Part 21

 

46Сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат яхши услубда мужодала этинглар ва уларга: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, бизнинг илоҳимиз ва сизнинг илоҳингиз бирдир ва биз унга бўйсунгувчимиз», денглар. (Оятда зулм қилмаган аҳли китоблар билан яхши, гўзал услубда мужодала қилишга амр этилмоқда. Аввало, зулм қилган аҳли китоблар ким эканини ажратиб олайлик. Аҳли китобларнинг зулм қилганлари хоҳ яҳудий, хоҳ насроний бўлсин, ўзларига келган илоҳий таълимотларни бузиб, Аллоҳга ширк келтирган, соф ақидани ўзгартирганлардир. Демак, улар билан яхши услубда мужодала қилишга ўрин йўқ, чунки улар золимлардир.)

47Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик. Бас, Биз уларга китоб берган кимсалар унга иймон келтирурлар. Анавилардан ҳам унга иймон келтирадиганлари бор. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор этурлар. (Қуръон оятларини ким инкор этса, ким уларга иймон келтирмаса, ўша кофирдир. Хоҳ у аҳли китобдан бўлсин, хоҳ мушриклардан бўлсин, хоҳ бошқа тоифадан бўлсин. Баъзи бир устамон аҳли китоблар ҳозирда содда мусулмонларнинг бошини аввалги оят маъноси билан айлантирмоқдалар. Мана, Қуръонда сизлар билан бизни тенг дейилган, Илоҳимиз бир, фарқи йўқ, келинглар, Инжил ўқинглар, черковга киринглар, деб йўлдан урмоқдалар. Кейинги оят эса, айтилмай қолиб кетмоқда. Мусулмонлар Қуръондан узоқлашганда ана шундай мусибатлар келиб чиқади. Ислом келди, бошқа барча динлар ботил бўлди. Қуръон келди, бошқа барча китоблар насх бўлди. Ушбу ҳақиқатни ҳамма яхши билмоғи даркор.)

48Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар. (Бу ўқиш-ёзишни билади, бирор китобдан ўқигандир, бирор устоздан ёзиб олгандир, деб Қуръоннинг илоҳий китоб эканлиги ҳақида шубҳага тушган бўлар эдилар.)

49Йўқ! У(Қуръон) илм берилганлар кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур.

50Ва улар: «Унга Роббидан мўжизалар нозил қилинса эди», дедилар. Сен: »Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса, фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин.

51Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмайдими?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир.

52«Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У осмонлару ердаги нарсани билур. Ботилга иймон келтириб, Аллоҳга куфр келтирганлар, ана ўшалар ўзлари зиён кўргувчилардир», деб айт.

53Улар сендан азобни тезлаштиришни талаб қилурлар. Агар белгиланган ажал бўлмаганида, уларга, албатта, азоб келган бўлур эди. Албатта, уларга у тўсатдан, улар сезмаган ҳолда келур.

54Улар сендан азобни тезлаштиришни талаб қилурлар. Ҳолбуки, жаҳаннам ҳеч шубҳасиз кофирларни ўраб тургувчидир.

55У кунда азоб уларни устларидан ва оёқлари остидан ўраб олур ва У зот: «Қилиб юрган амалларингиз (жазосини) тотинг!» деб айтур.

56Эй иймон келтирган бандаларим, албатта, Менинг ерим кенгдир. Бас, Менгагина ибодат қилинглар. (Сиз Менинг бандамсиз, ер Менинг ерим. Кофирлар бирор жойда иймонингиз учун, дину диёнатингиз учун сизга тинчлик бермаётган бўлса, қийноқ-қистовга олаётган бўлса, Менинг ерим кенг, бошқа томонида яшаб, истиқомат қилишингиз мумкин.)

57Ҳар бир жон ўлимни топажакдир. Сўнгра Бизгагина қайтарилурсиз.

58Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни жаннатдан остидан анҳорлар оқиб турган олимақом жойларга жойлаштирурмиз. У ерда абадий қолурлар. Амал қилгувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!

59Улар сабр қилган ва Роббиларигагина таваккул қиладиган зотлардир.

60Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир. Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризқга муҳтож бўлганида, уни тановвул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида, уни тановвул қилади, холос. Аммо ризқ топилмасдан, бирортаси очқаб ўлиб ҳам қолмайди. Ризқини териб еб юраверади. Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Илоҳий таълимотлардан узоқ бўлган баъзи бир одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Улар ўзларича, ризқни ўзимиз топмоқдамиз, деб гумон қиладилар.

61Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратган ва қуёшнию ойни ўз измига қаратган ким?» деб сўрасанг: «Аллоҳ», дерлар. Бас, унда қаёққа бурилмоқдалар?!

62Аллоҳ Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ризқини кенг қилиб қўядир ва хоҳлаганиникини тор қиладир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчи зотдир.

63Агар улардан: «Осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтирган ким?!» деб сўрасанг, албатта, улар: «Аллоҳ», дерлар. Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин!» деб айт. Йўқ! Уларнинг кўплари ақл юритмаслар. (Мушрикларга тиллари билан ўзларига қарши далил айтдирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.)

64Бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидан иборатдир. Агар билсалар, охират диёри, ана ўша ҳақиқий ҳаётдир.

65Улар қачон кемага минсалар, Аллоҳга, Унинг динига ихлос қилган ҳолларида дуо қилурлар. Нажот бериб, уларни қуруқликка чиқарса, баногоҳ ширк келтирурлар.

66Улар Биз берган нарсага куфр келтираверсинлар ва ҳузур қилаверсинлар! Бас, тезда билурлар.

67Биз уларга Ҳарамни омонлик жойи қилиб қўйганимизни билмабмидилар?! Ҳолбуки, уларнинг атрофида одамлар талон-тарожга учрамоқдалар. Улар ботилга иймон келтириб, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?! (Макка аҳли Ҳарами Шарифнинг ҳурмати сабабидан омонликда яшар эдилар. Ҳеч ким уларга тегмас, ҳатто ёмон қарамас, балки Ҳарами Шарифнинг юзидан уларни ҳам улуғлар, эҳтиром қилар эдилар. Ҳарамнинг чегарасидан ташқаридагиларни эса, хоҳлаганлар ўлдирар, хоҳлаганлар олиб кетиб, қул қилар ёки молу дунёсини тортиб олар эди.)

68Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки ўзига келган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Кофирларга жаҳаннамда турар жой йўқмиди?!

69Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ чиройли амал қилгувчилар биландир.

Chapter 30 (Sura 30)

1Алиф. Лам. Мийм.

2Рум мағлуб бўлди.

3Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар.

4Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар.

5Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир. (Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамга, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган гап эди. Мушриклар қуръоний хабарни масхара қилиб, манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, аммо Аллоҳ таолонинг ўлчови бошқа экани хаёлларига келмасди.)

