Part 22

 

31Сизлардан ким Аллоҳга ва Унинг Расулига мудом итоатда бўлса ва яхши амал қилса, унинг ажрини икки марта берамиз ва унинг учун гўзал ризқни тайёрлаганмиз.

32Эй Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин. Гапирганда яхши гапни гапиринглар. (Яъни, сизларнинг бошқа ҳамма аёллардан фарқларингиз бор. Сизлар Пайғамбарнинг хотинларисиз, мўминларнинг оналарисиз. Ҳамма мўминалар учун ўрнаксизлар. Ҳа, сизлар аёллардан бирортаси каби эмассизлар. Бу мақомга эришишларингиз учун Пайғамбарга жуфти ҳалол бўлганингизнинг ўзи етмайди, тақво ҳам қилишларингиз керак. Овозингизни майин, назокатли қилиб, эркак кишига таъсир этадиган ҳолатда гапирманг. Мунофиқ ва иймони заифлар сизнинг майин овозингизни эшитиб, фисқу фужурни бошлаб қолмасинлар.)

33Виқор билан уйингизда ўтиринг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди, эй аҳли байт! (Жоҳилият–Исломдан олдинги тузум. У вақтда аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) покиза аёлларини жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишли, лекин ҳар бир муслимага ўрнак бўладиган оналаримизга янада қаттиқроқ тегишли экан.)

34Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ ўта латиф ва ўта хабардор бўлган зотдир. (Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) аёлларига улар яшаб турган уйлар оддий уй эмас, Аллоҳнинг оятлари нозил бўлиб, тиловат қилиниб турган манзил эканини эслатмоқда. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатлари жорий этилиб, ҳадислари сўзланиб турган уйлар эканини эслатмоқда. Қуръон оятларини ва Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳикматли ҳадисларини унутмасликка, уларни эслаб, англаб, ўрганиб, сўнг амал қилишга буюрилмоқдалар.)

35Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар–ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир.

36Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди.

37Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдинг. Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди. Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, Биз сени унга уйлантирдик. Токи мўминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин, деб. Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир. (Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) кўнгилларига Зайд Зайнабни талоқ қилганидан кейин унга уйланиш ниятини солган эди. Аниқ амр бўлмаган эди-ю, аммо кўнгилларига тушган эди. Шунинг учун Зайдга (р.а.) «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур», деб айтаётганларида, хаёлларида бу фикр бўлиб, Аллоҳдан амр келишини кутардилар. У зот одамлар, ўзининг асранди ўғли талоқ қилган хотинга уйланибди, деб айтишларидан қўрқар эдилар. Расули Акрам ушбу мулоҳазалар билан Аллоҳ кўнгилларига солган ишни–Зайд талоқ қилганидан кейин Зайнабга уйланиш ниятини махфий тутар эдилар. Таъкидлаб айтиш керакки, бу фақат кўнгилга тушган фикр эди. Агар Аллоҳнинг очиқ-ойдин амри бўлса, ҳеч қачон махфий тутмас эдилар. Шундай бўлиши керак эди. Аллоҳ таолонинг иродаси шу эди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Зайнаб бинти Жаҳшни (р.а.) Пайғамбаримизга (с.а.в.) ўзи никоҳлаб қўйди. Бу ерда валий ҳам, маҳр ҳам, гувоҳ ҳам йўқ. Ҳаммасининг ўрнига Аллоҳнинг амри бор.)

38Набийга Аллоҳ унга фарз қилган нарсада бирон танглик бўлмас. Бу олдин ўтганлар ҳақида ҳам Аллоҳ тутган йўлдир. Аллоҳнинг амри белгиланган қадар бўлди.

39Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир.

40Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир.

41Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар.

42Ва эртаю кеч уни поклаб ёд этинглар. (Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам дунёда катта ўзгаришлар рўй беради. Шунинг учун ҳам бу икки вақтда Аллоҳни поклаб ёд этиш алоҳида таъкидланмоқда.)

43У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам саловот айтадир. У мўминларга ўта меҳрибон бўлган зотдир.

44У зотга йўлиқадиган кундаги сўрашишлари саломдир. Ва У зот уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир.

45Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи.

46Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик. (Ушбу оятда Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) тўртта вазифалари ва битта сифатлари зикр қилинмоқда. Ҳа, Муҳаммад (с.а.в.) жоҳилият зулматларидаги нурли чироқдирлар. Турли зулматлар ичида йўлини топа олмай, уриниб-суриниб юрган кишиларни Исломнинг ёруғ йўлига бошловчи нурли чироқдирлар.)

47Мўминларга, албатта, уларга Аллоҳдан улуғ фазлу марҳамат бўлиши ҳақида хушхабар бер.

48Кофир ва мунофиқларга итоат этма. Уларнинг озорларига парво қилма. Аллоҳга таваккал қил. Вакил бўлишга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.

49Эй иймон келтирганлар! Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнгра уларни қўл теккизмай туриб, талоқ қилсангиз, улар зиммасида сиз учун идда ўтириш бўлмас. Бас, сиз уларни баҳраманд қилинг ва гўзал бўшатиш ила бўшатиб юборинг. (Бу ояти каримада ақди никоҳидан кейин эру хотинлик қилмай туриб, бўладиган талоқ ҳақида сўз кетмоқда. Бу ҳолат оз бўлса-да, ҳаётда учраб туради. Никоҳдан сўнг, қўл текизмай туриб, яъни, эру хотин сифатида хилватда ёлғиз қолмай туриб талоқ қилса, келин идда ўтирмайди.)

50Эй Набий, Биз сенга маҳрларини берган жуфтларингни, Аллоҳ сенга ўлжа қилиб берган қўл остингдаги (чўри)ларни, амакингнинг қизлари, аммаларингнинг қизлари, тоғангнинг қизлари, холаларингнинг қизларидан сен билан ҳижрат қилганларини ҳалол қилдик. Ва агар бир мўмина аёл ўз нафсини Набийга ҳадя этса, Набий уни никоҳлаб олишни ирода қилса, сен учун махсус ҳалол қилдик. Мўминларга эмас. Уларга жуфтлари ва қўллари остидаги мулк(чўри)лари ҳақида нимани фарз қилганимизни билурмиз. Буни сенга танглик бўлмаслиги учун қилдик. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир. (Ушбу ояти каримада ва бундан кейин келадиган икки оятда Пайғамбаримизга (с.а.в.) қандай аёлларнинг никоҳи дуруст экани ҳақида, у зот (с.а.в.) билан турмуш қурган ва қурадиган аёлларга тегишли масалалар устида сўз юритилади. Ушбу оятда зикр қилинган уйланиш бобидаги — никоҳда тўрттадан ортиқ аёлни ушлаб туришни, мазкур тоифа аёлларга уйланишни, чўри тутишни, ўз нафсини ҳадя қилган хотинга маҳрсиз, гувоҳсиз уйланишни, эй Набий, сенга танглик бўлмаслиги учун қилдик.)

