Part 9

 

88Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар: «Эй Шуайб, ёки, албатта, сени ва сен билан бирга иймон келтирганларни ўз қишлоғимиздан чиқарамиз, ёки ўз миллатимизга қайтасизлар», дедилар. У: «Гарчи ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а?!

89Агар сизнинг миллатингизга Аллоҳ бизга ундан нажот бергандан сўнг қайтсак, батаҳқиқ, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўламиз. Биз учун унга қайтиш мутлақо мумкин эмас, магар Роббимиз–Аллоҳ хоҳласагина (мумкин). Роббимиз ҳамма нарсани ўз илми ила қамраб олгандир. Аллоҳга таваккал қилдик. Эй Роббимиз, биз билан қавмимизнинг орамизни ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан», деди. (Яъни, биз учун ширк ва куфр миллатига, яъни, ортга қайтиш мутлақо мумкин эмас. Биз иймон келтирдик ва унинг лаззатини татиб кўрдик. Энди ёлғиз, бир ҳолатдагина–Аллоҳ бизни адаштиришни ирода қилсагина, ортга қайтишимиз мумкин. Зеро, Унинг иродасига ҳеч қачон бас келиб бўлмайди. Келажакда қилажак жамики амалларимизни ҳам унинг Ўзига топширдик. Биз фақат Аллоҳга суянамиз. Сизнинг таҳдид ва зўрлигингиз, сохта худоларингиздан заррача ҳайиқмаймиз, уларга эътибор бермаймиз ҳам. Шу йўл билан ишни ўзининг ҳақиқий эгаси ҳукмига ҳавола қилиб, иймон ва куфр ўртасида ҳукм чиқарувчи ҳокими мутлаққа мурожаат этдилар.)

90Унинг қавмидан бўлган, куфр келтирган зодагонлар: «Агар Шуайбга эргашсангиз, у ҳолда, албатта, зиён кўрувчидирсиз», дедилар.

91Бас, уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида ўтириб қолдилар.

92Шуайбни ёлғончига чиқарганлар худди у ерда яшамагандек бўлдилар. Шуайбни ёлғончига чиқарганлар, ўшалар зиён кўрувчилар бўлдилар.(Яъни, мазкур шиддатли зилзиладан кейин Шуайбга (а.с.) мухолиф бўлган кофирлар ҳалок бўлиб, батамом гумдон бўлиб кетдилар.)

93Кейин У улардан юз ўгирди ва: «Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг юборганларини етказган эдим ҳамда сизга насиҳат қилган эдим. Қандай қилиб кофир қавмларга қайғурай», деди.

94Қайси бир қишлоққа Пайғамбар юборсак, албатта, унинг аҳлини тазарруъ қилишлари учун зарарлар ва мусибатлар ила тутганмиз.

95Сўнгра ёмонликни яхшиликга алмаштирганмиз. Токи кўпайишиб ва «ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчилик етган эди», деганларида, уларни ўзларига сездирмай тўсатдан тутганмиз. (Вақт-соати келиб Аллоҳ таоло мазкур ёмон ҳолатларни яхшилик ҳолатларга алмаштириб қўяди. Одамлар бу яхши ҳолларда янада кўпайишади. Аммо бу зиёдалик ҳам улар учун синов эканлигини англаб етмайдилар. Аллоҳ уларни шукр қилармикин, деб яхши ҳолатларга солганини билмайдилар.)

96Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик. (Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин.)

97Қишлоқлар аҳли уларга Бизнинг бало-қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келишидан хотиржаммилар?!

98Қишлоқлар аҳли уларга Бизнинг бало-қазойимиз чошгоҳда, ўйнаётган ҳолларда келишидан хотиржаммилар?!

99Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлдиларми?! Аллоҳнинг макридан фақат зиён кўрувчи қавмларгина хотиржам бўларлар. (Ғафлатга солиб, гуноҳ қилса ҳам, дахлсиз тек қўйиб, кейин туйқусдан сездирмай олиш Аллоҳнинг ишидир, яъни, макридир.)

