Part 2

 

142Одамлардан эси пастлари: «Буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан?» дейдилар. «Машриқу мағриб Аллоҳники, кимни хоҳласа, ўшани тўғри йўлга бошлайди», деб айт. (Ояти карима келажакда рўй берадиган муҳим бир ишнинг хабарини бермоқда. Вақти етиб, Аллоҳнинг амри ила қибла Байтул Мақдисдан Каъбаи Муаззамага ўзгартирилганда, яъни, мусулмонлар аввалги қиблани қўйиб бошқасига юз ўгирганларида, яҳудийлар–одамлардан эси пастлари, буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан, дейдилар. Бундай кўнгилсиз гаплар бўлишини аввалдан билдириб қўяётганининг бир боиси, бўлғуси ёмон таъсирни кесишдир.)

143Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани ортга бурилиб кетадиганлар ким-у Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиш учунгина қилганмиз. Гарчи бу иш Аллоҳ ҳидоятга солганлардан бошқаларга оғир бўлса ҳам. Аллоҳ иймонингизни зое қилмайди. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир. (Аллоҳ таоло мусулмонларни ўрта уммат қилган. Биз «ўрта» деб таржима қилган сўз арабчада «васат» деб келган ва яхши, ўрта, марказ ва адолатли маъноларини англатади. «Ўрта» маънода кўпроқ ишлатилгани учун таржимага шу маъно ихтиёр қилинди. Ўртанинг яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. Ўртага адолат маъноси берилишининг сабаби эса, «ўрта» атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди. Оятдан, худди сизлар ўзларингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблаларингизни ҳам шундоқ қилдик, деган маъно чиқади.)

144Гоҳо юзингни осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз. Албатта, китоб берилганлар уни Роббиларидан бўлган ҳақ эканини биладилар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир.

145Агар китоб берилганларга барча ҳужжатларни келтирсанг ҳам, сенинг қиблангга эргашмаслар. Сен ҳам уларнинг қибласига эргашувчи эмассан. Ва улар бир-бирларининг қибласига эргашувчи эмаслар. Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавою нафсларига эргашсанг, унда, албатта, золимлардан бўлурсан. (Ушбу ояти каримада аҳли китобларнинг табиати, феълидаги муҳим нуқта тушунтириляпти: уларга ҳужжат-мужжат керак эмас, уларнинг Исломга нисбатан душманликлари далил ва тушунчанинг етишмаслигидан эмас, балки билиб, тушуниб туриб қилинаётган душманликдир. Аҳли китоблар қиблангга эргашмайдилар, дейилишидан ҳам қибла бутун бошли дин ва миллатнинг рамзи эканлиги кўриниб турибди.)

146Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар. Ва, албатта, улардан бир гуруҳлари билиб туриб ҳақни беркитадилар. (Инсон ўз боласини ҳаммадан яхши танийди. Чунки бола унинг жигарбанди, унда ўзининг қони, ҳис-туйғулари ва бутун вужуди аксини топган. Баъзи ҳолларда боланинг ўзи у ёқда турсин, ҳидидан ҳам танийди. Шунга қиёсан зарбулмасал қилиб айтиляптики,«Китоб берилганлар уни (Муҳаммад алайҳиссаломни) худди болаларини танигандек танийдилар». Чунки уларнинг муқаддас китоблари Таврот ва Инжилда охирзамон Пайғамбари ҳақида ойдин хабарлар келган. Яҳудийлардан инсофлилари ўша хабар асосида Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб, саҳобалик бахтига–муяссар бўлганлар. Лекин аҳли китоблардан бир гуруҳлари ҳақни билиб туриб, ҳасад қилишиб, беркитадилар. Шу жумладан, қибла ҳақидаги илмни ҳам. Улардаги мавжуд ҳасад ва ҳақ доимо ўзини кўрсатиб туради.)

147Бу ҳақ Роббингдандир, ҳеч-ҳеч шак қилувчилардан бўлма.

148Ҳар кимнинг юзланадиган тарафи бор. У ўшанга боқади. Яхшиликларга шошилинг. Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни жамлайди. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.

149Қаердан чиқсанг ҳам, юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Ва, албатта, бу Роббингдан бўлган ҳақдир.

150Ва қаердан чиқсан ҳам, юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томонга буринг. Одамларда сизга қарши ҳужжат бўлмаслиги учун. Улардан зулм қилганларидан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Ва сизга неъматимни батамом этиш учун, шоядки ҳидоят топсангиз.

151Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Пайғамбар юбордик.´

152Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз.

153Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. (Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта миқдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга-куч, қувватга-қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга-сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир.)

154Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмайсиз.

155Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.

156Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар.

157Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир. (Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг саловатлари, меҳри ва шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақиданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.)

158Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ(дини)нинг белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчидир. (Оятда Аллоҳ таоло: «Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас», дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, «Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди», дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.)

159Албатта, Биз нозил қилган равшан оятларни ва ҳидоятни одамларга китобда баён қилиб берганимиздан кейин беркитганларни–ўшаларни Аллоҳ лаънатлайди. Ва лаънатловчилар лаънатлайди.

160Магар тавба қилиб, аҳли солиҳ бўлиб, баён қилганларнинг, ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиламан. Ва Мен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва раҳмлидирман.

161Албатта, куфр келтирган ва кофирлик ҳолида ўлганларга–ана ўшаларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва одамларнинг–барчанинг лаънати бўлгай.

162Унда абадий бўлурлар. Улардан азоб енгиллатилмас. Ва уларга назар ҳам солинмас.

163Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Раҳийм бўлмиш Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир.

