё низоми бузилар эди. Бу ақида Аллоҳдек зотга айб, нуқсонни васф қилишдир.)

92У ғайбни ва ҳозирни билгувчидир. У улар ширк келтираётган нарсадан олийдир. (Аллоҳ таоло ҳамма нарсани–ғайбни ҳам, ҳозирни ҳам билгувчи зотдир. У зот мушриклар ширк келтираётган нарсадан олийдир.)

93Сен: «Эй Роббим, агар менга, албатта, уларга ваъда қилинган нарсани кўрсатадиган бўлсанг.

94Эй Роббим, мени золим қавмлар ичида қилмагин», деб айт.

95Албатта, Биз уларга ваъда қилаётган нарсамизни сенга кўрсатишга қодирмиз.

96Сен эса, ёмонликни гўзал нарса ила даф қил. Биз нима васф қилаётганларини яхши билгувчимиз.

97Сен: «Эй Роббим, сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман!

98Сендан, эй Роббим, уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман», деб айт.

99Токи улардан бирига ўлим келган чоғда: «Эй Роббим, мени (ҳаётга) қайтаргин.

100Шоядки тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам», дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир.

101Бас, қачонки сурга пуфланганда, у кунда ораларида на насаб қолур ва на бир-бирларини суриштирурлар. (Яъни, қиёматдан дарак бергувчи сурга пуфланган пайтда ҳар ким ўзи билан овора бўлиб, одамлар орасида наслу насаб алоқалари қолмас. Балки ҳамма отаси, онаси, ака-укаси, бола-чақасидан қочадиган бўлиб қолади.)

102Кимнинг мезонлари оғир келса, бас, ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир.

103Кимнинг мезони енгил келса, бас, ана ўшалар, ўзларига зиён қилибдилар. Жаҳаннамда абадий қолгувчи бўлибдилар.

104Юзларини олов куйдирур. Улар унда бадбашара ҳолда бўлурлар.

105Сизларга оятларим тиловат қилинган эмасмиди?! Бас, сиз уларни ёлғонга чиқарган эмасмидингиз?! (Шунда улар ўз айбларига иқрор бўладилар.)

106Улар: «Эй Роббимиз, бадбахтлигимиз ўзимиздан устун келиб, залолатга кетган қавм бўлган эканмиз.

107Эй Роббимиз, бизни бу (дўзах)дан чиқаргин, агар яна (эски ҳолимизга) қайтсак, бас, албатта, золимлардан бўлурмиз«, дерлар.

108У зот: «У(ер)да хор бўлиб қолаверинг ва Менга гапирманг!

109Аниқки, Менинг бандаларимдан бир гуруҳи: «Эй Роббимиз, Биз иймон келтирдик. Бизни мағфират қилгин. Бизга раҳм қилгин. Сенинг Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшисисан», деган эдилар.

110Бас, сиз уларни масхара қилдингиз. Ҳаттоки улар (ни масхара қилиш) сизга Менинг зикримни унуттирди. Сиз улардан кулар эдингиз.

111Албатта, Мен бугун уларни сабр қилганлари учун мукофотладим. Албатта, улар ўзлари ютуққа эришгувчилардир.

112У зот: «Ер юзида неча йил қолдингиз?» деди.

113Улар: «Бир кун ёки куннинг баъзисича қолдик. Ҳисобловчилардан сўра», дедилар.

114У зот: «Агар билсангиз, жуда оз қолдингиз, холос», деди. (Энди кўрадиган кунингизга нисбатан жуда оз қолдингиз.)

115Наҳотки Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?! (Эй мушриклар, наҳотки Биз сизни беҳудага яратган бўлсак? Наҳотки сиз охиратда бизга қайтарилмасангиз?!)

116Бас, ҳақ подшоҳ Аллоҳ юксакдир. Ҳеч бир илоҳ йўқ. Магар у–карамли Аршнинг Робби бор.

