Part 5

 

24Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир. Ана ўшалардан бошқаларни поклик ва зино аралаштирмаган ҳолда молларингиз ила талаб қилмоғингиз ҳалол қилинди. Улардан ҳузурланишингиз сабабидан маҳрларини беринг. Бу фарздир. Фарз маҳрдан кейин ўзаро розилик ила келишганингиз гуноҳ эмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. (Бу ояти кариманинг аввалида никоҳи ҳаром қилинган аёлларнинг зикри давом этмоқда. Уларнинг охирги тоифаси ўлароқ эрли аёллар келтирилди. Демак, эри бор аёлга уйланиш ҳаром. Эри ўлиб ёки эридан ажрашиб идда ўтирган аёллар ҳам, то идда муддати орасида эрлик аёллар қаторига киради. Буларнинг никоҳи ҳам вақтинча ҳаромдир. Оятда эрли аёллардан «қўлингизга мулк бўлиб тушганлар» истисно қилинмоқда. Яъни, урушда душман томондан мусулмонлар қўлига тушган аёллар, эрлари бўлса ҳам, ҳайз кўрганларидан кейин уларга молик бўлган мусулмонларга ҳалол бўлаверади.)

25Сизлардан ким ҳур мўминаларни никоҳига олишга имкон топмаса, қўлингизда мулк бўлган мўмина канизаклардан (уйлансин). Аллоҳ иймонингизни билувчи зотдир. Ҳаммаларингиз бирсиз. Уларни никоҳингизга аҳлларининг изни ила олинг. Ва яхшилик билан маҳрларини беринг. Улар покиза, зинокор эмас ва ўйнаш тутмаган бўлсинлар. Эрга текканларидан сўнг фоҳиша иш қилсалар, уларга ҳур аёлларга бериладиган азобнинг ярми бериладир. Бу бузилишдан қўрққанлар учундир. Сабр қилмоғингиз сиз учун яхшидир. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир. (Биз тушунарли бўлиши учун «канизак» деб атаётган сўз ўрнида Қуръони Карим «мўмина қизларингиздан» деган иборани ишлатган. Бу билан уларнинг шаъни кўтарилмоқда, улар ҳам Ислом назарида бошқалардан фарқ қилмасликларини таъкидланмоқда. Маълумки, эрли ҳур аёлнинг зиноси исботланса, ўлгунча тошбўрон қилинади. Оила қурмаган ҳур аёл зино қилса, юз дарра урилади. Ушбу оятда, ҳур аёлларга бериладиган азобнинг ярми ҳақида сўз кетмоқда. Очиқ кўриниб турибдики, бу ерда назарда тутилган азоб дарра уришдир. Демак, эрли чўрининг зиноси собит бўлса, унга эллик дарра урилади. Уларнинг чўрилик ҳолатидан келиб чиқиб шундай ҳукм жорий қилинган. Албатта, улар ҳур аёллар каби қулайликларга эга эмаслар. Турмуш жараёнида турли ҳолатларни бошдан ўтказишлари мумкин. Шулар эътиборидан уларга нисбатан тошбўрон жазоси бекор қилинган ва дарра уриш юзтадан элликтага туширилган. Бу ҳол Исломнинг инсонпарварлигининг бир кўринишидир. Бошқа тузумларда киборларга жазо бекор қилиниб, бечораларга кучайтирилиши ҳаммага маълум.)

26Аллоҳ сизларга баён қилиб беришни, сизни олдингиларнинг йўлига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни хоҳлайди. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.

27Аллоҳ сизнинг тавбангизни қабул қилишни хоҳлайдир. Шаҳватларга эргашадиганлар эса, улкан оғишга мойил бўлишингизни хоҳларлар.

28Аллоҳ сиздан (юкингизни) енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир. (Яратувчининг Ўзи, заиф яратилган, деб тургандан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда Аллоҳ таоло оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, у енгилликни хоҳлайди.)

29Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир.

30Ким ўшани тажовузкорлик ва зулм ила қилса, албатта, уни дўзахга киритамиз. Бу эса, Аллоҳга осондир. (Оятдаги «ўшани» бир-бирининг молини ботил йўл ила еб, ўзини-ўзи ҳалокатга дучор қилишга ишорадир. Демак, ким мазкур ишни тажовузкорлик (яъни, ҳаромлигини билиб туриб) ва зулм ила (яъни, қилишдан тап тортмай) қилса, охиратда дўзахга киритилади. Яъни, ботил йўл билан мол еганларни дўзахга киритиш Аллоҳ учун осондир, xеч ким қочиб, ҳийла қилиб қутула олмайди.)

31Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, гуноҳларингизни кечирамиз ва сизни яхши жойга киритамиз. (Бу ояти кариманинг маъноси, катта гуноҳлардан четда бўлсангиз, кичик гуноҳларингизни кечириб, охиратда сизни жаннатга киритамиз, деганидир.)

32Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан афзал этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этманг. Эркакларга ўз касбидан насиба бор. Аёлларга ўз касбидан насиба бор. Аллоҳдан фазлини сўранг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир. (Ояти каримада афзаллик ва фазл аниқ нимадан иборат эканлиги очиқ айтилмай, умумий ҳолда қолдирилган. Бу қуръоний усулга кўра, ҳар ким ўз фикри, идрокига яраша тушуниб олаверади. Фазл сиҳат-саломатликда, мансабда, молу пулда, хотиржамликда, ҳилмда, обрў-эътиборда бўлиши мумкин. Демак, Аллоҳ баъзи шахсларни бошқалардан афзал қилиб қўйса, унга ҳасад қилмаслик керак, балки фазлни Яратувчининг Ўзидан сўраш лозим.)

33Ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсага ҳар бир киши учун меросхўрлар қилдик. Қасамингиз ила боғланганларга насибасини беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир. (Яъни, ҳар бир одамнинг қариндошлари меросхўри бўлади. У ота-онаси ва қариндошларидан мерос олганидек, ундан ҳам болалари ва қариндошлари мерос олади. Шундай қилиб, мол авлоддан авлодга ўтиб туради. Ояти каримадаги: «Қасамингиз ила боғланганларга насибасини беринг», деган жумлада меросга тааллуқли, қариндош бўлмаган шахсларга ишора қилинмоқда. Исломнинг дастлабки босқичида шундай шахслар бўлган.)

34Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир. (Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда, шундайлардан ташкил топган жамиятлар ҳам бахтсизликка дучор бўлмоқда. Бу ерда гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор босқидан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.)

35Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.

36Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас. (Оилавий-ижтимоий масалалар, мол-мулк ҳақида, бировларга яхшилик қилиш ҳақида баҳс этувчи оят ва жумлалар ичида ибодат ва ширк келтирмаслик ҳақидаги ушбу жумланинг келиши бежиз эмас. Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик–тавҳиддир. Бандалар учун Аллоҳнинг тавҳиди асосий ақидадир. Тавҳид ҳар бир инсондан талаб этилади. У Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққидир. Оятда тавҳидга амр этилганидан сўнг, бир неча тоифа кишиларга яхшилик қилишга буюриляпти.)

37Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир. Ва кофирларга хорловчи азобни тайёрлаганмиз.

38Улар молларини кишилар кўриши учун сарфлайдилар. Ҳамда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмайдилар. Кимнинг яқини шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин!

39Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирсалар, Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган нарсадан нафақа қилсалар, уларга нима зарар бўлади? Аллоҳ уларни яхши билувчи зотдир!

40Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур.

41Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?! (Бу оятда қиёмат кунининг васфи келмоқда. Қиёмат қўпганида, ҳар бир умматга ўз Пайғамбари гувоҳ этиб олиб келинади. Анбиёлар эса, умматлари Аллоҳнинг амрига юрганлари ва юрмаганлари ҳақида адолатли гувоҳлик берадилар. Муҳаммад алайҳиссалом аввалдан охиргача ҳамма умматларга гувоҳлик берадилар. Ана ўшанда у кишига иймон келтирмаганлар, мутакаббир, фахрланувчи ва бахилларнинг, одамларни ҳам бахилликка буюрган ва Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматларни беркитганларнинг ҳоли нима бўлади? Улар ўзлари инкор этган Холиқнинг ҳузурида турибдилар, ўзлари рад қилган Пайғамбар энди уларга гувоҳлик бериши, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни Олий Қози ҳузурида айтиши керак. Энди бу кофирлар, мунофиқларнинг ҳоли не кечади? Қиёмат қоим бўлди. Xақиқат юзага чиқди.)

42Ўша кунда куфр келтирганлар ва Расулга исён қилганлар ерга қоришиб кетишни истарлар ва Аллоҳдан ҳеч гапни яшира олмаслар.

43Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда–то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг ва жунуб ҳолингизда ҳам то ғусл қилмагунингизча. Магар йўлдан ўтувчи бўлса, майли. Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сиздан бирингиз таҳоратхонадан келса ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ-ла таяммум қилинг. Бас, юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг. Албатта, Аллоҳ афв ва мағфират қилувчи зотдир. (Бу ояти каримада кўпгина ҳукмлар мужассам топгандир. Шу билан бирга, ароқни ҳаром қилиш йўлида татбиқ қилинган чоранинг яна бир босқичи ҳамдир. Таҳорат ва ғуслга сув топилмаса, тоза тупроқ-ла таяммум қилинади. Шунингдек, сув тегиши билан касаллиги кучайиб кетадиган беморларга ҳам таяммумга рухсат. Яъни, таҳорати йўқ одам таҳоратни ният қилиб таяммум қилса, таҳорат ўрнига ўтади. Жунуб одам ғуслни ният қилиб таяммум қилса, ғусл ўрнига ўтади.)

44Китобдан насиба берилганларнинг залолатни сотиб олишларини ва сиз йўлдан адашишингизни исташларини кўрмайсизми?

45Аллоҳ сизнинг душманларингизни билувчи зотдир. Валийликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. Нусрат берувчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.

46Яҳудий бўлганлардан калималарни ўз жойидан бузиб-ўзгартирувчилар бор. Улар тилларини бураб ва динга таъна етказиб: «Эшитдик ва исён қилдик, эшит, эшитмай қолгур ва «Роина» дерлар. Агар улар, эшитдик, ва итоат қилдик, эшит ва бизга назар сол, деганларида, албатта, ўзларига яхши ва тўғри бўлар эди. Лекин Аллоҳ уларни куфрлари сабабли лаънатлади. Бас, озгиналаридан бошқалари иймон келтирмаслар. (Яъни, яҳудийлар разилона сўз ўйини қилишади. Сиртдан чиройли, одобли сўзларни айтгандек кўринишади, аммо аслида тилларини буриб, ўша сўзларнинг иккинчи–ёмон маъносини ифодалашади.Мисол учун, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир гапни айтсалар, мўмин-мусулмонлар, эшитдик ва итоат қилдик, дер эдилар. Яҳудийлар эса, эшитдик ва исён қилдик, дейишади. Сиртдан қараганда, худди мўминларга ўхшаб жавоб берганга ўхшашади. Аслида эса, у кишини масхара қилмоқчи ва динга таъна етказмоқчи бўладилар.)

47Эй китоб берилганлар! Юзларни бузиб, орқаларига бурмасимиздан ёхуд уларни шанба одамларини лаънатлаганимиздек лаънатламасимиздан олдин сизлардаги нарсани тасдиқловчи бўлиб келган нарсага иймон келтиринг. Аллоҳнинг иши амалга ошгусидир. (Яҳудийлар шариати бўйича, шанба куни ишлаш, жумладан балиқ овлаш ман қилинган эди. Аммо улар шумлик қилиб, бу илоҳий амрни ҳам буздилар. Алоҳида ҳовузлар қазиб, шанба куни балиқларни қамаб олиб, бошқа кунлари тутишди. Шунда Аллоҳнинг ғазаби келиб, уларни маймун ва тўнғизга айлантирди.)

48Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир.

49Ўзларини пок қилиб кўрсатаётганларни кўрмайсанми?! Йўқ! Аллоҳ кимни хоҳласа, шуни поклайди. Ва қилча зулм қилинмаслар.

50Уларнинг Аллоҳга ёлғон тўқишини кўрмайсанми?! Шунинг ўзи ҳам очиқ-ойдин гуноҳликка етарли.

51Китобдан насибадор бўлганларнинг ботилга ва тоғутга иймон келтиришларини ва куфр келтирганларни кўрсатиб: «Анавилар иймон келтирганлардан кўра ҳидоятлироқ йўлдалар», дейишларини кўрмайсанми?! (Бу ояти каримада яҳудийлар энди «Китобдан насибадор бўлганлар», деб тавсифланмоқда. Биз «ботил» деб таржима қилган сўз оятда «жибт» деб келган. Араб тилида жибт–бут, санам, фолбин ва сеҳргарга ўхшаш нарсаларга ишлатилади. «Тоғут» эса–Аллоҳнинг шариатидан бошқа шариат ва Аллоҳнинг шариатига асосланмаган ҳукмдир. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло яҳудийларни жибт ва тоғутга иймон келтирганлар, деб васф қилмоқда.)

52Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлагандир. Кимни Аллоҳ лаънатласа, унга ҳеч нусратчи тополмассан.