164Албатта, осмонлару ернинг яратилишида, кечаю кундузнинг алмашиб туришида, одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда юриб турган кемада, Аллоҳнинг осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтириши ва унда турли жондорларни таратишида, шамолларни йўналтиришида, осмону ер орасидаги итоатгўй булутда ақл юритувчи қавмлар учун белгилар бор. (Ушбу оятларда зикр қилинган ҳолатларни доим кўриб, уларнинг ичида яшаб юрамиз. Шу қадар кўникиб кетганмизки, алоҳида эътибор бермай қўйганмиз. Ҳолбуки, буларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг борлигига катта бир далилдир. Дарҳақиқат, инсоф билан, ақлни жойига қўйиб, бир ўйлаб кўрайлик-чи: осмонлару ерни ким яратган? Осмонларнинг чегарасини ҳали биров чегаралаб билгани йўқ. Ундаги бор нарсалар, ҳамма-ҳаммасини ким яратган? Аллоҳнинг борлигини инкор қилаётган худосизларми? Ёки бошқа бирорта яратувчи борми?)

165Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир. Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида, албатта, барча қувват Аллоҳга хослигини ва, албатта, Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!

166У пайтда пешволар (ўзларига) эргашганлардан тонурлар ва азобни кўрурлар, уларнинг боғланишлари кесилур.

167Ва эргашганлар: «Қани энди бизга бир ортга қайтиш бўлса эди, биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонар эдик», дерлар. Шундай қилиб, Аллоҳ уларга амалларининг ўзларига ҳасрат бўлганини кўрсатур. Ва улар дўзахдан чиқувчи эмаслар. (Қиёматдан бир кўриниш: ҳамма ўзи билан овора, биров билан бировнинг иши йўқ. Пешволар, бошлиқлар, бу дунёда бошқаларни ўз ортидан эргаштириб юрганлар ўзларига эргашганлардан тонадилар. Чунки ўзининг иши чатоқ бўлиб турганда, бошқанинг ташвиши ортиқча бўлади уларга. Азобни кўргач, ораларидаги барча боғланишлар, алоқалар, яқинликлар кесилади.)

168Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир. (Ояти карима ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш қўйилмоқда. Яъни, шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол-пок емайдилар, деганидир бу. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаради. Шайтоннинг етовига тушиб қолган нодон инсон эса, ҳалол-ҳаромни фарқламай нақадар улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади.)

169Албатта, у сизларни ёмон ва фаҳш ишларга ҳамда Аллоҳга қарши билмаган нарсангизни гапиришингизга буюради.

170Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўк, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!

171Куфр келтирганлар мисоли худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар. (Аллоҳ таоло бу ояти каримада кофирларни чўпонни овозини эшитиб, маъносини тушинмайдиган чорва ҳайвонларига, Пайғамбарларни уларни ҳайдаб юрувчи чўпонга ўхшатмоқда.)

172Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз.

173Албатта, У зот сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқанинг гўштини ва Аллоҳдан бошқага сўйилганни ҳаром қилди. Кимки мажбур бўлса-ю, зулм қилмай, ҳаддан ошмай (еса), унга гуноҳ бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир. (Саъд ибн Аби Ваққос розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир», дедилар.)

174Албатта, Аллоҳ китобда туширган нарсани беркитганлар ва уни озгина баҳога сотганлар, ана ўшалар қоринларига оловдан бошқа нарсани емаслар, уларга Аллоҳ қиёмат куни гапирмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоблар бор. (Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, у киши: «Ушбу оят яҳудийларнинг Каъб ибн Ашраф, Молик ибн ас-Сойф ва Ҳаййи ибн Ахтобга ўхшаш бошлиқлари ҳақида тушган. Улар ўзларига эргашганлардан ҳадялар олар эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг, мазкур манфаатлардан маҳрум бўлишдан қўрқиб, у киши ҳақидаги ҳақиқатни беркитдилар», дедилар.)

175Ана ўшалар адашувни ҳидоятга, азобни мағфиратга сотиб олганлардир. Дўзах ўтига қандоқ чидайдилар-а?!

176Бунинг сабаби, албатта, Аллоҳ китобни ҳақ билан нозил қилган эди. Китоб хусусида ихтилоф қилганлар эса, тубсиз тортишувдадирлар. (Қўлларидаги ҳидоят ва мағфиратни бой бериб, қаттиқ азобга дучор бўлишларининг сабаби–улар «Аллоҳ китобни ҳақ билан нозил қилган»ини тан олмадилар. Ҳолбуки, бу ҳақ китобга амал қилиб, бахт-саодатда яшасалар бўлар эди. Аммо улар Аллоҳнинг китоби хусусида ихтилоф қилдилар, тубсиз талашув ва туганмас ихтилоф гирдобига тушиб қолдилар. Оқибатда мазкур азобларга дучор бўлдилар.)

177Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир.

178Эй иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди: ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин. Бу Роббиларингиздан енгиллик ва раҳматдир. Ундан кейин ким душманлик қилса, унга аламли азоб бор. (Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қасос олишда адолат бўлишини, ҳаддан ошмасликни уқдириб, «ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл», деб тушунтирмоқда. Лекин ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун, албатта, ўлдириш шарт эмас, балки ўликнинг эгалари кечиб юборса, ўлдирмай қўйиб юборса, ўрнига хун пули олса ҳам бўлади. Бунда ўлик эгаси ҳақини яхшилик билан сўраши лозим, айбдор тараф ҳам уларнинг ҳақини яхшилик билан адо этиши зарур.)