100Ерга унинг аҳлидан кейин меросхўр бўлганларга, агар хоҳласак, гуноҳлари туфайли уларга мусибат етказишимиз ва қалбларига муҳр босиб, эшитмайдиган қилиб қўйишимиз аён бўлмадими?!

101Биз сенга ана ўша қишлоқларнинг хабарларини қисқа қилиб айтиб бермоқдамиз. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Аммо улар олдин ёлғонга чиқарган нарсаларига иймон келтирмадилар. Аллоҳ шундай қилиб кофирлар қалбига муҳр босди.

102Уларнинг кўпларида аҳдга вафо кўрмадик. Агар уларнинг кўпларини топсак ҳам, фосиқликда топдик. (Яъни, улар субутсиз кимсалар бўлиб, аҳдга ҳеч вафо қилмасдилар. Бу қавмнинг аксари қисми фақат фосиқлик билан машғул эди. Фосиқликнинг маъноси Аллоҳ чизиб кўрсатган чегарадан чиқишдир. Яъни, улар Аллоҳ кўрсатган йўлдан озган кимсалар сирасидан эдилар.)

103Сўнгра уларнинг ортидан Мусони Ўз оятларимиз ила Фиръавн ва унинг зодагонларига юбордик. Бас, у(оят)ларга зулм қилдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол.

104Мусо: «Эй Фиръавн, албатта, мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман.

105Менга Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтмаслик лозимдир. Батаҳқиқ, мен сизларга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат келтирдим. Мен ила Бани Исроилни қўйиб юбор», деди. (Фиръавн Бани Исроилни қул-банда қилиб олган ва уларга Робб эканига шубҳаланмас эди. Мусо (а.с.) унга ҳақиқий Робб Аллоҳ эканини тушунтириб, Бани Исроилни озод қилиш ўша ягона Аллоҳнинг–ҳақиқий Роббнинг амри ни изҳор этдилар.)

106У:«Агар оят-мўъжиза келтирган бўлсанг, ростгўйлардан бўлсанг, келтир уни», деди.

107Асосини ташлаган эди... баногоҳ у аниқ аждар бўлди.

108Ва қўлини чиқарган эди... баногоҳ у назар солувчиларга оппоқ бўлиб кўринди. (Аслида, Мусо (а.с.) буғдойранг тусда эдилар. Фиръавн мўъжиза кўрсатишни талаб қилганда қўлларини қўлтиқларидан чиқарган заҳоти оппоқ тусда намоён бўлди.)

109Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, бу билимдон сеҳргардир!

110Сизларни ерингиздан чиқаришни хоҳлайди. Бас, нимага амр қиласизлар?» дедилар.

111Улар:«Уни ва акасини қўйиб тургин-да, шаҳарларга тўпловчиларни юбор.

112Ҳамма билимдон сеҳргарларни сенга олиб келсинлар», дедилар. (Мусо ва акаси Ҳорунни қўйиб тургин-да, барча шаҳарларга одам юбор, улар бор билимдон сеҳргарларни тўплаб келсинлар.)

113Сеҳргарлар Фиръавнга келиб: «Агар биз ғолиб бўлсак, албатта, мукофот олсак керак?» дедилар.

114У: «Ҳа. Ва, албатта, менинг яқин кишиларимдан бўлурсизлар», деди.

115Улар:«Эй Мусо, ёки сен ташла, ёки биз ташловчи бўлайлик», дедилар.

116У: «Сизлар ташланглар», деди. Улар ташлаганларида, одамларнинг кўзини сеҳрладилар, қўрқитдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар. (Улар қўлларидаги арқон ва асоларини ташладилар. Бояги арқон ва асолар одамларнинг назарига илон бўлиб кўринди.)