117Ким Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилса, бу хусусда ҳеч бир далили йўқдир. Бас, унинг ҳисоби фақат Роббининг ҳузуридадир. Албатта, кофирлар нажот топмаслар. (Аллоҳга бошқа илоҳни шерик этганлар, ҳеч бир далил-ҳужжатсиз ширк келтирган бўладилар. Ундоқ одамлар билан Аллоҳ таоло Ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Суранинг аввалида мўминларнинг, албатта, нажот топишлари айтилган эди. Суранинг охирида эса, кофирларнинг нажот топмасликлари таъкидланмоқда. Ва ниҳоят, охирги оятда Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўраш тавсия қилинмоқда.)

118Сен: «Эй Роббим, мағфират қил, раҳм қил. Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшисисан», деб айт.

Chapter 24 (Sura 24)

1(Бу бир) сурадир. Биз уни нозил қилдик. Биз уни фарз қилдик. Биз унда очиқ-ойдин оятларни нозил қилдик. Шоядки эсласангиз.

2Зинокор аёл ва зинокор эркак, икковларидан ҳар бирини юз даррадан уринг. Агар сиз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган бўлсангиз, сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин. Ва уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар. (Никоҳда бўлмай, эр-хотинлик ҳаётини таниб олмаганлар зино қилсалар, ушбу оятнинг ҳукмига биноан юз даррадан урилади.)

3Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир. (Зинокор Ислом жамияти жисмидан умуман олиб ташланади. Гувоҳлиги қабул қилинмайдиган бўлади, мўминлар билан никоҳда бўлишдан ман этилади ва ҳоказо.)

4Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир.

5Магар бундан кейин тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилганлар (мустасно). Зеро, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир.

6Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб, фақат ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаганлар эса, бас, улардан ҳар бирининг гувоҳлиги Аллоҳнинг номи ила тўрт марта, албатта, у ростгўйлардан эканлиги ҳақида шоҳидлик беришдир.

7Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини (айтишликдир).

8Ва у(аёл)дан азобни қайтарадиган нарса, Аллоҳнинг номи ила тўрт марта, албатта, у(эр) ёлғончилардандир, деб шоҳидлик беришидир.

9Бешинчисида эса, агар у(эр) ростгўйлардан бўлса, ўзи(аёл)га Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтишликдир).

10Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида!.. Албатта, Аллоҳ тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва ўта ҳикматли зот бўлмаганида эди!..

11Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир тўдадир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир. (Ислом душманлари ақлий тортишувларда, жанг майдонларида мусулмонлардан устун кела олишларига кўзлари етмаганидан кейин мусулмонларнинг энг кучли нуқтасини заифлаштириш учун очиқдан-очиқ иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма қилишга ўтдилар. Гапни бошқа ёққа буриб, ҳақиқатдан четга чиқиш, ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш араб тилида »ифк« дейилади. Мунофиқлар Ойиша онамизга нисбатан ифк уюштирдилар. Уларнинг ифкига баъзи содда мусулмонлар ҳам қўшилдилар. Орада катта фитна чиқди. Ойиша онамизни зино қилганликда айблай бошладилар. У кишига нисбатан ифк–иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма уюштирилди. Бу ҳодиса »Ифк ҳодисаси« номи билан машҳурдир.)

12У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?!

13У(ифкчи)лар ўша(ифк)га тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда ана ўшалар ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар.

14Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни, албатта, буюк азоб тутар эди.

15Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у(ифк)ни ўзингизга енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир.

16Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмайди. Сен, Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!« десангиз бўлмасмиди?!

17Агар мўмин бўлсангиз, ҳаргиз у(ифк)га ўхшаш нарсага қайтмаслигингизни Аллоҳ сизга ваъз-насиҳат қилур.

18Аллоҳ сизга оятларни баён қилур. Ва Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир.

19Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар.

