Part 25
47Соат (Қиёмат)
илми Унинг
Ўзигагина қайтарилур.
Барча
меваларнинг
гулкосаларидан
чиқиши ҳам, ҳар
бир урғочининг
нимага ҳомиладор
бўлиши ҳам,
нимани туғиши
ҳам фақат
Унинг илми
ила бўлур. У
зот уларга:
«Менинг
шерикларим қани?!»
деб нидо қиладиган
кунда, улар:
«Биз Сенга
билдирамизки,
бунга биздан
бирорта гувоҳ
йўқ», дерлар.
48Ва
улардан
илгари
илтижо қилиб
юрган
нарсалари ғойиб
бўлди. Улар
ўзларига қочар
жой йўқлигига
тўла
ишондилар.
49Инсон
яхшилик
тилашни ҳеч
малол олмас.
Агар уни
ёмонлик
тутса, у
умидсиз
тушкундир.
(Бу дунёда
инсон ўзига
яхшилик
тилашдан ҳеч
тўхтамайди.
Унга қанчалик
кўп яхшилик
етса, яна
кўпроқ
яхшилик
келишини
истайди, ҳеч
малол
олмайди. Аммо
озгина зарар
етса, қаттиқ
хафа бўлиб
кетади.
Умидсизланиб
тушкунликка
тушади. Беш
кунлик
дунёнинг
яхшилигига шунчалик
қаттиқ ҳирс қўйган,
ёмонлигидан
шунчалик қўрққан
инсон нима
учун
охиратнинг
абадий азобидан
қўрқмайди ва
абадий
яхшилигига қизиқмайди?!)
50Агар Биз
унга уни
тутган
зарардан
сўнг Ўзимиздан
раҳмат
тоттирсак,
албатта, у: «Бу
меникидир.
Мен (Қиёмат)
соати қоим
бўладир, деб
ўйламасман.
Агар
Роббимга қайтарилсам,
албатта, мен
учун Унинг ҳузурида
гўзал
(мукофот)
бордир», дер.
Бас, албатта,
куфр
келтирганларга
қилган
амаллари
хабарини
берурмиз.
Албатта,
уларга оғир
азобдан
тоттирурмиз.
51Қачон
инсонга
неъмат
берсак, у юз
ўгирар ва ёнбоши
ила узоқлашар.
Қачон уни
ёмонлик
тутса, бас, у
узундан-узоқ
дуо эгасидир.
52Сен: «Менга
айтинглар-чи,
агар у Аллоҳнинг
ҳузуридан
бўлса-ю, сиз
унга куфр
келтириб юрган
бўлсангиз.
Хўш, (ҳақдан)
узоқ
тортишувда
бўлганлардан
ҳам
адашганроқ
ким бор?!» деб
айт.
53Биз
уларга ҳам уфқлардаги,
ҳам ўз
нафсларидаги
оят-белгиларимизни
кўрсатамиз.
Токи уларга
Унинг ҳақлиги
равшан
бўлсин.
Сенинг
Роббинг ҳар
бир нарсага
шоҳид
эканлиги
кифоя қилмасмиди?!
(Дарҳақиқат,
ўтган давр
ичида Аллоҳ
таоло
одамларга уфқларда,
атроф-жонибида
кўплаб
ажойиботларни
англатиб қўйдики,
ўша
белгиларни
ўрганган
одамлар Қуръоннинг
ҳақ илоҳий
китоб
эканини тан
олиб,
мусулмон
бўлмоқдалар.
Ершунос,
осмоншунос,
табиатшунос, ҳайвоншунос
ва бошқа
турли соҳа
олимлари
Аллоҳнинг уфқларидаги
оят-белгиларини
ўрганиб, Аллоҳ
таолога
иймон
келтирмоқдалар.
Шунингдек,
инсоннинг
ўзини
ўрганган
олимлар ҳам Қуръонни
тан олмоқдалар.)
54Огоҳ
бўлинглар.
Албатта, улар
Роббиларига
рўбарў
бўлишдан
шакдадирлар.
Огоҳ
бўлинглар.
Албатта, У
зот ҳар бир
нарсани
ихота қилгувчидир.
(Унга рўбарў
бўлишдан қочиб
қаерга
борадилар?)
Chapter 42 (Sura 42)
1Ҳа-а. Мийм.
2Айн. Сийн. Қо-оф.
3Азизу ўта ҳикматли
бўлмиш Аллоҳ
сенга ва
сендан
аввалгиларга
мана шундай ваҳий
қилур.
4Осмондаги
нарсалар ва
ердаги
нарслар уникидир.
У зот юксак
ва улуғдир.
(Осмонда
нимаики
бўлса, Аллоҳникидир.
Аллоҳ
таолонинг
мулкидир.
Ерда нимаики
бўлса, Аллоҳникидир.
Уларнинг ҳамма-ҳаммаси
Аллоҳ
талонинг
мулкидир.
Унинг
мулкига ҳеч
ким шерик
бўла олмас.)
5Осмонлар
уст
томонларидан
ёрилиб кетай
дейдир.
Фаришталар
эса,
Роббилари ҳамди
ила тасбиҳ
айтурлар ва
ер юзидаги
кимсаларга
истиғфор
сўрарлар. Огоҳ
бўлингким,
албатта, Аллоҳ
ўта мағфиратли
ва ўта раҳмли
зотдир. (Аллоҳ
таолонинг
юксаклиги ва улуғлиги
қаршисида
чидай олмай,
осмонлар ўз
устиларидан
ёрилиб кетай,
деб
турадилар.)
6Ундан
ўзга
«дўстлар»
тутганларга
Аллоҳ
кузатгувчидир.
Сен уларга
вакил
эмассан
7Ана
шундай қилиб,
Биз сенга шаҳарларнинг
онасини ва
унинг
атрофини огоҳлантиришинг
учун, бўлишида
ҳеч шубҳа йўқ
жамлаш
кунидан огоҳлантиришинг
учун арабий Қуръонни
юбордик. Бир
гуруҳ
жаннатда, бир
гуруҳ
дўзахда.
(Илмий
изланишлар
кўрсатдики,
Маккаи
Мукаррама
ернинг қуруқлик
қисмининг қоқ
маркази экан.
Бу ҳақиқатдан,
ояти
каримадаги
«шаҳарларнинг
онаси ва
унинг
атрофини огоҳлантиришинг
учун» дегани,
бутун ер
юзини огоҳлантиришинг
учун, дегани
эканлиги
маълум бўлди.
Шу кашфиётга
асосланиб,
дунёнинг ҳамма
нуқтасидан
туриб қиблани
топиб
оладиган
асбоб
яратилди.)
8Агар Аллоҳ
хоҳлаганида,
албатта, уларни
бир уммат қилар
эди. Лекин У
зот хоҳлаган
кишини Ўз раҳматига
киритур.
Золимларга
эса, ҳеч бир
дўст ҳам,
ёрдам
берувчи ҳам
йўқдир.
9Ёки улар
ундан бошқа
«дўстлар»
тутдиларми?!
Бас, Аллоҳнинг
Ўзигина
дўстдир. У
зот
ўликларни
тирилтирур.
Узот ҳар бир
нарсага қодирдир.
10«Бирор
нарсада
ихтилоф қилсангиз,
унинг ҳукми
Аллоҳдадир.
Ана ўша Аллоҳ
Роббимдир.
Унгагина
таваккал қилдим
ва Унгагина қайтурман».
11У
осмонлару
ерни йўқдан
бор қилгувчи
зотдир. У
сизларга ўз
жинсингиздан
жуфтлар
яратди. Чорва
ҳайвонларини
ҳам жуфт қилиб
яратди. У зот
сизни ўша
(жуфтлик)
асосида
кўпайтирур. У
зотга ўхшаш ҳеч
нарса йўқдир.
У зот ўта
эшитгувчи,
ўта кўргувчи
зотдир.
12Осмонлару
ер
(хазиналари)
калитлари
Уникидир. У
хоҳлаган
одамига ризқни
кенг ёки тор қилур.
Зотан у барча
нарсани ўта
билгувчи
зотдир.
13У зот
сизларга дин
этиб Ўзи Нуҳга
васият қилган
ва сенга ваҳий
қилган
нарсамизни ҳамда
Иброҳим, Мусо
ва Ийсоларга
васият қилган
нарсамизни
шариат қилди.
«Динни барпо қилингиз
ва унда тафриқага
тушмангиз»,
деди.
Мушрикларга
сен уларни
даъват қилган
нарса оғир
келди. Аллоҳ
Ўзи хоҳлаган
кишисини (Пайғамбарликка)
танлаб олур
ва У
Ўзигагина
илтижо
этгувчи
кишини ҳидоят
қилур. (Эй
одамлар,
динни Аллоҳ
таолодан қандай
келган бўлса,
шундай барпо қилингиз,
унга ана
шундай ҳолида
амал қилингиз.
Дин ҳақида
турли тафриқага
тушиб,
ихтилоф қилмангиз.)
14Улар фақат
ўзларига илм
келгандан
кейингина,
ўзаро ҳасад-адоват
қилишиб
тафриқага
тушдилар.
Агар
Роббингдан
(азоблашни) маълум
муддатгача (қолдириш)
ҳақида сўз
ўтган
бўлмаганида,
улар орасида
албатта ҳукм
чиқарилган
бўлур эди.
Албатта,
улардан
кейин китобга
ворис қилинганлар
у ҳақида
шак-шубҳададирлар.
