Part 28

 

Chapter 58 (Sura 58)

1Албатта, Аллоҳ Сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир. (Яъни, Аллоҳ таоло уй ичида, Пайғамбар алайҳиссалом билан пичирлашиб гаплашган Ҳавла Бинти Саълабанинг сўзларини эшитгандек, дунёда бўлаётган барча ишларни кўриб туради. Унинг учун ҳеч бир нарса махфий эмасдур.)

2Сизлардан ўз хотинларидан зиҳор қиладиганлар (билиб қўйсинларки), у(хотин)лар оналари эмас. Туққан оналаридан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар. Ва, албатта, улар инкор қилинган ва ғирт ёлғон сўзларни айтарлар. Ва, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва мағфират қилувчидир.

3Хотинларидан зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар, (қайта) қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу (ҳукм) ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.

4Ким (қул) топмаса, бас (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким (рўзага) қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учун. Ва бу(ҳукм)лар Аллоҳнинг чегараларидир. Ва (ундан чиққан) кофирларга аламли азоб бор.

5Албатта, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қиладиганлар, улардан аввалгилар хор бўлганидек, хор бўлурлар. Ҳолбуки батаҳқиқ Биз очиқ-ойдин оятларни тушириб қўйганмиз. Ва кофирларга хорловчи азоб бор.

6Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда, уларга қилган ишларининг хабарини берур. Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутганлар. Ҳолбуки Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир.

7Албатта, Аллоҳ осмонлару ердаги барча нарсаларни билишини англамадингми? Агар учтанинг сирли сўзлашуви бўлса, албатта, У зот тўртинчидир. Бешта бўлсалар, У зот олтинчидир, бундан оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам ва қаерда бўлсалар ҳам, албатта, Аллоҳ улар биландир. Сўнг қиёмат кунида уларга қилган ишларидан хабар берадир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир.

8Сирли сўзлашувдан қайтарилганларни кўрмадингми?! Ман этилган ишга яна қайтурлар, гуноҳ ва душманлик-ла ва Пайғамбарга осий бўлиб, сирли сўзлашурлар. Ва ҳузурингга келсалар, сен билан Аллоҳ ўргатмаган тарзда сўрашурлар. Ва ичларида, шу гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди, дерлар. Уларга жаҳаннам кифоядир, унга кирурлар. У қандоқ ҳам ёмон жой! (Яҳудийлар ҳар бир нарсада ҳийла ишлатиб, Расулуллоҳга ва мусулмонларга ёмонлик қилишнинг пайида бўлардилар. Ҳаттоки улар саломлашиш пайтида ҳам «Ас-Салому алайкум (сизга тинчлик бўлсин)» дейиш ўрнига, «Ас-Сому алайкум (сизга ўлим бўлсин)» деб сезилмайдиган қилиб айтишарди.)

9Эй иймон келтирганлар! Қачон сирли суҳбат қилсангиз, гуноҳ, душманлик ва Пайғамбарга маъсиятга сирли суҳбат қилмангиз. Яхшилик ва тақвога сирли суҳбат қилингиз. Ҳузурига тўпланиб борадиганингиз Аллоҳга тақво қилингиз. (Мусулмонлар ўзаро суҳбатларида доимо бир-бирларини яхшиликка ва тақвога чорлашлари лозим. Афсуски, ҳозир бу қуръоний таълимотлар бизнинг орамиздан йўқолган. Ўзаро суҳбатлар ёлғон, бўҳтон, туҳмат ва ғийбатдан иборат бўлиб қолмоқда. Бу эса мусулмонларнинг на одобига, на шаънига тўғри келади.)

10Албатта, иймонлиларни ранжитиш учун қилинган сирли суҳбат шайтондандур, Аллоҳнинг изни билан қилинган сирли суҳбатгина уларга ҳеч зарар етказмас. Мўминлар Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар. (Одатда иккита-иккита ёки кўпроқ бўлиб олиб, жамоатдан ажраб пичир-пичир қилиб гаплашиш кўриб турганлар қалбига шубҳа солади. «Биздан беркитиб булар ниманингдир маслаҳатини қилишаётган экан», деган хаёлга олиб боради. Бунинг устига, шайтон: «Сенинг зарарингга маслаҳат қилишяпти, бўлмаса ошкора гапиришарди», деб васваса қилади. Шундай қилиб, қарабсизки, жамият аъзолари ичида бир-бирига ишончсизлик юзага келади.)

11Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга мажлисларда силжиброқ ўтиринг, дейилса, бас, силжинг, агар туринг дейилса, туринг. Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом мажлисларида иймон ва илм олардилар. Шунинг учун ҳам ҳамма катта қизиқиш билан, иложи борича, у зотга яқинроқ ўтиришни хоҳларди. Ушбу оят нозил бўлгач, илм олиш мажлисини ҳаммага кенг тарғиб қилиш зарурлиги эслатилиб, мажлис аҳлининг барчасига жой беришни йўлга қўйишга даъват этилди.)

12Эй иймон келтирганлар! Агар Пайғамбар билан сирли суҳбат қилмоқчи бўлсангиз, сирли суҳбатингиздан аввал садақа беринг. Шундоқ қилмоғингиз ўзингиз учун яхшироқдир ва (қалбингиз учун) покроқдир. Агар (садақа) топмасангиз, албатта Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдилдир. (Пайғамбар алайҳиссалом билан муножот (суҳбат) қилишдан аввал садақа беришга даъват этилган буйруқнинг бир неча ҳикматлари бор. Пайғамбар алайҳиссаломнинг вақтларини бекор кетказмаслик; камбағалларга фойда бўлиши; мухлис ва мунофиқларни ажратиш ва ҳоказо.)

13Сизларга сирли суҳбатингиздан аввал садақа бериш оғир келдими. Агар бажармасангиз, (майли) Аллоҳ авф қилди. Бас, намоз ўқинглар ва закот беринглар. Ва Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир. (Аллоҳ таоло аввалги ҳукмини бекор қилмаса ёки ундан ҳам оғирроқ ҳукмни жорий қилса бўлаверар эди. Лекин Аллоҳ таоло ўзини унутиб қўйган баъзи кишиларни огоҳлантириб бўлгач, яна кўпчиликка раҳм қилиб, аввалги Ўз ҳукмини бекор қилди.)

14Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми? Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичурлар.

15Аллоҳ улар учун шиддатли азобни тайёрлаган. Уларнинг қилаётган ишлари нақадар ёмон!

16Қасамларини ўзлари учун тўсиқ қилиб олдилар. Бас, Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Улар хорловчи азоб бор!