20Агар сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида... Ва, албатта, Аллоҳ ўта шафқатли ва раҳмли бўлмаганида...

21Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фоҳиша ва мункарга буюради. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хохлаган кишини поклайдир. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир.

22Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир». (Ойиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Аллоҳ таоло мени оқлаш учун ушбу оятларни нозил қилганида Абу Бакр (у киши қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турардилар): »Аллоҳга қасамки, Ойиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди. Абу Бакр (р.а.) дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар».)

23Албатта, покиза, ғофила ва мўмина аёлларга (бўҳтон) тоши отганлар, бу дунёю охиратда лаънатланурлар. Уларга катта азоб бордур.

24У кунда тиллари, қўллари ва оёқлари қилиб юрган амаллари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берур.

25Ўша кунда Аллоҳ уларнинг ҳақ жазоларини тўлиқ берур ва улар Аллоҳнинг Ўзи очиқ ҳақ эканини билурлар.

26Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар у (бўҳтончи)лар айтаётган нарсалардан поклангандирлар. Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир. (Шу билан ифк ҳодисаси — мусулмонлар жамоасини катта мусибатга солган ҳодиса ҳақидаги оятлар ниҳоясига етди. Бу ҳодиса Пайғамбар (с.а.в.) оиласининг поклигини ва бу оилани Аллоҳнинг Ўзи сақлашини исбот этди.)

27Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз. (Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилсагина, турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Икки томон ҳам ҳижолатга тушади. Балки хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Баъзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши, устига бегона эркак кириб, орада иғво, бўҳтон, фитна чиқиши мумкин.)

28Бас, агар у(уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманг. Агар сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир.

29Маскан бўлмаган, сиз учун фойда бор уйларга (изнсиз) киришингизда гуноҳ йўқдир. Аллоҳ нимани ошкор қилаётганингизни ва нимани яширин қилаётганингизни билади.

30Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир.

31Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар». (Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга (с.а.в.) хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва аврат беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришини буюрмоқда. Муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир. Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса, юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги ҳам зарур. Номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак. Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади. Аёл киши ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим, беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин. Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.)

32Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир.

33Никоҳ (имкони)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар. Қўлларингизда мулк бўлганлардан (озодлик) васиқасини истайдиганлари бўлса, бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар ила васиқа ёзинг ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг. Ҳаёти дунёнинг ўткинчи матоҳини истаб, покликни ирода қилган чўриларингизни фоҳишаликка мажбур қилманг. Ким уларни мажбур қилган бўлса, бас, албатта, Аллоҳ улар мажбур қилганларидан кейин ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ушбу ояти каримада учта муҳим масала–никоҳга қодир бўлмаганлар нима қилишлиги, озод бўлишни истаб, ўз хожаси билан шартнома тузган, маълум маблағ эвазига озод бўлишга ҳаракат қилаётган қулу чўрилар ва фоҳишабозлик, яъни, баъзи аёлларни зинога мажбурлаб пул топишга уриниш масалалари муолажа этилмоқда.)

34Батаҳқиқ, Биз сизларга очиқ-ойдин оятларни, сиздан олдин ўтганлардан мисолни ва тақводорлар учун ваъзни нозил қилдик.

35Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Унинг нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида, шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқилур. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир. (Суранинг номи ушбу ояти каримадан олинган. Бу ояти карима «Нур» ояти деб ҳам номланади. Оятда Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз зоти олийсини «Нур» деб атамоқда. Лекин бу нур сиз билан бизнинг тушунчамиздаги моддий, кўзга таъсир ўтказадиган ёруғлик нури эмас. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати сиз билан бизнинг тасаввуримизга тўғри келмайди. Бу жумлани баъзи уламоларимиз, «Аллоҳ осмонлар ва ерни мунаввар қилгувчидир», деб тушунтирганлар. Бошқа бирлари эса, «Аллоҳ осмонлару ерни вужудга келтиргувчидир», деганлар. Яна бошқалари, Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни, яъни, борлиқни Ўз нуридан яратгандир, деган маънода тафсир қилганлар. Бу тушунчаларнинг ҳаммаси араб тилида «нур» сўзи ифода этадиган маънолардан олингандир. «Нур» сўзи аслида ўзи зоҳир бўлиб, ўзгаларни ҳам зоҳир этувчи вужудга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, қоронғуликда ёруғлик зоҳир бўлиб, аввал ўзи кўринади ва шунинг баробарида атрофни ҳам ёритади-кўрсатади.)