6(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин одамларнинг кўпи буни билмаслар. (Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига нусрат бериши ҳақидаги гап Аллоҳнинг ваъдасидир. У зот Ўз иродаси билан ваъда қилади ва Ўз иродаси билан ваъдасини амалга оширади. Бунга ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Лекин одамларнинг кўпи буни билмаслар. Ўзларича ниманидир билгандек бўладилар, аммо асл моҳиятни англаб етмайдилар.)

7Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини билурлар. Ҳолбуки, улар охиратдан ғофилдирлар. (Одамларнинг кўплари бу беш кунлик дунёнинг зоҳирий, сиртқи тарафини, юзаки биладилар. Кўзларига кўринган, қўллари билан ушлайдиган ёки бошқа ҳис этиш аъзолари ва асбоблари билан сезадиган нарсаларнигина, уларни ҳам бир қисминигина биладилар. Улар асосан бу дунёга қизиқадилар.)

8Ахир, улар Аллоҳ осмонлару ерни ва улар орасидаги нарсаларни фақат ҳақ билан ва маълум муддатга яратганини тафаккур қилиб кўрмайдиларми?! Ҳақиқатда, одамлардан кўплари Роббиларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчилардир. (Инсоннинг ақл ишлатиладиган нарсалар ҳақида ўйлаши «тафаккур» дейилади. Оятда одамларнинг тафаккур юритмасликларидан ажабланиш бор.)

9Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Уларнинг булардан қувватлари кўпроқ эди ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар. Ва уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин (оят)лар билан келдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмас эди, лекин улар ўзларига зулм қилардилар. (Аввалги кофирлар ободончилик масаласида ҳам ҳозирги кофирлардан устун эдилар. Улар ерга кўпроқ ишлов берганлар. Деҳқончиликни жуда ҳам ривожлантирганлар. Шунингдек, ердан турли маъданларни чиқариш ва бошқа имроний-ободончилик ишларини тараққий эттирганлар. Ушбу оятлар нозил бўлаётган давр кофирларидан кўра кўпроқ обод қилганлар.)

10Сўнгра ёмонлик қилганларнинг оқибати Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарганлари ва уларни истеҳзо қилганлари учун ёмон бўлди.

11Аллоҳ махлуқотни йўқдан бор қилади, сўнгра уни яна қайтадан вужудга келтиради, сўнгра Унга қайтарилурсиз.

12Қиёмат қоим бўлган кунда жиноятчилар ноумид бўлурлар.

13Уларга (Аллоҳга келтирган) шерикларидан шафоатчилар бўлмади ва улар шерикларига куфр келтиргувчи бўлдилар.

14Қиёмат қоим бўлган куни, ўша куни (гуруҳларга) бўлинурлар. (Одамлар қиёмат куни икки гуруҳга ажраладилар.)

15Бас, иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар, улар жаннатда шодланурлар.

16Куфр келтириб, Бизнинг оятларимизни ва охират мулоқотини ёлғонга чиқарганлар, ана ўшалар, азобга ҳозир қилинурлар.

17Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳни поклаб ёд этинг. (Бундан мурод, шом ва хуфтон намозларини ўқиб, Аллоҳни поклаб ёд этинглар, тонгга киришда тасбиҳ айтишдан мурод бомдод намозини ўқишдир.)

18Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам (поклаб ёд этингиз). (Дунёда барча ҳамду сано, мақтов Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Сизлар Унга оқшом ва пешин пайтларида ҳам тасбиҳ айтингиз. Яъни, пешин ва аср намозларини қоим қилинглар.)

19У ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлимидан кейин тирилтирур. Шунга ўхшаш сиз ҳам чиқарилурсиз. (Ҳар бир сонияда қандайдир ўсимлик қурийди, бошқаси уруғдан чиқади. Кимдир ўлади, кимдир туғилади. Бу нарса ерда ҳам, кўкда ҳам, сувда ҳам бўлиб туради. Сон-саноғига етиб бўлмайдиган ушбу жараёнларнинг ҳар бирини Аллоҳ таоло амалга оширади.)

20Сизни тупроқдан яратгани ва сўнгра сизлар башарга айланиб тарқалишингиз Унинг оят-белгиларидандир.

21Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.

22Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир. (Инсон боласи ўзига ўхшаган одамлар билан кўришади, гаплашади, лекин илоҳий қудрат туфайли уларнинг тиллари ва ранглари турлича яратилганига эътибор бермайди. Аслини олганда, булар ҳам улкан мўъжизалардир.)

23Ва Унинг оят-белгиларидан кечаси ва кундузи ухлашингиз ҳамда Унинг фазлидан талаб қилишингиздир. Албатта, бунда эшитадиган қавм учун оят-белгилар бордир. (Уйқу ўз ҳолича олиб қаралганда, катта бир мўъжизадир. Уйқу Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат. Одам боласининг уйқуга эҳтиёжи жуда каттадир. Буни билиш, англаб етиш учун бирор кун уйқусиз юришнинг ўзи етади.)

24Ва Унинг оятларидан сизга қўрқув ва умид учун чақмоқни кўрсатади ва осмондан сувни нозил қилади-да, у билан ерни ўлгандан кейин тирилтиради. Албатта, бунда ақл юратадиган қавм учун оят-белгилар бордир. (Олимлар кашф қилишларича, чақмоқ чаққанда ҳавони куйдириб ўсимликлар учун ўта фойдали ўғит–азот пайдо бўлар экан. Ана ўша модда ёмғир ила ерга тушиб ўсимликларнинг ўсишига, ҳосил беришига омил бўлар экан. Демак, хавф ва умид чақмоққа боғлиқ экан.)

25Унинг оят-белгиларидан, осмонлару ер Унинг амри ила туришидир. Сўнгра сизларни бир бор чақирса, ердан ҳаммангиз бирдан чиқарсизлар.

26Осмонлару ердаги кимсалар Унга хосдир. Барчалари Унга итоат қилгувчидирлар.

27У махлуқотни йўқдан бор қиладир, сўнгра уни яна қайтадан вужудга келтирадир, бу унга жуда осондир. Осмонлару ердаги энг олий васф Уникидир.У азиз ва ҳаким зотдир.