179Сизларга қасос олишда ҳаёт бор. Эй ақл эгалари! Шоядки тақводор бўлсангиз. (Бу ояти карима қасоснинг шариатга киритилишининг ҳикматини баён қилмоқда. Демак, қасос олишда кишилар учун ҳаёт бор экан. Қасос қалбдаги нафратни қондириш эмас, балки олий мақсад–ҳаёт учун экан. Қасос олиш йўлга қўйилса, инсон ҳаётини сақлаб қолишда катта иш қилинган бўлади. Чунки ҳар бир одам бошқа бировни ўлдирса, қасосига ўзининг ҳам ўлдирилишини билади ва ҳеч қачон одам ўлдиришга қўл урмайди.)

180Сизлардан бирортангизга ўлим келганда, агар у бойлик қолдираётган бўлса, ота-онаси ва яқинларига тўғрилик билан васият қилиш тақводорларнинг бурчи сифатида фарз қилинди. (Бу ояти карима мерос ҳақидаги оятдан аввал тушган, кейинчалик мерос ояти тушиб, васият қилмаса ҳам, ўлгандан қолган мол мерос сифатида яқин кишиларга бўлиб берилиши баён қилинди. Ўша оятда кимга қанча тегиши ҳам айтилди. Ота-она меросхўрлар қаторига кирдилар.)

181Ким уни эшитгандан сўнг ўзгартирса, бас, гуноҳи фақат ўзгартирганларнинг ўзига бўлади. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир. (Яъни, ўлаётган одамнинг васиятини эшитган одам у ўлгач, васиятини ўзгартириб, мол-дунёсининг васиятга мувофиқ тақсимланмаслигига сабаб бўлса, гуноҳкорлардандир. Гуноҳ васият қилувчи ёки васият қилинган кишига эмас, балки ўша ўзгартирувчининг ўзига бўлади. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир.)

182Кимки васият қилувчидан тойилиш ёки гуноҳ содир бўлишидан қўрқса, бас, уларнинг орасини ислоҳ қилса, унга гуноҳ бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Биз «тойилиш» деб таржима қилган сўз ояти каримада «жанафан» дейилган. Бу сўз хато қилиб ҳақдан бурилишни билдиради. Яъни, билмасдан. «Гуноҳ» эса, билиб туриб ҳақсизлик қилишдир. Демак, васият қилувчи билибми-билмайми нотўғри васият қилган бўлса, унинг васиятини бузган одам бундан аввалги оятда келгани каби гуноҳкор бўлмайди. Мисол учун, бир одам молининг учдан бири миқдоридан кўпини васият қилиб юборса, васияти фақат учдан бирига ўтади, қолганига амал қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди.)

183Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.

184Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир.

185Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз. (Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.)

186Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар. (Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан имом Аҳмад Ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алаҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.)

187Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этади. Шоядки тақво қилсалар. («Эътикоф» сўзи бир нарсани лозим тутиш маъносини билдиради. Шариатда эса, масжитда Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўлади. Унда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди. Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, Унинг чегаралари. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.)

188Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг. (Имом Қуртубий деганларки: «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари киради. Қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топишлик ва бошқалар».)

189Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. «Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», деб айт. Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, лекин яхшилик, ким тақводорлик қилса, шундадир. Ва уйларга эшикларидан киринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки нажот топсангиз. (Ҳажга боғлиқ улуғ рукнлар кунини ва яна бошқа вақтларни аниқлаш учун, албатта, ҳилолга қаралади ва вақт унинг чиқишидан белгиланади. Демак, ҳаж ва ҳилолда ўзаро боғлиқлик бор. Шу боғлиқлик туфайли ҳилол ҳақида жавоб тушган оят ҳажга боғлиқ яна бир масалани ҳам ойдинлаштиради. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар саҳиҳ китобларида ал-Барро розийаллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки: «Ансорийларда (мадиналик мусулмонларда) ҳаждан қайтиб келганда уйнинг эшигидан кирмаслик одат бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганда уйининг эшигидан кирибди. Бу иши унга айб қилгандек қаралишига сабаб бўлибди. Шунда «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...», ояти тушди», деганлар.)

190Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас.

191Уларни топган ерингизда қатл қилинг. Ва сизларни чиқарган жойдан уларни ҳам чиқаринг. Фитна қатл этишдан ёмонроқдир. Масжидул Ҳаром олдида сизга қарши урушмагунларича, сиз урушманг. Агар урушсалар, бас, сиз ҳам урушинг. Кофирларнинг жазоси шундай.

192Агар тўхтасалар, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.

193Фитна бўлмаслиги ва дин Аллоҳга бўлиши учун улар билан жанг қилинг. Агар тўхтасалар, золимлардан бошқаларга душманлик йўқ.

194Ҳаром ойга ҳаром ой. Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор. Ким сизга душманлик қилса, сиз ҳам унга шунга ўхшаш душманлик қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир. (Ояти каримадаги «Аш-шаҳрул-ҳарому» деб келган таъбирни «ҳаром ой» деб таржима қилдик. «Ҳаром ой» дегани уруш ҳаром қилинган ой, деганидир. «Ҳаром ойга ҳаром ой», яъни, ким уруш ҳаром қилган ойнинг ҳурматини бузса, унга бу ой берган ҳурматлар бекор қилинади. Агар у бу ойни ҳурмат қилмай уруш бошласа, унга қарши уруш қилинади. Мусулмонларга қарши уруш очиб, ҳаром қилинган нарсани бузиб тажовузкорлик қилганлардан ўч олинади. Аммо ўч олишда маълум чегара бўлиб, мусулмонлар ундан чиқмайдилар. Қилган душманлигига яраша жавоб қилинади, ошириб юборилмайди ёки камайтириб қўйилмайди.)

195Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта. Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўради. (Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга амр қилмоқда. Бунга жиҳод учун ҳам, бошқа хайрли ишлар учун ҳам нафақа қилиш киради. «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» жумласида бир неча хил маъно бор. Бири: Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Яъни, бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин, дегани. Яна бир маъноси: ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, ўзини ўзи ўлдирди, дейилади.)

196Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг. Агар ушланиб қолсангиз, муяссар бўлганича қурбонлик қилинг. Қурбонлик ўз жойига емагунча, сочингизни олдирманг. Сиздан ким бемор бўлса ёки бошида озор берувчи нарса бўлса, рўза тутиш ёки садақа бериш ёхуд қурбонлик сўйиш ила тўлов тўласин. Агар тинч бўлсангиз, ким умрадан ҳажгача ҳузур қилган бўлса, муяссар бўлган қурбонликни қилсин. Ким топмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганингизда–ҳаммаси ўн кун тўлиқ рўза тутсин. Бу аҳли Масжидул Ҳаромда яшамайдиганлар учун. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир.

197Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари! (Ўзига ҳажни фарз қилиш–ҳажни ният қилиб, иҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни, жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди. Фисқ–катта-кичик гуноҳ ишларни қилиш. Жанжал–одамлар билан талашиб-тортишиш ва сўкишиб, аччиқ чиқариш. Бу ишлар ҳам мумкин эмас. Чунки ҳаж қилувчи инсон улуғ мақомга эришган бўлади. У дунёнинг ҳаммасидан юз ўгириб, ажраб, Аллоҳга юзланади, Роббул Оламийннинг уйини зиёрат қилгани чиққан бўлади. Шу боис олий даражадаги одоб билан одобланиши зарур. Ҳамма ёмон нарсаларни тарк этиб, яхши ишларни кўпроқ қилиши лозим.)

198Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир. Арофатдан қайтиб тушганингизда, Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинг. (Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи ризқ, касб маъносини англатади. Одамлар ўртасида ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди, деган тушунча бор эди. Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм: «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди», деган гапни тарқатганида, шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган. Имом Аҳмад қилган ривоятда, Абу Умома айтадиларки: «Абдуллоҳ ибн Умардан, биз кирага ишлаймиз, ҳаж қилсак бўларми?» деб сўрасам, «Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми?» деди. «Албатта» дедим. У киши: «Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сен ҳозир мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг Жиброил «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оятни олиб тушди, дедилар. Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар.)

199Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, раҳмли зотдир.

200Ибодатларингизни тугатганигизда, Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ эсланг. Одамлардан баъзилари: «Роббимиз бизга бу дунёда бергин», дейди ва унга охиратда насиба йўқдир.

201Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин», дейди."

202Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир.

203Аллоҳни саноқли кунларда эсланг. Бас, ким икки кундан кейин шошилиб, кетса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Тақво қилувчилар учун. Аллоҳга тақво қилинглар ва, билингларки, албатта сиз Унга тўпланурсиз. (Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Арафа, қурбонлик ва ташриқ кунлари биз аҳли Исломнинг байрами–емоқ, ичмоқ кунларидир», деганлар. Шундан чиқадики, арафа ва қурбон ҳайити кунлари ташриқ кунлари қаторига кирмайди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло саноқли кунларда, яъни, ташриқ кунларида Ўзини эслашга, зикр қилишга буюрмоқда. Икрима розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: «Саноқли кунларда Аллоҳни эсланг», дегани ташриқ кунларида фарз намозларидан кейин, «Аллоҳу акбар», «Аллоҳу акбар», деб такбир айтинг, деганидир».)

204Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир.

205Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва насилни ҳалок қилиш учун ҳаракат этади. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас.

206Агар унга, Аллоҳдан қўрқгин, дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга етаклайди. Жаҳаннам унга етарлидир. У қандай ҳам ёмон ўрин-а?

207Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларга меҳрибондир. (Бу ҳақиқий мухлис мўминнинг васфи. Унинг ягона мақсади–Аллоҳнинг розилигини топиш. Бу йўлда у ҳамма нарсани сарфлашга, ҳатто жонини беришга ҳам тайёр. Фақат Аллоҳ таолонинг розилигини топса бўлди.)

208Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир.

209Агар очиқ баёнотлар келгандан кейин ҳам тойилсангиз, билингки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматлидир.

210Улар Аллоҳ ва фаришталар сояли булутларда келиши ҳамда ишнинг тугашидан бошқага интизор бўлмаяптилар шекилли?! Ва барча ишлар Аллоҳга қайтажак. (Очиқ-ойдин баёнотлар, ҳужжат ва далиллар келгандан кейин ҳам Исломга юрмай, шайтоннинг изидан юришларидан улар худди қиёматни интизор бўлиб кутаётганга ўхшайди. Иш тугаб, ҳамма нарса охирига етадиган кунни кутаётганга ўхшайди. Бўлмаса, ҳамма нарса аниқ бўлган бўлса ҳам, нима учун Исломга кирмай турибдилар? Нима уларнинг йўлини тўсяпти? Улар билиб қўйсинларки, «барча ишлар Аллоҳга қайтажак».)

211Бани Исроилдан уларга қанча оятларни берганимизни сўра. Кимки ўзига келган Аллоҳнинг неъматини ўзгартирса, бас, албатта, Аллоҳ иқоби қаттиқ зотдир.