51Улардан хоҳлаганингни нари қўйиб, хоҳлаганингни Ўзингга олурсан. Ўзинг четлатганлардан бирортасини истасанг, сенга гуноҳ бўлмас. Шундай бўлиши уларнинг кўзлари қувончга тўлиши, хафа бўлмасликлари ва ҳаммаларининг сен уларга берган нарсадан рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ қалбларингиздаги нарсани биладир ва Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта ҳалим зотдир. (Расулуллоҳ (с.а.в.) аёллари билан навбатма-навбат ётар эдилар. Мабодо навбатни бузишга эҳтиёж чиқиб қолса, навбати келган онамиздан, фалончининг олдида тунашимга изн берасанми, деб сўрар эдилар. Бу оятда эса, сўрамасдан ҳам, ўзлари нимани истасалар, қилаверишга ҳақлари бор эканлиги баён қилинмоқда. Бу ҳам, фараз маъносида олсак, ўз нафсини ҳадя қилган аёлни олдин рад этиб, кейин яна хоҳлаб олганинг сенга гуноҳ бўлмас, маъноси чиқади. Ёки завжаларингдан бирортасига навбатида кирмай қўйган бўлсанг, истаган пайтингда кираверасан, маъноси чиқади. Чунки бу ишларни Аллоҳнинг амри билан қилаётганингни билганларидан кейин, аёлларингнинг кўзлари қувончга тўлади, хафа бўлмайдилар ва рози бўладилар.)

52Сенга бундан бошқа аёллар ҳалол бўлмас ва уларга бошқа завжаларни алмаштиришинг ҳам бўлмас. Агар ўшаларнинг ҳусни сени ажаблантирса ҳам. Магар қўлингда мулк бўлган (чўри) бўлса мумкин. Аллоҳ ҳар бир нарсани кузатиб тургувчи зотдир.

53Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берадир. У эса, сизлардан ҳаё қилардир. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) ҳаё қилмас. Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир. Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас. Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида катта (гуноҳ)дир. (Яъни, таом учун сизга изн берилганида, киришингиз билан таомни еб қайтиб чиқиб кетинг. Пайғамбарнинг (с.а.в.) аёлларидан бирор нарсани сўрасангиз, олдиларига кириб эмас, парда ортида туриб сўранг. Пайғамбарга (с.а.в.) озор бермоғингиз, у зотнинг хотинларига у кишидан кейин уйланмоғингиз катта гуноҳдир.)

54Гар бир нарсани ошкор қилсангиз ҳам, махфий қилсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ барча нарсани ўта билгувчи зотдир. (Жумладан, ким Пайғамбардан (с.а.в.) кейин у зотнинг аёлларига уйланаман деб ўйлаб юрибди, ким бу ҳақда гапириб юрибди, ҳаммасини яхши билади.)

55Уларга ўз оталари, ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларнинг ўғиллари, ўз аёллари ва қўллари остида мулк бўлган (қул)лари ҳақида гуноҳ йўқдир. (Эй Набийнинг аёллари,) Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳид зотдир. (Ушбу ояти каримада зикр қилинган шахслар оналаримиз билан парда-ҳижобсиз муомала қилаверишлари мумкин.)

56Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг. (Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримизга (с.а.в.) саловот айтишининг маъноси у зотга (с.а.в.) ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўрсатиши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.)

57Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди. (Аллоҳга озор бериш–Аллоҳга ширк келтириш, унга осий бўлиш, Уни Ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, Пайғамбарларига, китобларига тил теккизиш. Пайғамбарга (с.а.в.) озор бериш, ўша вақтда у зотга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсларига, оилалари ва умматларига нисбатан ёмонлик қилиш, иғво, бўҳтон қилишдан иборатдир. Ҳозирда ҳам худди шундай: ким у кишининг шахсларига, динларига, шариатларига, оилаларига, китобларига, суннатларига, умматларига тил теккизса, у зотга (с.а.в.) озор берган бўлади.)

58Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар.

59Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир.

60Қасамки, агар мунофиқлар, қалбларида марази борлар ва Мадинада миш-миш тарқатувчилар тўхтамасалар, сени уларга қарши қўзғотурмиз. Сўнгра улар у(Мадина)да сенга озгинадан бошқа қўшни бўла олмаслар.

61Лаънатланган ҳолларида, қаерда топилсалар, тутилурлар ва ўлдириб ташланурлар.

62Илгари ўтганлар ҳақида Аллоҳ тутган йўл ҳам шудир. Аллоҳнинг йўлига ҳеч бадал топа олмассан. (Аллоҳ таоло мўминларга озор берувчи мунофиқ, қалбида марази бор ва миш-миш тарқатувчиларга қаттиқ чора кўрган. Уларга ўхшаганларга нисбатан Аллоҳнинг қадимдан тутиб келган йўли шудир. Бу йўлнинг ўрнига бошқа бир йўлни топа олмассан.)

63Одамлар сендан (қиёмат ) соати ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айт. Недан билурсан, эҳтимол ўша соат яқиндир.

64Албатта, Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва уларга дўзахни тайёрлаб қўйди.

65Улар унда абадий бардавом қолурлар. На бир дўст ва на бир ёрдамчи топа олмаслар.

66Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: «Вой шўримиз қурсин, кошки Аллоҳга итоат қилсак эди, Расулига итоат қилсак эди», дерлар.

67Ва: «Эй Роббимиз, албатта, биз бошлиқларимизга ва катталаримизга итоат қилдик. Бас, улар бизни йўлдан оздирдилар.

68Эй Роббимиз, сен уларга азобдан икки ҳисса бергин ва уларни катта лаънатлаш ила лаънатла!» дедилар.

69Эй иймон келтирганлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни улар айтган нарсадан поклади. Ва у Аллоҳнинг наздида обрўли эди. (Бани исроилликлар Мусо алайҳиссаломга турли озорлар берганлар. Жумладан, жинсий масалада ҳам у зотга озор берган эдилар. Қорун, бир аёлга пул бериб, Мусо алайҳиссаломни бориб зино қилишда айблашга уринишни топширган. Сизлар ҳам Муҳаммадга (с.а.в.) турли озорлар берманглар, хусусан, оилавий тарафдан турли миш-мишлар тарқатиш билан у зотни (с.а.в.) ранжитманглар. Бошларингизга Бани Исроилнинг куни тушиб қолмасин.)

70Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар.

71Сизнинг амаларингизни солиҳ қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир.

72Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир. (Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар. Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади. Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади.)