17Моллари ҳам, болалари ҳам улардан Аллоҳ(азоби)дан ҳеч нарсани қайтара олмас. Ундай кишилар дўзах аҳлидурлар. Улар унда абадий қолурлар.

18Аллоҳ уларнинг барчасини қайта тирилтирадиган кунда худди сизларга қасам ичганларидек, Унга ҳам қасам ичарлар, ва бирор нарсага эришамиз, деб ўйларлар. Аё, огоҳ бўлинг, улар, ҳа, улар ёлғончидирлар.

19Шайтон уларни эгаллаб олган ва Аллоҳнинг зикрини унутдирган. Ана ўшалар, шайтон фирқасидирлар. Аё, огоҳ бўлинглар, шайтон фирқаси, ҳа, ўшалар, ютқазувчидирлар. («Бандани шайтон эгаллаб олишининг аломати шулки, уни сиртини ялтироқ қилиш билан машғул қилиб қўяди. Яхши ейиш, яхши ичимлик ичиш, яхши либослар кийишга уринтириб, Аллоҳнинг неъматларига шукр келтиришдан чалғитади. Тилида ёлғон, бўҳтон ва ғийбатни гапиради-ю, Аллоҳнинг зикрини унутади».)

20Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига душманлик қилувчилар, ана ўшалар, энг хорлар ичидадир.

21Аллоҳ, Мен ва Менинг Расулларим ғалаба қиламиз, деб ҳукм қилган. Албатта, Аллоҳ қувватли ва ғолибдир.

22Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган қавмнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига душманлик қилувчиларга дўстлик қилганларини топмайсан. Ҳатто у(душман)лар ўз оталари, болалари, ака-укалари ёки қариндошлари бўлса ҳам. Аллоҳ ундоқ кишиларнинг қалбларида иймонни собит қилган, уларни Ўз ҳузуридан бир руҳ билан қўллагандир. Ва уларни остидан сувлар оқиб турган жаннатларга киритадир. Унда абадий қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўладир. Улар Аллоҳдан рози бўладир. Ана ўшалар, Аллоҳнинг фирқасидирлар. Аё, огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг фирқаси, ҳа, ўшалар ютувчилардир. (Аллоҳннинг ризолигини топиш... Кимки яратган Роббиси ризолигини топмас экан, мабодо унинг иймони сақлаб қолмаса, бу ёлғончи дунёда умри алданиш билан, охиратда эса фақат азобга дучор бўлиш билан интиҳо топади.)

Chapter 59 (Sura 59)

1Осмонлардагию ердаги барча нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этди. У зот азиз ва ҳикматли Зотдир.

2У зот аҳли китобдан бўлган кофирларни ўз диёрларидан биринчи ҳашр учун чиқарди. Уларни чиқади деб ўйламаган эдингиз. Ўзлари ҳам қўрғонимиз бизни Аллоҳ(азоби)дан сақлаб қоладир, деб ўйлашарди. Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан олди ва уларни қалбига қўрқинч солди. Уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошладилар. Ибрат олинг, эй ақл эгалари! (Яҳудийлар қўрғонларига ишониб, бизга ҳеч қандай ёмонлик етиши мумкин эмас, деб хотирлари жам эди. Лекин Аллоҳ таоло улар ўйламаган, хаёлларига келмаган ишни амр қилди. Қўрғонлар жойида қолиб, яҳудийларнинг қалбларидан путур кетди. Аллоҳ уларнинг қалбларига қўрқинч ва ваҳима солди. Ана шунда, биз кўчиб кетсак, бу қўрғонлар мусулмонларга қолмасин, дея уйларини ўзлари буза бошладилар. Мусулмонлар қамал давомида биноларга ташқаридан путур етказди. Оқибатда мустаҳкам қўрғонлар вайрон бўлди. Бу воқеа ақли бор ҳар бир кишига ўрнак бўларлик бир огоҳлантиришдир. Демак, бандаси қанчалик хом хаёл қилмасин, Худонинг буюргани бўлади.)

3Мабодо Аллоҳ уларга кўчишни ёзмаганда ҳам бу дунёда уларни азоблар эди. Уларга охиратда дўзах азоби бордур. (Инсон охиратда бу дунёда қилган гуноҳ амалларига яраша жазо олиши муқаррар. Яҳудийларнинг кўчирилиши, улар учун нисбатан енгил азобдир.)

4Ундай бўлиши, улар Аллоҳга ва Унинг Расулига хилоф қилганлари учундир. Кимки Аллоҳга хилоф қилса (унутмасинки), албатта, Аллоҳ - азоби зўр зотдир.

5Сизнинг хурмони кесишингиз ёки аслида тик қолдирганингиз фақат, Аллоҳнинг изни билан ва бузғунчиларни хорлаши учун бўлди. (Хурмо дарахтининг энг яхши нави «лийнатин» деб аталади. Оят тафсиридла таъкидланганидек, баъзи хурмо дарахтларини кесиб, баъзиларининг қолдирилиши бузғунчилик учун эмас, балки Аллоҳнинг изни билан бўлди. Ислом шариатида уруш пайтида ҳам ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтириш қатъиян ман қилинади. Бу боқий ҳукмдир. Лекин Бани Назийр ҳодисасида Аллоҳ таоло Ўзи уларни баъзи хурмо дарахтларини кесиб ўт қўйишга изн берган.)

6Аллоҳ Ўз Расулига улардан қайтариб берган нарсага сизлар от ёки туя чоптириб бормадингиз. Лекин Аллоҳ Ўз Пайғамбарини хоҳлаган кимсанинг устидан, ғолиб қиладир. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Бу оятда Аллоҳ таоло қўлга тушган мол-мулк учун мусулмонлар туя миниб, от чоптириб қийналмаганларини, бу нарсаларни Пайғамбарига Аллоҳнинг Ўзи, Ўз қудрати билан берганини эслатмоқда.)

7Аллоҳ Ўз Расулига шаҳар аҳлидан қайтариб берган нарса. Аллоҳгадир ва Унинг Расулига ва яқин қариндошларига, етимларга ва мискинларга ва кўча ўғилларигадир. Сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун. Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир. ( Аллоҳ таоло яҳудийлар қолдирган молларни «қайтарилган мол» деб номлаяпти. Аслида, мол Аллоҳники, Бани Назийрга берган молини энди Пайғамбарига қайтарди. Аслида ўлжаларни жиҳодда қатнашган мужоҳидларга тақсимланади. Аммо бу сафар ўлжа урушсиз қўлга тушгани учун ушбу ва кейинги оятда зикри келган: Аллоҳ, Аллоҳнинг Расули, Пайғамбар алайҳиссаломнинг яқин қариндошлари, сафарда оғир аҳволга тушганлар, етим, мискин ва фақир муҳожирларга тақсимланмоқда.)