28У сизга ўзингиздан мисол келтирди. Сизларнинг қўлингиздаги (қулларингиз)дан Биз сизга ризқ қилиб берган нарсада шерикларингиз бор-у, сизлар у(ризқ)да тенг бўлиб, улар ҳақида ҳам ўзингиздан ҳаққингизда қўрққанингиздек қўрқасизми?! Ақл юритадиган қавмлар учун оятларни ана шундай муфассал қилиб борурмиз. (Биз ризқ қилиб берган неъматга қулингиз ҳам сизга шерик бўлишини хоҳлайсизми? Йўқ. У қулни мазкур молу мулкингизнинг бир қисми ҳисоблайсиз. Унинг мол-мулкингиздан чиқиб кетишини ҳам хоҳламайсиз. Аллоҳ берган ризққа ўз қулингиз шерик бўлишини хоҳламас экансиз, қандай қилиб Аллоҳга Унинг Ўзи яратган махлуқотларини шерикликка раво кўрасиз? Шерик бўлиш осон бўлибдими? Сиз ўз ҳаққингиз зое бўлишидан қўрққанингиз каби, унинг ҳаққи зое кетишидан ҳам қўрқишингиз мумкинми? Ҳеч мумкин эмас. Шундай экан, нима учун Аллоҳ таолога Унинг Ўзи яратган махлуқотларни шерик қиласиз? Ушбу тафсилотларни тўғри тушунган одамлар Аллоҳга ширк келтиришнинг асосий сабабини англаб оладилар.)

29Йўқ!!! Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос. Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳидоятга сола оларди?! Ва охиратда уларга нусрат бергувчилар бўлмас.

30Бас, сен ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. Бу Аллоҳ одамларни яратган асил табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар. (Мушрик, кофир ва бошқалар ҳавойи нафсга эргашиб, ўзлариникини маъқуллайверади, уларнинг барини эътиборсиз қолдириб, ҳақ динга юзлан. Аллоҳ одамларнинг асил табиатларига Исломни, ягона Аллоҳга иймон келтиришни жойлаган. Аллоҳга ширк келтириш эса, инсоннинг асил табиатига зид бўлиб, илмсизлик ва ҳавойи нафсга эргашиш оқибатида пайдо бўлади.)

31(Ҳар бир нарсада) Унга қайтгувчи бўлароқ, У зотга тақво қилинг, намозни тўкис адо этинг ва мушриклардан бўлманг.

32Динларида тафриқага тушган, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ҳар бир фирқа ўз олдидаги нарсадан шод бўлганлардан (бўлманг). (Мушрикликнинг бир маъноси Аллоҳга шерик келтириш бўлса-да, дунёда мушрикликдан кўп нарса бўлмаса керак. Чунки мушриклар динларида фирқаланиб кетган. Аллоҳ таоло мусулмонларни шулар каби тафриқага тушмасликка амр қилмоқда.)

33Қачон одамларга зарар етса, Роббиларининг Ўзигагина қайтиб, дуо қилурлар. Сўнгра У зот уларга Ўзидан раҳмат тоттирганда, кўрибсанки, улардан баъзи гуруҳлари Роббиларига ширк келтирурлар.

34Биз уларга берган нарсага куфр келтираверсинлар! Бас, ҳузурланаверинг! Яқинда биласизлар!

35Ёки Биз уларга осмондан ҳужжат туширганмизу у(ҳужжат) У зотга ширк келтирган нарса (жоизлиги) ҳақида сўзлайдими?!

36Ва қачон одамларга раҳматни тоттирсак, ундан шод бўлурлар. Агар уларга ўз қўллари тақдим қилган нарса туфайли ёмонлик етса, дарҳол умидсизликка тушурлар.

37Улар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига ризқни кенг ёки тор қилишини билмайдиларми? Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир.

38Бас, қариндошга, мискинга ва йўл ўғлига ҳаққини бер. Ана шу Аллоҳнинг юзини ирода қилганлар учун хайрлидир. Ва ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Ризқ бериш Аллоҳ таолонинг қўлида бўлгач, ризқнинг камайиб қолишидан қўрқмай, қариндош-уруғларга, мискинлар ва сафари туфайли муҳтожликка тушиб, йўлда қолганларга ҳақларини бер. Хайр-садақа қил. Сенинг қўлингдаги ризқи рўзда уларнинг ҳам ҳақлари борлигини унутма.)

39Одамлар моллари ичида зиёда бўлсин, деб рибо учун берган молингиз Аллоҳ ҳузурида зиёда бўлмас. Аллоҳнинг юзини кўзлаб берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар, бир неча баробар қилиб олгувчилардир. («Рибо» ўзбек тилида «судхўрлик» деб юритилади. Рибо бир одам иккинчисига маълум муддатга маълум миқдор пулни устига фоиз қўйиб қайтариш шарти ила беришидир. Аллоҳ таоло рибони ҳаром қилган, ҳаром нарса қанча кўп бўлса ҳам, зиёда бўлмайди. Шунингдек, рибода савоб ҳам йўқ. Балки гуноҳ бор.«Закот» сўзи ўзбек тилида «покиза» ва «зиёда» маъноларини англатади. Дарҳақиқат, закоти берилган мол покизаланади ва Аллоҳ берган барака ила зиёда ҳам бўлади.)

40Сизларни халқ қилган, сўнгра ризқлантирган, кейин ўлдирадиган ва яна тирилтирадиган зот Аллоҳдир. Сизнинг (Аллоҳга келтирган) шерикларингиздан, ким ана шуларингиздан бирортасини қила олади?! У зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва олий бўлди.

41Қилган амалларининг баъзисини тоттириш учун, одамлар қўллари касб қилган нарсалар туфайли қуруқликдаю денгизда фасод зоҳир бўлди. Шоядки улар қайтсалар. (Одамлардаги бузуқ эътиқод ва тасаввурлардан фисқу фасод келиб чиқади. Бу эса, ўз навбатида, қуруқликдаю денгизда бузғунчилик устун келишига сабаб бўлади. Одамлар қилган гуноҳлар ва фисқу фасод ўзларининг бошларига бало-офат келтиради. Бу мусибатлар уларга танбеҳ бўлиши, залолатдан ҳидоятга, нотўғри йўлдан қайтишларига сабаб бўлиши керак.)

42Сен:«Ер юзида сайр қилинглар. Олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар. Уларнинг кўплари мушрик бўлган эдилар», деб айт.

43Бас, Аллоҳ томонидан рад қилинмайдиган кун келмасдан аввал тўғри динга юз тут. Ўша кунда (одамлар) бўлак-бзлак бўлурлар.

44Ким куфр келтирса, унинг куфри ўз зарарига. Кимлар яхши амаллар қилган бўлса, ўзлари учун замин тайёрларлар.

45У зот иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни Ўз фазли ила мукофотлаши учундир. Албатта, У кофирларни севмас. (Банда ҳар қанча яхши амал қилган чоғида ҳам, Аллоҳнинг шукрини жойига келтира олмайди ва жаннатга ҳақдор бўла билмайди. Унга бу мақомни Аллоҳ таоло Ўз фазли-марҳамати ила ато қилади. Чунки у мўмин бўлиб яхши амаллар этган бандаларни севади.)