(Динда тафриқага
тушганлари
учун мазкур
нобакор қавмларини
аллақачон ҳалок
қилиб юбориш
керак эди.
Аммо, Аллоҳ
таолонинг
олдиндан
ажални
белгилаб қўйганигина
бу ишни тўсиб
турибди. Илоҳий
китоб
келганда
ўзаро ҳасад
ва адоват ила
тафриқага
тушганларнинг
китобига
ворис қилинган
яҳудий ва
насоролар Қуръон
тушган
пайтда ҳам ўз
китоблари ҳақида
шак-шубҳададирлар.)
15Бас,
шунинг учун ҳам
даъват қил,
ўзингга амр қилинганидек,
мустақим тур
ва уларнинг ҳавои
нафсларига
эргашма ҳамда:
«Мен Аллоҳ
нозил қилган ҳар
бир китобга
иймон
келтирдим ва
орангизда
адолат
ўрнатишга
амр қилиндим.
Аллоҳ
бизнинг
Роббимиз,
сизнинг ҳам
Роббингиз.
Бизнинг
амалларимиз
ўзимиз учун,
сизнинг
амалларингиз
ўзингиз учун.
Биз билан
сизнинг
орамизда
жанжал(га
ўрин) йўқ.
Аллоҳ
бизларни
жамлайди ва қайтиш
ёлғиз Унинг
Ўзигадир»,
деб айт. (Аллоҳ
сенга берган
динга
одамларни
даъват қил ва
ўз
даъватингда
Аллоҳ сенга
буюрганидек
мустақим тур.
Ўтган Пайғамбарларнинг
динида тафриқага
тушган ва
китобларига
шак-шубҳа қилган
нобакор қавмларнинг
ҳавои
нафсларига
эргашма. Эй
Пайғамбар,
Аллоҳ
томонидан
менга сиз
бандалар
орангизда мутлақ
адолат ила ҳукм
қилишга
буюрилдим.
Кишиларнинг
динига, жинсига,
насл-насабига,
мансабига,
обрў-эътиборига
қараб эмас,
одамлигига,
Аллоҳнинг
бандаси
эканлигига
нисбатан
адолат ўрнатишга
буюрилдим,
деб айт)
16Аллоҳ ҳақида
Унга ижобат қилинганидан
кейин ҳам
талашиб-тортишадиганларнинг
ҳужжатлари
Роббилари ҳузурида
ботилдир,
уларга ғазаб
бордир ва
уларга
шиддатли
азоб бордир.
(Яъни,
мўмин-мусулмонлар
Аллоҳга ва
унинг динига
ижобат қилганларидан
кейин, кофир
ва
мушрикларнинг
ҳақ
эканлигига ҳар
қанча ҳужжат-далил
келтирсалар ҳам,
Аллоҳнинг
наздида
уларнинг ҳужжат-далиллари
ботилдир.)
17Аллоҳ ҳақ
ила китобни
ва (адолат)
тарозуни
нозил қилган
зотдир. Қаердан
билурсан, эҳтимол
(қиёмат)
соати яқиндир!
18У(қиёмат)га
иймон
келтирмайдиганлар
унинг тезлашини
истарлар,
иймон
келтирганлар
эса, ундан қўрқувчидирлар,
зотан унинг
шубҳасиз ҳақ
эканини
билурлар. Огоҳ
бўлинг!
Албатта, (қиёмат)
соати ҳақида
шубҳа қилгувчилар
йироқ
залолатдадирлар.
19Аллоҳ
бандаларига
лутфлидир. У
хоҳлаган
кишига ризқ
берур. У зот
кучлигу
азиздир.
(Яъни,
бандаларнинг
ким
бўлишидан қатъи
назар, уларга
шафқат қилади,
яхшилик
кўрсатади,
исёнларига қарамай,
уларга хайру
баракаларини
сероб қилиб қўяди.)
20Ким
охират ҳосилини
истаса, Биз
унга ҳосилини
зиёда қилиб
берурмиз. Ким
дунё ҳосилини
истаса, Биз
унга ўшандан
берурмиз ва
унга
охиратда
бирон насиба
бўлмас. (Бу дунё
ризқини хоҳлаб,
ўшанга яраша ҳаракат
қилган
бандага бу
дунё ризқини
беради. Аммо
бу дунё ризқини
истаган ўша
бандага
охиратдан ҳеч
қандай
насиба қолмайди.
Охират ҳосилини
истаган одам
эса, бу дунё ҳосилидан
ҳам бошқалардан
кўра яхшироқ
баҳраманд
бўлади. Аллоҳга
иймон
келтириб,
Унинг
шариатига
амал қилганлар
яхши оқибатга
эришишлари
турган гап.)
21Ёки
уларнинг
диндан Аллоҳ
изн бермаган
нарсаларни
шариат қилиб
берган шерик
(худо)лари
борми?! Агар
ажрим
калимаси
бўлмаганида,
албатта, улар
ўртасида ҳукм
қилинган
бўлар эди.
Албатта,
золим
кимсалар
учун аламли
азоб бордир.
(Динсиз,
иймонсиз
кишилар, Аллоҳнинг
амрига
юрмасдан,
турли гуноҳ
ишларни қиладилар.
Гуноҳ
ишларга Аллоҳ
таоло изн
бермагани,
уларни ман қилгани
жуда ҳам
равшан. Аммо
баъзи
одамлар гуноҳ
ва маъсиятларни
бемолол қилмоқдалар.
Уларга
мазкур гуноҳ
ва
маъсиятларни
қилишга ким
изн беради?
Аллоҳга
шерик
келтирган
худоларими?!
Ўша шерик худолари
уларга Аллоҳ
изн бермаган
ишларни қилишни
қонунлаштириб
берганми?
Агар
бандаларнинг
амалларига
савоб ёки
азоб қиёматда
бўлиши ҳақидаги
ажрим сўзи
бўлмаганида,
бандалар орасида
ҳозироқ ҳукм қилиниб
қўйилган
бўлар эди.)
22Золимларни
ўзлари касб қилган
нарсалари(азоби)дан
қўрқувчи
ўлароқ
кўрасан. Ҳолбуки,
у уларга
тушгувчидир.
Иймон келтириб,
солиҳ
амалларни қилувчилар
эса, жаннат
боғларидадир.
Улар учун
Роббилари ҳузурида
хоҳлаган
нарсалари
бордир. Мана
шунинг ўзи катта
фазлдир.
23Ана ўша,
Аллоҳ иймон
келтириб,
солиҳ
амалларни қилган
бандаларига
бераётган
хушхабардир.
Сен: «Мен
сиздан бу
учун ажр
эмас, фақат қариндошлик
меҳринигина
сўрайман»,
деб айт. Ким
яхшилик қилса,
Биз унга ўша
ишида
яхшиликни
зиёда қилурмиз.
Албатта, Аллоҳ
ўта мағфиратли,
ўта шукр қилгувчи
зотдир. (Ушбу
жумла
маъноси ҳақида
уламоларимиз
бир неча хил
фикрлар айтишган.
Мисол учун,
Саъийд ибн
Жубайр (р.а) «қариндошлик
меҳри»
иборасини
Пайғамбаримизнинг
(с.а.в) аҳл
байтлари, деб
таъвил қилганлар.
Ҳазрати
Абдуллоҳ ибн
Аббос (р.а) эса, Қурайш
уруғлари
ичидан ҳар
бири турли
йўллар билан
Пайғамбаримиз
Муҳаммадга
(с.а.в) қариндошлик
ришталари
ила боғланар
эди, шунинг
учун бу
жумлада у
киши қурайшликларга,
даъватлари
учун улардан
ажр
сўрамасликлари,
балки қариндошлик
ҳақ-ҳурматини
ўрнига қўйишини
сўраётганлари,
ифодаланган,
дейдилар.
Бундан қариндошчилигимиз
ҳурмати
менинг
ишимга қарши
чиқманглар,
даъватим йўлини
тўсманглар,
деган маъно
чиқади.)
24Ёки улар: «У
(Муҳаммад)
Аллоҳга
нисбатан ёлғон
тўқиди»,
дейдиларми?!
Бас, агар
Аллоҳ хоҳласа,
қалбингга муҳр
босур ва Аллоҳ
Ўз сўзлари
ила ботилни
йўқ қилиб, ҳақни
ҳақ қилур.
Албатта, у
диллардаги
нарсани ўта
билгувчидир.
25Унинг Ўзи
бандаларидан
тавбани қабул
қилур, гуноҳларини
афв этур ва
нима қилаётганингизни
билур.
26У зот
иймон
келтириб,
солиҳ
амаллар қилганларнинг
(дуосини)
ижобат қилур
ва уларга Ўз
фазлидан
зиёда қилур.
Кофирларга
эса, уларга,
шиддатли
азоб бордир.
27Агар Аллоҳ
бандаарига
ризқни кенг қилиб
қўйса,
албатта, улар
ер юзида ҳаддан
ошиб
кетурлар,
лекин У Ўзи
хоҳлаганига
ўлчов билан
туширур.
Албатта, у ўз бандаларидан
ўта хабардор
ва уларни ўта
кўргувчидир.
28У зот
(одамлар)
ноумид
бўлганларидан
кейин ёмғирни
нозил қилур
ва Ўз раҳматини
таратур. У
валий ва мақталган
зотдир.
29У зотнинг
оят-белгиларидан
осмонлару
ернинг
яратилиши ва
уларда турли
жониворларнинг
таратиб қўйилишидир.
Ва У зот агар
хоҳласа,
уларни
жамлашга қодирдир.