212Куфр келтирганларга бу дунё ҳаёти зийнатланди ва улар иймон келтирганларни масхара қиладилар. Ва ҳолбуки, қиёмат куни тақво қилганлар улардан устундир. Аллоҳ кимни хоҳласа, беҳисоб ризқ беради. (Кофирларнинг Аллоҳ йўлига юрмасликларининг сабаби дунё ҳаётининг зийнатидир. Уларнинг бирдан бир мақсади, фикри-зикри ва орзу-умиди–шу беш кунлик дунёнинг ҳой-ҳаваси, зийнатидир. Кофирлар ҳаётнинг маъносини шунда, деб тушунадилар. Иймонсиз бўлганлари учун ҳайвоний тасаввур ва чегарадан ташқарига чиқа олмайдилар. Мўмин киши учун эса, бу дунёнинг зийнати ҳақир ва аҳамиятсиз нарса ҳисобланади. Улар дунё ҳой-ҳавасига ўч бўлишни ўзларига ор ҳисоблайдилар. Ҳақиқий ҳаёт–охират ҳаёти келган чоқда эса, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Ўшанда, яъни, қиёмат кунида мўминлар, тақво қилганлар кофирлардан устун бўладилар. Ризқи рўзга келадиган бўлсак, уни Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, беҳисоб беради. Ризқ берувчи Унинг Ўзи. Мўминга ҳам, кофирга ҳам бераверади.)

213Одамлар бир миллат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи Набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида, улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди. У тўғрисида ихтилофни очиқ ҳужжатлар келгандан сўнг, кимга берилган бўлса, ўшаларгина ҳаддан ошиб қилдилар. Иймон келтирганларни ҳақ тўғрисида ихтилоф қилган нарсаларида Аллоҳ Ўз изни ила ҳидоятга солади. Аллоҳ кимни хоҳласа, тўғри йўлга бошлайди. (Аллоҳ ирода қилган тўғри йўл Исломга тўлиғича кириш билан бўлади. Буни амалга ошириш учун шайтоннинг изидан юрганлар, ҳасад, тамаъ, ҳирс ва ҳавою нафс туфайли ҳақ китоб тўғрисида ихтилофга тушганлар билан бўладиган тўқнашувларда ғолиб келиш керак. Улардан бўладиган зулм ва душманликларга чидаш керак.)

214Сиздан аввал ўтганларга келганга ўхшаш нарса сизларга келмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми? Уларни бало ва мусибатлар тутган ва ларзага туширилганлар. Ҳаттоки, Пайғамбар ва у билан иймон келтирганлар: «Аллоҳнинг нусрати қачон бўлади?» деганлар. Огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг нусрати яқиндир. (Демак, жаннатга кириш осон эмас, иймон, Исломни оғизда эълон қилиб қўйиш билангина бўлавермайди. Жаннатга киришнинг бир шарти–аввалги умматлардан унга киришга ҳақдор бўлганларга юборилган оғир синовларни бошдан ўтказиш зарур.)

215Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен:«Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир», деб айт.

216Сизга ёқмаса ҳам, жанг қилишингиз фарз қилинди. Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз. (Аллоҳ таоло бандаларининг ҳамма ҳолатларини яхши билади. Уларнинг жангни ёқтирмасликларини ҳам билади. Инсоннинг табиати шундоқ: машаққатни, қийинчиликни ёқтирмайди. Лекин Ислом одамларга ёқадиган нарсаларни эмас, балки уларга фойда, икки дунёда бахт–саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади. Инсонга ёқмайдиган жанг, нафақа каби нарсалар аслида ўзи учун яхши бўлади. Шунингдек, урушга бормай уйда ўтириши каби ўзига яхши кўринган нарсалар аслида унинг учун ёмонлик бўлиши мумкин. Бундай ишларнинг оқибатини Аллоҳ билади, банда билмайди.)

217Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрайдилар. Сен:«Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳдир. Фитна ўлдиришдан каттароқдир», деб айт. Улар агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар бу дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолгувчилардир.

218Албатта, иймон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганлар–ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматини умид қиладилар. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ҳукм умумий: ким бўлишидан қатъий назар, иймон келтирса. мўминлик сифатига эришса, динию диёнатини сақлаб қолиш ниятида ҳижрат қилса, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилса, улар Аллоҳнинг раҳматидан умид қиладилар. Аллоҳнинг раҳмати уларга бўлмаса, кимга бўлар эди!)

219Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен:«Ортиқчасини», деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз. (Оятдаги «хамр» сўзини ичкилик, ароқ ёки вино деб таржима қилмадик. Чунки «хамр» сўзи умумий бўлиб, истеъмол қилган кишининг ақлини тўсувчи, яъни, бир оз бўлса-да таъсир ўтказувчи барча нарсага айтилади. Бунинг ичига наша, қорадори, кўкнори ва бошқалар ҳам киради.Дунёда адолат ўрнатиш, ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиш вазифаси юклатилган шахс ароқхўр ёки қиморбоз ва молини ноўрин сарфлайдиган бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ҳолбуки, хамр ичиш, қимор ўйнаш ва ноўрин нафақа қилиш ҳоллари жоҳилият вақтида кишилар ҳаётига сингиб кетган эди. Хамрсиз ҳаётни тасаввур қила олмас эдилар.)

220Бу дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен:«Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли зотдир. (Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар», оятини нозил қилган экан.)

221Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича (мўминани)уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Анавилар дўзах ўтига чақирадилар. Аллоҳ эса, Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақиради ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки эсга олсалар. (Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Бу алоқа одам боласининг кўплаб хоҳиш истакларига жавоб беради. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланади. Бу ҳолга эришиш аввало қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса, ақида бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Исломда ақидаси бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман қилинади.)

222Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен:«У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади», деб айт.

223Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг. Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга башорат бер. (Эр-хотин орасидаги ҳассос ва нозик алоқа Қуръони Карим оятларида ўзига хос услуб билан тасвирланади. Аввалги оятлардан бирида эр-хотинни бир-бирига нисбатан кийим-либос деб таъриф қилинган эди. Бу оятда эса, аёллар экинзорга ўхшатиляпти.)