73Аллоҳ мунофиқлар ва мунофиқаларни, мушриклар ва мушрикаларни азоблаши учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул этиш учундир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир. (Яъни, мазкур омонатнинг инсонга таклиф қилинишидан мақсад инсонлар орасидан мунофиқ ва мушрикларни ажратиб олиб азоблаш ва мўминларни ажратиб олиб, уларнинг тавбасини қабул қилиб мукофотлашдир.)

Chapter 34 (Sura 34)

1Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир. Ва У ўта ҳикматли, ўта хабардор зотдир.

2У ерга нима кирса ва ундан нима чиқса, биладир, осмондан нима тушса ва унга нима чиқса, биладир. Ва У ўта раҳмли ва ўта мағфиратли зотдир.

3Куфр келтирганлар:«Бизга (қиёмат) соати келмас», дедилар. Сен: «Йўқ! Ғойибни билгувчи Роббим ила қасамки, у сизларга албатта келур. У зотдан осмонлару ердаги зарра вазнича, ундан кичик нарса ҳам, катта нарса ҳам ғойиб бўлмас. Илло, ҳаммаси очиқ китобдадир», деб айт.

4Иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни мукофотлаш учун. Ана ўшаларга, мағфират ва гўзал ризқ бордир. (Қиёмат қоим бўлиши заруратдир. Бу дунёда иймон келтириб, ўша эътиқод тақозоси ила жонининг роҳатидан кечиб, куч-қувват, зеҳн-заковат ва пул-мол сарфлаб яхши амалларни қилганлар бор. Улар бу дунёнинг ўзида яхши ишлари учун мукофотларини тўла олмасликлари мумкин. Шунинг учун ҳам: «Иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни мукофотлаш учун» қиёмат қоим бўлиши заруратдир.)

5Бизнинг оятларимизни ожиз қолдиргувчи бўлиш учун ҳаракат қилганларга эса, ана ўшаларга, аламли жазодан иборат азоб бордир.

6Илм берилганлар сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани айни ҳақ деб ва азиз ва мақталган зотнинг йўлига ҳидоят қилур деб билурлар. (Барча ҳақиқий илм соҳиблари сенга, эй Пайғамбар, Роббингдан нозил қилинган Қуръон ҳамманинг устидан ғолиб ва ҳамма томондан мақталган зотнинг–Аллоҳ таолонинг йўлига ҳидоят қилади деб биладилар.)

7Куфр келтирганлар эса: «Сизларга бутунлай титилиб битган чоғингизда албатта янгитдан яратилишингиз хабарини бераётган кишини кўрсатайликми?!

8У Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқидими ёки жинни бўлиб қолдими?« дедилар. Йўқ! Охиратга иймон келтирмайдиганлар азобда ва йироқ залолатдадирлар.

9Ахир, улар осмону ердаги, олдиларидаги нарсаларни, ортларидаги нарсаларни кўрмайдиларми?! Агар хоҳласак, уларни ерга ютдириб юборурмиз ёки устларига осмондан парчалар туширурмиз. Албатта, бунда (Аллоҳга) қайтгувчи ҳар бир банда учун оят-белги бордир. (Охиратдаги қайта тирилишни инкор этаётган кофирлар, осмону ердаги, олдиларию ортларидаги нарсаларни кўрмайдиларми? Уларнинг тўрт тарафида Аллоҳ таоло ўлганларни қайта тирилтиришга қодир эканига, ҳужжатлар тўлиб ётибди-ку! Агар ақллари ишламаётган бўлса, кўзларини очиб, ҳушларини жойига келтириб қўйишимиз мумкин.)

10Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. «Эй тоғлар, у билан бирга (тасбиҳни) қайтар ва қушлар ҳам», (дедик). Ва унга темирни юмшоқ қилдик. (Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирни хамирдек юмшоқ қилиб берган эди. У киши темирни оловга солиб тобламасдан ҳам, болға билан урмасдан ҳам, нимани хоҳласалар, қўллари билан шуни ясай олар эдилар.)

11Ва унга: «Совутлар қилгин ва бичимини ўлчовли қил. Солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни яхши кўриб тургувчиман», дедик.

12Ва Сулаймонга шамолни (бердик). У(шамол)нинг эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик ва жинлардан Роббининг изни ила унинг ҳузурида ишлайдиганлари бор эди. Улардан ким амримиздан чиқса, унга қаттиқ олов азобини тотдирамиз. (Сулаймон алайҳиссаломга берилган ўша шамол бир кундузда икки ойлик йўлни юриб қўяр эди. У киши мисдан қийинчиликсиз хоҳлаган нарсаларини ясайдиган бўлдилар.)

13У(жин)лар унга меҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди. Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир.

14Қачонки, Биз у(Сулаймон)га ўлимни ҳукм этганимизда, уларга унинг ўлими ҳақида асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса далолат қилмади. Қачонки, у йиқилганда, жинларга, агар улар ғайбни билганларида, хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди. (Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у киши жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса, Сулаймон кузатиб турибди, деб ишларида давом этаверганлар. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони маълум миқдорда еганидан кейин асо жойидан сурилган ва Сулаймоннинг алайҳиссалом жуссалари ерга йиқилган. Жинлар шундагина, ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етганлар.)

15Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида оят-белги бор эди–ўнг ва чапдан икки боғ бор эди. «Роббингиз ризқидан енг ва Унга шукр қилинг! Не гўзал юртингиз ва ўта мағфиратли Роббингиз (бор)», (дедик). (Сабаъликлар Яман жанубида яшаб ўтган қавмдир. Боболари Сабаъ ибн Яхшаб ибн Қахотон исми билан «Сабаъ қавми», «сабаъликлар», деб номланганлар. Улар жуда ҳам ҳосилдор ерга эга бўлганлар. Сулаймон алайҳиссалом билан қиссаси ўтган малика ҳам шу юртдан бўлган. Оятда ўша қавм ҳақида хабар берилмоқда.)

16Улар юз ўгирдилар. Бас, Биз устларига арим селини юбордик ва уларнинг икки боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва бир озгина сидрли икки «боғ»га айлантирдик. («Арим» сўзи, катта тошларни оқизиб келадиган кучли сел, деган маънони билдиради.«Сидр» бутасиймон дарахт бўлиб, Арабистонда ўсади. Бироз меваси ҳам бўлади.)

17Уларни ношукрлик қилганлари учун ана шундоқ жазоладик. Биз фақат ўта ношукрларгагина жазо берурмиз.