30Сизга қайси
бир мусибат
етса, бас, ўз қўлингиз
қилган
касбдандир
ва У зот
кўпини афв қилур.
(Инсоннинг
ўзидан
ўтмаса, унга
бирор мусибат
етмайди.
Лекин ўта меҳрибон
бўлган Аллоҳ
бандасини ҳар
бир гуноҳи
учун
мусибатга
дучор қилавермайди,
фақат
баъзиси
учунгина
мусибатга
дучор қилади,
кўпини
кечириб
юборади. Агар
Аллоҳ таоло
инсонни ҳар
бир айби учун
мусибатга
учратадиган
бўлса, инсон
дарҳол ҳалокатга
юз тутар эди.)
31Ва сиз ер
юзида қочиб қутула
олмассиз. Ҳамда
сиз учун Аллоҳдан
ўзга валий ҳам,
нусрат
бергувчи ҳам
йўқ.
32Денгизда
тоғдек бўлиб
сузиб
юргувчи
кемалар У
зотнинг оят-белгиларидандир.
33Агар У зот
хоҳласа,
шамолни
тўхтатиб қўюр.
Бас,
у(кема)лар
у(денгиз)нинг
устида туриб қолурлар.
Албатта, ана
шунда ҳар бир
сабр қилувчи
ва шукр қилгувчи
учун
оят-белгилар
бордир.
34Ёки у(кема)ларни
аларнинг
касби
туфайли ҳалок
қилур ва У
зот кўпни афв
қилур.
35Токи
Бизнинг
оятларимиз ҳақида
тортишадиганлар
билсинларки,
улар учун ҳеч
бир қочар жой
йўқдир.
36Сизга
берилган
нарсалар ҳаёти
дунёнинг
матоҳи,
холос. Аллоҳнинг
ҳузуридаги
яхши ва боқий
нарсалар эса,
иймон
келтирган ва
Роббиларига
таваккал қилганлар
учундир.
(Ушбу
берилган
нарсалар хоҳ
молу дунё
бўлсин, нима
бўлса бўлсин—ҳаммаси
бу дунёнинг
матоҳи,
ўткинчи ҳой-ҳавас,
холос.
Уларнинг ҳақиқий
қадр
мезонида ҳеч
бир оғирлиги
йўқ. Ҳақиқий қадр-қийматга,
боқийликка
эга нарсалар
бошқа
томонда
—охиратда,
Аллоҳнинг ҳузуридадир.
Аллоҳнинг ҳузуридаги
ўша нарсалар,
бу дунё матоҳи
каби, ким
бўлишидан қатъи
назар ҳамма
учун эмас.)
37Катта
гуноҳлар ва
фоҳиша
ишлардан
четда
бўладиган ва ғазабланган
вақтда
кечириб
юборадиганлар
учундир.
38Роббиларига
ижобат қилган,
намозни
тўкис адо
этган, ишлари
ўзаро шуро
ила бўлган ва
уларга ризқ қилиб
берган
нарсаларимиздан
инфоқ қиладиганлар
учундир.
39Ўзларига
тажовузкорлик
етганда
нусрат қозонадиганлар
учундир.
40Ёмонликнинг
жазоси ўз
мислидек
ёмонликдир.
Ким афв этиб
ислоҳ қилса,
унинг ажри
Аллоҳнинг
зиммасидадир.
Албатта, У
зот золимларни
севмас.
41Албатта,
ким ўзига
бўлган
зулмдан
кейин нусрат қозонса,
бас,
ундайларни
(айблашга) ҳеч
йўл йўқ.
42Фақатгина
одамларга
зулм қиладиган
ва ер юзида
ноҳақ
тажовузкорлик
қиладиганларни
(айблашга)
йўл бордир.
Ана ўшаларга
аламли азоб
бордир.
43Шубҳасиз,
ким сабр қилиб,
кечирса,
албатта, бу
мардлик
ишларидандир.
(Яна тавозуъ
ила иш
кўришга
даъват. Яна
сабр қилишга
даъват. Яна
кечиримли
бўлишга
даъват.
Яхшилар сифати
бўлган ушбу
сифатларга
такрор-такрор
даъват бежиз
эмас. Аввало,
бу ишларни
амалга
ошириш осон
эмас. Қолаверса,
яхши
сифатларга қанча
тарғиб қилинса,
шунча оз.)
44Аллоҳ
кимни
залолатга
кетказса,
бас, унга У
зотдан ўзга ҳеч
бир валий
бўлмас.
Золимларни
кўрурсанки,
азобни
кўрган чоқларида:
«(Ортга) қайтишга
ҳеч бир йўл
бормикан?»
дерлар.
45Сен
уларни
у(дўзах)га
кўндаланг қилинаётганларида
хору зор ва қўрққан
ҳолларида
кўз қири
билан назар
солаётганларини
кўрурсан. Иймон
келтирганлар:
«Албатта,
зиёнкорлар қиёмат
куни
ўзларига ва аҳли
аёлларига
зиён қилганлардир»
дерлар. Огоҳ
бўлингким,
албатта,
золимлар
доимий азобдадирлар.
(Ҳа, кофир,
золим ва
осийлар
дўзахга тўғри
қарай
олмайдилар.
Балки, фақат
кўз қирлари
билан назар
соладилар.
Уларнинг бу
дунёдаги
гердайишларидан,
шаҳдамликларидан
асар ҳам қолмайди.
Бирор
нарсани
гапира олмай қоладилар.
Охиратда
эркин гапира
оладиганлар
мўминлардир.)
46Ва уларга
Аллоҳдан
ўзга ёрдам
берадиган ҳеч
қандай
валийлар
бўлмади. Аллоҳ
кимни
залолатга
кетказса,
бас, унга ҳеч
бир (тўғри)
йўл йўқдир.
47Аллоҳ
томонидан, қайтариб
бўлмайдиган
кун келмай
туриб, Роббингизга
ижобат қилинг!
Ўша куни
сизга паноҳгоҳ
топилмас ва
сизга (тушган
азобни) инкор
қилгувчи
топилмас.
48Агар улар
юз ўгирсалар,
бас, Биз сени
уларга қўриқчи
қилиб
юборганимиз
йўқ. Сенинг
зиммангда фақат
етказиш бор,
холос.
Албатта, Биз
инсонга Ўзимиздан
раҳмат
тоттирган чоғимизда
у ундан қувонур
ва агар
уларга ўз қўллари
тақдим этган
нарса
туфайли
ёмонлик етса,
бас, албатта,
инсон куфрони
неъмат қилур.
(Яхшилик
етганда ҳаддан
ошганидек,
ёмонлик
етганда ҳам
ўзини тўғри
тута
ололмайди,
куфрони
неъмат қилади.
Аслида эса,
яхшилик етса,
инсон шукр қилиб,
ёмонлик етса,
сабр этиши
лозим. Унга нимаики
етса, Аллоҳдандир.)
49Осмонлару
ернинг мулки
Аллоҳникидир.
У зот хоҳлаган
нарсасини
яратур. У зот
хоҳлаган
кишисига қизлар
ҳадя этур ва
хоҳлаган
кишисига ўғиллар
ҳадя этур.
50Ёки
уларни
жуфтлаб ўғил-қиз
қилиб берур
ва хоҳлаган
кишисини туғмас
қилур.
Албатта, У
зот ўта
билгувчи ва
ўта қодирдир.
(Инсонга ҳамма
нарсани фақат
Аллоҳ таоло
беришининг
ёрқин
намунаси
фарзанд
масаласида
кўринади. Айни
шу масалада
инсон
ўзининг
ожизлигини
хис этади. Ўз
хоҳишига
кўра бирон
нарсани бор қила
олмаслигини,
Аллоҳ
таолонинг
мадади ва
иноятига муҳтож
бўлиб
туришини англаб
етади.)
51Аллоҳ
башар билан
гаплашмоғи
бўлмаган,
магар ваҳий
орқали, ёки
парда
ортидан ёхуд
элчи
юборадию, У
зотнинг изни
ила хоҳлаган
нарсасини ваҳий
қилур.
Албатта, У
зот ўта олий
ва ўта ҳикматлидир.
(Инсон зоти
учун Аллоҳ
Таоло билан
бевосита гаплашиш
муяссар
бўладиган
нарса эмас.
Аллоҳ билан
башар
орасидаги
алоқа
бовосита
бўлур.
Воситанинг
бир тарафида инсонлар
орасидан
танлаб
олинган энг
етук зотлар,
Пайғамбар
(а.с)лар турур.
Яъни, ўша
воситали
гаплашишга ҳам
ҳар бир инсон
қодир эмас.
Энди, одамлар
орасидан
танлаб
олинган Пайғамбарлар
ҳам баробар
эмаслар,
осмондаги
нур сочиб турган
юлдузлар ҳажм
ва нур жиҳатидан
хилма хил
бўлганларидек
улар ҳам
хилма-хилдирлар.)
52Ана шунга
ўхшаш, Биз
сенга Ўз
амримиздан
бир руҳни ваҳий
қилдик. Сен
китоб
нималигини ҳам,
иймон
нималигини ҳам
идрок қилмас
эдинг. Лекин,
Биз уни бир
нур қилдикки,
у билан
бандаларимиздан
кимни хоҳласак
ҳидоят қилурмиз.
Албатта, сен
тўғри йўлга ҳидоят
қилурсан.