46Ва Унинг оят-белгиларидан сизга Ўз раҳматидан тоттириш учун, Ўз амри ила кемаларни юрдириш учун ва Унинг фазлидан (ризқ) талаб қилишингиз учун шамолларни хушхабарчи қилиб юборишидир. Шоядки шукр қилсангиз. (Ёмғир ёғишини интиқиб кутаётган кишилар ғир этган шамолдан хурсанд бўлишади. Чунки тажрибада ёмғирдан олдин унинг шамоли келиши аниқланган. Одатда, ёмғирдан олдин эсадиган шамол ёмғирга интизор бўлиб турганлар учун хушхабарчи бўлади. Дарҳақиқат, ўша шамол бандалар Аллоҳнинг раҳматидан тотишлари учун зарур бўлган ёмғирли булутларни олиб келаётган бўлади. Ёмғир ёғади, ҳамма фойдаланади. Ризқи рўз сероб бўлади. Бандалар Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўладилар. Шунингдек, авваллари тижорат ва касб-кор учун сафарни ихтиёр этган кишилар денгиз сафарига ҳозирланиб, елканли кемаларини тайёрлаб, шамолни кутишган. Улар учун ҳам шамол хушхабарчи бўлган. Аллоҳнинг амри ила юрган кемада сафар қилиб, ҳожатларини чиқаришган, Аллоҳнинг фазлидан ризқи рўз талаб қилишган.)

47Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарларни қавмларига юбордик. Бас, улар (қавмларига) очиқ-ойдин ҳужжатлар келтирганлар. Сўнг Биз жиноят қилганлардан интиқом олганмиз. Мўминларга нусрат бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган.

48Аллоҳ шундай зотки, шамолларни юбориб, улар ила булутни қўзғатар ва у (булут)ни осмонда Ўзи хоҳлаганича ёяр ва бўлак-бўлак қилар, бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасан. Қачон у(ёмғир)ни Ўз бандаларидан хоҳлаган кимсаларга етказса, улар дарҳол шод бўлурлар.

49Ҳолбуки, устларига (ёмғир) туширилишидан олдин, ҳа, ундан олдин, мутлақо умидсиз эдилар.

50Бас, Роббинг раҳмати асарларига назар сол. У ерни ўлиб ётганидан кейин қандай тирилтиради?! Албатта, У зот ўликларни ҳам тирилтиргувчидир ва У ҳар бир нарсага қодирдир.

51Агар Биз бир шамол юбориб, улар (экинларини) сарғайган ҳолда кўрсалар, ундан кейин, албатта, куфрони неъмат қилишга ўтарлар. (Аллоҳ иссиқ шамол эсдириб, экинларини сарғайтириб қўйса, Аллоҳга ва Унинг қазои қадарига ишонмайдиганлар ноумид бўлиб, куфрони неъмат қиладилар.)

52Албатта, сен ўликка эшиттира олмассан ва даъватни ортларига бурилиб кетаётган карларга эшиттира олмайссан.

53Сен кўрларни гумроҳликларидан ҳидоят қилгувчи эмассан. Сен фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтирганларгагина эшиттира олурсан. Ана ўшалар мусулмонлардир.

54Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган зотдир. У хоҳлаганини яратур. У ўта илмли ва ўта қудратлидир. (Асли уруғларингиз нутфа деб аталмиш бир томчи жирканч сувдир. У жуда ҳам заиф нарса. Аллоҳ Ўз инояти ила ўша заиф сувдан ҳомила пайдо қилади. Ҳомила ҳам жуда заиф бўлади.Туғилган чоғида ҳам инсон боласи энг заиф бола бўлади. Узоқ йиллар ўзи мустақил равишда бирор иш қила олмайди. Шундай заиф одамни Аллоҳ «сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган»дир. Аллоҳдан ўзга ҳеч ким унга бу қувватни бермайди. Вақти-соати етиб инсон қариб куч-қувватдан кетади. Дунё ана шундай. Ундаги ҳамма нарса ўзгариб туради. Бу ўзгаришларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло бажаради.)

55Қиёмат қоим бўладиган куни жиноятчилар бир соатдан бошқа турмаганлари ҳақида қасам ичурлар. Улар ана шундай ўгрилар эдилар. (Улар ёруғ дунёда бир соатдан ортиқ турмаганлари ҳақида қасам ичадилар. Агар кўпроқ турганларида, иймон келтиришлари мумкинлигини пеш қилмоқчи бўладилар.)

56Илм ва иймон берилганлар: «Батаҳқиқ, Аллоҳнинг китоби бўйича қайта тирилиш кунигача турдингиз. Бас, бугун қайта тирилиш кунидир. Лекин сизлар билмас эдингиз», дерлар.

57Бас, бугунги кунда зулм қилганларга маъзиратлари манфаат бермас ҳамда улар итобга ҳам қайтарилмаслар. (Ортга қайтсак, Аллоҳ рози бўладиган ишларни қилар эдик, деб ёлборсалар ҳам, қайтарилмайдилар.)

58Батаҳқиқ, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар келтирдик. Аниқки, агар сен уларга оят-мўъжиза келтирсанг ҳам, куфр келтирганлар: «Сиз ботилчилардан ўзга эмассиз», дерлар.

59Аллоҳ билмайдиганларнинг қалбларини ана шундай қилиб муҳрлар.

60Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Собит иймон келтирмаганлар сени енгилтакликка бошламасинлар. (Иймонсиз ва иймони заифлар қачонгача сабр қиламиз, сабрнинг охири борми, дея безовталаниб, иғволари билан сени енгилтакликка бошламасинлар.)

Chapter 31 (Sura 31)

1Алиф. Лам. Мийм.

2Ушбулар ҳикматли Китоб оятларидир.

3У муҳсинларга ҳидоят ва раҳматдир.

4Намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга ишонч-ла иймон келтирадиганларга.

5Ана ўшалар, Роббиларидан бўлган ҳидоятдадирлар. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир.

6Одамлар орасида илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун ва у(йўл)ни истеҳзо қилиш учун беҳуда сўзни сотиб оладиган кимсалар ҳам бор. Ана ўшаларга ўзларига хорловчи азоб бордир. (Улар ҳикмат тўла Қуръони Каримни, Аллоҳнинг пурҳикмат сўзларини қабул қилмасдан, уларга бадалсиз тақдим этилаётган икки дунё саодатига элтувчи илоҳий дастурга бўйинсунмасдан, қандайдир беҳуда сўзларни кўтариб юрадилар. Ҳа, ўша беҳуда сўзлар эгаси бўлиш учун молу мулкни, ҳаётни, зеҳн-заковатни, бутун имкониятларни сарфлайдилар.)

7Қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, худди уларни эшитмагандек, худди қулоғида оғирлик бордек мутакаббирлик билан ортга қараб кетадир. Бас, унга аламли азобнинг башоратини бер.

8Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилганларга, ўшаларга неъмат жаннатлари бордир.

9Улар унда абадий қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Ва У азиз ва ҳакимдир.