8Фақир муҳожирларгаки, улар ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган эдилар, (улар) Аллоҳдан фазл ва Унинг розилигини умид қилулар. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берурлар. Ана ўшалар содиқлардир.

9У(муҳожир)лардан аввал бу жойда яшаган ва иймонга (ихлос қилганлар). Ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севадирлар ва у(муҳожир)ларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир. (Мадиналик мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломга ва муҳожирларга ёрдам берганлари учун «Ансорлар» деб номланганлар. Ушбу оят ансорларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатларию одамгарчиликларини васф қилмоқда.)

10Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар. (Ояти каримада Ислом умматининг аввали билан охирини боғлаб турувчи ип намоён бўлмоқда. Кейин келган мусулмон авлоди, ким бўлишидан қатъий назар, ўзидан аввал ўлиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қиладилар. Ўлганларни сўкиш, уларни хорлаш мусулмонларга муносиб иш эмас. Ислом умматининг ўлигию, тириги, аввалию охири бир хилда эъзозга лойиқдир.)

11Нифоқ қилганларнинг аҳли китобдан бўлмиш куфр келтирган ўз биродарларига: «Агар сизлар чиқарилсангиз, биз ҳам сизлар билан чиқамиз, сизни қуйиб ҳеч қачон ҳеч кимга итоат қилмасмиз ва мабодо сизларга уруш қилинса, албатта ёрдам берурмиз», дейишларини кўрмайсанми? (Мунофиқ лар аҳли китоб бўлмиш яҳудий қабиласи Бани Назийрга келиб: «Муҳаммаддан қўрқманглар, биз сизлар билан биргамиз. Мабодо ўз юртларингдан чиқиб кетишга мажбур бўлсаларингиз, биз ҳам сизга қўшилиб чиқиб кетамиз. Агар Муҳаммад сизга қарши уруш қиладиган бўлса, биз сизларга ёрдам берамиз», дейишган.)

12Албатта агар у(яҳудий)лар чиқарилсалар, улар бирга чиқмаслар. Ва, албатта, агар у(яҳудий)ларга уруш қилинса, (мунофиқлар) уларга ёрдам бермаслар. Бордию ёрдам берганларида ҳам, ортларига қараб қочарлар ва алар ёрдамсиз қоларлар.

13Албатта, уларнинг қалбларига Аллоҳдан кўра сизлар кўпроқ қўрқинчли туюласизлар. Чунки улар яхши англамайдиган қавмдирлар. (Мунофиқу кофирлар Аллоҳдан кўра мўмин-мусулмонлардан кўпроқ қўрқадилар. Агар Аллоҳнинг Ўзидангина қўрқанларида эди, мунофиқ ҳам, кофир ҳам бўлмас эдилар.)

14Сизларга қарши уюшиб очиқ уруш қила олмаслар, балки қўрғон билан ўралган қишлоқларда ёки деворлар ортига бекиниб олиб уруш қилурлар. Ўз ораларида адоватлари шиддатли. Уларни бир деб ўйлайсан. Ҳолбуки, қалблари тарқоқдир. Бу, уларнинг ақл юритмайдиган қавм эканликларидандир. (Табиийки, ихтилофлар туфайли истаклар, мақсадлар, фирқалар ва шиорлар кўпаяди. Бу эса ҳар бир миллатни ҳалокатга олиб боради.)

15Бу худди яқинда ўз қилмишларининг оқибатини татиб кўрганларга ўхшашдир. Ва уларга (охиратда) аламли азоблар бор. (Бу оятда, Бани Назийр аҳли ҳам хиёнат, исён туфайли худди улардан аввалги Бани Қайниқоъ аҳли тушган ҳолга тушганлари эслатилмоқда.)

16Бу худди Шайтон инсонга, кофир бўл, деган пайтга ўхшайдир. У (инсон) куфр келтирганда эса, сен билан менинг ишим йўқ, мен оламлар Оббиси-Аллоҳдан қўрқаман, деди.

17Бас, уларнинг оқибатлари бир. Албатта, икковлари ҳам дўзахда бўлурлар, у ерда абадий қолурлар. Ва бу золимларнинг жазосидир. (Бани Назийр қабиласи ушбу жонли мисол билан хотима топади.)

18Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак.)

19Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У зот уларга ўз шахсларини унутдирди. Ана ўшалар, фосиқдирлар. (Аллоҳни унутган одам бу дунёда уни олий мақом билан боғлаб турувчи алоқани йўқотади. Уни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган олий мақсаддан маҳрум бўлади. Ва ниҳоят, ўзининг инсонлигини унутади.)

20Дўзах эгалари ва жаннат эгалари тенг бўлмаслар. Жаннат эгалари, ўшалар ютуққа эришувчилардир.

21Агар ушбу Қуъонни тоғга туширганимизда эди, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб ва парчаланиб кетганини кўрар эдинг. Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки улар фикр юритсалар.

22У Аллоҳ Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У ғойибни ҳам, ошкорни ҳам билувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир.

23У Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У - Малик, У-Қуддус, У-Салом, У- Мўмин, У- Муҳаймин, У-Азиз, У-Жаббор, У-мутакаббирдир. Аллоҳ Унга ширк келтираётган нарсалардан покдир. (Малик-ҳақиқий эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат унга қул бўладилар. Қуддус-барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Салом-нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи зот. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади. Мўмин-иймон ва омонликни берувчи. Муҳаймин-ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни, Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларининг гувоҳи бўлиб туради, ундан ҳеч нарса махфий қолмайди. Азиз-барчанинг устидан ғолиб. Жаббор - олий қадар, улуғ, Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.Мутакаббир-кибирёси ва улуғлиги муболағали зот.)

24У Аллоҳ Холиқ, Бариъу, Мусаввирдур. Барча гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этарлар. Яна У Азиз ва Ҳакимдир. (Холиқ-яратувчи. Бариъу-йўқдан бор қилувчи. Мусаввир-махлуқотларнинг сувратини шакллантирувчи зот. Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир. Ҳадиси шарифда Аллоҳнинг тўқсон тўққизта чиройли исми зикр қилинган. Осмонда бўлсин, ерда бўлсин, дунёдаги барча нарсалар Аллоҳ таолони поклаб ёд этади, лекин биз уларнинг тасбиҳини тушунмаймиз. У Аллоҳ ғолибдир ва ҳаким-барча ишларни ҳикмат билан қилувчи зотдир.)