(Аллоҳ Таоло
бу ояти
каримада Қуръони
Каримни, Муҳаммад
(с.а.в)га ваҳий
орқали
юборган
сўнгги
китобини руҳ-жон,
деб атамоқда.
Қуръони
Карим
инсоният
учун
маънавий руҳдир.)
53Осмонлардаги
нарсалар ва
ердаги
нарсалар
Уники бўлган
Аллоҳнинг
йўлига (ҳидоят
қилурсан).
Огоҳ
бўлингким,
барча ишлар
Аллоҳгагина қайтур.
(Сен Аллоҳнинг
китоби ваҳийлари
ила Аллоҳнинг
бандаларини,
Аллоҳнинг тўғри
йўлига ҳидоят
қилурсан.)
Chapter 43 (Sura 43)
1Ҳа-а. Мийм.
2қ-ойдин
китоб ила қасам.
3Албатта,
Биз уни
арабча Қуръон
қилдик.
Шоядки ақл
юритсангиз.
4Албатта, у ҳузуримиздаги
она
китобдадир, у
олийдир, ҳикматлидир.
(Уламоларимиз,
«она
китоб»дан мурод
Лавҳул Маҳфуз,
деганлар.
Демак, Қуръони
Карим Аллоҳ
таолонинг ҳузуридаги
Лавҳул Маҳфузда
сақланган. Бу
эса, уни Аллоҳ
таоло нақадар
зўр қадрлаганини
кўрсатади.)
5Наҳотки
сиз исрофчи қавм
бўлганингиз
учун сиздан
юз ўгириб,
зикр-эслатмани
буриб юборсак?!
(Яъни, Қуръонни
булар қабул қилмас
экан, майли,
юраверсинлар,
деб уни бошқаларга
томон буриб
юборсак
бўладими?! Йўқ,
Бизнинг
одатимиз
бундай эмас.
Асл одатимизни
билиш учун
ўтган Пайғамбар
ва
умматларнинг
ҳолига бир
назар
солинг!)
6Аввалгиларга
қанчадан-қанча
Пайғамбарлар
юбордик.
7Улар
ўзларига
келган ҳар
бир Пайғамбарни,
албатта, истеҳзо
қилганлар.
8Бас, Биз
улардан кўра
кучлироқларни
ҳалок қилганмиз.
Аввалгиларнинг
мисоли (зикр
бўлиб) ўтди.
9Улардан:
«Осмонлару
ерни ким
яратган!» деб
сўрасанг,
албатта: «Уларни
азиз ва ўта
илмли зот
яратган»,
дерлар.
10У зот
сизга ерни
бешик қилиб
берди ва
сизга унда
йўллар қилиб қўйди.
Шоядки, ҳидоят
топсангиз.
(Аллоҳ сизга
ерни чақалоқнинг
бешигидек қулай
қилиб, ер
юзида йўллар ҳам
яратиб қўйди.
Шоядки бу ҳақиқатларни
тушуниб,
инсофга
келиб ҳидоят
йўлига
юрсангиз.)
11У зот
осмондан
ўлчов ила сув
туширди. Бас,
Биз у(сув) ила
ўлик юртни
тирилтирдик.
Сиз ҳам шунга
ўхшаш чиқарилурсиз.
12У зот
барча
жуфтларни
яратган ва
сизга кемалар
ҳамда чорва ҳайвонларидан
минадиган
нарсаларингизни
қилди.
13Токи сиз
уларнинг
устига
ўрнашгайсизлар,
сўнгра
уларнинг
устига
ўрнашиб
олгач, Роббингиз
неъматини
эслаб: «Бизга
буни бўйсундирган
зот покдир.
Биз бунга қодир
эмас эдик.
14Ва,
албатта, Биз
Роббимизга қайтгувчилардирмиз»,
дегайсиз.
(Инсон маркабга
минганда
аллақандай
бир
кўтаринкилик,
ғурур ва
манманлик
пайдо
бўлганини
сезади. Ана
шунда унга
маркаб миниш
имконини
берган зотни
эсласа ва шу
оятдаги
дуони ўқиса, ҳамма
нарса ўрнига
тушади. Имом
Муслим
ривоят қилган
ҳадисда қуйидагилар
айтилади:
«Расулуллоҳ
(с.а.в.) қачон
сафарга чиқиб
уловга
минсалар, уч
марта «Аллоҳ
акбар», деб
такбир айтар
ва қуйидагиларни
ўқир эдилар:
«Бизга буни
бўйсундирган
зот покдир.
Биз бунга қодир
эмас эдик. Ва,
албатта, биз
Роббимизга қайтгувчилардирмиз».
Ё Аллоҳ! Биз
сендан бу
сафаримизда
яхшилик ва тақвони,
ўзинг рози
бўладиган
амалларни
сўраймиз. Ё
Аллоҳ! Ўзинг
бизга бу
сафаримизни
осон қилгин.
Унинг узоғини
яқин қилгин.
Ё Аллоҳ!
Сенинг ўзинг
сафардаги соҳибсан.
Аҳлиаёлдаги
халифасан. Ё
Аллоҳ! Мен
сендан сафар қийинчиликларидан,
турли
ёмонликлардан,
молу мулк ва
аҳлиаёлнинг
ёмонликка юз
тутишидан
паноҳ
сўрайман».)
15Улар
бандаларидан
Унга бўлак (ҳукм)
қилдилар.
Албатта,
инсон очиқ-ойдин
ношукрдир.
(Аллоҳга
Унинг
бандаларидан
бўлмиш
фаришталарни
У зотнинг
бўлаги-фарзанди
деб ҳукм қилдилар.)
16Ёки У зот
Ўзи
яратадиган
нарсадан қизлар
тутиб,
сизларни ўғиллар
ила
сийладими?
17Қачонки
улардан
бирортасига,
Роҳманга
мисол
келтирган
нарсанинг
хушхабари
берилса, ғазабга
тўлиб, юзи қорайиб
кетур.
18Зебу
зийнат ичида
ўстириладиган
ва хусумат
пайтида очиқ-ойдин
бўла
олмайдиган
кимсаними?!
(Бу оятларда
мушрикларнинг,
фаришталар
Аллоҳнинг қизи,
деган эътиқодларига
рад келмоқда.)
19Улар Роҳманнинг
бандалари
бўлмиш
фаришталарни
аёллар ҳисобладилар.
Ёки уларнинг
яратилишига
гувоҳ
бўлдиларми?!
Албатта, бу
гувоҳликлари
ёзилур ва
сўроққа
тутилурлар!
20Улар: «Агар
Роҳман хоҳлаганида,
Биз уларга
ибодат қилмас
эдик»,
дедилар.
Уларда бу ҳақда
ҳеч бир илм
йўқ. Улар фақат
алжирамоқдалар,
холос.
21Ёки Биз
уларга у(Қуръон)дан
олдин бир
китоб
берганмизу
улар уни маҳкам
тутувчиларми?!
22Йўқ! Улар:
«Биз
ота-боболаримизни
бир динда топдикки,
албатта, биз
уларнинг
изларидан ҳидоят
топгувчидирмиз»,
дедилар.
23Худди
шунингдек,
Биз сендан
илгари ҳам қайси
бир қишлоқ-шаҳарга
огоҳлантиргувчи
юборсак,
албатта,
унинг зодагонлари:
«Таъкидки,
биз
ота-боболаримизни
бир динда
топдик ва,
албатта, биз
уларнинг изларидан
эргашгувчилардирмиз»,
дедилар.
24У (огоҳлантгирувчи):
«Агар мен
сизга сиз
ота-бобонгизни
(эътиқод)
устида
топган
нарсангиздан
ҳам ҳидоятлироқни
келтирган
бўлсам ҳам-а?!»
деди. Улар:
«Биз сиз ила
юборилган
нарсага
кофирдирмиз»,
дедилар.
25Бас, Биз
улардан интиқом
олдик. Энди
назар сол.
(Пайғамбарларни)
ёлғончи қилгувчиларнинг
оқибати қандай
бўлди?!
26Эсла, Иброҳим
отасига ва қавмига:
«Мен, албатта,
сиз ибодат қилаётган
нарсадан воз
кечгувчиман.
27Магар
мени яратган
зотдангина
(воз кечмасман).
Албатта, У
зот мени ҳидоят
қилур», деган
эди.
28Ва
бу(сўз)ни у ўз
ортидан
зурриётига
боқий қолгувчи
қилди. Шоядки
(иймонга) қайтсалар.
(Яъни, Иброҳим
алайҳиссалом
Аллоҳдан
ўзга ҳеч бир
илоҳга
ибодат қилмаслик
ҳақидаги
сўзни, бошқача
айтганда, «Ла
илаҳа
иллаллоҳ»ни
ўзидан кейин
келадиган
зурриётлари
ичида боқий қоладиган
қилди. Шоядки
зурриётлари
куфр ва
ширкдан иймонга
қайтсалар.)
29Мен эса,
анавиларни
ва уларнинг
ота-боболарини,
то уларга ҳақ
ҳамда очиқ-ойдин
Пайғамбар
келгунча
фойдалантирдим.
30Қачонки
уларга ҳақ
келганида,
улар: «Бу сеҳрдир
ва, албатта,
биз бунга
кофирдирмиз»,
дедилар.
31Улар: «Ушбу Қуръон
икки шаҳардан
(бирида)
бўлган улуғ
кишига нозил қилинганида
эди», дедилар.