18Биз улар билан Ўзимиз баракали қилган шаҳарлар орасида кетма-кет қишлоқлар қилиб, улар орасидаги юришни ўлчовли этиб қўйган ва «Уларда кечалар ҳам, кундузлар ҳам омонлик-ла юраверинг» (деган эдик). (Аллоҳ таоло сабаъликлар билан ўзи баракотли қилган Макка, Мадина, Қуддус каби шаҳар-қишлоқлар орасидаги йўлларда қишлоқлар бино қилиб қўйган эди. Сабаъдан йўлга чиққанлар қийналмасдан қишлоқлар орқали манзилларига бемалол етиб олар эдилар.)

19Улар: «Эй Роббимиз, сафарларимиз орасини узоқ қил!» дедилар ва ўзларига зулм қилдилар. Бас, Биз уларни ҳикояларга айлантирдик ва бутунлай парча-парча қилиб ташладик. Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрли учун оят-белгилар бордир.

20Батаҳқиқ, иблис улар ҳақидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, фақат бир гуруҳ мўминлардан бошқалари унга эргашдилар.

21Ҳолбуки, унинг улар устидан ҳеч бир ҳукумронлиги бўлмас эди. Магар, Биз охиратга иймон келтирадиганни, унда (охиратда) шаки бордан айришимиз учун бўлди. Роббинг ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчидир. (Иблисда одамларни ўз йўлига мажбур қилиб юритиш учун имкон ҳам, ҳукумронлик ҳам йўқ. Унинг иғвоси ва васвасаси ҳам ўз-ўзидан таъсир қилавермайди. Аллоҳ таоло фақат охиратга иймони борларни иймони йўқлардан айириш ҳамда охиратга шак-шубҳа билан қарайдиганларни алоҳида кўрсатиш учун шу йўлни ишга солди, холос. Бўлмаса, Аллоҳ таоло кимнинг қандайлигини азалдан яхши билар эди.)

22Сен: «Аллоҳдан ўзга гумон қилган (илоҳларингизга) дуо қилаверинглар-чи?! Улар осмонлару ерда зарра вазнича нарсага молик эмаслар. Уларга бу(икки)ларида шериклик ҳам йўқ. Ва У зотга улардан бирорта ёрдамчи ҳам йўқ«, деб айт.

23У зотнинг ҳузурида фақат Ўзи изн берганлардан бошқанинг шафоати манфаат бермас. Токи қалбларидан қўрқинч кетгач: «Роббингиз нима деди?» дерлар. «Ҳақни», дерлар. У олий ва буюк зотдир. (Қиёмат куни ҳамма ўзи билан овора бўлади. Ҳатто, улуғ Пайғамбарлар ҳам, фаришталар ҳам бирор нарса дейишга тортиниб қоладилар. Бировга шафоатчилик борасида оғиз оча олмайдилар. Шафоат қилишга Аллоҳ таолонинг ўзи изн бериб, шароит яратиб бермагунча қўрқинч ичида чурқ этмай турадилар.)

24Сен: «Сизга осмонлару ердан ким ризқ берур?» деб айт. «Аллоҳ. Албатта, биз ёки сиз ҳидоятда ёхуд очиқ-ойдин залолатдадирмиз».

25Сен:«Сизлар биз қилган жиноятдан сўралмассиз, биз эса сиз қилган амалдан сўралмасмиз», деб айт.

26Сен:«Роббимиз бизларни жамлар, сўнгра ҳақ ила орамизни очиқ қилур. У ўта очгувчи ва ўта билгувчидир», деб айт.

27Сен:«У зотга шериклар қилиб тиқиштирганларингизни менга кўрсатинг. Йўқ! Фақат азиз ва ҳаким бўлган Аллоҳгина бордир», деб айт.

28Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.

29Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлур?» дерлар. (Кофирлар, эй Пайғамбар, эй мўминлар, агар сизлар бизни қўрқитиб, албатта қиёмат бўлади, деб бераётган ваъдангизда ростгўй бўлсангиз, айтинг-чи, бу ваъда қачон рўёбга чиқади, дейдилар.)

30Сен: «Сизга бир куннинг ваъдаси бор. Ундан бир он ортга ҳам қола олмассиз, олдин ҳам кета олмассиз», деб айт. (Сизга ваъда қилинган кун қиёмат кунидир. Унинг ваъдаси бор. У ваъда албатта амалга ошади. Ундан сиз қочиб қутила олмайсиз. Бир онки, уни ортга ҳам, олдга ҳам сура билмайсиз. У айни берилган вақтида бўлади.)

31Куфр келтирганлар: «Ушбу Қуръонга ҳам, ундан олдинги нарсага ҳам ҳеч иймон келтирмаймиз», дедилар. Агар сен ўша золимларни Роббилари ҳузурида турғазиб қўйилганларида бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсанг эди. Ўшанда заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Сиз бўлмаганингизда, албатта, биз мўмин бўлар эдик», дерлар. (Қуръонга ҳам, ундан олдинги китобларга ҳам ҳеч қачон иймон келтирмаймиз, деган ўша золимларни қиёмат куни маҳшаргоҳда Роббилари ҳузурида турғазиб қўйилганларида ҳар бири ўзини оқлаш учун бир-бирига гап қайтараётганларини кўрсанг эди. Ажойиб бир ҳолатни, яъни, бу дунёдаги мутакаббирлик, манманлик ва туғёндан асар ҳам қолмаганини кўрар эдинг. Улар иккига бўлиниб олиб, бир-бирларига айб ағдаришларини кўрар эдинг. Айб сизларда, сизларнинг гапингизга кириб, биз ҳам кофир бўлдик, мана, оқибат нима бўлди?! дейдилар.)

32Мутакаббирлик қилганлар заиф саналганларга: «Сизга ҳидоят келганидан кейин биз сизни ундан тўсдикми?! Йўқ! Ўзингиз жиноятчи бўлдингиз», дерлар.

33Заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Йўқ! Кечаю кундузнинг макр-ҳийласи (тўсди). Ўшанда сизлар бизни Аллоҳга куфр келтиришимизга, Унга тенгдошлар қўшишимизга амр қилар эдингиз», дедилар. Улар азобни кўрган чоғларида надоматни ичларида тутдилар. Биз куфр келтирганларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Улар фақат қилиб юрган амалларига яраша жазоланурлар.

34Қайсики бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг маишатбозлари: «Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар. (Ояти каримада биз «маишатбозлар» деб таржима қилган тоифа маишатга берилиб, барча нозу-неъматларга эга бўлиб олиб ҳукмини ўтказган, кишиларни ёмонликка бошлаган, халқнинг елкасига миниб олган шахслардир. Муҳаммад (с.а.в.) Пайғамбар бўлиб келганларида ҳам худди шундай ҳолат содир бўлди. Аҳли Макканинг маишатбоз катталари у зотга (с.а.в.) юборилган динга куфр келтирганларини эълон қилдилар. Оддий халқни ҳам у зотга (с.а.в.) эргашишдан қайтардилар. Бу иш барча замон ва маконда бўлиб келгантакрорланса, ажабланиши керак эмас.)

35Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар.

36Сен: «Албатта, Роббим хоҳлаган кишисига ризқни кенг қилур ва тор қилур. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт.

37На молу дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизни Бизнинг ҳузуримизга яқин қила олмас. Магар ким иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бўлса, ана ўшаларгагина қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир. Улар (жаннат) болохоналарида омонликдадирлар. (Ҳа, инсоннинг икки дунёдаги қадр-қиймати фақатгина иймони ва яхши амалига қараб белгиланади. Молу дунё ва бола-чақа ҳам иймонли ва солиҳ амалли кишиларгагина фойда бериши мумкин. Чунки иймонли одам молу дунёни Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарфлайди.)

38Бизнинг оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қиладиганлар эса, ана ўшалар азоб ичига ҳозир қилинганлардир. (Кимки,Аллоҳ таолонинг дини таъсирини тўсишга уринган бўлса, гарчи молу дунёси ва бола-чақаси кўп бўлса ҳам, азобга дучор қилинадилар.)

39Айт: «Албатта, Роббим ризқни Ўз бандаларидан кимни хоҳласа ўшанга кенг қилур ва тор қилур. Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир». (Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасининг ризқини кенг ва ҳоҳлаган бандасининг ризқини тор қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ато этган ризқдан банда Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, шундан фойда кўради.)

40Уларнинг барчаларини жамлайдиган, сўнгра У зот фаришталарга: «Анавилар сизларга ибодат қилган эдиларми?» дейдиган кунда.

41Улар: «Сен поксан! Сен бизнинг валиймизсан! Улар эмас! Йўқ! Улар жинларга ибодат қилар эдилар. Кўплари ўшаларга иймон келтиргувчидирлар», дерлар. (Араблар ичида жинларга ибодат қиладиганлар кўп эди. Шунинг учун ҳам суранинг аввалида Сулаймоннинг алайҳиссалом жинларга муносабати келтирилди.)

42Бугунги кунда бир-бирингиз учун манфаатга ҳам, зарарга ҳам молик эмассизлар. Ва зулм қилганларга: «Ўзингиз ёлғонга чиқариб юрган оловнинг азобини татиб кўринг», дермиз.

43Қачонки уларга Бизнинг очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинса: «Бу сизни ота-боболарингиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқни ирода қиладиган одам, холос», дедилар ва «Бу тўқилган уйдирмадан бошқа нарса эмас», дедилар. Ва куфр келтирганлар ўзларига ҳақ келган чоғда: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас», дедилар.

44Ҳолбуки Биз уларга дарс оладиган китобларни бермаган эдик. Шунингдек, сендан олдин уларга бирор огоҳлантиргувчи ҳам юбормаган эдик.

45Улардан илгари ўтганлар ҳам (Пайғамбарларни) ёлғончи қилган эдилар. (Булар) уларга берган нарсаларимизнинг ўндан бирига ҳам етганлари йўқ. Бас, Пайғамбарларимни ёлғончи қилдилар, аммо Менинг инкорим қандоқ бўлди?!

46Сен: «Мен сизга биргина насиҳат қиламан: Аллоҳ учун холис, якка-якка ва тўп-тўп туриб бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда жинга оид ҳеч нарса йўқ. У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантиргувчи, холос», деб айт. (Хоҳласангиз, биров ҳалақит бермаслиги учун якка-якка туриб фикр юритинг. Хоҳласангиз, жамланиб, бир-бирингизни тўғрилаб, кўплашиб фикр юритинг. Фикрланг, ўйлаб кўринг-а! Соҳибингиз, биродарингиз ва ўзингиз яхши таниган шахс бўлмиш Муҳаммадда (с.а.в.) жинга оид ҳеч нарса йўқ. У жинни ҳам эмас, жинлар билан алоқадор ҳам эмас. Уни яхши танир эдингиз. У эсли-ҳушли, ақлли, тафаккурли, вазмин ва обрўйли бир одамлигини яхши биласиз. У айтаётган гаплар ҳам жинларнинг сўзи эмас, очиқ-ойдин, бақувват ва ҳикматли. У сизлар айтаётгандек, жинни ҳам, шоир ҳам, сеҳргар ҳам эмас.)

47Сен: «Мен сизлардан ҳеч бир ажр-ҳақ сўрамадим. Бас, у сизга бўлсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида. У зот ҳар бир нарсага Ўзи шоҳиддир», деб айт.

48Сен: «Албатта, Роббим ҳақни отур. У зот ғайбларни ўта билгувчидир», деб айт. (Қуръон Роббим отган энг кучли ҳақдир. Ҳаққа қарши чиқиб нима қиласизлар?)

49Сен: «Ҳақ келди! Ботил бошлай олмас ва қайтара ҳам олмас», деб айт.

50Сен:«Агар мен залолатга кетган бўлсам, ўз зараримга кетурман. Агар ҳидоят топсам, Роббим менга ваҳий қилган нарса туфайли топурман. Албатта, У зот ўта эшитгувчи, яқиндир», деб айт.

51Агар уларнинг талвасага тушишларини, энди қочиб қутулиш йўқ ва яқин макондан тутилишларини бир кўрсанг эди? (Қочиб қаёққа ҳам борар эдилар. Маҳшарда, Роббул оламийн ҳузурида хору зор бўлиб турибдилар. Кучли, шиддатли, қўпол ва уларга нисбатан шафқатсиз фаришталар сергаклик билан уларни кузатиб туришибди. Ким қимир этса, ҳоли хароб бўлади.)

52Улар: «Унга иймон келтирдик», дерлар. Энди, узоқ бир макондан қўллари қандоқ етсин?!

53Ҳолбуки, унга олдин куфр келтирган эдилар. Ғойибга узоқ жойдан тош отар эдилар.

54Ва улар билан ўзлари иштаҳа қилган нарсанинг ораси тўсилди. Худди олдин ўтган маслакдошлари каби. Албатта, улар шак-шубҳа ичида эдилар. (Улар иймонга келиб, жаннатга киришни истаб қолдилар. Аммо бунга имкон берилмади. Улардан олдин ўтган кофир ва мушрикларга ҳам айни шу муомалада бўлинган эди.)

Chapter 35 (Sura 35)

1Ҳамду сано осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга бўлсин. У зот махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қиладир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Фаришталар Аллоҳ яратган ўзига хос зотлардир. Бу оятда улар икки, уч, тўрт қанотли бўлишлари ҳақида гап кетмоқда.)