10У, сиз кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз яратган, сизларни тебратмаслиги учун ер юзига оғир тоғларни ташлаган ва (ер)да ҳар турли жониворларни таратиб қўйган зотдир. Ва осмондан сув тушириб, у билан ун(ер юзи)да турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик. (Оятда «ўсимликларни ўстириб қўйдик», дейилмасдан, «карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик», деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир.)

11Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар.

12Батаҳқиқ, Биз Луқмонга: «Аллоҳга шукр қил. Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир», деб ҳикматни бердик. («Ҳикмат», аслида, ҳар бир нарсани яхшилаб ўз жойига қўйиш, деган маънони беради. Шу боисдан ҳам ҳар бир гапни тўғри сўзлаш ва ҳар бир ишни тўғри бажаришга «ҳикмат» дейилади. Аллоҳ таоло ҳазрати Луқмонга ана шундай неъматни ато қилганини ушбу оятда билдирмоқда. У кишининг исмларига »ҳаким« лақаби қўшилиб зикр қилиши сабаби ҳам шундан. Баъзи кишилар бу ҳикмат соҳиби бўлган зотни Пайғамбар деб ҳам айтишган. Аммо аксар уламоларимиз, жумладан, кўпгина тафсирчиларимиз, Ҳазрати Луқмон Пайғамбар эмас, ҳаким бўлган, дейдилар. Чунки Пайғамбарларнинг зикри келган Қуръон оятларида бу кишининг исмлари келмаган. Шунингдек, у кишининг Пайғамбар бўлганлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам ҳеч бир хабар бермаганлар.)

13Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтганларини эсла: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир».

14Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир».

15Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман.

16«Эй ўғилчам, албатта, у(амал) агар ачитқининг бир дона уруғича бўлсаю у бир қоя тош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир.

17Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир.

18Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас.

19Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир». (Яъни, юришинг ўртача ва мақсадли бўлсин. Бекорчи сохта ҳаракатлар билан куч-қувватни исроф қилиб, кибру ҳаво билан ҳам юрма, жуда лапашанг бўлиб, судралма ҳам эшак бекордан-бекорга бор овози билан ҳанграб туради. Ҳеч бир сабабсиз баланд кўтарилган овознинг эшакникига ўхшатилишининг ўзи етарли. Оятда бу овоз энг ёмон эканлиги ҳам таъкидланмоқда.)

20Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?! Одамлардан илмсиз, ҳидоятсиз ва ёритувчи китобсиз Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор. (Баъзи одамлар ўзларида ҳақиқатни исбот қилувчи илм бўлмаса ҳам, Аллоҳ ҳақида тортишаверадилар. Тўғри йўлга бошловчи ҳидоятчилари бўлмаса ҳам, Аллоҳ хусусида баҳслашаверадилар. Турли бўлмағур фикрларни айтадилар. Унга куфр келтирадилар. Унга ширк келтирадилар.)

21Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», дейилса: «Йўқ! Биз оталаримизни ниманинг устида топсак, ўшанга эргашамиз», дерлар. Агар шайтон уларни дўзах азобига чақираётган бўлса ҳам-а?!

22Ким гўзал амалларни қилгувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у ишончли арқонни маҳкам тутибди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур. (Биз «ишончли арқон» деб таржима қилган маъно оятда «ал-урватул вусқо» деб келган. «Вусқо» ишончли дегани, «ал-урвату» деб эса, тоққа осилиб чиқиладиган арқонга айтилади. Демак, бу дунёда олий мақсадга эришиш баланд тоғ чўққисига чиқиш деб олинса, Ислом динини тутиш ўша чўққига чиқиш учун узилмайдиган, ишончли арқонни маҳкам тутишга ўхшар экан. Чўққига чиқмоқчи бўлган одам, энди арқондан кўнгли тўқ бўлаверсин. Бу ёғи ўзига боғлиқ, ҳаракат қилса, чўққига албатта чиқади. Шунинг учун аввал-бошдан унга иймон келтириб, у нозил қилган Қуръонга эргашавериш керак.)

23Ким куфр келтирса, унинг куфри сени хафа қилмасин. Қайтишлари фақат Бизгадир. Бас, Биз уларга нима амал қилганлари хабарини берурмиз. Албатта, Аллоҳ қалблардаги нарсаларни ўта билгувчидир.

24Уларни бир оз ҳузурлантирурмиз, сўнгра қаттиқ азобга мажбур қилурмиз.

25Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратган?» деб сўрасанг, албатта, — «Аллоҳ», дерлар. Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб айт. Йўқ! Кўплари билмаслар.

26Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи беҳожат ва мақталган зотдир.

27Агар ер юзидаги дарахтнинг барчаси қаламлар бўлиб, денгиз–уни ортида етти денгиз мадад бериб туриб (сиёҳ) бўлса ҳам, Аллоҳнинг калималари битмас. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳакимдир.

28Сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам фақат бир жон (яратиш ва қайта тирилтириш) кабидир. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчидир.

29Аллоҳ кечани кундузга киритишини ва кундузни кечага киритишини, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйганини, уларнинг ҳар бири белгиланган муддат томон юришини ва, албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардор эканини кўрмадингми?!

30Бу, албатта, Аллоҳнинг Ўзи ҳақ, албатта, Ундан ўзга илтижо қилаётганлари ботил ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи энг юксак ва энг буюк зот эканидандир.

31Кемалар Аллоҳнинг неъмати ила сизга Унинг оят-белгиларини кўрсатиш учун денгизда юрганини кўрмадингми?! Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрлилар учун оят-белгилар бордир.

32Қачон уларни тоғ каби тўлқин ўраб қолса, Аллоҳнинг динига ихлос этароқ, дуо қилурлар. Нажот бериб, уларни қуруқликка чиқарса, баъзилари тежамкор бўлур. Бизнинг оятларимизни фақат ўта хоин ва ўта кофирларгина инкор этурлар. (Ўлим кўзига кўринган чоғда, минган кемаси қаттиқ довулга учраб, денгизда хасдек у ён-бу ён отилаётган бир пайтда ҳамма нарсани унутиб, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ёлбориб илтижо қилишга тушади. Аллоҳдан бошқа нарса ёдига келмайди. Аллоҳга, Унинг динига ихлос қилиб қолади. Эсон-омон қутулиб олса, доимо Аллоҳга шукр этиб, ибодат қилиб юришга ваъдалар беради. Улар тўлқинга учраган пайтларида, бундан буён Аллоҳга иймон-эътиқодда бўлиб, ибодат қилиб юраман, деб ваъдалар берган эдилар, ўша ваъдаларига хиёнат қиладилар. Аллоҳнинг неъмати ила ўлимдан топган нажотларига ношукрлик қиладилар. Кемага минган ва довулда қолган пайтда кўрган оят-белгиларини инкор этадилар.)

33Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда бергувчи бўлмайдиган кундан қўрқинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин. (Бу кун қиёмат кунидир. У кунда инсонлар орасидаги боғланишлар, алоқалар кесилади. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Бировнинг бировга фойдаси тегмайди. Ҳатто, ота болага, бола отага фойда бера олмай қолади. У кунда бирдан-бир фойда берадиган нарса иймон ва яхши амал бўлади. Ана ўшандай кундан қўрқиш барча одамларнинг одамийлик бурчидир. Қиёмат кунидан қўрққан одамгина барча ёмонликлардан қайтади. Аксинча, қиёмат кунидан қўрқмайдиган одам ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди.)

34Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта хабардордир. (Оятда Аллоҳ таолонинг илми шомилу комил ҳамда мутлақ экани, унинг илми қаршисида бошқа илмлар ҳеч нарсага арзимаслиги баён қилинмоқда.)

Chapter 32 (Sura 32)

1Алиф. Лам. Мийм.

2Бу китобнинг нозил қилиниши, ҳеч шак-шубҳасиз, оламларнинг Робби томонидандир.

3Ёки, унинг ўзи тўқиб олган, дейдиларми?! Йўқ! У сендан олдин ўзларига ҳеч огоҳлантиргувчи келмаган қавмни огоҳлантиришинг учун Роббингдан (келган) ҳақдир. Шояд улар ҳидоят топсалар.

4Аллоҳ осмонлару ерни ва улар орасидаги нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра аршни эгаллган зотдир. Сиз учун ундан ўзга дўст ҳам, шафоатчи ҳам йўқдир. Ахир, эсламайсизларми?! (Осмонлару ернинг олти кунда яратилишининг ҳикмати ва сирлари ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина маълум. Уламоларимиз бу тўғрида турли фикрларни айтган бўлсалар ҳам, кўплари Аллоҳга ҳавола этишни маъқул биладилар.)

5У зот осмондан ергача барча ишнинг тадбирини қилур. Сўнгра ўша (иш) миқдорини сиз санаётган ҳисобда минг йилга тенг бўлган кунда Унга чиқар. (Яъни, Аллоҳ таоло дунёдаги ҳамма ишларнинг тадбирини қилиб қўйган. Аммо бу ишлар қолиб кетавермайди. Унутилиб ҳам, натижасиз ҳам қолмайди. Балки қиёмат куни яна Аллоҳнинг ҳузурига чиқади. Қиёмат куни ўзининг даҳшати ила, бу дунёда одамлар санаб юрган минг кунга тенг бўлади. Ана ўша кунни ўйлаб иш кўриш керак.)

6Ана шу Зот ғойибнию ҳозирни билгувчи, азизу раҳиймдир.

7У Ўзи яратган ҳар бир нарсани гўзал этган ва инсонни яратишни лойдан бошлаган зотдир.

8Сўнгра унинг наслини ҳақир бир сувдан ажраб чиқадиган қилди.

9Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади. У сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. Камдан-кам шукр қилурсизлар.

10Улар: «Биз ер остида йўқ бўлиб кетгач ҳам, яна янгитдан яратиламизми?!» дерлар. Йўқ! Улар Роббиларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчилардир.

11Сен: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир. Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз», деб айт. (Бу дунёда одам боласи ҳеч қачон ўлишни хоҳламайди. Аммо ажали етса, у қанчалик яшашни хоҳласа-да, вакил қилинган ўлим фариштаси келиб жонини олади.)

12Гуноҳкорларнинг Роббилари ҳузурида бошларини эгиб туриб: »Эй Роббимиз, кўрдик, эшитдик. Бас, бизни ортга қайтар, яхши амал қиламиз. Албатта, биз ишониб етдик«, дейишларини кўрсанг эди.

13Агар хоҳлаганимизда, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини берар эдик. Лекин мендан: «Албатта, жаҳаннамни жинлар ва одамларни жамлаб тўлдираман», деган сўз ҳақ бўлди. (Ҳа, бу иш Аллоҳ таоло учун осон эди. Аллоҳ инсонни айрича табиат билан яратди. Унга ақл берди. Ирода берди. Истак берди. Шаҳват берди. Пайғамбар юбориб, китоб нозил қилди. Ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатди. Бу дунёдаги вазифасини тушунтирди. Одамлар ва жинлар ичидан кофирликни, осийликни танлаганларини қўшиб жаҳаннамга ташлаб, улар билан уни албатта тўлдираман, деган сўзим бор эди, шу ҳақ бўлди.)

14«Бас, тотиб кўринглар, ушбу кунингизда учрашувни унутганингиз туфайли Биз ҳам сизни унутдик. Қилиб ўтган амалларингиз туфайли мангу азобни тотинг!» дейилур.

15Албатта, Бизнинг оятларимизга уларла эслатма берилганда саждага йиқиладиган, Роббиларига ҳамд ила тасбиҳ айтадиган ва мутакаббирлик қилмайдиганларгина иймон келтирарлар. (Яъни, Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинган чоғда таъсирланиб, қалблари эриб, ихлослари ортиб, Аллоҳни улуғлаб саждага йиқиладиган одамларгина оятларга иймон келтирар эканлар.)

16Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар.

17Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас. (Яъни, ҳеч бир одам яхши амаллари эвазига жаннатда беркитиб қўйилган, кўзни қувонтирадиган мукофотлар борлигини идрок қила билмас. Улар риё бўлмасин деб амалларни кечасида, махфий равишда қилгани учун Аллоҳ таоло ҳам уларга берадиган мукофотини махфий қилиб, беркитиб қўйган.)

18Ахир, мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одамдек бўладими?! Тенг бўлмаслар.

19Ҳа, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга, бас, уларга қилиб ўтган амаллари учун жаннатул маъво манзилдир.

20Аммо фосиқлик қилганлар эса, бас, уларнинг жойлари дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқни ирода қилсалар, унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинг», дейилур. (Фосиқлар дўзах азобидан қийналиб, ундан қочиб чиқишга ҳаракат қиладилар. Аммо улар дўзахдан энди чиқай деб қолганларида, яна унга қайтариладилар. Шундай қилиб, у ерда доимий ва абадий азобланадилар.)

21Албатта, Биз уларга буюк азобдан олдин яқин азобни тоттирамиз. Шоядки қайтсалар. (Яъни, ўша фосиқларга охиратнинг буюк азобидан олдин бу дунёдаги яқин азобни тоттирамиз. Шоядки улар бундан сабоқ олиб, куфр ва фисқу фужурдан, ёмонликлардан қайтсалар.)

22Роббининг оятлари ила эслатилган, сўнгра улардан юз ўгирган одамдан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, Биз жиноятчилардан интиқом олгувчилармиз.