(Уларнинг жоҳилий
ўлчовлари
бўйича молу
дунёси кўп,
мансаби, ҳукми
ва султони
бор одам «улуғ
киши» деб
эътироф
этиларди. Ана
шундай одам
Пайғамбар
бўлишга лойиқ
эди. Ўша
пайтда
мушрикларнинг
бу мақомга
номзодлари ҳам
бор эди.
Маккада
ал-Валид ибн
Муғийра,
Тоифда
Урвату ибн
Масъуд ас-Сақафий
исмли
одамлар
бўлиб,
мушриклар
ана шулардан
бири Пайғамбар
бўлса
арзийди,
деган фикрда
эдилар.)
32Ёки улар
Роббингнинг
раҳматини тақсимлайдиларми?
Биз ҳаёти дунёда
уларнинг
ораларида
маишатларини
тақсимладик
ва баъзилари
баъзиларини
хизматкор қилиб
олишлари
учун
айримларининг
даражаларини
айримларидан
устун қилиб қўйганмиз.
Роббингнинг
раҳмати улар
жамлайдиган
нарсадан
яхшидир.
33Агар
одамлар бир
миллат бўлиб қолишлари
(хавфи)
бўлмаганда,
албатта, Биз
Роҳманга
куфр
келтирадиганларнинг
уйлари шифтини
ва унга чиқадиган
нарвонларини
кумушдан қилиб
қўяр эдик.
34Ва
уйларининг
эшикларини ҳам,
устида
ёнбошлаб
ётадиган
сўриларини ҳам
(кумушдан қилиб
қўяр эдик).
35Ва зебу
зийнату
безакларни ҳам.
Буларнинг ҳаммаси
ҳаёти
дунёнинг
матоҳидан
бошқа нарса
эмас. Охират
эса, Роббинг
наздида тақводорлар
учундир.
36Ким Роҳманнинг
эслатмасидан
шабкўр бўлиб
олса, Биз
унга
шайтонни яқин
қилиб қўюрмиз,
бас, у унга
доимий ҳамроҳ
бўлур.
37Албатта,
у(шайтон)лар
йўлдан
тўсурлар ва
улар
ўзларини
шак-шубҳасиз ҳидоят
топгувчилардек
ҳисобларлар.
38Токи ҳузуримизга
келганда: «Қани
энди мен
билан сенинг
оранг мағриб
ила машриқчалик
узоқ бўлса
эди. Бас, сен
нақадар ёмон ҳамроҳсан»,
дер. (Аллоҳнинг
зикридан
шабкўр бўлиб
олган ғафлатда
юра-юра, бир
куни қиёмат қоим
қўпиб: «ҳузуримизга
келганда», ҳақиқатни
англайди ҳамма
бало шайтон
билан яқинлиги
натижаси
эканлигини
тушуниб етади.)
39Зулм қилганингиз
учун бугунги
кунда азобга
шерик
бўлишингиз ҳам
ҳеч фойда
бермас.
40Сен
карларга
эшиттира
олармидинг
ёки кўрларни
ва очиқ-ойдин
залолатда
бўлган
кимсаларни ҳидоятга
сола
олармидинг?!
41Агар сени
кетказсак ҳам,
албатта, Биз
улардан интиқом
олурмиз.
42Ёки Биз
уларга ваъда қилинган
нарсани
сенга
кўрсатурмиз.
Бас, албатта,
Биз уларга
(азоб
беришга) қодирмиз.
43Бас,
ўзингга ваҳий
қилинган
нарсани маҳкам
тут! Албатта,
сен тўғри
йўлдасан.
44Албатта, у(Қуръон)
сенга ҳам
шарафдир, қавмингга
ҳам. Ва,
албатта,
сўралурсизлар.
45Сендан
олдин Биз
юборган Пайғамбарларимиздан
сўра: Роҳмандан
бошқа ибодат қилинадиган
илоҳлар қилган
эканмизми?!
(Дунё
тарихида ҳеч
бир Пайғамбар
Аллоҳдан бошқага
ибодат
этишга чақирган
эмас. Дунёда ҳеч
бир Пайғамбар
Аллоҳдан бошқа
илоҳга
ибодат қилган
ҳам эмас.
Дунёда ўтган ҳамма
Пайғамбарлар
фақат Роҳман
сифатли Аллоҳ
таологагина
ибодат қилганлар
ва одамларни ҳам
фақат Аллоҳнинг
Ўзигагина
ибодат қилишга
чақирганлар.)
46Батаҳқиқ,
Биз Мусони Ўз
оят-мўъжизаларимиз
ила Фиръавнга
ва унинг
аъёнларига
юбордик. Бас,
у: «Албатта,
мен оламлар
Роббининг
Пайғамбаридирман»,
деди.
47Бас, қачонки
у уларга
мўъжизаларимизни
келтирганда,
улар баногоҳ
у(мўъжиза)лардан
кула
бошладилар.
48Биз
уларга қайси
бир
оят-мўъжизани
кўрсатсак ҳам,
албатта, у ўз
шеригидан
каттароқ
бўлар эди.
Шояд
(хатоларидан)
қайтсалар,
деб уларни
азоб-ла
тутдик.
49Улар: «Эй сеҳргар!
Сенга берган
аҳдига
биноан, биз
учун
Роббингга
дуо қил!
Албатта, биз ҳидоят
топгувчилардан
бўламиз»,
дедилар.
50Бас, қачонки
улардан
азобни
аритсанг,
тўсатдан улар
(аҳдни)
бузарлар.
51Фиръавн
ўз қавмига:
«Эй қавмим!
Миср мулки ва
мана бу
остимдан оқиб
турган анҳорлар
меники
эмасми?!
Кўрмаяпсизларми?!
52Мен мана
бу хор,
гапини очиқ
баён қила
олмайдиган
кимсадан
яхши
эмасманми?
53Унга
тиллодан
бўлган
билакузуклар
ташланса ёки
у билан бирга
фаришталар ҳамроҳ
бўлиб келса
бўлмас
эдими?!» деб
нидо қилди.
54Бас, у қавмини
лақиллатди
ва улар унга
итоат қилдилар.
Чунки улар
фосиқ қавм
эдилар.
55Бас, қачонки
улар Бизни
дарғазаб қилишгач,
улардан интиқом
олдик–уларнинг
барчаларини
жамлаб, ғарқ қилдик.
56Бас,
уларни
ўтмишга
айлантирдик
ва
кейингиларга
мисол қилиб қўйдик.
57Ибн Марям
мисол
келтирилган
чоқда сенинг қавминг
бирдан
шодланиб қичқирурлар.
(Пайғамбаримиз
(с.а.в.) Анбиё
сурасидаги
«Албатта, сизлар
ва Аллоҳдан
ўзга ибодат қилган
нарсаларингиз
жаҳаннам
ўтин-тошидирсиз.
Сизлар унга
киргувчидирсиз»
оятини
тиловат қилганларида,
Абдуллоҳ ибн
аз-Забъарий
ат-Тамимий
исмли мушрик:
«Бу биз ва
бизнинг олиҳаларимиз
учунми ёки ҳамма
умматлар
учунми?» деб
сўраган.
Расулуллоҳ
(с.а.в.): «У сиз
учун ҳамма
умматлар
учун»,
дедилар. У:
«Шубҳасиз,
энди сени
енгдим,
Каъбанинг
Роббига қасам!
Насоролар
Масийҳга, Яҳудийлар
Узайрга, Бани
Фулон
фаришталарга
ибодат қилмайдиларми?!
Агар ана
ўшалар ҳам жаҳаннамга
тушсалар,
бизнинг ва
олиҳаларимизнинг
жаҳаннамда
бўлишига
розимиз»,
деди. Шунда
Аллоҳ таоло:
«Албатта,
биздан
уларга олдин
гўзал сўз ўтганлар
у (жаҳаннам)дан
узоқлаштирилгандирлар»,
оятини
туширди. «Ибн
Марям мисол
келтирилган
чоқда сенинг қавминг
бирдан
шодланиб қичқирурлар»
ояти билан
ўша ҳодисани
ёдга солмоқда.)
58Улар:
«Бизнинг олиҳаларимиз
яхшими ёки
уми?» дедилар.
Улар уни
сенга фақат
талашиб-тортишиш
учунгина
мисол келтирдилар.
Зеро, улар
хусуматчи қавмдирлар.
59У фақат
бир бандадир.
Биз унга
неъмат
бердик ва уни
Бани
Исроилга
мисол қилдик.
60Агар хоҳласак,
ўрнингизга
ер юзида
халифа бўладиган
фаришталар қилиб
қўяр эдик.
61Албатта,
у(Ийсо) қиёмат
соати
илми-белгисидир.
Бас, сиз у (соат)
ҳақида ҳеч
шубҳа қилманг
ва Менга
эргашинг.
Мана шу тўғри
йўлдир. (Вақти
келиб Ийсо қиёмат
кунининг
белгиси
бўлади. Унинг
қайта
тушишидан қиёмат
жуда ҳам яқин
қолгани
билиб
олинади.)
62Шайтон
сизни ҳаргиз
(тўғри
йўлдан)
тўсмасин.
Албатта, у
сизга очиқ-ойдин
душмандир.
63Ийсо очиқ-ойдин
мўъжизалар
билан келган
чоғида: «Батаҳқиқ,
мен сизга ҳикматни
келтирдим ва
баъзи сиз
ихтилоф қилаётган
нарсаларни
баён қилиш учун
келдим. Бас,
Аллоҳга тақво
ва менга
итоат қилинглар.
64Албатта,
Аллоҳ менинг ҳам
Роббим,
сизнинг ҳам
Роббингиздир.