53Ёки улар мулкдан насибадорлар-у, шундай тақдирда ундан одамларга зиғирча ҳам бермайдиларми?!

54Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми? Батаҳқиқ, Иброҳим оиласига китобни, ҳикматни ва улуғ мулкни берганмиз-ку?!

55Бас, уларнинг ичида унга (Муҳаммадга) иймон келтирганлар ҳам бор, ундан юз ўгириб куфр келтирганлар ҳам бор. Жаҳаннам куйдириш азобига кифоя қилур.

56Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритамиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирамиз. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир.

57Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларни, албатта, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий боқий қолурлар. Унда уларга покиза жуфтлар бор. Ва уларни қуюқ сояларга киритамиз. (Ушбу оятда зикр этилган саодатманд кишилар мазкур улуғ неъматга Аллоҳнинг фазли ила, иймонлари ва солиҳ амаллари туфайли эришадилар.)

58Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир. (Омонатни турлари кўпдир. Жумладан, уламоларимиз Аллоҳни бандага юклаган омонатлари бор, намоз, рўза, закот, каффорот ва назрлар ҳам омонатдир, дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларидан бирида: «Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар. Энг буюк омонат эса, иймон омонатидир. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) қуйидагиларни айтадилар: «Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, омонатни адо қил, дейилади. У эса: «Қандай қилиб уни адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» дейди. Шунда унга омонат жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, елкасидан тушиб кетади. У ҳам омонатни изидан тушади. Шу ҳолат абадий равишда давом этади», деганлар.)

59Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир.

60Сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирганларини даъво қилаётганларни кўрмайсанми?! Тоғутдан ҳукм сўраб беришни истайдилар. Ҳолбуки, унга куфр келтиришга буюрилгандир. Шайтон эса, уларни йўлдан бутунлай адаштиришни истайди. (Аввал ҳам айтилганидек, тоғут–Аллоҳнинг изнсиз бўлган ҳукмидир. Мунофиқлар ҳам Аллоҳнинг ҳукмини истамайдилар, шунинг учун ҳам тоғутдан ҳукм сўраб борадилар. Нима бўлса бўлсин, Аллоҳнинг ҳукми бўлмаса, бас. Ҳар қандай тоғутнинг ҳукмини истайверадилар. Бу ишни билмасдан, кўр-кўрона қилмайдилар, балки уларга баён келган. Мунофиқлар тоғутга куфр келтиришга буюрилганлар. Демак, улар билиб туриб қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам уларнинг иймон ҳақидаги даъволари ботил. Улар, аслида, шайтоннинг йўлига кирганлар.)

61Агар уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Пайғамбар ҳузурига келинглар», дейилса, мунофиқлар сендан тамоман юз ўгирганларини кўрасан.

62Энди қилган нарсалари туфайли уларга мусибат етгандан сўнг сенга келиб, Аллоҳ ила қасам ичиб: «Биз фақат яхшилик ва тавфиқни хоҳлаган эдик», дейишлари қандай бўлди?

63Ана ўшаларнинг қалбларидагини Аллоҳ билади. Бас, уларнинг қилганидан юз ўгир! Уларга ваъз қил! Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла!

64Қайси бир Пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар.

65Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар! (Демак, иймоннинг, мўминликнинг бир шарти–ҳар бир нарсада Пайғамбарни (с.а.в.), яъни, Ислом динини ҳакам қилиб олиш зарурлигидир. Мўмин-мусулмонман деган одам, мўмин-мусулмонмиз деган жамият ўзининг ҳар бир ишини Исломнинг ҳукми ила олиб бориши керак. Шу билан бирга, ушбу ҳукмга ҳам ичидан тўла рози, ҳам сиртидан бутунлай таслим бўлиши керак. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло қасам билан таъкидлаб айтмоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам ўз ҳадисларидан бирида: «Менинг жоним қудрат қўлида бўлган зот билан қасамки, ҳавою нафси мен келтирган нарсага тобеъ бўлмагунча, бирорта одам мўмин бўла олмайди», деганлар.)

66Агар Биз уларга, ўзларингизни ўлдирнг ёки ўзингизни диёрларингиздан чиқаринг, деб фарз қилганимизда, озгиналаридан бошқаси буни қилмас эдилар. Улар ўзларига ваъз қилинган нарсаларни қилганларида эди, ўзларига яхши ва саботлари мустаҳкам бўлар эди.

67У ҳолда, Биз ҳам уларга Ўз ҳузуримиздан улуғ ажр берган бўлур эдик.

68Ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур эдик. (Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларини шундай бир ишга буюрганида нима қила олар эдик? Зотан у ҳар қандай ишни амр этишга ҳақлидир. Чунки, яратган Парвардигор уларга фақат яхшиликни раво кўради. Ҳеч қачон бандаларига ёмонликни соғинмайди. Бандалар унинг айтганларини қилганларида, ҳам ўзларига яхши бўлар, ҳам иймонлари собит, мустаҳкам бўлар эди. Одамлар Аллоҳнинг буйруқларига жавобан Исломга тўлиқ амал қилганларида эди, Аллоҳ таоло уларга улуғ ажрни–жаннатни берган бўлур эди. Уларни ҳидоятга бошлаган, тўғри йўлга солган бўлур эди.)

69Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!

70Бу–Аллоҳдан бўлган фазлдир ва билгувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.

71Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ҳушёр тутинг ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғалинг ёки тўп ҳолингизда қўзғалинг! (Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, кофирларнинг бир хусусиятлари борки, улар ўзаро бир-бирлари билан урушсалар ҳам, мусулмонларга қарши бирлашиб душманлик қиладилар. Шунинг учун мусулмонлар доимо ҳушёр туришлари шарт. Вақт-соати келиб, мабодо қўзғалиш керак бўлиб қолса, Аллоҳнинг амрига биноан ёки гуруҳ-гуруҳ бўлиб, ёки тўп ҳолларида қўзғаладилар. Ушбу оятдаги амрлар Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўмин-мусулмонларга фақат намоз, рўза ёки ахлоқ ва одобга буюрибгина қолмай, бошқа нарсаларга, жумладан, урушни қандай олиб боришни ҳам ўргатади. Бу ҳақиқат собит ҳақиқатдир.)

72Албатта, ичингизда ортда қоладиганлар ҳам бор. Агар сизга мусибат етса, у: «Аллоҳ, Ўзи менга неъмат берди, яхшиямки улар билан бирга ҳозир бўлмаганим», дейди. (Яъни, душманга қарши сафарбарлик эълон қилинганда қўзғалмай ортда қоладиганлар ҳам бўладики, улар мунофиқлардир. Мунофиққа барибир, ўзини ҳар мақомга мослаб, ҳар қандай сафсатани баҳона қилаверади.)