Chapter 60 (Sura 60)

1Эй иймон келтирганлар! Агар Менинг йўлимда жиҳод қилиб ва розилигимни сўраб чиққан бўлсангиз, Менинг душманларимни ва ўзингизнинг душманларингизни дўст тутманглар. Сизлар уларга дўстлик қиласизлар, улар бўлса сизларга келган ҳаққа куфр келтирарлар. Роббингиз бўлмиш Аллоҳга иймон келтирганингиз учун Пайғамбарни ва сизни ҳайдаб чиқарарлар. Сиз уларга дўстлик қилиб сир айтасиз. Ҳолбуки, Мен нимани махфий тутганингизнию нимани ошкор қилганингизни жуда яхши билурман. Ораларингизда ким ўша ишни қилса, тўғри йўлдан адашган бўладир. (Аллоҳнинг ва мусулмонларнинг душманларига дўстлик қилувчи кишилар билиб қўйсинларки, улар мусулмонларга келган ҳаққа - Қуръон ва Исломга кофир бўлганлар. Бу ҳам етмаганидек, Пайғамбарнинг ва мўминларнинг иймонларини айб ҳисоблаб, ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарганлар. Шунинг учун у мушрикларни дўст тутмаслик керак. Биров билмайди деб уларга сир айтманг, Аллоҳ таоло сиру ошкор барча амалларингизни билиб турувчи зотдир.)

2Агар улар сиздан устун келсалар, сизга душман бўларлар ва сизларга қўлларию тилларини ёмонликла чўзар лар. Ва сизларнинг кофир бўлишларингизни хоҳларлар.

3Қариндошларингиз ва фарзандларингиз сизга ҳеч манфаат бера олмаслар. Қиёмат куни У зот ораларингизни бўлур. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир.

4Ҳақиқатда, сизларга Иброҳим ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор. Улар, биз сиздан ва сиз ибодат қилаётган нарсадан безормиз, сизга куфр келтирдик, энди токи ягона Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча орамизда доимий адоват ва кучли нафрат пайдо бўлди, дедилар. Магар Иброҳимнинг отасига қарата, албатта сен учун истиғфор айтаман, сендан Аллоҳ(азоби)дан бирор нарса қайтаришга молик эмасман, деган сўзи мустасно. Эй Роббимиз, фақат Сенга таваккал қилдик, фақат Сенгагина қайтдик ва қайтиб борадиган жой ҳам фақат Сенгинадир. (Иброҳим Пайғамбар оталарига раҳмлари келиб: «Албатта, сен учун истиғфор айтаман», дея ваъда берганлар. Лекин отанинг иймонга келмаслигига кўзлари етгач, «Сендан Аллоҳнинг азобини қайтаришга молик эмасман», деб қўшиб қўйганлар.)

5Эй Роббимиз, бизни кофирларга фитна қилиб қўймагин ва бизни кечиргин. Эй Роббимиз, албатта, Сен, Ўзинг азизу ҳакимсан.

6Албатта, кимнинг Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бўлса, шулар учун уларда яхши ўрнак бор эди. Лекин ким юз ўгирса, Аллоҳ беҳожат, мақталган зотдир.

7Шоядки, Аллоҳ сизлар билан улар ичидаги душманларингиз ўртасида дўстлик пайдо қилса, Аллоҳ қодирдир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдилдир. (Аллоҳ таолодан «шоядки» калимаси содир бўлса, албатта, воқеликда содир бўлиши шарт. Бу ваъда Маккаи мукаррама фатҳ бўлиши билан амалга ошди. Мушриклар тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кирдилар ва мусулмонлар билан дўст-биродар бўлдилар. Қалбларидаги душманлик туйғулари ҳам кўтарилди.)

8Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир.

9Албатта Аллоҳ сизларни диний уруш қилганлар, диёрингиздан чиқарганлар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарур. Уларни дўст тутганлар, ана ўшалар, золимлардир. (Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда. Аммо кимки мусулмонларга диний адоват туфайли уруш очса, уларни диёрларидан чиқарса ёки душманларига уларни диёрларидан чиқаришда ёрдам берса, албатта, ундай кишиларни дўст тутиб бўлмайди. Бу ҳам айни адолатдир.)

10Эй, иймон келтирганлар! Агар сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонини билгувчидир. Бас, мўминаликларини билсангиз, уларни кофирларга қайтариб юборманг. Бу (аёл)лар уларга ҳалол эмас ва улар ҳам буларга ҳалол бўлмаслар. Ва у(кофир)ларга нафақа қилган нарсаларини (қайтариб) беринглар. Ва у(аёл)ларни никоҳлаб олсангиз, агар маҳрларини берсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас. Кофир хотинларингизни никоҳларингизда ушлаб турманглар. Нафақа қилган нарсаларингизни сўранглар, улар ҳам нафақа қилган нарсаларини сўрасинлар. Бу сизларга Аллоҳнинг ҳукмидир. Орангизда ҳукм қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматлидир. (Душман тарафдан келган ҳар бир кишини ҳам қучоқ очиб кутиб олинавермайди. Чунки, душман жосус юбориши ҳам мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таоло имтиҳон қилиб кўришни амр қилмоқда. Ушбу ояти карима тушгунча мусулмонлардан баъзилари мушрика хотинлари билан бирга яшаётган эдилар. Оят тушгандан сўнг уларни талоқ қилдилар.)

11Агар аёлларингиздан бирортаси кофирларга ўтиб кетса, урушда туширилган ўлжадан хотини кетиб қолганга, у нафақа қилган миқдорни берингиз. Ўзингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинг.

12Эй Набий! Агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга яхшилик ишда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, уларнинг байъатини қабул қил. Ва Аллоҳдан уларнинг гуноҳини кечишни сўра. Албатта, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондир. (Аҳднома (байъат) бериш - Ислом раҳбарига ўзининг содиқлигини баён қилиб ваъда беришдир. Пайғамбар алайҳиссалом эр мусулмонлардан авваллари аҳднома олган эдилар. Аёллардан эса ушбу оят тушгандан сўнг ола бошлаганлар.)

13Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг ғазабига учраган қавмни дўст тутманглар. Кофирлар қабр эгаларидан умид узганларидек, улар ҳам охиратдан умид узганлар.

Chapter 61 (Sura 61)

1Осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳга тасбиҳ айтадир. У зот ғолиб ва ҳикмат эгасидир.

2Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсангизни гапирасиз.

3Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида қаттиқ ёмон кўрилгандир. (Жиҳод фарз қилинишидан аввал бир гуруҳ мўминлар, агар Аллоҳ таоло бизни Ўзи энг суядиган амалга буюрганда эди, уни бажариб улкан савобларга эришардик, деб орзу қилиб юришарди. Шунда Аллоҳ Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий юбориб, жиҳодни фарз қилди, аммо аввал гапириб юрганларга бу амр машаққатли туюлди, оғир ботди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло юқоридаги оятларни тушириб, уларни огоҳлантирди. Бундан камида иккита ибрат чиқади: биринчиси - жиҳод Аллоҳ нақадар суйган амаллардан эканини ҳамда иккинчиси - айтганига амал қилиш энг олий даражадаги мартаба эканини биламиз. Бу гаплар ҳар бир ислом умматига тегишлидир. Қайси уммат - миллат шунга амал қилса, Аллоҳ олдида улкан савобга, ҳаётда эса улкан тараққиётга эришади.)

4Албатта, Аллоҳ Ўз йўлида худди жипс бинодек бўлиб, сафда туриб уруш қиладиганларни яхши кўрадир. (Аллоҳ таоло мўминлар жамиятини доимо бирдам, ҳамфикр ва жипслашган бўлишини хоҳлайди. Бу оятда эса урушда ҳам бирдам бўлишга, жипслашиб, душманни бир жабҳа бўлиб қарши олишга буюрмоқда.)

5Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг Расули эканимни билиб туриб, яна нима учун менга озор берасиз», деганини эсла. Улар (ҳақдан) бурилган эдилар Аллоҳ уларнинг қалбини буриб қўйди. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас.

6Ийсо ибн Мариям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар.

7Исломга даъват қилиниб турганда Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ киши борми? Ҳолбуки. Аллоҳ золимларни ҳидоятга солмас. (Яъни, инсон Исломга даъват қилинса, икки дунёнинг саодатига эриштирувчи динга чақирилса, уни хурсандлик билан қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиса, ҳақиқатдан у дунёдаги энг ашаддий золим ҳисобланади. Ундайларнинг Аллоҳ таолога нисбатан тўқиган ёлғонлари турлича бўлади.)

8Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини тугал этгувчидир. ( Ислом динини йўқ қилиш учун уринувчиларнинг ҳаракати қуёшнинг шуъласини оғиз билан пуфлаб ўчиришга ҳаракат қилишга ўхшайди.)

9У зот, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир. Гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам.

10Эй иймон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан нажот топтирувчи тижоратга далолат қилайми?

11Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар. Шундоқ қилмоқларингиз, агар билсангизлар, ўзларингиз учун яхшидир.

12Ана шунда, У зот гуноҳларингизни кечирур ва сизларни адн жаннатидаги остидан анҳорлар оқиб турган боғларга ва яхши масканларга киритур. Бу улуғ ютуқдир.

13Ва сизлар яхши кўрадиган бошқаси ҳам бор. Аллоҳдан ёрдам ва яқин зафар. Ва мўминларга башорат бер. (Ушбу оят Қуръони каримнинг ғойибдан берган хабарларидан бўлиб, улкан мўъжиза ҳамдир. Чунки у Маккаи Мукаррама фатҳ этилишидан аввал тушган. Бундан бир оз вақтдан кейин Аллоҳ таоло ушбу оятда берган ваъдаси устидан чиқди. Аллоҳнинг ёрдами бўлиб, Макка мусулмонлар қўлига ўтди. Сўнг тезда бутун Арабистон ярим ролига Ислом дини тарқалди.)

14Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинг! Худди Ийсо ибн Марям ҳаворийларга: «Ким Аллоҳ учун менинг ёрдамчим» деганида, ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз», деганларидек. Бас, Бани Исроилдан бир тоифа иймон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз иймон келтирганларни душманлари устидан қўллаб-қувватладик. Ва улар ғолиб бўлдилар. (Ҳаворийлар Ийсо алайҳиссаломнинг шогирдлари, у кишига яқин одамлардир. Аллоҳ таоло бу ояти каримада мусулмонларни Ислом динига хизмат қилишга чақирмоқда ва бу хизматни Аллоҳга ёрдамчи бўлиш, деб атамоқда.)

Chapter 62 (Sura 62)

1Осмонлару ердаги барча нарсалар Хожа, Бенуқсон, Азиз, Ҳаким Аллоҳга тасбиҳ айтадир.

2У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди. (Ўша давр араблари уммий қавм дейилган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар.)

3Ва ҳозирча уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам. Ва У зот ғолиб ва ҳикмат эгасидир. (Бу ояти карима ҳам Қуръоннинг улкан мўъжиларидан биридир. Бу ғойибнинг хабаридир. Араблардан бошқа халқларнинг исломга киришини ўша пайтда Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмасди.)

4Бу Аллоҳнинг фазлидир (ва уни) хоҳлаган кишисига берадир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.

5Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли қандоқ ҳам ёмон. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. («Устларига Таврот юклатилган»лар - яҳудийлар. Аллоҳ таоло уларни устига китоб ортилган эшакка ўхшатмоқда. Худди эшак устидаги китобни кўтариб чарчаса чарчайди, аммо асло бу китобдаги илм ва таълимотлардан фойдаланмайди.)

6Сен: «Эй яҳудийлар, албатта сиз, бошқалардан фарқли ўлароқ, Аллоҳнинг авлиёларимиз, деб даъво қиладиган бўлсангиз, бас, ўлимни орзу қилинг, агар ростгўй бўлсангиз», деб айт.

7Улар қўллари қилган(гуноҳ)лари туфайли ҳеч қачон, у(ўлим)ни орзу қилмаслар. Аллоҳ золимларни билувчидир. (Яҳудийларнинг ўлимни сира орзу қилмасликларига сабаб - гуноҳларининг кўплиги. Улар биладиларки, ўлимдан кейин савол-жавоб бўлади, гуноҳларга яраша азоб белгиланади. Бу эса улар учун ниҳоятда даҳшатли.)

8Сен: «Албатта, сиз ундан қочаётган ўлим, таъкид шулки, сизга барибир йўлиқувчидир. Сўнгра махфий ва ошкор нарсаларни Билувчининг ҳузурига қайтарилурсизлар. Бас, У сизга нима қилиб юрганингизнинг хабарини берадир.

9Эй иймон келтирганлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир.

10Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз.

11Ва улар тижорат ёки ўйин-кулгу кўрганларида, унга томон ёпирилдилар ва сени тик ҳолда тарк этдилар. Сен: «Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса ўйин-кулгудан ва тижоратдан яхшидир. Ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир», деб айт. (Дунё ташвиши деб ибодатни тарк этиш яхши эмас. Чунки ризқ берувчи Аллоҳнинг Ўзи. Аввал Унинг ибодати адо бўлса, ризқ топишда кейинЎўзи ёрдам беради.)