Бас, Унга
ибодат қилинг.
Мана шу тўғри
йўлдир», деди.
(Ийсо алайҳиссалом
қавмларига:
«Аллоҳ менинг
Роббим»,
деганлар.
Аллоҳ менинг
отам, деган
эмаслар.
Демак, Аллоҳ
таоло бошқа
бандаларга
Робб бўлгани
каби, Исога
алайҳиссалом
ҳам Роббдир.
Бу ҳақда бошқа
гап бехуда.)
65Бас,
уларнинг
орасидан фирқалар
ихтилоф қилдилар.
Зулм қилганлар
ҳолига
аламли кун
азобидан вой
бўлсин! (Ийсо алайҳиссалом
Бани
Исроилга Пайғамбар
қилиб
юборилган
эдилар. У зот
Бани
Исроилга уларнинг
Мусо алайҳиссалом
шариати
хусусидаги
ихтилофларига
барҳам бериш,
ягона Аллоҳнинг
ибодатига чақириш
учун ҳикмат
ила келган
эдилар. Аммо
улар бу чақириққа
муносиб
жавоб
бермадилар. Балки
Ийсо алайҳиссаломга
қарши чиқдилар.
Турли фирқаларга
бўлиниб олиб,
ҳозиргача
ихтилоф қилиб
келмоқдалар.)
66Улар фақат
ўзлари ҳам
сезмай қолган
ҳолда (қиёмат)
соати келиб қолишини
кутмоқдалар,
холос.
67Ўша кунда
тақводорлардан
бошқа
дўстлар
бир-бирларига
душмандир. (Қиёмат
куни ҳамма ўз
оқибатини
билгач, гарчи
бу дунёда яқин
ўзаро дўст
бўлса ҳам,
бир-бирига
душманга
айланади.
Чунки у дунёда
бир-бирларини
турли
амалларга
ундаган
дўстларнинг
дўзахга
тушиб жазо
тортишлари
аниқ маълум
бўлиб қолади.
Ана ўшанда,
ёмон билан
дўст
бўлганига
афсусланади.
68Эй
бандаларим!
Бугунги
кунда сизга
хавф йўқ ва
маҳзун ҳам
бўлмассиз.
69Оятларимизга
иймон
келтирганлар
ва мусулмон
бўлганлар.
70Жаннатга
киринглар,
сизлар ва
жуфтларингиз
шод
бўлурсизлар.
71Уларга
тиллодан
бўлган товоқлар
ва қадаҳлар
айлантирилур.
У ерда кўнгил
иштаҳа қиладиган
ва кўзлар
лаззатланадиган
нарсалар
бордир.
Сизлар у ерда
абадий қолурсизлар.
72Мана шу қилиб
юрган
амалларингиз
сабабли
сизга мерос қилиб
берилган
жаннатдир.
73Сизга у
ерда кўплаб
мевалар бор,
улардан
ерсизлар.
74Албатта,
жиноятчилар
жаҳаннам
азобида
абадий қолурлар.
75У улардан
енгиллатилмас
ва улар у
(азоб)да ноумид
ҳолда қолурлар.
(Яъни, азоб аҳли
жаҳаннамдан ҳеч
енгиллатилмайди.
Улар ўша азоб
ичида ноумид
бўлган ҳолларида
абадий қолиб кетадилар.)
76Биз
уларга зулм қилганимиз
йўқ. Лекин
улар ўзлари
золим
бўлдилар.
77Улар: «Эй
Молик!
Роббинг
бизни
битирсин!»
деб нидо қилдилар.
У: «Албатта,
сиз туриб қолгувчисиз»,
деди. (Яъни,
дўзахилар
ўзларига
берилаётган
азоблар оғриғи,
алами ва
шиддатига
чидай олмай,
дўзах
ишларига қараб
турувчи
Молик исмли
фариштага қараб:
«Эй Молик!
Роббинг
бизни
битирсин!»
дейдилар.)
78Батаҳқиқ,
Биз сизга ҳақни
келтирдик.
Лекин
кўпларингиз ҳақни
ёмон
кўргувчисиз.
(Шунинг учун
бугунги кунда
ушбу аянчли ҳолга
тушиб турибсиз.)
79Ёки улар
бирон ишга қарор
қилдиларми?
Бас, Биз,
албатта, қарор
қилгувчимиз.
80Ёки улар
Бизни
уларнинг
сирларини
(билмайди) ва
пичирлашиб қилган
маслаҳатларини
эшитмайди
деб ҳисоблайдиларми?
Йўқ! Ҳолбуки,
элчиларимиз
уларнинг
олдиларида ёзмоқдалар.
81Сен: «Агар
Роҳманнинг
боласи
бўлганида,
мен унга
ибодат қилгувчиларнинг
биринчиси
бўлар эдим»,
деб айт.
82Осмонлару
ернинг Робби,
Аршнинг
Робби улар қилаётган
васфдан
покдир.
83Бас,
уларни қўйиб
бер, ўзларига
ваъда қилинаётган
кунга рўбарў
бўлгунларича
(ёмонликка)
шўнғийверсинлар,
ўйнайверсинлар.
84У зот
осмонда ҳам
илоҳдир, ерда
ҳам илоҳдир.
У зот ўта ҳикматли,
ўта илмлидир.
85Осмонлару
ернинг ва
уларнинг
орасидаги нарсаларнинг
мулкига эга
бўлган зот
баракотли-буюкдир.
(Қиёмат)
соати илми
Унинг ҳузуридадир.
Унгагина қайтарилурсизлар.
86Аллоҳдан
ўзга илтижо қилаётган
нарсалари
шафоатга эга
бўлмаслар.
Магар билган ҳолларида
ҳақ шаҳодат
берганларгина
(эга
бўлурлар).
87Агар сен
улардан
ўзларини ким
яратганини сўрасанг,
албатта,
«Аллоҳ»,
дерлар. Бас, қаёққа
бурилиб
кетмоқдалар?!
88У(Муҳаммад)нинг:
«Эй Роббим,
албатта,
анавилар иймон
келтирмайдиган
қавмлардир»,
деган гапини ҳам
(билур).
89Бас, сен
улардан юз
ўгир ва:
«Сизларга
салом бўлсин»,
дегин. Бас,
улар тезда
билурлар.
Chapter 44 (Sura 44)
1Ҳа-а. Мийм.
2Очиқ-ойдин
Китобга қасам.
3Албатта,
Биз уни
муборак
кечада нозил қилдик.
Албатта, Биз
огоҳлантиргувчи
бўлдик. (Ушбу
оятда зикр
этилаётган, Қуръон
нозил қилинган
кеча муборак
Рамазон
ойининг кечаларидан
бири бўлмиш
«Лайлатул қадр»дир.
Бу кеча, дунё
тарихидаги
энг муборак
кечадир.
Чунки, бу
кечада Аллоҳ
таолонинг
охирги,
баркамол ва
бутун инсониятга
қиёмат
кунигача
саодат
йўлини
кўрсатиб берувчи
китоби туша
бошлаган.)
4Ўша(кеча)да
ҳар бир ҳикматли
иш ажратилиб,
ҳал қилинур.
5Биз
томонимиздан
бўлган амрга
биноан.
Албатта, Биз
Пайғамбар
юборгувчи
бўлдик.
6Роббинг
томонидан
(кўрсатилган)
раҳматдир.
Албатта,
Унинг Ўзи ўта
эшитгувчи, ўта
билгувчи
зотдир.
7Осмонлару
ернинг ва
уларнинг
орасидаги нарсаларнинг
Роббидир. Гар
ишонгувчи
бўлсангиз.
8Ундан
ўзга
ибодатга
сазовор зот
йўқ. У
тирилтирур
ва ўлдирур. У
сизнинг
Роббингиз ва
ота-
боболарингизнинг
Роббидир.
9Йўқ! Улар
шак-шубҳада,
ўйнамоқдалар.
10Бас, осмон
аниқ тутунни
келтирадиган
кунни кут.
11У
одамларни
ўраб олур. Бу
аламли
азобдир.
12Эй
Роббимиз!
Биздан
азобни кушойиш
қил! Албатта,
Биз иймон
келтиргувчидирмиз.
13Уларга қаёқдан
ҳам эслатма
бўлсин. Ҳолбуки,
уларга очиқ-ойдин
Пайғамбар
келган эди.
14Сўнгра
ундан юз
ўгирдилар ва:
«Бу ўргатилган
мажнун»,
дедилар.
15Албатта,
Биз азобни
озгина
кушойиш қилгувчимиз.
Албатта,
сизлар қайтгувчисизлар.
(Биз сиздан
азобни
озгина кушойиш
қиламиз. Аммо
сиз бундан
ибрат
олмайсиз, яна
куфрга қайтасиз.)
16Катта
ушлаш ила
ушлаганимиз
куни,
албатта, Биз
интиқом
олгувчимиз.
(Бу ушлаш ва
интиқом олиш қиёмат
кунидадир.)
17Батаҳқиқ,
улардан
олдин
Фиръавн қавмини
синадик.
Уларга
карамли Пайғамбар
келди.
18«Сизлар
менга Аллоҳнинг
бандаларини
беринглар.
Албатта, мен
сизларга
ишончли Пайғамбарман.
19Ва Аллоҳга
мутакаббирлик
қилманг.
Албатта, мен
сизга очиқ-ойдин
ҳужжат
келтирурман.
20Ва, албатта,
мен ўзимнинг
Роббим ва
сизнинг
Роббингиздан
мени
тошбўрон қилишингиздан
паноҳ
сўрадим.