36(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар;

37Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар.

38Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг гўзали ила мукофотлаши ва фазли карамидан зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур.

39Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги саробга ўхшайдир. Чанқоқ одам уни сув деб ҳисоблайдир. Қачонки, унинг олдига келса, ҳеч нарсани топмас. Ва у олдида Аллоҳни топур. Бас, У зот унинг ҳисобини тўлиқ қилур. Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилгувчидир. (Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳоли ажойиб услуб ила васф этилмоқда. Ўзлари чанқоқ одамга, амаллари эса, саҳродаги саробга ўхшатилмоқда. Мунофиқлар ҳам бу дунёда ўзларича, у қилдим-бу қилдим, деб амалларини санаб, »яхши-яхши« умидлар билан охират томон кетаверадилар. Қиёмат қоим бўлиб, »манзил«га етганларида эса, ҳеч нарса топмайдилар. Қилган амалимизнинг савобини топамиз, деб борган жойларида Аллоҳни топадилар ва Аллоҳ уларни бекаму кўст ҳисоб-китоб қилади.)

40Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшайдир. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса, булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас. (Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳолати ажойиб услуб ила васф қилинмоқда. Яъни, денгизни катта тўлқин қоплаб олгандир. Бу тўлқин эса, зулмат устига зулматдир. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўша қоп-қора тўлқиннинг устидан қоп-қора булут қоплаб турибди. Бу зулматлар остида кофир ва мунофиқ қандай қилиб Аллоҳнинг нурини кўрсин. У ўз қўлини кўра олмагандан кейин, Аллоҳнинг нурини кўра олмаслиги турган гап.)

41Аллоҳга осмонлар ва ердаги бор жонзот ва саф тортган ҳолидаги қушлар тасбиҳ айтишини ҳам кўрмайсанми?! Ҳар бири ўз дуоси ва тасбиҳини, батаҳқиқ, билмишдир. Аллоҳ нима амал қилишларини ўта билгувчидир.

42Осмонлар ва ернинг мулки Аллоҳникидир ва қайтиш ҳам фақат Аллоҳгадир.

43Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра бирга тўплашини, сўнгра уйиб қўйишини кўрмаяпсанми?! Бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсан. У зот осмондан, ундаги тоғлардан дўл тушириб, у билан Ўзи хоҳлаган кишиларга мусибат етказур ва уни Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Унинг чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказгудек бўлур.

44Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта, бунда кўзи борлар учун ибрат бордир.

45Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.

46Батаҳқиқ, Биз очиқ-ойдин баён қилгувчи оятларни туширдик. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят қиладир.

47Улар: «Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва итоат қилдик», дерлар. Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетурлар. Ана ўшалар мўмин эмаслар. (У гуруҳ–мунофиқлардир. Улар тиллари билан: «Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва итоат қилдик», дейдилар. Лекин иймонга амални қўшмайдилар. Оғизлари билан иймонли эканлари ҳақида сафсата сотсалар ҳам, ҳаётда иймон тақозоси ила амал қилмай, Ислом шариатига юришни истамай, бошқа қонун-қоидалар асосида яшашга уринадилар. Аллоҳга ва Пайғамбарга (с.а.в.) иймонлари борлигини айтсалар ҳам, уларга итоат этишлари ҳақида оғиз кўпиртириб сўзласалар ҳам, амал қилмайдилар. Уларга, айниқса, Нур сураси ўқилганда юраклари сиқилиб кетади. Чунки бу сура уларга зинони, очиқ-сочиқликни, ахлоқий бузуқлик бўлмиш ҳавойи нафснинг хоҳишларини ман қилиб, одоб-ахлоқ доирасида ҳалол-пок яшашни таклиф этади. «Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетурлар». Тиллари билан айтган гапларига амал қилиш керак бўлганда юз ўгириб, бошқа томонга қараб кетадилар.)