73Агар сизга Аллоҳдан фазл етса, худди сиз билан унинг орасида дўстлик бўлмагандек, «Қани эди мен ҳам улар билан бўлганимда, улуғ зафар қозонар эдим», дейди.

74Охират учун бу дунё ҳаётини сотадиганлар Аллоҳнинг йўлида жанг қилсинлар. Ким Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб ўлдирилса ёки ғолиб келса, биз унга, албатта, улуғ ажрни берурмиз.

75Нима учун Аллоҳнинг йўлида ва: «Эй Роббимиз, бизни аҳли золим шаҳардан чиқаргин, бизга Ўз томонингдан дўст ато қилгин ва Ўз томонингдан нусратчи ато қилгин», деяётган заифҳол эркагу аёл ва болалар йўлида жанг қилмайсизлар?! (Хусусан, мазкур заифҳол эркагу аёллар ва болалар аҳолиси золим бўлган шаҳарда тутқун бўлсалар. Дину диёнатлари учун азоб-уқубатга дучор қилинаётган бўлсалар. Мусулмонлар фақат шундай олий мақсад йўлида жанг қиладилар. Уларга бошқача урушнинг кераги йўқ.)

76Иймон келтирганлар Аллоҳнинг йўлида жанг қилурлар. Куфр келтирганлар тоғутнинг йўлида жанг қилурлар. Бас, шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилинг. Албатта, шайтоннинг ҳийласи заифдир.

77Қўлингизни тийинг, намоз ўқиб, закот беринг, деб айтилган кимсаларни кўрмайсанми?! Уларга уруш фарз қилинганда, бирдан, бир гуруҳлари одамлардан худди Аллоҳдан қўрққандек ёки ундан ҳам қаттиқроқ қўрқишмоқда. Ва: «Эй Роббимиз, бизга урушни нега фарз қилдинг, бир оз ортга суриб турсанг бўлмасмиди?!» демоқдалар. Дунёнинг матоҳи оз, охират эса, тақво қилганларга яхшидир. Ва қилчалик зулм қилинмассизлар», деб айт.

78Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир. Агар уларга яхшилик етса, бу Аллоҳдан, дерлар. Ёмонлик етганда эса, бу сендан дерлар. «Ҳаммаси Аллоҳдан», деб айт! Анави қавмларга нима бўлдики, гапни тушунай демайдилар?!

79Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир. Ва сенга етган ёмонлик ўзингдандир. Биз сени одамларга Пайғамбар қилиб юбордик. Шоҳидликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. (Бу оятда яна бир ҳақиқатнинг баёни келмоқда. Инсон Аллоҳ кўрсатган йўлдан юрса, яхшиликни қилиб, ёмонликдан қайтса, Аллоҳ таоло уни қўллаб-қувватлайди ва зафарга эриштиради. Бу ҳолда инсон Аллоҳ кўрсатган йўлдан юрди, Унинг шариатига амал қилди, Унинг мадади ила фаолият кўрсатди, у кўрсатган яхшиликни қилди ва ёмонликдан четланди. Натижада яхшиликка эришди. Албатта, бу яхшилик Аллоҳдандир. Аммо инсон Аллоҳнинг йўлидан юрмаса, У берган ақлни тўғриликча ишлатмаса, Унинг шариатига амал қилмаса, буюрган яхшилигини бажармаса, қайтарган ёмонликдан қайтмаса, ўзидан кўрсин–оқибат, албатта, ёмон бўлади. Бу ёмонликка унинг ўзи сабабчидир.Сенинг вазифанг Пайғамбарлик–элчилик қилиш. Одамларга яхшилик ёки ёмонлик етказиш эмас. Бир нарсани бор ёки йўқ қилиш Аллоҳнинг қўлида. Xаммасига Аллоҳнинг Ўзи шоҳид. Шоҳидликка эса, Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.)

80Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади. Ким юз ўгирса, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ.

81Улар, итоат, дерлар. Ҳузурингдан чиққач эса, бир тоифалари айтганингдан бошқага хуфёна тил бириктирадилар. Аллоҳ хуфёна тил бириктирган нарсаларини ёзиб қўяди. Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. (Ояти карима «Улар» деб айтаётган кишилар–мунофиқлардир. Уларга Қуръон оятларини ўқиб берсалар, Аллоҳнинг амрларини етказсалар, қисқа қилиб «итоат», дейишади. «Итоат»дан бошқа ният йўқ, деб кўрсатмоқчи бўлишади. Аслида эса, мақсадлари бошқа, шунинг учун ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларидан чиқишганидан сўнг «итоат»ни унутиб, бошқача иш тутишади.)

82Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар. ( Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.)

83Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш–хабар етса, уни таратадилар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз.

84Аллоҳнинг йўлида жанг қил! Ўзингдан бошқадан масъул қилинмайсан. Мўминларни қизиқтир. Шоядки Аллоҳ куфр келтирганларнинг шиддатини даф қилса. Аллоҳ шиддати қаттиқ ва азоби ортиқ зотдир.

85Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз наибаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи зотдир. (Араб тилида «шафоат» сўзи бизда танилган маънодан кўра кенгроқ маънода ишлатилади. Бировни бошқалар олдида оқлаш учун қилинган саъй-ҳаракат ва гап-сўз ҳам шафоат ҳисобланади. Инчунин, қоралаш учун қилингани ҳам. Шунингдек, бу ишнинг яхшилигини тушунтириш учун тарғиб қилиш, унга қизиқтирш яхши шафоат, ўша ишни ёмон деб тушунтириш эса, ёмон шафоат ҳисобланади.)

86Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи зотдир. ( Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса, вожибдир.)

87Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлар. Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!.

88Сизга нима бўлдики, мунофиқлар ҳақида иккига бўлинасизлар, ҳолбуки, Аллоҳ уларни расво қилиб қўйди-ку? Аллоҳ адаштирган кимсаларни ҳидоят қилмоқчи бўласизларми? Аллоҳ кимни адаштирган бўлса, унга йўл топа олмассан. (Имом Аҳмад ибн Xанбал қилган ривоятда Зайд ибн Собит (р.а.) қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) Уҳуд жангига чиққанларида, у киши билан чиққанлардан баъзилари орқага қайтиб кетдилар. Саҳобалар ўша орқага қайтганларга муносабатда иккига бўлиндилар. Бирлари уларни ўлдирамиз, дейишса, бошқалари, йўқ, улар мўминлар, уларни ўлдирмаймиз, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Сизга нима бўлдики, мунофиқлар ҳақида иккига бўлинасизлар?» оятини нозил қилди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Албатта, бу оят покловчидир. Босқон темирнинг зангини кетказганидек, зангларни кетказади», дедилар.)