Chapter 63 (Sura 63)

1Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, дерлар. Ҳолбуки, Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни биладир. Ва Аллоҳ гувоҳли берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар.

2Улар қасамларини қалқон қилиб олдилар ва (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан бурдилар. Бас, албатта, уларнинг қилган ишлари ёмон бўлди!

3Бунга сабаб шуки, улар иймон келтирдилар, сўнг кофир бўлдилар, бас, қалбларига муҳр босилди. Энди улар фаҳмламаслар.

4Ва агар уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осурсан. Улар худди суяб қуйилган ходага ўхшарлар. Ҳар қичқириқни зиддиларига ҳисоблайдилар. Улар душмандирлар. Улардан ҳазир бўл. Аллоҳ уларга уруш очсин, ҳақдан қандоқ ўгирилурлар. (Бу оятда Аллоҳ таоло мунофиқларнинг баъзи сифатлари ва тасарруфларини мўминлар улардан эҳтиёт бўлишлари учун баён қилмоқда. Чунки мунофиқларнинг ичида чиройли юзли, келишган гавдали, сўзга уста кишилар бор. Бундай қараганда, келишган, туппа-тузук одамлар, гаплари ҳам кишиларни ром қиладиган. Масалан, мунофиқларнинг ўша пайтдаги раҳбари Абдуллоҳ ибн Убай қоматли, чиройли ва сўзламол одам эди. Бошқа мунофиқлардан ҳам унга ўхшашлари бор эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларига келиб, деворга суяниб ўтирар эдилар. Саҳобалар уларнинг қоматларига ҳавас билан боқишар, гапларига қулоқ солар эдилар. Лекин барибир қалблари иймондан, яхшиликдан холи бўлгани учун Аллоҳ таоло уларни деворга суяб қўйган ходага ўхшатмоқда.)

5Ва агар уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтадир», дейилса, улар бошларини чайқарлар. Ва уларни мутакаббирлик ҳолида юз ўгираётганларини кўрарсан.

6Уларга истиғфор айтасанми ёки айтмайсанми-улар учун бари бир. Аллоҳ уларни ҳеч мағфират қилмас. Зеро, Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоятга бошламас. (Истиғфор айтиш - гуноҳнинг кечишини Аллоҳдан сўраш. Суранинг нозил бўлиши ҳақидаги ривоятларда келишича, мунофиқларнинг раҳбари Абдуллоҳ ибн Убайнинг ёлғончилиги фош бўлгандан сўнг кишилар унга: «Энди Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб узр сўра, у киши сенинг гуноҳларингни кечишини сўраб Аллоҳга дуо қилсалар, гуноҳларинг мағфират қилинса ажаб эмас», дейишганда, мутакаббирлик билан бош чайқаб, бормаган экан. Лекин оятнинг ҳукми ҳамма мунофиқлар учун бир.)

7Улар, Расулуллоҳнинг ҳузуридагиларга нафақа берманглар, токи тарқаб кетсинлар, дерлар. Ҳолбуки, осмонлару ернинг хазиналари Аллоҳникидир. Ва лекин мунофиқлар тушунмаслар.

8Улар, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур, дерлар. Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир. Лекин мунофиқлар билмаслар. (Ушбу ояти карима мунофиқлар бошлиғининг Пайғамбар алайҳиссаломни Мадинадан хорларча қувиб чиқараман, деб қилган дўқ-пўписасига раддия беради. «Мадинага қайтиб борсак», дейилгандан мурод Мусталақ қавмига қарши ғазотдан қайтиб Мадина шаҳрига борсак, деганидир. Бундан кўриниб турибдики, мунофиқлар қарши турли жабҳа ва услубларни, шу жумладан, маҳаллийчиликни ҳам ишга соладилар.)

9Эй иймон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир.

10Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг. (Ризқнинг асосий манбаи Аллоҳнинг Ўзидир ва У одамларга Ўзи хоҳлаганича бериб қўйган ва унинг нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга буюрган. Албатта, бу иш ўлим келишидан аввал бўлиши шарт. Соғ-саломатликда, ҳамма нарсага қодирлик пайтда хайр-эҳсон қилса, ўрнига тушади.)

11Аллоҳ ажали келган жонни ҳеч-ҳеч орқага сурмас. Зеро, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Оқил киши бошига ўлим келмасидан хайрли ишларни кўпроқ қилиб қолишга интилади ва шундай бўлиши ҳам лозим. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир гапу ишдан хабардор зотдир.)

Chapter 64 (Sura 64)

1Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбиҳ айтурлар. Мулк Унга хосдир, мақтов ҳам Унга хосдир ва У барча нарсага қодирдир.

2У сизларни яратган зотдир. Бас, баъзиларингиз кофир ва баъзиларингиз мўминдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб турувчидир.

3У осмонлару ерни ҳақ билан яратди. Ва қиёфангизни чиройли сувратда қилди. Ва қайтиб бориш Унинг Ўзигадир. (Уламоларимиз «Осмонлару ерни ҳақ билан яратди» жумласини «Ҳикмат» билан яратди, деб тушунтирадилар. Осмондаги ҳисобсиз юулдузлар ва бошқа жисмлар, уларнинг бир-биридан маълум узоқликда ва қатъий тартибда жойлашиши, ҳали инсон илми етмаган кўпгина нарса ва ҳодисалар уларни ягона Аллоҳ яратганини тасдиқлайди.)

4У осмонлару ердаги нарсаларни биладир. Сизлар сир тутаётган нарсани ҳам ва эълон қилаётган нарсани ҳам биладир. Аллоҳ кўкракдаги нарсаларни ҳам билувчидир.

5Сизларга олдин кофир бўлганларнинг хабари келмадими? Бас, улар ўз ишларининг азобини татидилар ва уларга аламли азоблар бор.

6Бунинг боиси шундаки, уларга Пайғамбарлари ойдин далиллар билан келардилар, улар бўлса, бизни башар ҳидоятга бошлайдими, деб куфрга кетардилар ва (ҳақдан) юз ўгирардилар. Ва Аллоҳ беҳожат бўлди. Аллоҳ беҳожат ва мақталгандир.

7Кофирлар ҳеч қайта тирилмасликларини даъво қилдилар. Сен:«Ундоқ эмас, Роббим билан қасамки, албатта қайта тирилтирилурсизлар, сўнгра қилган ишларингиздан хабардор қилинурсизлар. Бу иш Аллоҳ учун осондир», деб айт.