48Уларни қачонки Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланса, баногоҳ улардан бир гуруҳи юз ўгиргувчилардир.

49Агар ҳақ улар(тарафда) бўлса, у (Пайғамбар)га бўйин эгиб келурлар.

50Уларнинг қалбларида мараз борми?! Ёки шубҳа қилдиларми?! Ёхуд Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари уларга зулм қилишидан қўрқадиларми?! Йўқ! Уларнинг ўзлари золимлардир.

51Албатта, мўминларнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланганларидаги гаплари: «Эшитдик ва итоат қилдик», демоқларидир. Ана ўшаларнинг ўзларигина нажот топгувчилардир.

52Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришгувчилардир.

53Улар агар амр қилсанг, албатта, (жиҳодга) чиқишлари ҳақида Аллоҳ номи билан жон-жаҳдлари ила қасам ичадилар. Сен: «Қасам ичманглар! (Бу жиҳод) маълум тоатдир! Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганларингиздан хабардордир», деб айт.

54Сен: «Аллоҳга итоат қилинглар, Пайғамбарга итоат қилинглар. Бас, агар юз ўгириб кетсангиз, у(Пайғамбар)га ўзига юклатилган нарса, сизга ўзингизга юклатилган нарса. Агар унга итоат қилсангиз, ҳидоят топурсиз. Пайғамбарнинг зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ», деб айт.

55Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар, ўзлари фосиқлардир. (Олдинги ўтган умматлардан қайси бири Аллоҳ таолога иймон келтирган ва бу иймони ҳақиқий бўлиб, бутун вужудини қамраб олган ҳамда ўша ҳақиқий иймонлари тақозоси ила солиҳ амаллар қилиб ҳаёт кечирган бўлса, Аллоҳ таоло уларни ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлаб қўйган эди. Ер юзида ҳукми юритилиши учун уларни Ўзига ўринбосар қилиб қўйган эди. Энди ўшалар каби ер юзида халифа бўлиш имконияти фақат Муҳаммаднинг (с.а.в.) умматларида бордир. Уларнинг мазкур халифаликка эришишлари учун асосий шарт–иймон келтириб, амали солиҳ қилишдир. Ислом уммати қачон ушбу шартни бажарганида, Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиққан.)

56Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар. Шоядки раҳм қилсангиз.

57Сен куфр келтирганларни ер юзида қочиб қутула олгувчилардир, деб ҳисоблама! Уларнинг жойи дўзахдир. У нақадар ёмон борар жойдир!

58Эй иймон келтирганлар! Қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. (Ушбу) уч вақт, сиз учун авратдир. Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ. Улар сизнинг атрофингизда, бир-бирингизга айланиб турувчидирсиз. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир. (Ушбу ояти каримада зикри келаган шахслар уч вақтда, албатта изн сўрашлари керак: «...бомдод намозидан олдин...» Чунки бу вақтда одам ҳали ўрнида ётган бўлади. «...пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда...» Қуръон нозил бўлган иссиқ ўлкаларда пешин вақтида ечиниб, салқинлаб, дам олмасликнинг ҳеч иложи йўқ. «...хуфтон намозидан сўнг». Бу вақтда ҳам кишилар ечиниб, дам олаётган бўлади. «(Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир». Яъни, авратлар очиладиган вақтдир. Шунинг учун қул ва чўрилар ҳам, балоғатга етмаган ёш болалар ҳам изн сўраб кирсинлар. Одатда хизматчилар ва ёш болаларнинг кириб чиқишлари кўп бўладиШунинг учун мазкур аврат вақтларидан бошқасида изн сўрамай киришларига рухсат берилди.)