21Ва агар
менга иймон
келтирмасангиз,
мендан
четланинг»,
деб.
22Бас, у(Мусо)
Роббига:
«Албатта,
анавилар
жиноятчи қавмдир»,
деб дуо қилди.
23Бас,
бандаларим
ила кечаси
юриб кет.
Албатта, сиз
изингиздан қувилурсиз.
(Бани
Исроилни
олиб, кечаси
Мисрдан чиқиб
кет. Душман,
албатта,
сизларнинг
изингиздан
тушади.)
24Ва
денгизни
сокин ҳолида қўй,
албатта, улар
ғарқ қилинадиган
қўшиндир.
(Дарҳақиқат,
Фиръавн ва
унинг
аскарлари ҳам
тўхтаб
турган
денгиз сари
тушдилар. Ҳаммалари
денгизда
очилган
йўлга тушиб
бўлганларидан
кейин шу
дамгача
иккига бўлиниб
сокин турган
сув ҳаракатга
келди ва
уларни ғарқ қилди.)
25Улар
ортларидан қанчадан-қанча
боғу роғларни
ва булоқларни.
26Экинзорларни
ва яхши
жойларни.
27Ва ўзлари
ичида маза қилаётган
нозу
неъматларни қолдирдилар.
28Мана
шундай! Биз
у(нарса)ларни
бошқа қавмларга
мерос қилиб
бердик.
29Бас,
уларга осмон ҳам,
ер ҳам йиғламади
ва улар муҳлат
берилганлардан
ҳам
бўлмадилар.
30Батаҳқиқ,
Бани
Исроилга
хорловчи
азобдан.
31Фиръавндан
нажот бердик.
Албатта, у
мутакаббир
ва ҳаддидан
ошганлардан
эди. (Фиръавн
ва қавмини ҳалок
қилиш билан
биз Бани
Исроилни
азобдан озод этдик.
Улар унинг қавми
қўл остида
азоб чекар
эдилар.)
32Батаҳқиқ,
Биз уларни
билиб туриб,
оламлар
ичидан
танлаб олдик.
33Ва уларга
оят-мўъзижалардан
ичида очиқ-ойдин
синов бор
нарсаларни
бердик. (Аллоҳ
таоло Бани
Исроилга
турли
оят-мўъжизалар
юборди.
Уларда синов
бор эди.)
34Албатта,
анавилар
дерлар:
35«Биринчи
ўлимимиздан
бошқа ҳеч қандай
ўлим йўқ ва
биз қайта
тирилтирилувчи
эмасмиз.
36Агар
ростгўй
бўлсангиз,
ота-боболаримизни
келтиринглар».
37Улар
яхшироқми
ёки Туббаъ қавмию
улардан
олдин
ўтганларми?!
Биз уларни ҳалок
қилдик.
Албатта, улар
жиноятчи
бўлган эдилар.
(« Туббаъ» Яман
подшоҳларининг
лақабидир.
Араблар
ичида
уларнинг
довруғи кенг
тарқалган
эди.)
38Осмонлару
ерни ва
уларнинг
орасидаги
нарсаларни
ўйнаб
яратганимиз
йўқ!
39Биз
уларни фақат ҳақ
ила яратдик,
лекин
кўплари
билмаслар.
40Албатта,
ажратиш куни
барчалари
учун белгиланган
вақтдир.
(«Ажратиш
куни» қиёматнинг
номларидан
бири. У кунда ҳақ
ботилдан,
мўминни
кофирдан,
яхши ёмондан
ажратилади.
Шунинг учун ҳам
« ажратиш
куни « деб
номланган.
Ана ўша кун ҳамманинг
қайта
тирилиши ва
тўпланиши
учун
белгиланган
вақтдир.)
41У кунда дўст
дўстга бирон
нарсада асқотмас
ва уларга
ёрдам ҳам
берилмас.
42Магар
кимга Аллоҳ
раҳм қилсагина
(ёрдам
берилур).
Албатта, У
азиз ва ўта
раҳмли
зотдир. (Азиз
ва раҳимли
сифати ила
мўмин-мусулмон,
тақводор
бандаларига
раҳм қилади,
ёрдам
беради.)
43Албатта,
Заққум
дарахти.
44Гуноҳкорлар
таомидир.
45У худди
эритилган
маъдандек қоринларда
қайнайдир.
46Қайноқ
сувнинг қайнашига
ўхшайдир.
(Дўзахилар қоринлари
очса, нима
ейишади?
Уларга қоринлари
очганида
таом учун Заққум
дарахтининг
меваси
берилади. Заққум
аччиқлиги ва
заҳарлилиги
билан оғизларда
зарбулмасал
бўлиб кетган.
Ана ўша заҳар
гуноҳкорларга
таом бўлади, қоринларида
эритилган
маъдан, темир
ёки мисдек
ёхуд доғ қилинаётган
ёғдек қайнаб
туради. У
худди сувдек қайнайди.)
47Уни тутиб,
жаҳиймнинг
ўртасига
судраб олиб
боринглар!
48Сўнгра
боши устидан қайноқ
сув азобини қуйинглар!
49Тотиб кўр!
Албатта, сен
ўзинг «азизу
мукаррамсан»!
50Албатта,
бу сиз
(бўлишида)
шубҳа қилиб
юрган
нарсадир!
51Албатта,
тақводорлар
омонлик
жойида.
52Боғу роғлар
ва булоқларда
бўлурлар.
53Улар шойи
ипак киюрлар,
бир-бирларига
юзма-юз ҳолда
(ўлтирурлар).
54Ана
шундай! Ва
Биз уларни ҳури
ийнларга
уйлантирдик.
55Улар у
ерда омонлик ҳолларида
турли
меваларни чақирурлар.
56Улар у
ерда биринчи
ўлимдан бошқа
ўлимни
тотмаслар. У
зот уларни жаҳийм
азобидан сақлар.
(Яъни, тақводорлар
бу дунёдан у
дунёга
ўтишда тотган
ўлимдан бошқа
ўлимни
тотмайдилар,
жаннатда
абадий тирик қоладилар.
Ҳамда Аллоҳ
таоло уларни
дўзах
азобидан сақлайди.)
57Бу
Роббингдан
бўлган
фазлдир. Ана
шу улкан ютуқдир.
58Бас, албатта,
Биз у(Қуръон)ни
сенинг
тилинг ила
осонлаштирдик.
Шоядки
эсласалар.
59Бас, кутиб
тур. Улар ҳам
кутгувчидирлар.
Chapter 45 (Sura 45)
1Ҳа-а. Мийм.
2Бу
китобнинг
нозил қилиниши
азиз ва ўта ҳикматли
Аллоҳдандир.
3Албатта,
осмонлару
ерда
мўминлар
учун оят-белгилар
бордир. (Дарҳақиқат,
осмонлару
ердаги ҳар
бир нарса
Аллоҳ
таолонинг
биру
борлигига,
чексиз қудратига
ёрқин
далилдир.)
4Ва
сизларнинг
яратилишингизда
ва таратиб қўйган
жониворларда
аниқ
ишонадиган қавм
учун
оят-белгилар
бор.
(Инсоннинг
яратилишида
Аллоҳ
таолонинг
биру
борлигига,
куч-қудратига,
тадбиру
санъатига
сонсиз-саноқсиз
оят-белгилар
бор.)
5Кечаю
кундузнинг
алмашиб
туришида,
Аллоҳ
осмондан ризқ
нозил қилиб,
унинг ила
ерни
ўлимидан
кейин тирилтиришида
ва
шамолларни
не
йўналишида ақл
юритадиган қавм
учун
оят-белгилар
бор.
6Булар
Аллоҳнинг
оятларидир.
Биз уларни
сенга ҳақ ила
тиловат қилурмиз.
Улар Аллоҳни
ва Унинг
оятларини қўйиб,
қайси гапга
иймон
келтирурлар?!
7Ҳар бир ёлғончи
гуноҳкорга ҳалокат
бўлсин!
8У ўзига
тиловат қилинган
Аллоҳнинг
оятларини
эшитади-ю,
сўнгра худди
эшитмагандек
мутакаббирлик
қилиб туриб
олади. Бас,
унга аламли
азоб хушхабарини
бер.
9Қачонки
Бизнинг
оятларимиздан
бирор нарса
билса, уни
истеҳзо қилади.
Ана ўшаларга
хорловчи
азоб бордир.
10Ва
ортларида жаҳаннам
бор. Уларга
касб қилган
нарсалари ҳам,
Аллоҳни қўйиб
тутган
«дўстлари» ҳам
ҳеч бир
нарсада асқотмас.
Уларга улкан
азоб бордир.
11Бу (Қуръон) ҳидоятдир.
Роббилари
оятларига
куфр келтирганларга
аламли
азобнинг
ашаддийси
бордир.
12Аллоҳ
сизга
денгизни
унда Ўз амри
билан кемалар
юриши учун ва
сиз Унинг
фазлидан исташингиз
учун
бўйсундириб қўйди.
Шоядки, шукр
келтирсангиз.
13Ва сизга
осмонлардаги
нарсаларни
ва ердаги
нарсаларни—ҳаммасини
Ўз томонидан
бўйсундириб қўйди.
Албатта, ана
шунда
тафаккур қиладиган
қавм учун
оят-белгилар
бордир.
14Сен иймон
келтирганларга
айт. Аллоҳнинг
кунларидан
умидвор
бўлмайдиганларни
кечирсинлар.