2Аллоҳ одамларга не раҳматни очса, бас, уни тутиб қолгувчи бўлмас. У зот тутиб қолган нарсани Ундан кейин қўйиб юборгувчи бўлмас. У зот азизу ҳакиймдир. (Аллоҳ берган неъматини биров ман қила олмайди. Шунинг учун хотирни жам қилиш керак. Аллоҳга иймон келтириб, кўрсатган йўлдан юриш лозим.)

3Эй одамлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг! Аллоҳдан бошқа сизларга осмон ва ердан ризқ берадиган холиқ борми? Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён кетмоқдасиз?!

4Агар сени ёлғончига чиқарсалар, бас, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар. Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур.

5Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бу дунё ҳаёти сизларни ғурурга кетказмасин. Сизларни ўта ғурурга кетказгувчи Аллоҳ ҳақида алдаб қўймасин. (Шайтон одамларни ўта ғурурга кетказади ва алдайди. Яъни, ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечиргувчи, деб одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Аллоҳ таолонинг авф этиши ва мағфират қилишини суистеъмол этиб, Аллоҳ Ўзи кечирар, деб ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини эсдан чиқармаслик зарур.)

6Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради. (Шайтоннинг инсонга душманлик қилишига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин ажабланарлиси шуки, инсон шайтонни ўзига дўст тутиб юради. Шайтон ўзининг энг катта душмани эканини кўра била туриб, унинг айтганини қилади. Унинг иғвосига учади, ёлғонига алданади.)

7Куфр келтирганларга шиддатли азоб бордир. Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улкан ажр бордир.

8Ахир, қилган ёмон амали ўзига зийнатлаб кўрсатилиб, уни гўзал деб билган одам?! Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кимсани залолатга кетказур, хоҳлаган кимсани ҳидоятга солур. Бас, уларга жонинг ҳасрат-ла ачинмасин. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини яхши билгувчидир. (Шайтоннинг малайига айланган одамга ўзининг ҳар бир ёмон иши зийнатли кўринади. У ўзидан ўзи ажабланиб, қилган иши ўзига зўр кўринган сари ҳаддан ошиб бораверади.)

9Аллоҳ шамолларни юборган зотдир. Бас, улар булутни қўзғатур. Биз уни ўлик юрт томон ҳайдаб, у билан ерни ўлиб ётганидан кейин тирилтирамиз. Тирилиш ҳам шунга ўхшашдир.

10Кимки иззат истаса, бас, барча иззат Аллоҳникидир. Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни. Макр ила ёмонликлар қилганларга шиддатли азоб бордир. Ана ўшаларнинг макри ботил бўлур. (Хуш калом–калимаи шаҳодат, «алҳамдулиллоҳ», «субҳаналлоҳи», «Аллоҳу Акбар» ва зикр, дуо, тиловат ҳамда барча яхши гап-сўзлардир. Ана ўша хуш каломгина Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади.)

11Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин жуфт-жуфт қилиб қўйди. Қайси бир урғочи нимага ҳомиладор бўлса, нимани туғса, фақат Унинг илми билан бўлур. Ҳар бир умр кўргувчига умр берилиши ёки унинг умрининг қисқартилиши албатта китобда бордир. Албатта, бу Аллоҳга осондир. (Жон, ҳаёт деб номланган бу нарсанинг асли қандай, моҳияти нима, билиб бўлмайди. Буни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ушбу ҳақиқатни инсоф билан тааммул қилган ҳар бир инсон Аллоҳга иймон келтириши керак.)

12Дарё-денгиз иккиси тенг бўла олмас. Буниси тотли, чанқоқ босар, ичиш осондир. Буниси эса шўр, тахирдир. Сиз ҳар биридан тоза гўшт ейсиз ва тақинчоқ чиқариб тақурсиз. Ва Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун у(сув)ни ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. Шоядки, шукр қилсангиз. (Аллоҳнинг қудратини сув оламида ҳам яққол кўрса бўлади. Дарё-денгизларда Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи кўплаб оят-белгилар бўлиши турган гап. Албатта, денгиз ва дарёлар, улардаги тоза гўшт, тақинчоқ ва бошқа неъматлар, улар узра кема билан сузиб тижорат ва бошқа мақсадлар йўлида фойдаланиш инсон учун Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлиб, уларга шукр қилиш лозим. Иймонсиз эса, ношукр бўлади.)

13У зот кечани кундузга, кундузни кечага киритур, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйгандир. Ҳар бири белгиланган муддатгача юрадир. Ана шу Аллоҳ–Роббингиздир. Мулк Уникидир. Ундан ўзга илтижо қилаётганларингиз эса, данак пўстлоғига ҳам молик эмаслар. (Арабларда ҳеч нарсага арзимас ва қадрсиз нарсани хурмо данаги устидаги ўта юпқа пўстлоққа ўхшатиш одати бор. Қуръони Карим ҳам оятларни илк қабул қилиб олаётган шу халқнинг зеҳнига осон ўрнаштириш учун мазкур ўхшатишдан фойдаланиб, мушриклар ўзларича ибодат этиб юрган сохта худолари ўша хақир пўстлоқча нарсага ҳам молик эмасликларини таъкидламоқда. Улар ҳеч нарсага эга эмаслар, уларнинг ҳукми ҳеч жойда ўтмайди, дейилмоқда.)

14Агар уларга дуо қилсангиз, дуоингизни эшитмаслар. Гап эшитсалар ҳам, сизга жавоб бера олмаслар. Қиёмат куни эса, сизнинг уларни ширк келтирганингизни инкор этурлар. Ўта хабардор зотдек ҳеч ким сенга хабар бера олмас.

15Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, Ўзи беҳожат ва мақталган зотдир.

16Агар У зот хоҳласа, сизни кетказиб, янги бир халқни келтирур.

17Ва бу Аллоҳ учун қийин эмас.

18Ўзи юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтара олмас. Юки оғир жон ўз юкига (бошқани) чақирса-да, ундан ҳеч бир нарса кўтарилмас. Гарчи (чақирилган) қариндош бўлса ҳам. Сен фақат ғайбдаги Роббиларидан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этганларни огоҳлантирурсан. Ким покланса, Ўзи учун покланур. Қайтиш Аллоҳгадир. (Қиёмат кунида гуноҳи кўп жон уни енгиллатиш мақсадида энг яқин қариндошини ёрдамга чақирса ҳам, унинг гуноҳидан бирор нарса кўтарилмайди. Чунки яқин қариндошнинг ўзи юкини кўтара олмай хуноб бўлаётган бўлади. Кофир ҳам, мўмин ҳам фақат Аллоҳга қайтади. Бошқага эмас. Ана ўшанда Аллоҳ таоло ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Кофир ва осий жазосини, мўмин-мусулмон мукофотини олади.)

19Кўр билан кўзи очиқ тенг бўлмас.