59Қачон сизнинг ёш болаларингиз балоғатга етсалар, улардан олдингилар изн сўраганидек, изн сўрасинлар. Аллоҳ Ўз оятларини сизга ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир.

60Аёллардан (кексайиб) ўтириб қолганлари, никоҳни умид қилмайдиганларига зийнатларини кўз-кўз қилмаган ҳолда кийимларини қўйишларида гуноҳ йўқдир. Иффат талабида бўлсалар, ўзлари учун яхшидир. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир. (Ушбу оятдаги «кийимлари»дан мурод катта ёпинчиқ ва ҳамда устдан кийиладиган ридодир. Аёл киши ўта қариб, никоҳдан умуман умидсиз бўлиб қолганда паранжи-чиммат қилмасликка рухсат бор. Лекин, шундай бўлса ҳам, иффатларини сақлаганлари ўзлари учун яхшидир. Аммо воқеъликда қари аёлларнинг ўраниб-чирманиб, ёшларнинг очилиб-сочилиб юргани кўрилади. Бу ҳам, яъни, ёшларнинг бу ҳолати шариатга бўйинсунмасликнинг бир кўринишидир.)

61Кўзи ожизга гуноҳ-танглик йўқдир. Чўлоққа гуноҳ-танглик йўқдир. Беморга гуноҳ-танглик йўқдир. Сизнинг ўзингизга ҳам ўз уйингиздан ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё ака-укаларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг уйларидан ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан ё сиз калитига молик бўлган ёки дўстингиз (уйидан) емоқлигингизда (гуноҳ-танглик) йўқдир. Сизларга жамланган ёки тарқоқ ҳолда емоқликда ҳам гуноҳ-танглик йўқдир. Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Шоядки ақл юритсангиз. (Ушбу ояти кариманинг аввалида кўзи ожиз, чўлоқ ва бемор кишиларга нимада гуноҳ бўлмаслиги, танглик йўқлиги ҳақида муфассир уламоларимиз ихтилоф қилишган. Бир гуруҳлари, уларнинг жиҳодга чиқмай қолишларида гуноҳ ва танглик йўқ, дейдилар. Бошқалари, бу ерда эса, сўз жиҳод ҳақида эмас, балки айнан таом емоқ ҳақида кетмоқда, шунинг учун ҳам мазкур жумлани «таом ейишда уларга гуноҳ ва танглик йўқ», деб тушунмоқ керак, дейдилар ва бу фикрларини тасдиқловчи ривоятларни келтирадилар. Иккинчи тоифа муфассирларнинг фикрлари кучлироқдир. «Калитга молик бўлиш» уй эгасининг калитни ишониб топшириб қўйишидир. Ана шундай кишилар инсоф билан, қоринлари тўйгунча есалар, бўлаверади. Ойиша онамиздан Имом аз-Зуҳрий қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) билан жиҳодга жўнаб кетаётган мусулмонлар уйлари калитларини ўзлари билган кишиларга топшириб, ҳожатингиз тушганда емоқни сизга ҳалол қилдик, деб кетар эканлар. Аммо калитни олиб қолганлар, қуруқ манзират учун айтилган бўлса керак, деб ўзларини тийишаркан. Ушбу оят билан уларга Аллоҳ ҳам изн берган.)

62Албатта, мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган кишилардир. Улар у (Пайғамбар) билан бирга жамловчи (муҳим) ишда бўлсалар, ундан изн сўрамасдан туриб кетиб қолмаслар. Албатта, сендан изн сўрайдиганлар, ана ўшалар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирадиганлардир. Улар баъзи ишлари учун сендан изн сўрасалар, улардан кимга хоҳласанг, изн бер ва улар учун Аллоҳга истиғфор айт. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир.