89Улар сиз ҳам худди ўзларидек кофир бўлиб, уларга тенглашишингизни хоҳларлар. Токи Аллоҳ йўлида ҳижрат қилмагунларича, улардан дўст тутманг. Агар юз ўгириб кетсалар, бас, уларни тутинглар ва қаерда топсангиз, ўлдиринглар. Улардан дўст ҳам, ёрдамчи ҳам тутманг.

90Магар, сиз билан орасида аҳднома бор қавмга етиб борсалар ёки сизлар билан ҳам, ўз қавмлари билан ҳам урушиш кўнгилларига сиғмасдан ҳузурингизга келсалар майли. Аллоҳ хоҳлаганида, уларни сиздан устун қилиб қўярди ва улар сизларга қарши уруш қилардилар. Агар сиздан четлансалар ва сиз билан урушмасдан тинчликни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга уларнинг зиддига йўл бермас.

91Сиздан ҳам, ўз қавмларидан ҳам омонда бўлишни хоҳлайдиган, фитнага қайтарилган чоғларида унга шўнғийдиган бошқа бирларни ҳам кўрасизлар. Агар сиздан четланмасалар, сизга тинчликни таклиф қилмасалар ва қўлларини тиймасалар, бас, уларни тутинг ва қаерда топсангиз, ўлдиринг. Ана ўшандайлар устидан сизга очиқ ҳақ бердик. (Ибн Жарир Мужоҳиддан ривоят қилишича, бу ояти карима маккалик бир қавм ҳақида нозил бўлган. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, риё учун мусулмонликларини билдиришарди. Сўнгра қурайшликлар олдига бориб, улар билан бирга бутларига ибодат қилишар эди. Шу йўл билан икки томондан ҳам омон қолмоқчи бўлишар эди. Демак, уларга ишониб бўлмайди. Мадомики улар мусулмонларга ёмонлик қилишдан четланмасалар, тинчликни таклиф қилмасалар ва улардан қўлларини тиймасалар, уларни асир олиш, топган жойда ўлдириш керак. Бунга Аллоҳнинг Ўзи рухсат бермоқда. Буларнинг ҳаммаси мусулмонларнинг мунофиқлар билан бўладиган муносабатлари ҳақидаги ҳукмлардир.)

92Мўмин мўминни ўлдирмас. Магар билмасдан қилиши мумкин. Кимки мўминни билмасдан ўлдириб қўйса, бас, унга мўмин қулни озод қилиш ва (ўлганнинг) аҳли кечирмасалар, хун бериш вожиб бўлур. Агар у сизга душман қавмдан бўлиб, ўзи мўмин бўлса, мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлур. Агар у сиз билан орасида аҳдномаси бор қавмдан бўлса, аҳлига бериладиган хун ва мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлур. Ким топмаса, Аллоҳга тавба учун кетма-кет икки ой рўза тутиш вожиб бўлур. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.

93Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир. (Мўмин кишини қасддан ўлдириш шунчалик катта жиноят ва гуноҳки, уни қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайди. Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир беайб жонга қўшиб, иймондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақида қардошлигини ҳам ўлдиришдир. Шунинг учун ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар–жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз ҳадисларидан бирида: «Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг заволидан ҳам оғирроқдир», деганлар. Мазкур жазолар қасддан мўмин одамни ўлдирганнинг охиратидаги жазосидир. Аммо бошқа оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, унга бу дунёда ҳам маълум жазолар белгиланган. Аввало, қотил устидан ўлдирилган шахснинг валиюл амрлари ҳукмга эга бўладилар. Улар хоҳласалар, қотилдан қасос олиш мақсадида уни ўлдиришни талаб қиладилар, хоҳласалар кечиб юборадилар ёки хоҳласалар кучайтирилган хун оладилар. Кучайтирилган хун эса, ўттизта ҳиққа, ўттизта жазуъа ва қирқта халуфа туялардан иборат.)

94Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар. Бу дунё ҳаётининг ўткинчи ўлжасини истайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса кўплаб ўлжалар бор. Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди. Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад ибн Xанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди. Саҳобалар: «Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса, бермас эди», дедилар-да, уни ўлдириб қўйларини Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқадиган бўлсангиз, аниқлаб олинглар...» оятини нозил қилди.)

95Мўминлардан бешикаст бўла туриб ўтириб қолганлари билан Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилувчилари баробар бўлмаслар. Аллоҳ моллари ва жонлари билан жиҳод қилувчиларнинг даражасини ўтириб қолувчилардан афзал қилди. Аллоҳ ҳаммага яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб қолувчилардан улуғ ажр ила, афзал қилган.

96Ўзидан бўлган даражалар ила, мағфират ва раҳмат ила (афзал қилган). Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир.

97Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинглар?» дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. Алар: «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой! («Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганлар», деб васф қилинган кишилар маълум бир тоифадир. Улар ўзларини бўлмаса-да, молу мулкларини асраб қолиш учун, ҳижратнинг қийинчиликларидан қочиб, кофирлар ичида қолиб кетган кишилардир. Уларни Аллоҳ таоло «ўзига зулм қилувчилар» деб сифатламоқда.)

98Фақат эркаклар, аёллар ва болалардан иборат, ҳийлага қодир бўлмаган, йўлни топа олмаган бечораларгина бундан мустасно.

99Ана ўшалар, шоядки, Аллоҳ уларни афв этса. Зотан, Аллоҳ афв этувчи ва мағфират қилувчи зотдир.

100Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топади. Ким уйидан Аллоҳ ва Расулга ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушади. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир. (Ушбу оятда ҳижрат қилишга тарғиб–қизиқтириш бор. Бу улуғ ишга кишиларни маънавий жиҳатдан тайёрлаш, кўнгилларига келиши мумкин бўлган баъзи хаёлларни кўтариш бор. Xижрат дину диёнатни деб ватанни тарк этишдир. Кишилар ўзларича, ватандан узоқда бўлган шахс хавф-хатарда қолади, ризқи рўзи қийилади, деган фикрда бўладилар. Бу эса, мусулмонликка ҳеч тўғри келмайдиган нотўғри фикрдир. Аллоҳ таоло ҳеч қачон Ўзининг йўлида ҳижрат қилган бандасини чорасиз ҳолда ташлаб қўймайди. Унга хавф-хатарлардан асрайдиган паноҳгоҳлар ато қилади ва ризқини кенг қилиб қўяди. Кўпгина кишилар ҳижратдан кейин олий даражаларга, кенг ризқларга эришгани тажрибадан маълум. Одамларни ҳижратдан тўсиб турадиган нарсалардан бири ўлимдан қўрқишдир. Аслида эса, аввал ўтган оятларда таъкидланганидек, ўлим жой танламайди. Вақти-соати етганда, муҳожир ҳам, муқим ҳам ўлаверади. Аммо у ўлим билан бу ўлимнинг фарқи бор. Муҳожирликда ўлишнинг бахтига нима етсин!)