20Зулумотлар билан нур ҳам.

21Соя билан жазирама ҳам.

22Тириклар билан ўликлар тенг бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кимсага эшиттирур. Сен қабрлардаги кимсаларга эшиттиргувчи эмассан. (Иймон ҳаётдир. Куфр ўлимдир. Мўминлар тириклардир, кофирлар ўликлардир. Тириклар билан ўликлар тенг бўлмаганидек, мўминлар билан кофирлар ҳам тенг бўлмайдилар.)

23Сен фақат огоҳлантиргувчисан, холос.

24Албатта, Биз сени ҳақ ила хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик. Қайси бир умматки бўлса, унда огоҳлантиргувчи бўлган. (Эй Пайғамбар, албатта, Биз сени ҳақ дин ва ҳақ китоб ила мўминларга хушхабарчи, кофирларга огоҳлантирувчи–қўрқитувчи қилиб юбордик. Сенинг Пайғамбар бўлишинг ажабланарли иш эмас, янгилик ҳам эмас.)

25Агар сени ёлғончи қилсалар, бас, батаҳқиқ, улардан олдин ўтганлар ҳам ёлғончи қилганлар. Ҳолбуки, Пайғамбарлари уларга равшан мўъжизалар, саҳифалар ва нурли китоб келтирган эдилар. (Сени ҳам, ўтган Пайғамбарларни ҳам инкор этишга кофирларнинг ҳақлари йўқ эди. Ўша Пайғамбарлар ўзларининг ҳақ Пайғамбар эканликлари тасдиғи сифатида Аллоҳ томонидан равшан, очиқ-ойдин мўъжизалар кўрсатган эдилар. Баъзилари илоҳий китоб даражасига етмаган саҳифалар, баъзилари нурли китоб келтирган эди.)

26Сўнгра куфр келтирганларни тутдим. Бас, Менинг инкорим қандоқ бўлди?!

27Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингми? Бас, у ила турли ранглардаги меваларни ва тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик.

28Шунингдек, одамлардан, ҳайвонлардан ва чорвалардан ҳам турли ранглардагиларини чиқардик. Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли зотдир. (Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузулиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларини тўлиқ ўрганиб, уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.)

29Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар.

30Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир.

31Биз сенга ваҳий қилган китоб айни ҳақдир, ўзидан олдинги нарсани тасдиқловчи бўлгандир. Албатта, Аллоҳ Ўз бандаларидан ўта хабардор ва уларни ўта кўргувчидир.

32Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор. Ана шу айни улуғ фазлдир. (Аллоҳ таоло Ўзининг боқий мўъжизаси бўлмиш ҳақ китоби–Қуръони Каримни Муҳаммаднинг (с.а.в.) умматига мерос қилиб берди. Бу иноятда шон-шараф ҳам, жуда улкан масъулият ҳам бор. Улар ўша шон-шарафга номуносиб ва зиммасидаги масъулиятни англаб етмаган осийлардир. Бу тоифадаги одамларнинг ёмонликлари яхшиликларидан кўп бўлган Улар ўзларига ишониб топширилган ҳақ китобга муносиб бўла олмай ўзларига ўзлари зулм қилганлардир. Уламоларимиз «ўртачалар»–фарз ва вожиб амалларни адо этадиган, ҳаромлардан узоқ бўлган, баъзи мустаҳабларни тарк этиб, баъзи макруҳларни қилган кишилардир, дейдилар. Улар барча фарз, вожиб ва суннат амалларни тўлиқ адо этадилар. Барча ҳаром, шубҳали ва макруҳ амаллардан узоқда бўладилар. Бунинг устига номига яхшилик бўлса, ҳаммадан ўзиб етиб борадилар.)

33Улар адн жаннатларига кирурлар. Унда тилло билакузуклар ва инжулар ила безатилажаклар. Унда либослари ипакдир.

34Улар: «Биздан ғам-қайғуни кетказган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Албатта, Роббимиз ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир.

35У зот бизларни Ўз фазли ила бир турар жойга жойлаштирдики, у ерда бизга чарчоқ ҳам етмас, ҳорғинлик ҳам етмас», дерлар.

36Куфр келтирганларга жаҳаннам оташи бордир. Уларга на ўлишлари учун ҳукм қилинмас ва на улардан у (жаҳаннам)нинг азобидан енгиллатилмас. Ҳар бир кофирни шундоқ жазолармиз.

37Улар у ерда: «Эй Роббимиз! Бизларни чиқар! Қилиб юрган амалларимиздан бошқа, солиҳ амаллар қилурмиз!» деб доду фарёд солурлар. «Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантиргувчи келмаган эдими?! Бас, энди, тотийверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир» (дейилур). (Жаҳаннамда шиддатли азобларга дучор бўлган кофирлар чидай олмай Роббул оламийнга ёлборишга ўтадилар.)

38Албатта, Аллоҳ осмонлару ернинг ғайбини билгувчидир. Албатта, У диллардаги сирларни ҳам ўта билгувчидир. (Шунинг учун ҳам кофирларни юқорида айтилганидек жазолашни лозим кўргандир.)

39У зот сизларни ер юзида халифалар қилиб қўйгандир. Ким куфр келтирса, унинг кофирлиги ўзига зарар. Кофирлар учун куфрлари Роббилари ҳузурида ғазабдан бошқани зиёда қилмас. Кофирлар учун куфрлари зиёндан бошқани зиёда қилмас. (Дунё пайдо бўлганидан буён ҳозирга қадар ҳеч кимга куфр фойда бермаган, аксинча, доимо зарар келтирган ва келтирмоқда.)

40Сен: «Менга Аллоҳдан бошқа илтижо қилаётган шерикларингизнинг хабарини беринг-чи?! Менга кўрсатинглар-чи улар ерда нимани яратдилар?! Ёки уларнинг осмонлар (ишида) шерикликлари борми?! Ёки Биз уларга китоб берганмизу, улар ундан бирон ҳужжатга эга бўлганларми?! Йўқ!!! Золимлар бир-бирларига алдовдан бошқани ваъда қилмаслар», деб айт.

41Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас. Албатта, У ўта ҳалим ва ўта мағфиратли бўлган зотдир.

42Улар жон-жаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки огоҳлантирувчи келганида, уларда нафратдан бошқани зиёда қилмади. (Араб мушриклари ўз юртларида, хусусан, Мадинада яҳудийлар билан ёнма-ён яшар эдилар. Уларнинг тарихлари ва қиссаларини эшитган эдилар. Шунингдек, насоролар аҳволидан ҳам бир оз бўлса-да, хабардор эдилар. Бу икки қавмнинг ўзларига огоҳлантирувчи-Пайғамбарлар келганидан кейин ҳам йўлдан озиб кетганлари арабларни ажаблантирар эди. Улар ўзларича, агар бизга огоҳлантирувчи-Пайғамбар келса, анавиларга ўхшаб юрмаймиз, ўша Пайғамбар келтирган таълимотларга амал этиб, энг ҳидоятли уммат бўламиз, деб қасам ичар эдилар. Оятда араб мушрикларининг ўша қасамлари эслатилиб, сўнгра нималар бўлгани фош этилмоқда.)