8Бас, Аллоҳга, Унинг Расулига ва Биз туширган нурга иймон келтиринглар. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.

9У сизларни «Жамлаш куни»га тўплайдиган кунни эсланг. У кун «тағобун» кунидир. Ким Аллоҳга иймон келтирса ва солиҳ амаллар қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Унда абадул-абад қолурлар. Бу улкан ютуқдир. («Жамлаш куни», Аллоҳ у куни аввалги ва охирги барча бандаларни жамлайди. «Тағобун» куни. Арабча «тағобун» «ғибн» сўзидан олинган бўлиб, баҳонинг пастлашини билдиради. Қиёмат куни кофирлар иймонни тарк қилганлари учун баҳолари пастлаб, дўзахга равона бўладилар. Яхши ишларни камроқ қилиб қолган мўминлар ҳам баҳолари пастлаб, жаннатнинг олий мартабаларига ета олмай қоладилар.)

10Куфр келтириб, Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганлар, ана ўшалар, оташ эгаларидир. Унда абадий қолурлар. Қандоқ ҳам ёмон жой у!

11Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусибат етмас. Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир. (Бандага Аллоҳнинг қозои қадарисиз, илмисиз ҳеч бир мусибат етмайди, деган эътиқод доимо инсон хотирасида туриши керак. Пайғамбаримиз ҳадисларидан бирида: «...Ва билгинки, сенга етган мусибат адашиб бошқага ўтиши мумкин эмас, агар бошқага бўлса, сенга етмасди...», деганлар.)

12Аллоҳга итоат қилинг ва ҳамда Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, Бизнинг Расулимизга очиқ-ойдин етказиш, холос.

13Аллоҳ, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилсинлар.

14Эй иймон келтирганлар! Албатта, жуфтларингиздан ва болаларингиздан сизга душман бор, бас, улардан ҳазир бўлинг. Ва агар афв этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдил зотдир. (Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятда айтилишича: бир гуруҳ кишилар Маккада иймонга келиб, Мадинага ҳижрат қилишмоқчи бўлганларида, хотин ва бола-чақалари, бизни ташлаб қаёққа борасан, деб тўсиқ бўлишган экан. Вақти келиб Мадинага боришса, улардан аввал ҳижрат қилганлар динда илғор бўлиб кетишибди. Шунда уларни ҳижратдан тўсган оила аъзоларига иқоб қилишмоқчи бўлганларида Аллоҳ таоло: «Ва агар афв этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдил зотдир», деган оятини тушириб, уларни бу ишдан қайтарган экан.)

15Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор. (Мол-мулк киши учун синовдир. Қўлига мол-дунё келганда ҳам ҳовлиқмасдан, тўғри йўлда сарфласа, ибодатини вақтида қилса, улкан савобларга эга бўлади. Аммо дунёга берилиб йўлдан озса, ҳаром-хариш ишларни қилса, мол топиш учун гуноҳ йўлларга ҳам кираверса, унда синовдан ўта олмаган бўлади ва гуноҳига яраша жазосини олади. Шунингдек, фарзандлар ҳам Аллоҳнинг улкан неъмати. Уларни тўғри тарбиялаб, художўй қилиб ўстирилса, икки дунёнинг обрўйини олиб беради. Агар тескариси бўлса, икки дунёда шарманда қилади. Демак, Аллоҳнинг муҳаббатини, мол-мулк ва фарзандлар муҳабатидан устун қўймоқ зарур. Чунки унинг ҳузурида улуғ ажр бор.)

16Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг ва (амрини) тингланг ва итоат қилинг ва инфоқ қилинг - ўзингизга яхши бўлади. Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир.

17Агар Аллоҳга яхши қарз берсангиз, У сизга кўпайтириб берур ва сизни кечирур. Аллоҳ шакур ва ҳалимдир.

18У ғойиб ва ошкорни билувчи, азиз ва ҳаким зотдир.

Chapter 65 (Sura 65)

1Эй Набий! Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддалари учун қилинг ва иддани ҳисобланг ва Алоҳга тақво қилинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилган бўлсалар (чиқарилурлар). Ва ана шу нарсалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегарасидан чиқса, ҳақиқатда ўзи ўзига зулм қилибди. Сен билмайссан, шоядки Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилса. (Аёллар учун идда ўтиришни бошлашга муносиб вақт ҳайздан пок бўлганларидан сўнг жинсий яқинлик қилмай туриб талоқ қўйишдир. Бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, талоқ иккига бўлинади: сунний талоқ ва бидъий талоқ. Сунний талоқ - эр киши ўз хотинини ҳайздан пок пайтида, жинсий яқинлик қилмай туриб ёки ҳомиладорлиги аниқ бўлган да талоқ қилишдир. Ушбу шартларнинг қўйилиши ҳам талоқнинг олдини олиш учун тутилган йўлдир. Эр киши хотинини ҳайздан пок бўлишини кутиб, ҳовридан тушиб, талоқ ниятидан қайтиб қолиши мумкин. Ёки ҳомиладорлиги аниқлангандан сўнг меҳри кучайиб, талоқни унутиши ҳам мумкин. Бидъий талоқ - юқорида саналган шартлар вужудга келмаган пайтдаги талоқдир. Яъни, ҳайз пайтида, поклик пайти-ю, аммо жинсий яқинлик содир бўлганда қўйиладиганидир. Бидъий талоқ қилган киши гуноҳкор ҳисобланади. Лекин ўртага талоқ тушаверади.)

2Бас, улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар, ёки яхшилик билан ажралинглар ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бу ишингиздан кимнинг Аллоҳга ва қиёмат кунига иймони бўлса, ваъзланади. Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр.

3Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатда, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйган. (Учинчи поклик охирлаб қолганда эр хотингаражъат қилиб қайтариб олса, оилавий ҳаётлари давом этаверади. Идда тугашига яқин қолганда ҳам ажралиш фикридан қайтмаган бўлса, яхшилик билан ажралиш керак.)

4Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларининг иддаси, агар шубҳангиз бўлса, уч ойдир. Ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир. Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг ишида осонлик қилиб берадир.

5Булар Аллоҳнинг сизга туширган амридир. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини кўпайтириб берур.

6У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг. Уларга сиқиштириш мақсадида зарар етказманг. Агар ҳомиладор бўлсалар, то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа беринглар. Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, ҳақларини беринглар, ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинглар. Агар қийинчиликка учрасангиз, у(эр)га (фарзандини) бошқа аёл эмизиб берур.

7Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берадир. (Талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, талоқ қилувчи эр уни туққунича нафақа билан таъминлаб туриши керак. Ушбу нафақа таом, кийим ва маскан кабиларни ўз ичига олади. Агар аёл талоқ қилган эридан бўлган фарзандни эмизса, хоҳласа, эмизгани учун ҳақ олади. Бу ҳақнинг қанча бўлиши «ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинг» деган амрга биноан келишилади. Ораларига талоқ тушган эру хотин фарзандни эмизиш ҳаққини келишишдан «Агар қийинчиллика учраса»лар,унга (эрга, фарзандни) бошқа аёл эмизиб беради». Яъни, эр бошқа бегона аёл билан шартнома тузиб, унга ҳақ бериб боласини эмиздиради. Ислом дини аёлларни қанчалик эъзозлаганини ушбу ҳукмдан ҳам билиб олса бўлади. Таоми, кийими ва маскани эрининг зиммасига. Ҳатто болани эмизиш ташвиши ҳам хотиннинг эмас, балки эрнинг зиммасида, унинг бурчи.)

8Кўпгина қишлоқлар ўз Роббисин амрига саркашлик қилди. Бас, Биз уларни шиддатли ҳисобга олдик ва қаттиқ азоб ила азобладик.

9Бас, улар ўз ишларининг ёмонлигини тотиб кўрдилар ва ишларининг оқибати ютқизиқ бўлди.

10Аллоҳ уларга қаттиқ азобни тайёрлаб қўйди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, эй иймон келтирган ақл эгалари. Ҳақиқатда, Аллоҳ сизларга зикрни туширди.

11Пайғабарники, у иймон келтириб ва яхши амалларни қилганларни зулматлардан нурга чиқариш учун, сизларга Аллоҳнинг равшан оятларини тиловат қилиб берур. Ва ким Аллоҳга иймон келтирса ва яхши амалларни қилса, У зот уни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. У ерда абадул-абад қолурлар. Ҳақиқатда, Аллоҳ унинг ризқини яхши қилгандир.

12Аллоҳ етти осмонни ва улар мислидек ерни яратган зотдир. Уларнинг орасидан У зотнинг амри тушадир. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини ва, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани Ўз илми ила ўраб олганини билишингиз учун.

Chapter 66 (Sura 66)

1Эй Набий! Нима учун хотинларинг розилигини тилаб, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ҳаром қиласан! Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдилдир. (Аллоҳ сенга ҳалол қилган чўрини ёки асални ўзингга ҳаром қилишинг дуруст эмас.)

2Батаҳҳиқ, Аллоҳ сизларга қасамларингизни бўшатишни шариатга киритди ва Аллоҳ сизнинг хожангиздир ва У ўта билувчи ва ўта ҳикматлидир.

3Набий хотинларидан баъзисига сир гап айтган эди. Бас, у(сир)дан хабар берди ва Аллоҳ ишни у(Набий)га билдирди. У баъзисини билдирди ва баъзисини эсламади. Қачон (Набий) ул(аёл)га (иш) ҳақида хабар берганида, у, буни сенга ким хабар қилди? деди. У, менга ҳамма нарсани билувчи ва ҳамма нарсадан хабардор Аллоҳ хабар берди, деди. (Оятда Пайғамбар хотинларидан бири деб Ҳафса онамиз назарда тутиляптилар. «Сир гап» эса. Пайғамбар алайҳиссаломнинг у кишига «Морияга яқинлик қилмаслик ёки асал ичмаслик» ҳақида айтган гапларидир. Лекин Ҳафса онамиз сир гапни Оиша онамизга айтдилар. Аллоҳ Ҳафсанинг сирни фош этганини Пайғамбар алайҳиссаломга Жаброил фаришта орқали билдирди. «Пайғамбар алайҳиссалом Ҳафсага сирни Оишага фош қилинганини эслатганларида, у «Бу хабарни сизга ким етказди? деб сўрайди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳамма нарсани билувчи ва ҳамма нарсадан хабардор Аллоҳ билдирди», деб жавоб берадилар.) Эй икки аёл!

4Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) моил бўлур. Агар унга қарши чиқсангиз, бас, албатта, Аллоҳ унинг ёрдамчисидир ва Жаброил ҳам, солиҳ мўминлар ҳам. Ундан сўнг фаришталар ҳам унга суянчиқдир.

5У сизларни талоқ қилса, шоядки, Роббиси сиздан яхшироқ, муслима, мўмина, итоатли, тавбачи, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни ўрнингизга хотин қилиб берса.

6Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар.

7Эй кофир бўлганлар, бугунги кунда узр айтманглар, сиз ўзингиз қилган ишларнинг жазосини олмоқдасиз, холос.

8Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. Бир кундаки, унда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса, Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни кечир, албатта, Сен барча нарсага қодирсан, дерлар. (Қиёмат кунида мўминлардан бошқалар зулматда қоладилар. Мўъминлар йўлини эса нур ёритиб туради. Улар зулматда адашмайдилар, қоқилиб-сурилмайдилар ҳам. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй парвардигоро, қиёмат куни шарманда қилмагин», деб дуо қилганликлари келтирилган.)

9Эй Набий! Кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қил ва уларга маҳкам тур. Уларнинг жойи жаҳаннамдир ва у жой қандоқ ҳам ёмон манзил!

10Аллоҳ куфр келтирганларга Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол қилиб келтирди. Улар бандаларимиздан икки солиҳ банданинг тагида эдилар. Бас, уларга хиёнат қилдилар ва (эрлари) улардан Аллоҳнинг азобини қайтара олмадилар ва уларга, дўзахга кирувчилар билан киринглар, дейилди. (Нуҳ алайҳиссаломнинг хотинлари иймонда хиёнат қилган. У кишини масхара қилганларга қўшилиб, у аёл ҳам ўз эри Нуҳ алайҳиссаломни масхара қилар экан. Лут алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам эътиқод ишида хиёнат қилган. У гуноҳкор қавмга ўз эри ҳузурига келган меҳмонлар ҳақида ахборот бериб турар экан.)

11Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб кўрсатди. У:«Роббим, менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва золим қавмлардан нажот бергин, деб айтди. (Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан кофир ва золим эрига ва қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришни сўради. Бу эса дунё ҳойи ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.)

12Ва Марям Имрон қизини (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Роббисининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди. (Биби Марям Имроннинг қизи Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган. Бу қиссалар бошқа сураларда батафсил келгани учун биз бу ерда яна такрорлаб ўтирмаймиз, фақат шуни таъкидлаймизки, у киши Аллоҳнинг сўзларига ва китобларига иймон келтирганлар ҳамда итоаткор қавмлардан бўлганлар. Мўъминлар, Биби Марям ҳаётларидан ўрнак олишлари керак.)