23Батаҳқиқ, Биз Мусога китобни бердик. Бас, сен унинг рўбарў бўлишидан шубҳада бўлма. Ва Биз уни Бани Исроилга ҳидоят қилиб бердик. (Ушбу жумла маъноси ҳақида тафсирчи уламоларимиз турли фикрларни айтганлар. Бирлари, бу жумлада Муҳаммаднинг (с.а.в.) Исро ва Меърож кечасида Мусо алайҳиссаломга рўбарў бўлишлари айтилган, деб тушунадилар. Иккинчилари, Мусо алайҳиссаломнинг Тавротга рўбарў бўлишларидир, деб айтадилар. Учинчилари эса, Мусога китоб берганимиздек, сени ҳам бир илоҳий китобга рўбарў қиламиз, деган маънода тафсир этадилар.)

24Ва сабр қилган пайтларида улардан Бизнинг амримиз ила ҳидоятга бошлайдиган пешволар чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонардилар.

25Албатта, Роббинг Ўзи қиёмат куни улар орасида ихтилоф қилган нарсалари тўғрисида ажрим қилур.

26Ўзларидан олдин ўтган, масканларида юриб турганлари қанчадан-қанча аср(одам)ларини ҳалок қилганимиз уларни ҳидоятга бошламадими?! Албатта, бунда оят-белгилар бордир. Эшитмайдиларми?!

27Бизнинг сувни қуруқ ерга ҳайдаб у билан чорвалари ва ўзлари ейдиган зироатни чиқаришимизни билмайдиларми?! Ахир, кўрмайдиларми?!

28Улар: «Агар ростгўй бўлсаларингиз, бу фатҳ қачон бўлур?!» дерлар.

29Сен: «Фатҳ куни куфр келтирганларга иймонлари манфаат бермас ва уларга муҳлат ҳам берилмас», деб айт.

30Бас, улардан юз ўгир ва мунтазир бўл. Албатта, улар ҳам мунтазирдирлар. (Кўриб ўтганимиздек, Сажда сурасида ҳар бир инсон доимо эсда тутиши ва ҳаётда тез-тез эслаб туриши лозим бўлган маънолар ўзига хос услуб билан келтирилгандир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу сураи каримани намозда ва ҳар куни ётишларидан олдин ўқир эдилар. Имоми Бухорий ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Абу Ҳурайра (р.а.): «Расулуллоҳ (с.а.в.) жума куни бомдод намозида Сажда сураси билан «Ҳал ата алал-инсани» сурасини ўқир эдилар», деганлар.)

Chapter 33 (Sura 33)

1Эй Набий! Аллоҳга тақво қил ва кофиру мунофиқларга итоат этма! Албатта, Аллоҳ ўта олим ва ўта ҳикматли зотдир.

2Ва ўзингга Роббингдан ваҳий қилинаётган нарсага эргаш. Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир.

3Ва фақат Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳ кофийдир.

4Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир. Ўзларингиз зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она ҳам қилган эмас ва асранди болаларингизни сизга фарзанд ҳам қилган эмас. Буларингиз оғзингиз билан айтган гапларингиздир. Аллоҳ эса ҳақни айтур ва У тўғри йўлга ҳидоят қилур. (Бу оятда жоҳилият тузумининг учта ҳукми ҳақида сўз кетмоқда. Булар: ақлли ва зийрак кишиларнинг қалби иккита бўлади, деган тасаввур; ким хотинидан зиҳор қилса, хотини онаси бўлиб қолади, деган ақида; ким бирор болани асраб олса, ўз сулбидан бўлган боланинг ўрнида ўтади, деган ҳукм. Бу уч ҳукмга кофир ва мунофиқлар тўла ишонишар ва амал қилишар эди. Шу билан бирга, мўмин-мусулмонларнинг ҳам бу ҳукмларига итоат этишларини талаб қилишарди. Мана шу оят мусулмонлар олдига Аллоҳга тақво қилиш, у юбораётган ваҳийга эргашиш, фақат Яратганнинг ўзига суяниш ва кофиру мунофиқларга эргашмаслик вазифасини амалий равишда қўйди.)

5Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир.

6Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса, уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан ҳақлидирлар. Фақат дўстларингизга яхшилик қилмоғингиз мустаснодир. Бу Китобда сатрлар ила битилмиш. (Пайғамбарнинг мўминлар учун тутган ўрни шунчалик улуғки, у асраб олган отадан ҳам, сулбий отадан ҳам, ҳатто ҳар бир мўминнинг ўз нафсидан ҳам юқори даражададир. Унинг бу даражаси доимий ва боқийдир. Пайғамбар (с.а.в.) ҳар бир нарсада мўминлар учун ҳатто ўзларидан ҳам устун мақомдадир.)

7Набийлардан аҳду паймонларини олганимизни эсла! Сендан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Ийсо ибн Марямдан ҳам. Биз улардан салмоқли аҳду паймон олдик.

8(Буни Аллоҳ) содиқлардан садоқатлари ҳақида сўраш учун қилди. Ва кофирларга аламли азобни тайёрлаб қўйди. (Ушбу ояти каримадаги «содиқлар» кимлар эканлиги ҳақида тафсирчи уламоларимиз икки хил фикр айтганлар. Бир гуруҳи, содиқлар Пайғамбарлардир, деган. Иккинчи бир гуруҳи эса, содиқлар Пайғамбарларга содиқ бўлган мўминлардир, деб айтган. Аслида, бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади.)

9Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Ўшанда устингизга лашкарлар келган эди. Бас, Биз уларнинг устига шамолни ва сиз кўрмаган лашкарларни юбордик. Аллоҳ нима қилаётганингизни яхши кўриб тургувчи эди. (Ўша пайтда устингизга аҳзоб–Қурайш ўзининг одамлари ва малайлари билан ҳамда Ғатафоннинг турли қабилалари бирлашиб, бостириб келишган эди. Улар сизларни бутунлай йўқ қилиб юбориш мақсадида эдилар.)

10Ўшанда улар сизнинг уст ва қуйи томонингиздан келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, жонлар ҳалқумга келган эди ва Аллоҳ ҳақида турли гумонлар қилардингиз.

11Ана шунда мўминлар синовга дучор бўлдилар ва шиддатли ларзага тушдилар. (Дарҳақиқат, мусулмонлар қуршов ичида қолдилар. Улар шаҳар атрофида ҳандақ қазиб, ҳимояланишди.Бунинг устига, яҳудий қабиласи Бани Қурайза хиёнат қилиб, аҳдни бузди, душманга қўшилиб кетди.)

12Ўшанда мунофиқлар ва қалбларида касаллик борлар: «Аллоҳ ва Унинг Расули бизга ёлғондан бошқани ваъда қилмаган экан», дердилар. (Улар, Расулуллоҳдан (с.а.в.) изн сўрамай, сафарбарликдан кетиб қолганлари ҳам етмаганидек, мўминлар ичига ғулғула солдилар.)