43Ер юзида мутакаббирлик ва ёмон макр учун (қилдилар). Ёмон макр эса, фақат ўз эгасига қайтадир. Улар фақат илгаригиларнинг суннатига интизор бўлмоқдалар, холос. Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз бадал топа олмассан. Аллоҳнинг суннатига ҳаргиз ўзгартириш топа олмассан. (Ўзларидан аввал ўтганларга қандай муомала қилиш одатга айланган бўлса, буларга ҳам шу қонун жорий қилинди. Улар худди ана шу нарсани кутмоқдалар, холос. Ўшаларга ўхшаб Аллоҳнинг ғазабига учраб ҳалокатга йўлиқишни кутмоқдалар, холос. Чунки илгари ўтганлардан қолган суннат–қонун шудир.)

44Улар ер юзида сайр қилиб юриб ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар солмайдиларми?! Ҳолбуки ўшалар булардан кўра қувватлари кўп бўлган эдилар. На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас. Албатта, У зот ўта илмли ва ўта қодирдир.

45Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер устида қимир этган жониворни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса... Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи зотдир.

Chapter 36 (Sura 36)

1Йасин.

2Қуръони Ҳаким ила қасам.

3Албатта, сен Пайғамбарлардандирсан.

4Сироти мустақиймдасан.

5Бу Азизу Раҳимнинг нозил қилганидир.

6Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари эса, ғофил бўлган қавмларни огоҳлантиришинг учун.

7Батаҳқиқ, уларнинг кўпларига (азоб) сўз ҳақ бўлди. Бас, улар иймон келтирмаслар.

8Биз уларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Улар иякларигача етади. Бас, улар кўзлари юмуқ, осмонга қараб ғўдайиб қолдилар. (Ғофилликлари сабабли азоб сўзи ҳақ бўлган кофирларнинг ҳоли ҳам худди шундай, уларнинг иймонга келишига умид йўқ.)

9Ва Биз уларнинг олдиларидан ҳам тўсиқ қилдик, орқаларидан ҳам тўсиқ қилдик, кўзларига парда тортдик. Бас, улар кўрмаслар. ( Бўйнига қўлини қўшиб, кишанланган, кўзи юмуқ ҳолда осмонга қаратиб, ғўдайтириб қўйилган одамнинг бирор нарсани кўрмаслиги учун олдидан ҳам, ортидан ҳам тўсиқ қўйилган. Камига, яна кўзига ҳам парда қўйилган. Шундай ҳолатдаги одамнинг бирор нарсани кўра олишига умид бўлмаганидек, ҳалиги кофирларнинг ҳам иймонга келишидан умид йўқ.)

10Уларни огоҳлантирсанг ҳам, огоҳлантирмасанг ҳам, улар учун барибир, иймонга келмаслар.

11Сен эса, фақат зикр-эслатмага эргашган ва Роҳмандан ғойибона қўрққан кимсани огоҳлантирасан. Бас, унга мағфират ва гўзал ажрнинг хушхабарини бер.

12Албатта, Биз, Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз. Ҳар бир нарсанинг ҳисобини очиқ-ойдин имомда олиб қўйганмиз. ( Аллоҳ таоло ўлганлар, тирилишлари ва қилган амаллари учун жавоб беришларини, хабар бермоқда.)

13Сен уларга Пайғамбарлар шаҳар аҳолисига келган пайтни мисол қилиб келтир. (Бу шаҳар қайси шаҳар экани, қайси Пайғамбарлар келгани ҳақида Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда очиқ-ойдин маълумотлар йўқ. Демак,бу оятни шу ҳолича қабул қилган маъқул.)

14Ўшанда Биз уларга иккитани юборган эдик, улар икковларини ёлғончига чиқардилар. Бас, Биз учинчи билан қувватладик. Шунда: «Албатта, биз сизларга юборилган Пайғамбарлармиз», дедилар.

15Улар: «Сиз бизга ўхшаган башардан бошқа нарса эмассиз. Роҳман ҳеч нарса нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз, холос», дедилар.

16Улар: «Роббимиз билади. Албатта, биз сизларга юборилган Пайғамбарлармиз.

17Бизнинг зиммамизда очиқ-ойдан етказишдан бошқа нарса йўқ», дедилар.

18Улар: «Биз сизлардан бадгумон бўлдик. Агар тўхтамасангиз, албатта, сизни тошбўрон қиламиз ва сизга биздан аламли азоб етади», дедилар.

19Улар: «Бадгумонлигингиз ўзингиз билан. Сизга эслатма берилганигами?! Йўқ! Сиз ўзингиз исрофчи қавмсиз», дедилар.

20Шаҳар четидан бир киши шошилиб келиб: «Эй қавмим, юборилган Пайғамбарларга эргашинг!

21Сиздан ажр-ҳақ сўрамайдиган, ўзлари ҳидоятда бўлган шахсларга эргашинг! (Бу Пайғамбарлар даъватлари учун сиздан ажр-ҳақ сўрамайдилар. Шунинг ўзи ҳам уларнинг ҳақлигига далилдир. Агар даъват туфайли бирор нарсага эришмоқ ниятлари бўлганида, сиздан, албатта, ажр-ҳақ сўрар эдилар.)

22Менга нима бўлибдики, ўзимни яратган зотга ибодат қилмайин?! Унгагина қайтарилурсизлар.

23Мен уни қўйиб, бошқа илоҳлар тутайми?! Агар Роҳман менга бирор зарарни ирода қилса, уларнинг шафоати менга ҳеч фойда бермас ва улар мени қутқара олмаслар.

24Албатта, у тақдирда мен очиқ-ойдин адашувда бўламан.

25Албатта, мен Роббингизга иймон келтирдим. Бас, мени тинглангиз», деди. (Эшитиб, билиб қўйинг, мен сизнинг ва ўзимнинг Роббим бўлмиш Аллоҳга иймон келтирдим!)

26«Жаннатга кир», дейилди. У: «Кошки қавмим билсалар эди.

27Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деди. (Иймони ва ихлоси туфайли Аллоҳ таоло ўз фазли ва карами ила у бандани жаннатга ҳукм қилди. У банда жаннатга кириб, нозу неъматларни ва иззат-икромни кўриши билан қавмини эслади.«Кошки қавмим билсалар эди. Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деди».)