101Ер юзида жавлон урганингизда, куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан хавф қилсангиз, намозни қаср қилиб адо этмоғингизда гуноҳ йўқдир. Албатта, кофирлар сизга очиқ душмандирлар.

102Улар ичида бўлсанг-у, намоз адо қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин ва силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Сажда қилганларидан кейин орқангизга ўтсинлар. Намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сен билан намоз ўқисин. Эҳтиёт бўлиб, силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Куфр келтирганлар силоҳларингиз ва матоҳларингиздан ғофил бўлсангиз, устингиздан бирдан ҳамла қилишни истарлар. Ёмғирдан озор етса ёки бемор бўлсангиз, силоҳларингизни қўймоғингизда гуноҳ йўқдир. Xушёр бўлинглар! Албатта, Аллоҳ кофирларга хорловчи азоб тайёрлагандир. (Ушбу ояти карима билан танишганда, намозга нақадар катта эътибор борлиги дарҳол англаб етилади. Ўйлаб кўринг-а: уруш бўлиб турса, ҳар бир инсоннинг ҳаёти қил устида турса-да, яна намоз ўқишга амр бўлса! Уруш пайтида ўқиладиган намоз «Хавф намози» деб аталади. Демак, жиҳодга чиққан мужоҳидлар бу ҳолда иккига бўлинишади. Бир тоифалари имом билан намоз ўқийди, иккинчи тоифа намоз ўқимай, қўриқчилик қилиб туради. Имом биринчи тоифа билан биринчи ракъатни ўқиб бўлгандан сўнг туриб орқага қўриқчиликка ўтади. Қўриқчилик қилиб турган иккинчи тоифа келиб имом билан иккинчи ракъатни ўқийди. Оятда шу жойгача зикр этилган. Намознинг давоми Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида келган. Иккинчи ракъат тамом бўлиши билан имом салом беради. Чунки у икки ракъатни тамом ўқиди. Кейин биринчи тоифа келиб иккинчи ракатни ҳар ким ўзи ўқиб салом беради. Иккинчи ракатни имом билан ўқиган ва яна қоровулликка ўтган иккинчи тоифа биринчи тоифадан кейин қолган бир ракат намозини якка-якка ўқиб салом беради. Бундай намозни адо этиш давомида мусулмонлар ҳушёр бўлишлари ва силоҳларини ўзлари билан бирга тутишлари қайта-қайта тайинланмоқда. Кофирларнинг ёмонликларидан бехабар қолманглар, деб огоҳлантирилмоқда.)

103Намозни адо этганингиздан сўнг Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда эсланг. Хотиржам бўлганингизда намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир. (Xар вақтда ҳам, ҳар намоздан кейин ҳам Аллоҳни зикир этиш тарғиб қилинади. Аммо бу ояти каримада бу иш ҳавф намозидан кейин, айниқса, зарур экани таъкидланмоқда. Ўтирганда ҳам, турганда ҳам, ёнбошлаганда ҳам, яъни, ҳамма ҳолатларда Аллоҳ таолони зикр қилиб, ундан душман билан бўладиган жангда ғалаба-нусрат сўралади.)

104У қавмни қувишда бўш келманг. Агар алам чекаётган бўлсангиз, улар ҳам сиз алам чекаётганингиздек алам чекмоқдалар. Сиз эса, Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсани умид қилмоқдасиз. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.

105Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганига ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма!

106Аллоҳга истиғфор айт! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.

107Ўз жонларига хиёнат қиладиганларни мудофаа қилма. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва гуноҳкор бўлган кимсани хуш кўрмас. (Аллоҳ таоло бу оятда Тўъма ибн Убайрақ ва унинг қариндошларини «ўз жонларига хиёнат қилганлар», деб васф қилмоқда. Аслида, улар яҳудий шахсга хиёнат қилган, ўғрилик айбини унга ағдарган эдилар. Лекин бу ишнинг ёмонлиги уларга қайтиши эътиборидан ўзларига хиёнат қилган ҳисобланади. Ўғрилик қилиш–гуноҳкорлик, айбни ноҳақдан бировга ағдариш эса, хиёнатдир.)

108Одамлардан яширадилар ва Аллоҳдан яшира олмаслар. Xолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир. Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни ихота қилувчи зотдир.

109Ҳой, сизлар! Бу ҳаёти дунёда уларнинг ёнини олдингиз. Қиёмат кунида Аллоҳ олдида уларнинг ёнини ким олади ёки ким уларга вакил бўлади?!.

110Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади.

111Ким гуноҳ қилса, фақатгина ўз зарарига қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. (Бировнинг гуноҳи учун бошқа биров жавобгар бўлмайди. Ҳар ким ўз қилмиши учун жавобгар бўлади. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб туради, жумладан, гуноҳкорларнинг гуноҳларини ҳам билиб туради. Ўша билишга биноан гуноҳкорни жазолаши унинг ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилишлигидандир.)

112Ким хато ёки гуноҳ қилса-ю, сўнгра уни беайбга ағдарса, шубҳасиз, бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз бўйнига олибди.

113Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди. (Яъни, Аллоҳ таоло ўз фазли ва марҳамати ила оятлар тушириб, ҳақиқатни баён қилмаганида, Тўъма ибн Убайрақнинг қавми, уни одамлар олдида оқлашни талаб қилиб, айбни яҳудий шахсга ағдариб, Пайғамбарни адаштиришга уриниб қолган эдилар. Аммо бу ишлари билан улар ўзларини адаштирадилар, холос. Xар қанча уринсалар ҳам Пайғамбарга (с.а.в.) зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ доимо ўз Пайғамбарини сақлайди. Мазкур ҳодисада ноқулайликдан сақлаб қолгани ўзига хос фазлу карамдир. Лекин асосий фазли ва ҳақиқий марҳамати: «Аллоҳ сенга китобни (Қуръонни) ва ҳикматни (суннатни) туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва (шу билан) сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди».)

114Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз.

115Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой! (Бу ояти каримада Тўъма ибн Убайрақнинг қариндошларидан Башир ибн Убайраққа ишора қилинмоқда. У Бани Убайрақни фош қилувчи оятлар нозил бўлганидан сўнг муртад бўлиб (диндан чиқиб), мушрикларга қўшилиб кетган эди. Гарчи ишора маълум бир шахсга бўлса ҳам, ҳукм умумийдир. Ким Пайғамбарга (с.а.в.) хилоф қилса, у кишининг йўлидан бошқа йўлга юрса, кофир, мушрик ва муртад бўлади. Ким мўминларнинг йўлидан бошқа йўлни танласа, ўша йўлидан юраверсин, Аллоҳ уни кетган томонига юргазиб қўяверади. Аммо охири олиб бориб жаҳаннамга киритади. Жаҳаннам қандай жойлигини эса, ҳамма билади.)

116Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа, кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, қаттиқ адашган бўлади.

117Улар ундан бошқа фақат аёл-санамларга ибодат қиладилар ва фақат бебош шайтонга ибодат қиладилар. (Яъни, араб мушриклари Аллоҳдан бошқа, фақат аёл-санамларга ибодат қиладилар. Жоҳилий арабларнинг бузуқ эътиқодлари бўйича, фаришталар Аллоҳнинг қизлари ҳисобланар эди. Улар шунинг учун ҳам бутларини аёл киши шаклида ясашар ва уларга аёлларнинг исмини беришар эди.)

118Аллоҳ уни лаънатлади. У эса: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан.

119Уларни адаштираман, хом хаёлларига соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар», деди. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир. (Яъни, Аллоҳ шайтонни лаънатлади, ўз раҳматидан қувди. Шайтон эса, қувилаётган пайтда: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан», деди. Мени шуларнинг сабабидан лаънатлаяпсан, мен булардан маълум миқдорни ўз йўлимга чиқариб, куфр ва исёнга чорлайман, деди. Яъни, бандаларингни тўғри йўлдан–сенинг йўлингдан адаштираман ва уларни хом хаёлларга соламан–умримиз узун бўлади, маза қилиб юрамиз, қайта тирилиш ҳам, ҳисоб-китоб ҳам, қиёмат ҳам йўқ, деб юраверадиган қилиб қўяман, дейди.)

120У уларга ваъда берадир ва хом хаёлларга соладир. Шайтон уларга ғурурдан бошқа нарсани ваъда қилмайдир.

121Ана ўшаларнинг жойлари жаҳаннамдир. Ва ундан қутулиш йўлини топа олмаслар.

122Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий–бардавом қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Аллоҳдан ростгўйроқ зот борми? (Банданинг жаннатга кириши учун иймон ва яхши амаллар бўлиши шарт. Иймонсиз ҳолда қилинган ҳар қанча яхши амалларнинг фойдаси бўлмайди. Иймони бўлиб туриб яхши амалларни қилган бандалар фақат жаннатга кириш билан кифояланиб қолмайдилар. Балки жаннатда абадий–бардавом қоладилар. Бу эса, шайтоннинг дўстлари дўзахда абадий–бардавом қолишларининг муқобилигадир.)

123Сизларнинг хом хаёлингизчга ҳам эмас, аҳли китобларнинг хом хаёличга ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас.

124Эркакми, аёлми–ким мўмин бўлган ҳолда яхшиликлар қилса, ана ўшалар жаннатга кирарлар ва уларга қилча ҳам зулм қилинмас. (Яхши амалларнинг мукофотини беришда эркагу аёлдан баробар иймон шарт қилиниб қўйилади. Иймон бўлмаса, бўлмайди. Иймони бўлиб туриб, яхши амалларни қилган ҳар бир эркагу аёл, ким бўлишидан қатъий назар, жаннатга кирадилар. Уларга бу дунёда қилган амалларининг мукофотини қилича ҳам қолдирилмай берилади.)

125Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди. (Ушбу оятдаги савол бир нарсани билиш учун берилаётган савол эмас. Балки бор нарсани иқрор қилиш учун айтилаётган тасдиқ саволидир. Қилган яхши амалнинг қабул бўлишига иймон қанчалик шарт бўлса, ихлос ҳам (яъни, ишни Аллоҳнинг розилиги учун ихлос билан адо этиш) шунчалик шартдир. Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати–дини Ислом эди. Аллоҳ таоло бошқа оятларда ҳам бу ҳақиқатни баён этган. Демак, оятда Исломдан ўзга ҳақиқий дин йўқ, дейилмоқда ва бу динга одамларни янада қизиқтириш учун Иброҳим алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Ўзига дўст тутганини таъкидламоқда.)

126Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳга хосдир ва Аллоҳ ҳар бир нарсани ихота қилган зотдир.

127Сендан аёллар ҳақида фатво сўрарлар. Сен:«Аллоҳ сизга улар ҳақида ва китобда тиловат қилинадиган, сиз уларга тайин қилинган нарсани бермай никоҳига рағбат қилганингиз аёллар ҳақида, заифҳол болалар ҳақида ва етимларга адолат қилмоғингиз ҳақида фатво беради», деб айт. Аллоҳ қилган ҳар бир яхшилигингизни билувчи зотдир.

128Агар аёл киши ўз эридан нафрат ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида гуноҳ йўқ. Сулҳ яхшидир. Нафслар қизғанишга ҳозирдир. Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардор зотдир. (Оилада турли сабабларга кўра, эрда хотинига нисбатан нафрат пайдо бўлиши мумкин. Натижада эр хотинидан ажралмоқчи ёки ундан юз ўгириб, талоқ ҳам қилмай, муомала қилмай ташлаб қўймоқчи. Хотин эридан ажрашни хоҳламаса, ярашишга уринади. Эрнинг нафратига ёки юз ўгиришига сабаб бўлган ишларни бартараф этиш билан уни рози қилиб, ажралмай қолишга тиришади. Жумладан, хотинидан нафратланиб, уни талоқ қилмоқчи бўлган ёки юз ўгириб, тек ташлаб қўймоқчи бўлган эркак ўша хотиннинг ажрашиш истаги йўқлигини билгач, унга яхшилик қилиб, тақво юзасидан ўзи билан олиб қолса, яхши бўлади. Аллоҳ унга ажр ва савоб беради.)

129Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмайсизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, (баъзисини) муаллақга ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. («Хотинлар ўртасида адолат» кўп хотинли эрнинг хотинларига нисбатан қалбидаги муҳаббати борасидадир. Яъни, кўнглингизда муҳаббати ўрнашган баъзихотинингизга бир йўла мойил бўлиб кетиб, хотинларингизнинг баъзисини муаллақ аёлга ўхшатиб қўйманг. «Муаллақ аёл» деб хотин бўлиб хотин эмас, боши очиқ бўлиб, боши очиқ эмас, аросат бир ҳолда қолган аёлга айтилади. Бундай муаллақлик азоб, шунинг учун ояти карима эрни бу масалада адолатли бўлишга чорламоқда. Кўп хотинли эр яхши кўрган хотини билан доимо бирга бўлиб, бошқасини тарк этса, шариатга ҳеч тўғри келмайди.)