13Ўшанда улардан бир тоифаси: «Эй Ясриб аҳли, бу ерда сизга туриш имкони йўқ. Бас, қайтинглар», деди. Улардан бир гуруҳлари Набийдан изн сўраб: «Уйларимиз очиқ-сочиқ қолган», дейдилар. Ҳолбуки, улар очиқ-сочиқ эмас. Улар қочишдан бошқани ирода қилмаслар.

14Агар уларнинг устига у (Мадина)нинг ҳар тарафидан бостириб кирилса, сўнгра улардан фитна талаб қилинса, албатта, уни қилурлар. Ҳеч кечикмаслар. Магар озгинагина. (Яъни, ўша мунофиқ ва иймони заифларнинг устига душман Мадинанинг ҳар томонидан бостириб кириб, фитнани –диндан қайтиш ва мусулмонларга қарши урушишни талаб этса, дарҳол ўша ишни қилар эдилар.)

15Ҳолбуки, улар бундан олдин ортга қараб қочмасликка Аллоҳга аҳд берган эдилар. Аллоҳга аҳд эса, масъулият бўлгандир. (Кетиш учун ёлғон тўқиган Авс ибн Қайзийнинг қабиласи Бани Ҳорисадир. Уҳуд урушида ҳам ортга қочмоқчи бўлган эдилар.)

16Сен: «Қочиш сизга ҳеч қандай фойда бермас. Демак, агар ўлимдан ёки қатл бўлишдан қочсангиз ҳам, жуда оз ҳузурланасиз, холос», деб айт.

17Сен: «Агар сизга Аллоҳ ёмонликни ирода қилса ёки сизга раҳматни ирода қилса, сизларни ундан тўсадиган ким бор?!» деб айт. Улар ўзларига Аллоҳдан ўзга дўст ва ёрдам бергувчи топа олмаслар.

18Батаҳқиқ, Аллоҳ ичингиздаги (жиҳодга) тўсиқлик қилгувчиларни ҳам ва ўз биродарларига: «Биз томон келинг», деювчиларни ҳам билур. Улар жангга келмаслар, илло, озгина келурлар.

19Сизларга нисбатан бахиллик қилган ҳолларида (келурлар). Бас, хавф келган чоғда уларнинг сенга ўлим талвасасидаги кишига ўхшаб, кўзлари айланиб назар солишларини кўрасан. Бас, хавф кетганда эса, яхшиликка очкўзлик қилиб, сизларга ўткир тиллар ила озор берурлар. Ана ўшалар иймон келтирмаганлардир. Бас, Аллоҳ амалларини беҳуда кетказди. Бу эса, Аллоҳ учун осон эди. («Ана ўшалар» мўмин-мусулмонларга қўшилиб, сафарбарликка чиқадиганларнинг жиҳодга бўлган шаштини пасайтирадиган, урушга озгинасигина келадиган, хавф келганда мусулмонлар раҳбарига худди, ўлимимга сен сабабсан, дегандек назар соладиган, хавф кетганда, ўлжа талашиб уришадиган, иймон келтирмаган одамлардир.)

20Улар аҳзобларни кетмаган деб ҳисобларлар. Агар аҳзоблар яна келсалар, улар аъробийлар ичида, чўлда бўлиб, сизнинг хабарингизни сўраб туришни орзу қилурлар. Агар сизнинг ичингизда бўлганларида ҳам, камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар. (Кофир гуруҳларнинг мусулмонларга ҳеч бир зарар етказа олмай, қайтиб кетганлари мунофиқларнинг тасаввурига сиғмайди.)

21Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Пайғамбаримиз (с.а.в.) аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан, Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Салмони Форсийнинг (р.а.) фикрларини қабул этиб, ҳандақ қазишни бошладилар. У зот (с.а.в.) шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар.)

22Мўминлар аҳзобларни кўрганларида: «Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар», дедилар. Бу уларга иймон ва таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади. (Яъни, кофирларнинг аҳзоб бўлиб, сонсиз-саноқсиз ададда устларига бостириб келишлари мўминларга иймондан ва Аллоҳ таолога бутунлай ўзларини топширишдан бошқани зиёда қилмади. Уларнинг иймон-эътиқодлари ва мусулмончиликлари яна ҳам кучайди. Ҳа, иймон келтирган, мусулмон бўлган одамлар ана шундай одамлардир.)

23Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар.

24Аллоҳ содиқларни садоқатлари сабабидан мукофотлаш учун ва мунофиқларни Аллоҳ хоҳласа, азоблаши ёки тавбасини қабул қилиши учундир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир.

25Ва Аллоҳ куфр келтирганларни ғазаблари ила ортларига қайтарди. Улар ҳеч бир яхшиликка эриша олмадилар. Мўминлар учун урушда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилди. Ва Аллоҳ кучли ва азиз зотдир.

26Ва У зот уларга ёрдам берган аҳли китоблардан бўлганларни қўрғонларидан туширди ва қалбларига қўрқинч солди. Бир гуруҳини ўлдирурсизлар ва бир гуруҳини асир олурсизлар. (Кофирлар аҳзобига ёрдам берган аҳли китоблар яҳудийлардир. Яна ҳам аниқроғи, яҳудийларнинг Бани Қурайза қабиласидир. Аҳзоб урушини қўзғаганлар Ҳайй ибн Ахтоб бошлиқ Бани Назир яҳудийлари эди. Шунингдек, улар Бани Қурайза қабиласининг хиёнатларига сабаб ҳам бўлдилар.)

27Ва сизларга уларнинг ерини, ҳовли-жойларини, молу мулкларини ва қадамингиз етмаган ерни мерос қилиб берди. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир зотдир.

28Эй Набий, жуфти ҳалолларингга: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй.

29Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган», деб айт. (Ушбу икки ояти кариманинг нозил қилинишига Расули Акрам (с.а.в.) билан у кишининг тоҳира аёллари орасида ўтган ҳодиса сабаб бўлган. Ушбу икки оятдаги буйруққа биноан Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳар бир аёлларига ёки бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатини, ёки Аллоҳ, унинг Расули ва охиратни ихтиёр қилишини сўраб чиқишлари керак эди. У зоти бобаракот бу ишни Ойиша онамиздан бошладилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) Ойиша онамизга: «Мен сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қилиб жавоб бергин», дедилар. Ойиша онамиз: «У қандай нарса?» дедилар. Пайғамбар (с.а.в.): «Эй Пайғамбар, жуфти ҳалолларингга...» оятини ўқиб бердилар. Ойиша онамиз: «Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми?! Йўқ! Мен Аллоҳни ва Унинг Расулини ихтиёр қиламан, дедилар. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) барча жуфти ҳалолларига икки ихтиёрдан бирини танлашга изн бердилар, ҳаммалари Ойиша онамиз танлаган тарафни танладилар.)

30Эй Набийнинг аёллари! Сиздан ким очиқ гуноҳ қилса, унга бериладиган азоб икки марта кўпайтирилур. Бу эса, Аллоҳ учун осон бўлган ишдир.