63Пайғамбарнинг орангиздаги даъватини бир-бирингизнинг даъватингизга ўхшатманг. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизлардан паналаб, аста-аста суғирилиб чиқиб кетадиганларни яхши биладир. Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар. (Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласи ҳақида уламолар уч хил фикр айтганлар. Учала фикр ҳам бир-бирини тўлдириб келади. Биринчи фикрга биноан, Пайғамбарни чақиришда, бир-бирингизни чақиришингиздаги лафзларни қўлламанг, дегани. Иккинчи фикрга кўра, Пайғамбарнинг чақириғини, буйруғини бошқаларнинг чақириғи каби оддий қабул қилманг, балки алоҳида аҳамият ва эътибор билан қабул қилинг, деганидир. Учинчи фикрга кўра эса, Пайғамбарнинг дуосини, бошқаларнинг дуосига ўхшатманг, деганидир. У зотнинг дуоси, албатта, қабул бўлиши муқаррардир.)

64Огоҳ бўлинглар! Албатта, осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. У зот сизнинг қай ҳолатда эканингизни яхши биладир. Унинг Ўзига қайтариладиган кунда эса, қилган амаллари ҳақида уларга хабар берур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчи зотдир.

Chapter 25 (Sura 25)

1Оламларга огоҳлантирувчи бўлсин учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир.

2У осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир.

3У Зотдан бошқа, ҳеч нарса ярата олмайдиган, ўзлари яратиладиган, ўзлари учун зарарга ҳам, нафга ҳам эга бўлмайдиган, ўлимга ҳам, ҳаётга ҳам, қайта тирилишга ҳам молик бўлмайдиган «худо»лар тутдилар.

4Куфр келтирганлар: «Бу (Қуръон) уйдирмадан бошқа нарса эмас. Уни ўзи уйдириб олди ва бунда унга бошқа қавмлар кўмак бердилар», дедилар. Бас, шубҳасиз, зулм ва ёлғон гувоҳлик келтирдилар.

5Улар: «Бу аввалгиларнинг афсонасидир. Уларни ёздириб олган. Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қилинур», дедилар. (Аввалги мушриклар ҳар қанча жоҳил бўлсалар ҳам, ҳозиргиларга қараганда бир оз инсофли бўлган экан. Улар ҳозирги мушрикларга ўхшаб, «ёзиб олган», демасдан, «ёздириб олган», демоқдалар. Чунки улар Муҳаммаднинг (с.а.в.) ўқиш ва ёзишни билмасликларини яхши биладилар. Шунинг учун афсоналарни бошқаларга ёздириб олган, дедилар. Яъни, ўша афсоналар Муҳаммадга (с.а.в.) эртаю кеч айтиб турилади, дейдилар.)

6Сен:«Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот нозил қилди. Албатта, У мағфиратли ва раҳмли Зотдир», дегин. (Қуръонни ҳамма нарсани билгувчи зот–Аллоҳ нозил қилгандир. Ҳамма нарсани билгувчи зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади. Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб олишга ҳожат йўқ. Балки бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир. Қуръони Каримда эса, ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Кишиларни улардан ўрнак олишга чақирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда.)

7Улар: «Бу не Пайғамбарки, таом еб, бозорда юрадир?! Унга бир фаришта туширилса эди, у билан огоҳлантиргувчи бўлар эди.

8Ёки унга хазина ташланса ёхуд унинг боғи бўлсаю ундан еса», дедилар. Золимлар: «Сизлар фақат сеҳрланган кишига эргашяпсизлар, холос», дедилар.

9Сенга қандай мисоллар келтирганига назар сол! Бас, улар йўлдан оздилар. Энди йўл топишга қодир эмаслар.