130Агар ажрашсалар, Аллоҳ Ўз фазлидан ҳар бирини беҳожат қилур. Аллоҳ фазли кенг ва ҳикматли зотдир.

131Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Батаҳқиқ, Биз сиздан олдин китоб берилганларга ҳам, сизга ҳам: «Аллоҳга тақво қилинглар», деб тавсия қилдик. Агар куфр келтирсангиз, албатта, осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир.

132Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Вакил бўлишга Аллоҳ кифоядир.

133Агар у зот хоҳласа, эй одамлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтирур. Ва Аллоҳ бунга қодир бўлган зотдир. (Агар Аллоҳ хоҳласа, бир зумда ҳамма одамларни бу дунёдан йўқ қилиб, уларнинг ўрнига Ўзига иймон келтирадиган, айтганидан чиқмай юрадиган, янги бошқа бир одамларни келтириб олади. Аллоҳ бу ишга ва бундан ҳам катталарига қодирдир.)

134Ким бу дунё савобини истаса, билсинки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам у дунёнинг савоби бордир. Ва Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир.

135Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавои нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Демак, гувоҳлик Аллоҳ учун бўлиши керак. Бошқа нарса учун эмас. Бирор шахс учун эмас, қабила учун эмас, ҳизб ёки халқ учун эмас. Ана шундагина адолатли гувоҳлик бўлади. Албатта, одамнинг ўзига қарши гувоҳлик бериши, ота-онаси ёки қариндош-уруғига қарши гувоҳлик бериши осон эмас. Бу иш гапиришга осон, холос. Лекин илоҳий таълимот шуни ирода қилади. Ана шундагина ҳақиқий адолат юзага чиқиши мумкин.)

136Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига туширган китобга ва бундан олдин туширган китобга иймон келтиринг. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўладир.

137Албатта, иймон келтирганларидан кейин куфр келтирганлар, сўнгра иймон келтириб яна куфрга кетган ва куфрида зиёда бўлганларни Аллоҳ мағфират қилмас ва тўғри йўлга ҳидоят этмас. (Иймон билан куфр орасида бориб-келиб, бориб-келиб, охири куфрда зиёда бўлаётганлар–мунофиқлардир. Агар инсон кофир бўлиб юриб кейин иймонга келса, унинг иймони кофирлигини ювиб кетади. Иймонга келгандан кейинги даврдан бошлаб ҳисоб-китоби бошланади.)

138Мунофиқларга, албатта, уларга аламли азоб бўлишининг башоратини бер.

139Улар мўминларни қўйиб, кофирлрни дўст тутадиганлардир. Уларнинг олдида иззат–куч-қудрат излайдиларми? Албатта, иззат–куч-қудратнинг барчаси Аллоҳнинг ҳузуридадир.

140Батаҳқиқ, сизларга китобда: «Аллоҳнинг оятларига куфр келтирилган ва уларни истеҳзо қилинган чоғда, бошқа гапга ўтмагунларича улар билан ўтирманглар», деб туширди. Агар ўтирсангиз, сиз ҳам уларга ўхшашсиз. Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларнинг барчасини жаҳаннамда жамловчидир. (Аллоҳ таоло китобда, яъни, Қуръони Каримда мўминларга Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр ва истеҳзо гаплар бўлаётган мажлисда ўтирмасликка амр қилган эди. Бу амр Маккаи Мукаррамада нозил бўлган ал-Анъом сурасида келган. Чунки мўмин кишининг бу каби мажлисларда жим ўтириши мунофиқликнинг бошланишидир. Xар бир мўмин Аллоҳ, Ислом, Пайғамбар (с.а.в.) ва Қуръон каби мўътабар тушунчалар ҳақида ёмон, ахлоқсиз гап-сўзларни эшитган чоғида қарши чиқмоққа, ҳаттоки тўғриламоққа бурчлидир. Кимки бундай ҳолларда жим ўтирса, мунофиқлик йўлига қадам қўйган бўлади.)

141Улар сизларни кузатиб турарлар. Сизларга Аллоҳ томонидан фатҳ бўлса: «Сизлар билан бирга эмасмидик?!» дерлар. Агар кофирларга насиба бўлса: «Сизларга устун келиб, мўминлардан ҳимоя қилмадикми?» дерлар. Аллоҳ қиёмат куни улар орасида ҳукм қилур. Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас. (Мунофиқ ҳар доим мунофиқлигини қилади. Иймон масаласидаки иккиёқламалик қилгандан кейин, бошқа масалаларда бундан баттар бўлади. Улар доимо иймон ва куфр, мўминлар ва кофирлар орасида тарозининг палласи қаёққа оғишини кузатиб турадилар.)

142Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўларлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдовчи»дир. Агар намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турарлар ва Аллоҳни камдан кам зикр қиларлар.

143Улар орада сарсондирлар. На анавиларга қўшила оларлар ва на манавиларга қўшила оларлар. Аллоҳ кимни йўлдан адаштирса, ҳаргиз унга йўл топа олмассан.

144Эй иймон келтирганлар! Мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманг. Аллоҳнинг ҳузурида ўз зиддингизга очиқ ҳужжат қилишни хоҳлайсизми?! (Мўминни қўйиб, кофирни дўст тутиш ҳам бир нави ҳужжатдирки, охиратда бу ҳужжат уларнинг зарарларига ишлайди ва Аллоҳ уларни шу ҳужжат асосида азоблайди.)

145Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан. (Ислом дини учун мунофиқлар кофирлардан ҳам зарарли ва хавфлидирлар. Шунинг учун охиратда ҳам улар кофирлардан-да кўра қаттиқроқ азобга дучор бўладилар. Дўзахнинг энг қаърига–энг остки қаватига ташланадилар. Бу жойни оятда «ад-Даркул асфали» дейилган.)

146Магар тавба қилиб, солиҳ амаллар қилган, Аллоҳни маҳкам ушлаган ва Аллоҳ учун динга ихлос қўйганлар–ана ўшалар мўминлар ила биргадирлар. Аллоҳ, албатта, мўминларга улуғ ажр берур.

147Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади? Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир. (Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима учун азоблайди? Уларни азоблашдан бир фойда топадими? Ёки уларни азоблашдан лаззат оладими? Албатта, Аллоҳ ношукр ва иймонсизларни азоблашдан ҳеч фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди. Бу азобнинг асосий сабаби банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир. Ношукр ва иймонсиз бу дунёда азобланса, қилган хатоси эвазига, тўғри йўлга қайтсин, деб қилинади. Уни охиратда азоблаш эса, ношукрлиги ва кофирлигининг жазосидир. Аслида,»Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир». Яъни, шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради.)