Токи У зот бу қавмни
касб қилиб
юрган
нарсалари
учун
мукофотласин.
(Эй Муҳаммад,
сен
мўминларга
айт, улар
ўзларига озор
берган,
келажакдаги
Аллоҳнинг ҳисоб-китоб
кунларидан
ноумид
бўлган
кофирларни
кечирсинлар.
Бу эса, Аллоҳ
таоло ўша
мусулмон қавмни
яхши
касбларига
кўра
мукофотлаши
учундир.)
15Ким солиҳ
амал қилса,
ўзига фойда.
Ким ёмонлик қилса,
ўзига зарар.
Сўнгра
Роббингизга қайтарилурсиз.
16Батаҳқиқ, биз
Бани
Исроилга
китобни, ҳукмни
ва Пайғамбарликни
бердик,
уларга пок
нарсаларни ризқ
қилиб бердик
ва уларни
оламлар
ичида афзал қилдик.
(Ўз
замонасида,
албатта, Бани
Исроил ўзгалардан
афзал бўлган.
Чунки Таврот
уларга
туширилган,
Пайғамбарлар
улардан чиққан.)
17Ва Биз
уларга (дин)
иши ҳақида
очиқ-ойдин
баёнотлар
бердик. Бас,
улар
ўзларига илм
келганидан
сўнг ўзаро ҳасад-адоват
қилибгина
ихтилофга
тушдилар.
Албатта, Роббинг
улар орасида қиёмат
куни ихтилоф қилган
нарсалари ҳақида
ҳукм чиқарур.
18Сўнгра
Биз сени (дин)
ишида бир
шариатга
йўлладик.
Бас, унга
эргаш,
билмайдиганларнинг
ҳавои
нафсларига
эргашма.
(Бани
Исроилнинг иши,
юқорида
айтилгандек,
муваффақиятсиз
тамом
бўлганидан
сўнг биз сени
Ислом
шариатига
йўлладик.)
19Албатта,
улар сендан
Аллоҳ
томонидан
бўладиган ҳеч
бир нарсани
арита
олмаслар. Ва,
албатта, золимлар
бир-бирларига
дўстдирлар.
Аллоҳ тақводорларнинг
дўстидир.
20Бу (Қуръон)
одамлар учун қалб
кўзлари, аниқ
ишонадиган қавм
учун ҳидоят
ва раҳматдир.
21Наҳотки
ёмонликларни
қилганлар
уларни иймон
келтириб,
солиҳ
амаллар қилганларга
ўхшаш қилмоғимизни,
ҳаётлари ҳам,
мамотлари ҳам
баробар
бўлишини
гумон қилсалар?!
Уларнинг қилган
ҳукми нақадар
ҳам ёмон!
(Ушбу оятда
кофир ва осий
кимсанинг
хаёлидан
ўтадиган
гумон инкор қилинмоқда.
Кофирлар,
бизнинг мўминлардан
қаеримиз кам,
деб
ўйлашлари,
гумон қилишлари
мумкин. Бу
дунёда ҳам, у
дунёда ҳам
мўминлар
билан
баробарликни
даъво этишлари
мумкин. Бу
даъво мутлақо
нотўғридир.
Аллоҳ таоло ҳеч
қачон ёмон
ишлар қилган
кимсаларни
иймон
келтириб,
солиҳ
амаллар қилганларга
ўхшатиб қўймайди.
Уларнинг
икковиларини
бу ҳаётда ҳам,
охиратда ҳам
баробар қилиб
қўймайди.
Баробар
бўлса, адолат
қолармиди?
Пайғамбар
юбориш, китоб
тушириш ва
динни жорий қилишнинг
кераги
бўлармиди?)
22Аллоҳ
осмонлару
ерни ҳақ ила, ҳар
бир жон қилган
касбига
яраша, зулм қилинмаган
ҳолида
жазосини
(мукофотини)
олиши учун
яратган.
23Айтинг-чи, ҳавои
нафсини илоҳ қилиб
олган, Аллоҳ
уни билиб
туриб
залолатга
солган ва қулоғига
ҳамда қалбига
муҳр босиб,
кўзига парда
тортиб қўйган
кимсани Аллоҳдан
бошқа ким ҳидоят
қила олади?!
Эсламайсизларми?!
24Улар: «У(ҳаёт)
фақат бу
дунёдаги ҳаётимиздир.
Ўламиз,
тириламиз,
бизни фақат
замон ҳалок қилади»,
дерлар.
Уларнинг бу ҳақда
илмлари йўқ.
Улар фақат
гумон қиладилар,
холос. (Булар
даҳрийлардир,
бизни фақат
даҳр(замон)
ўлдиради,
деганлари
учун шу номни
олганлар.
Улар
ўлгандан
кейин қайта
тирилишни
инкор
этадилар.)
25Уларга
очиқ-ойдин
оятларимиз
тиловат қилинган
чоғда: «Агар
ростгўй
бўлсангиз,
ота-боболаримизни
келтиринг-чи?!»
дейишдан бошқа
ҳужжатлари
бўлмас.
26Сен: «Аллоҳ
сизларни
тирилтирур,
сўнгра
ўлдирур, сўнгра
сизларни
(бўлишида)
шубҳа йўқ қиёмат
кунида
жамлар. Лекин
одамларнинг
кўплари
билмаслар»,
деб айт.
27Ва
осмонлару
ернинг мулки
Аллоҳникидир.
Қиёмат соати қоим
бўладиган
кунда, ўша
кунда
ботилчилар зиён
тортурлар.
28Ҳар бир
умматни тиз
чўккан ҳолида
кўрурсан. Ҳар
бир уммат ўз
номаи
амалига чақирилур:
«Бугунги
кунда қилиб
юрган
амалларингиз
бўйича жазо
(ёки мукофот)
олурсиз»,
(дейилур).
(Яъни, қиёмат
кунининг даҳшати
кучлилигидан
у куни ҳар
бир
умматнинг чўкаланиб
қолган ҳоли
кўрилади. Ўша
кунда ҳар бир
умматга, ҳар
бир шахсга,
бу дунёда қилган
амаллари
ёзиб
борилган
китоб кўрсатилади.)
29«Мана бу
китобимиз
сизга ҳақни
нутқ қилур.
Албатта, Биз қилган
амалингизни
ёзиб турган
эдик» (дейилур).
(Яъни, мана бу
номайи амал
китоби фақат ҳақиқатни
айтади.
Ундаги барча
гап ростдир,
ёлғони йўқ. У
дунёда нима
амал қилсангиз,
ўшани ўз вақтида
аниқ ёзиб
турган эдик.
Энди шу
асосда ҳисоб-китоб
этамиз.)
30Бас, иймон
келтириб
солиҳ
амалларни қилганларни
Роббилари Ўз
раҳматига
киритур. Ана
ўшанинг ўзи
очиқ-ойдин
ютуқдир.
31Аммо куфр
келтирганларга
эса: «Ахир
сизга Менинг
оятларим
тиловат қилинмаганмиди?!
Бас, сиз
мутакаббирлик
қилдингиз ва
жиноятчи қавм
бўлдингиз.
32Вақтики:
«Албатта,
Аллоҳнинг
ваъдаси ҳақдир
ва (Қиёмат)
соатида шубҳа
йўқдир»,
дейилса, «Қиёмат
соати нима
эканини
билмасмиз.
Биз фақат
гумон қиламиз,
холос. Биз
аниқ
ишонгувчи
эмасмиз,
дедингиз»,
(дейилур). (Энди
ҳолингизга
нима бўлди?
Аллоҳнинг
ваъдаси ҳақ
эканми? Қиёмат
соати қоим
бўлар эканми?
У ҳақидаги
гапларингиз
гумондан бошқа
гап
эмаслигини
билдингизми?)
33Ва уларга қилган
амалларининг
ёмонликлари
ўзларига аён
бўлди ва
уларни
ўзлари истеҳзо
қилиб юрган
нарса ўраб
олди. Уларга
куфр ва исёнлари
учун
бериладиган
жазо аниқ
кўринди ва
ўзларича,
охират азоби ҳам
бўлармиди,
деб истеҳзо қилиб
юрган азоб
уларни ўраб
олди.
34«Бугунги
кунда худди
сиз ушбу
кунингизга рўбарў
бўлишни
унутганингиздек,
Биз ҳам сизни
унутурмиз.
Жойингиз жаҳаннамдир
ва сизларга ҳеч
ёрдамчилар
йўқ.
35Бундай
бўлишингиз,
албатта,
сизнинг Аллоҳнинг
оятларини
масхара қилиб
олганингиз
ва сизни дунё
ҳаёти ғурурга
кетказгани
учундир»,
дейилди. Бас,
бугунги
кунда улар
у(жаҳаннам)дан
чиқарилмаслар
ва улар
итобга ҳам қайтарилмаслар.
Жаҳанам
азобида қийналиб
турган
кофиру
осийларга
айтиладиган
бу гаплар, улар
учун жуда ҳам
оғир
маънавий
азоб бўлади.
Яъни, сиз ёруғ
дунёда қиёмат
кунига
рўбарў
бўлишни қандай
унутган
бўлсангиз,
биз ҳам сизни
шундай
унутамиз.
Яъни, сизга
раҳм қилишни
унутамиз.
36Бас, барча ҳамд
осмонларнинг
Роббига,
ернинг
Роббига ва
оламларнинг
Роббигадир.
37Осмонлару
ердаги улуғлик
Уникидир. У
зот азизу ҳакимдир.