10Агар хоҳласа, сенга ўшандан яхшироғини–остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларни ва қасрларни қилиб берадиган Зот баракотли ва улуғ бўлди. (Аллоҳ хоҳласа, бу нарсаларни истаган лаҳзада Пайғамбарига ато этиши ҳеч гап эмас. Лекин мақсад боғу роғ ва қасрлар эмас. Мақсад ҳамма нарсанинг холиқи Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдир.)

11Йўқ! Улар соат(қиёмат)ни ҳам ёлғонга чиқардилар. Ва Биз соат(қиёмат)ни ёлғонга чиқарганларга дўзахни тайёрлаб қўйдик. (Кофирлар, қиёмат бўлмайди, дедилар. Қиёмат бўлади, деяётганларнинг гапи ёлғон, дедилар. Ҳолбуки, дўзах уларни кутиб турибди. Ушбу мушриклар тўппа-тўғри ўша тайёр дўзахга равона бўладилар.)

12Вақтики у уларни узоқ жойдан кўрганида, унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитурлар. (Қиёмат соатини ёлғонга чиқарганларга Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган дўзах шу даражада даҳшатлики, у кофирларни узоқдан кўриши билан ғазаби тўлиб-тошиб, қайнаб ўкира бошлайди.)

13Унинг тор жойига кишанланган ҳолларида ташлаганларида эса, ўша жойда (ўзларига) ҳалокат тиларлар.

14Бугунги кунда бир ҳалокатни эмас, кўп ҳалокатни тиланглар! (Бир марта ҳалок бўлиб қутулиб кета олмайсизлар. Ҳали кўп ҳалок бўласизлар. Ўзингизча, ҳалок бўлсак, бу азоблардан қутулармиз, деб ўйламанглар.)

15Бу яхшими ёки тақводорларга тайёрлаб қўйилган мангулик жаннати яхшими? У (жаннат) улар учун мукофот ва қайтиш жойидир.

16Уларга у ерда хоҳлаган нарсалари бор, абадий ҳолда қолурлар. Бу Роббинг зиммасидаги масъулиятли ваъдадир. (Жаннатда тақводор мўминларга истаган нарсалари бор. Жаннатда нималар борлигини санаб адоғига етиб бўлмайди. Шунинг учун осонгина, истаган нарсалари бор, деб қўйилди.)

17У(мушрик)ларни ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларини тўплаган кунда У зот: «Анави бандаларимни сизлар адаштирдингизми ёки улар ўзлари йўлдан оздиларми?!» дейдир. (Бу дунёда мушрик бўлиб, Аллоҳдан ўзга нарсаларга ибодат этиб, ўшаларнинг «айтгани»ни қилиб, ўшаларнинг «розилиги»ни тилаб ўтган манави бандаларнинг мушрик бўлишлари сабаби нима? Уларни ўша «худо»лари адаштирдими? Ёки ўзлари йўлдан оғдиларми?)

18Улар: «Эй пок Парвардигор, Сендан ўзгани дўст тутмоқ биз учун ярашмас. Лекин сен уларни ва ота-боболарини (шунчалик) ҳузурлантирдингки, ҳатто улар зикрингни унутдилар ва ҳалокат қавми бўлиб қолдилар», дерлар.

19Батаҳқиқ, улар сизларни айтаётган нарсангизда ёлғончига чиқардилар. Энди (азобни) буришга ҳам, ёрдам олишга ҳам қодир бўлмассиз. Сиздан ким зулм қилган бўлса, унга азобни тортдирамиз.

20Биз сендан олдин юборган Пайғамбарларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қиласизлармикин?! Роббинг кўргувчи бўлган зотдир. (Оддий башардан Пайғамбар юбориб одамларни синовга учратдик, баъзилари синовдан ўта олмай, оддий башар ҳам Пайғамбар бўладими, деб йўлдан адашди. Уларнинг бу тасарруфлари эса, иймонлилар учун синов бўлди.)