224Аллоҳга ичган қасамларингизни яхшилик қилиш, тақво қилиш ва одамлар орасини ислоҳ этишингизга тўсиқ қилманг. Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир.

225Аллоҳ сизларнинг бехуда қасамларингиз учун тутмайди. Лекин қалбдан касб қилганингиз учун тутади. Ва Аллоҳ мағфиратли, раҳмли зотдир.

226Хотинларидан ийлаа қилганлар учун кутиш тўрт ойдир. Агар қайтсалар, бас, албатта, Аллоҳ мағфиратли, раҳмли зотдир.

227Ва агар талоқни қасд қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир. (Ийлаа–эр кишининг ўз хотинига яқинлик қилмасликка қасам ичишидир. Жоҳилият даврида одамлар хотинидан аччиғи чиқса ёки уни жазоламоқчи бўлса, ийлаа қилиб, унга жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичиб қўяр экан. Шу билан бир-икки йил ёки ундан ҳам кўпроқ бепарво юраверар экан. Аёл бечора азобда қолар экан. Ийлаанинг узоқ вақти айнан тўрт ой бўлишининг ҳикмати шуки, аёл киши эрсиз шу муддатга сабр қила олади. Бундан ўтиб кетса, чидай олмаслик эҳтимоли бор.)

228Талоқ қилинган аёллар уч қуръу кутадилар. Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлсалар, Аллоҳ раҳмларида ҳалқ қилинган нарсани беркитишлари ҳалол бўлмайди. Ўшанда эрлари уларни, агар ислоҳни ирода қилсалар, ўзларига қайтариб олишга ҳақлироқдирлар. Ва яхшилик ила уларнинг бурчлари муқобилида ҳақлари ҳам бордир. Ва эркакларга улардан устун даража бордир. Аллоҳ азиз ва ҳакимдир. (Ушбу ояти каримадаги ҳукм эри билан бирга яшаган, ҳайз кўрадиган ва талоқ қилинган аёлларга оиддир.)

229Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш. Сизга уларга берган нарсангиздан бирор нарсани олиш ҳалол бўлмайди, магар икковлари Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликдан қўрқсалар (бўлади). Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларида тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир.

230Бас, агар яна талоқ қилса, бундан кейин у аёл токи бошқа эрга тегиб чиқмагунча унга ҳалол бўлмайди. Агар у ҳам талоқ қилса, гар Аллоҳнинг чегараларида туришга ишонсалар, бир-бирларига қайтсалар, гуноҳ бўлмайди. Ушбулар Аллоҳнинг билган қавмларга баён қилаётган чегараларидир. (Яъни, агар аввалги иккита устига яна бир бор талоқ қилса, жами учта бўлади. Уч талоқ бўлгандан кейин аёл талоқ қилган эркакка ҳалол бўлмайди. Эру хотин бўлиб яшашлари мумкин эмас. Фақат бир йўл бор, у ҳам бўлса, у аёл бошқа эрга тегса-ю у эр билан эр-хотин бўлиб ҳаёт кечириб юрганда, иккинчи эр вафот этиб қолса ёки талоқ қилса, шундан кейингина яна аввалги эри билан қайта турмуш қурса бўлади. «Агар у ҳам талоқ қилса, гар Аллоҳнинг чегараларида туришга ишонсалар, бир-бирларига қайтсалар, гуноҳ бўлмайди», дейилишининг маъноси шу.)

231Хотинларни талоқ қилишингизда, муддатлари охирига етганда, уларни яхшилик билан ушлаб қолинг ёки яхшилик билан қўйворинг. Уларни тажовуз учун, зарар етказиш юзасидан ушлаб турманг. Ким ўшандоқ қилса, шубҳасиз, ўзига зулм қилади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билманг. Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва ваъз этиб туширган китоби ва ҳикматини эсда тутинг. Аллоҳга тақво қилинг ва, билингки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир. (Аллоҳнинг улуғ неъмати–Исломни дин ва Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборишидир. Ваъз этиб туширган китоби–Қуръони Карим. Ҳикмат–Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари. Бу нарсаларни доимо эсда тутиш, улар асосида илоҳий кўрсатмаларга амал қилиб яшашгина инсонга бахт келтиради, шу жумладан, оилавий ҳаётда ҳам.)

232Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, яхшилик билан ўзаро рози бўлишиб, эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, қийинлаштирманг. Ушбу ила сизлардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар ваъзланади. Шундоқ қилишингиз сиз учун тозароқ ва покроқдир. Ва Аллоҳ билади, сиз эса билмайсиз. (Маъқал ибн Ясар розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида синглисини мусулмонлардан бир кишига эрга берибди. Эру хотин бир муддат бирга яшашибди. Кейин эр хотинини бир талоқ қўйиб, қайтмабди. Иддаси чиқиб кетибди. Кейин икковлари ҳам афсус қилиб, эр хотинга, хотин эрга муҳаббат қилибди. Ва бошқа совчилар қатори совчи қўйибди. Шунда Маъқал ибн Ясар унга: «Пасткашнинг ўғли пасткаш! Сени ҳурмат қилиб синглимни берган эдим, сен бўлса уни талоқ қилдинг. Аллоҳга қасамки, у сенга абадий қайтмайди», дебди. Сўнгра Аллоҳ таоло эрнинг хотинга, хотиннинг эрга ҳожатини билиб, «Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари етганда...» деб бошланиб, «...сиз эса билмайсиз», деб туговчи оятни нозил қилди. Маъқал ибн Ясар розийаллоҳу анҳу ояти каримани эшитишлари билан: «Парвардигорнинг сўзини эшитдик ва итоат қиламиз,–дедилар-да, куёвни чақириб: «Синглимни сенга никоҳлаб бераман ва сени ҳурмат қиламан», дедилар.)

233Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар. Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч бир жонга имкондан ташқари таклиф бўлмайди. Она ҳам, ота ҳам боласи сабабидан зарар тортмасин. Меросхўрга ҳам худди шундоқ. Агар ўзаро рози бўлиб, сутдан ажратишни ирода қилсалар, икковларига гуноҳ бўлмайди. Агар фарзандларингизга эмизувчи талаб қилишни ирода қилсангиз, берадиганингизни яхшилик билан аввалдан топширсангиз, гуноҳ бўлмайди. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ қилаётганингизни кўриб турувчидир.

234Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой-у ўн кун кутадилар. Муддатлари етганда ўзлари ҳақида яхшилик билан қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардордир. (Жоҳилият аҳлининг одатига биноан, эри ўлган хотиннинг устига эрининг қариндошларидан бири ридосини ташлаб қўйса, аёл бечора ўз-ўзидан ўша одамнинг мулкига айланиб қолар эди. Хоҳласа ҳалиги одам ўзи хотин қилар, хоҳласа, бошқа эрга бериб, маҳрини олар ёки умуман сотиб юборар эди. Ислом бу зулмни аёлнинг елкасидан кўтариб ташлади. Эри ўлган аёлнинг иддасини маълум муддатга чегаралаб қўйди: «тўрт ой-у ўн кун». Бунинг ҳикмати кўп. Аввало, бу муддат ичида раҳмининг (бачадоннинг) ҳомиладан бўш ёки бўш эмаслиги билинади. Иддалари чиққанидан кейин, аёллар шариат йўли билан ўзларига совчи кутсалар, айб эмас. Демак, эри ўлганидан тўрт ой-у ўн кун битгач, хотини ясаниб, пардоз қилиб, эрга тегиши учун совчи кутса, ўзининг иши, ҳеч кимга гуноҳ бўлмайди. Уни бу ишдан тўсишга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам йўқ. Шариатнинг ҳукми шу. Ҳаётда бундан бошқа ҳолларнинг учраб туриши эса, бидъат ёки хурофотдир. Хурофотдан сақланиш лозим. Чунки: «Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардордир».Иддада ўтирган аёлга нисбатан шариат кўрсатмаларидан бошқа йўл тутмаслик керак.)

235У аёлларга ишора ила совчилик қилишингиз ёки уни ўз ичингизда тутишингизда гуноҳ йўқ. Аллоҳ сиз уларни, албатта, эслашингизни билади. Лекин улар билан хуфёна ваъдалашманг. Магар яхши гап гапирсангиз, майли. Идда ўз муддатига етмагунча, никоҳ боғлашни қасд қилманг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ ичингиздагини билади. Бас, Ундан огоҳ бўлинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва ҳалимдир.

236Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрни аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмайди. Уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик ила фойда билан фойдалантиринг. Бу яхшилик қилувчилар бурчидир. (Бу оятда никоҳдан кейин маҳрни аниқламаган ҳолатда духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда.)

237Агар уларга қўл тегизмай талоқ қилсангиз ва маҳрни аниқлаб қўйган бўлсангиз, аниқланганнинг ярмини берасиз, магар аёл ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, бермайсиз. Ва афв қилишингиз тақвога яқиндир. Орангиздаги фазилатни унутманг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчи зотдир.

238Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг. (Намозни муҳофаза этиш–уларни ўз вақтида, яхшилаб, камчиликсиз ўқиш маъноларини билдиради. «Ўрта намоз» ҳақида уламолар турли фикрларни айтганлар. Лекин далилларни солиштириб кўрган уламолар «ўрта намоз»дан мурод–аср намози, деганлар. Имом Муслим қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аҳзоб урушида: «Бизни ўрта намоз, аср намозидан машғул қилдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларини ҳам, уйларини ҳам оловга тўлдирсин», деганлар.)

239Агар хавфда қолсангиз, юрган ва минган ҳолингизда, хотиржам бўлганингизда, билмаган нарсангизни қандоқ ўргатган бўлса, Аллоҳни шундоқ зикр қилинг. (Одамлар кўп нарсаларни билмайдилар, Аллоҳ ўргатмаса ҳеч нарсани билмас эдилар. Шунингдек, Аллоҳ ўргатмаса, намоз ўқишни ҳам билмасдилар. Хотиржам бўлганларида, Аллоҳ қандай ўргатган бўлса, шундоқ қилиб намоз ўқисинлар.)

240Сизлардан вафот этганда жуфтларини қолдираётганлар, хотинлари чиқмасдан бир йилгача фойдаланишини васият қилсинлар. Агар улар чиқсалар, ўз хусусларида яхшилик билан қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир.

241Талоқ қилинган аёлларга мақбул тарзда фойда бериш тақводорлар бурчидир.

242Аллоҳ шундай қилиб сизларга Ўз оятларини баён этади. Шоядки ақл ишлатсангиз.

243Диёрларидан ўлимдан қочиб чиққан мингларча кишиларнинг (хабарини) билмадингми?! Бас, Аллоҳ уларга, ўлинг, деди. Сўнгра уларни тирилтирди. Албатта, Аллоҳ одамларга фазл қилувчидир. Лекин кўп одамлар шукр қилмаслар. (Демак, бир вақтлар катта бир қавм ўлимдан қочиб, диёрларини ташлаб чиққан эканлар. Ўлимдан қочишларининг сабаби турлича бўлиши мумкин. Балки вабо тарқалган бўлса, шундан қочишгандир. Ёки душман билан жанг қилиш керак бўлса, урушда ўлиб кетмайлик, деб қочишгандир. Мақсадларининг тескариси бўлди. «Ўлинг» деган бир оғиз сўз билан ўлиб қолишди. Демак, Аллоҳнинг қазои қадаридан қочиб бўлмас экан. Аллоҳдан ўзга қайтиб борадиган жой йўқ экан. Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган вақтида ўлдирар экан.)

244Аллоҳнинг йўлида жанг қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир.

245Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Бас, токи У зот унга берганини кўп марта кўпайтириб берса. Ва ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур. Ва Унгагина қайтарилурсиз.

246Мусодан кейинги Бани Исроилдан бўлган аъёнларни билмадингми?! Вақтики ўз Набийларига: «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», дедилар. У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, урушмасаларингиз-чи?!» деди. Улар: «Бизга нима бўлибдики, диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо қилинсак ҳам, Аллоҳнинг йўлида урушмасак», дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгиналаридан бошқалари юз ўгириб кетдилар. Ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчидир. (Мусо алайҳиссалом вафот этиб кетганларидан кейин Бани Исроилнинг аъёнлари, катталари, ишбошиларидан бир гуруҳи ўз набийлари олдига келиб: «Бизга бир подшоҳ–бошлиқ тайин қилиб бер, унинг раҳбарлигида Аллоҳнинг йўлида урушмоқчимиз», дейишди. Улар «Аллоҳнинг йўлида уруш»қилмоқчилар. Лекин қуруқ хавас билан иш битмаслигини англаб етмайдилар. Ҳозир кенгликда туриб, бир-бирингизга қизиқиб, бизга подшҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик, демоқдалар. Ҳақиқатан шу иш йўлга қўйилса, уруш фарзга айланади ва унда орқага қайтишнинг иложи қолмайди. Ортга қайтган гуноҳкор бўлади.)

247Набийлари уларга: «Албатта, Аллоҳ Толутни сизга подшоҳ қилиб тайинлади», деди. Улар: «У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин. Ундан кўра подшоҳликка биз ҳақлироқмиз. Қолаверса, унга кўпроқ мол ҳам берилмаган» дедилар. У: «Албатта, уни Аллоҳнинг Ўзи сизларга танлади ва илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди. Аллоҳ подшоҳлигини кимга хоҳласа, ўшанга беради. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир», деди. (Бани Исроилнинг талабига биноан,Толут уларга подшоҳ этиб тайинланганида, улар уни ризолик ила қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳнинг амрига исён қилишди. Аллоҳ тайин қилган Толутнинг подшоҳ бўлишини инкор этишди. Унинг подшоҳликка тайинланишини хато деб эълон қилишди.)

248Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси, сизларга Роббингиздан тобут келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Ҳорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта бу нарсада сизларга белги бор», деди. (Толутнинг ҳақиқатда Аллоҳ томонидан тайин қилинган подшоҳ эканини Бани Исроилга исбот этиш учун уларга қоил қолдирадиган, одатдан ташқари, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган бир мўъжиза содир этиляпти. Маълумки, Уламоларимиз ушбу ҳодисани Пайғамбарлардан қолган нарсаларни табаррук тутишга далилдир, деганлар. Пайғамбарлари, тобутни фаришталар кўтариб келиши Толутнинг подшоҳлигига белгидир, деди.)

249Толут аскар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановвул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли», деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар дарёдан ўтганларида улар: «Бугун бизда Жолут ва унинг аскари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», дедилар. (Асл нарса ўзи оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам оз бўладилар. Чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар, Аллоҳ танлаган, муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Аллоҳниг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар.)

250Жолут ва унинг аскарларига рўбарў келганларида: «Роббимиз, бизга сабр тўккин, бизни собитқадам қилгин ва кофир қавмларга қарши нусрат бергин», дедилар.

251Бас, Аллоҳнинг изни билан урушда енгдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг баъзи (одам)ларни баъзиларига дафъ қилиш бўлмаса эди, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламлар устидан фазл эгасидир. (Довуд Толут аскари ичида ёш йигит эди. Жолут эса, катта кучга эга бўлган подшоҳ, ҳамманинг қалбига даҳшат солиб турувчи аскарбоши эди. Аллоҳ таоло ушбу золим подшоҳ ва аскарбошининг ёшгина йигитча қўлида қатл бўлишини ирода қилди. Бу билан одамларга, Аллоҳ хоҳласа, ҳар қандай жаббор бўлса ҳам, бир ёш йигит унинг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди. «Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди». Довуд Аллоҳнинг инояти билан Толутдан кейин Бани Исроилга подшоҳ бўлди. Унинг подшоҳлик даври олтин давр бўлди. Аллоҳ таоло унга подшоҳликка қўшиб ҳикматни, яъни, Пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга уруш асбобларини ясашни ҳам ўргатди.)

252Булар Аллоҳнинг оятларидир. Уларни сенга ҳақ ила тиловат қилурмиз. Ва, албатта, сен Пайғамбарлардандирсан. («Булар»-мингларча одамларни ўлдириш ва тирилтириш, тобутни фаришталар кўтариб келиши, оз сонли мўминларнинг кўп сонли кофирларнинг устидан ғолиб келиши ҳақидаги хабарларни ўз ичига олган оятлардир. Уларни Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ҳақ ила ҳикоя қилиб бермоқда. «Ҳақ билан» дегани–қандай бўлган бўлса, шундай, воқеъликдаги ҳодисанинг ўзини айтиб бермоқда, деганидир.)