117Биз Мусога: «Асонгни ташла», деб ваҳий юбордик. Бирдан у улар уйдираётган нарсани юта бошлади. (Уста сеҳргарларнинг кўзбўямачилиги тўпланганларни даҳшатга солиб қўйган эди. Мусо (а.с.) ҳам кўпчилик билан бирга содир бўлаётган воқеани кузатиб турар эдилар. Аллоҳ у зотга «Асонгни ташла», деб ваҳий юборди. Мусо (а.с.) ерга асони ташладилар. Асо аждарга айланди ва бирдан сеҳргарлар намойиш этаётган уйдирма–кўзбўямачиликларни юта бошлади.)

118Бас, ҳақ қарор топди ва уларнинг қилаётганлари ботил бўлди.

119Ўша ерда енгилдилар ва беобрў бўлдилар.

120Ва сеҳргарлар саждага ташланиб:

121«Оламларнинг Роббига.

122Мусо ва Ҳоруннинг Роббига иймон келтирдик», дедилар. (Не боисдан сеҳргарлар биринчи бўлиб иймон келтирдилар? Чунки улар Мусо (а.с.) келтирган нарса сеҳр эмас, ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканини ҳаммадан бурун англаб етдилар. Сеҳргарларга ҳақиқат биринчи бўлиб етиб борди. Виждонлари уйғонди ва қалбларини иймон нури ёритди. Улар Аллоҳга сажда қилиш учун ўзларини ерга ташладилар.)

123Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз.

124Албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», деди. (Бу ҳам барча фиръавнларга хос хусусият. Улар ўзларига қул бўлган фуқароларнинг ҳатто Аллоҳга иймон келтиришни ҳам ундан сўраб, илтижоланиб, адо этишларини хоҳлайдилар. Барча давр фиръавнларининг мўминларга қарши қўллайдиган услуби шу: қадимда қўл-оёқларини кесиб, осишган; ҳозирда қамайдилар, азоблайдилар, отадилар. Аммо уларнинг бу усуллари иймон нури билан чароғон бўлган қалбларга заррача қўрқинч сола олмайди.)

125Улар:«Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.

126Сен биздан фақат Роббимизнинг оятлари келганда уларга иймон келтирганимиз учунгина ўч олмоқдасан! Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин», дедилар.

127Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: «Сени ва худоларингни тарк қилса ҳам, Мусо ва унинг қавмини ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўйиб берасанми?» дедилар. У: «Ўғилларини ўлдирамиз ва аёлларини тирик қолдирамиз ва, албатта, биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз», деди.

128Мусо ўз қавмига: «Аллоҳдан ёрдам сўранглар ва сабр қилинглар. Ер Аллоҳники, уни бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мерос қилиб беради. Ва оқибат тақводорларникидир», деди.

129Улар: «Сен бизга келмасингдан олдин ҳам, келганингдан кейин ҳам озор тортдик», дедилар. У: «Шоядки Роббингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни ер юзига халифа қилиб, қандай амал қилишингизга назар солса», деди. (Қавм Пайғамбарига таъна қилди. Сен келмасингдан бурун ҳам озор тортар эдик, ўшанда ҳам ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдирар эдилар, сен келганингдан кейин ҳам бари бир озор топмоқдамиз. Уларнинг фикрича, Пайғамбар келиши ҳамоно ҳамма нарса уларнинг фойдасига ҳал бўлиб қолиши керак экан. Улар Пайғамбар шахсига таъна қилмоқдалар. Аммо нега ўзларига назар солмайдилар? Ўзлари нималар қилдилар? Иймон келтирдиларми? Иймон тақозо этган бирор-бир ишни қилдиларми?)

130Биз Фиръавн аҳлини, шояд эсласалар, деб (қаҳатчилик) йиллар ва мевалар танқислиги ила тутдик.

131Улар ўзларига яхшилик етганда: «Бунга биз ҳақдормиз», дедилар. Агар уларга ёмонлик етса, Мусо ва у билан бирга бўлганлардан шумландилар. Огоҳ бўлсинларким, уларнинг шумликлари Аллоҳнинг ҳузуридан бошқа жойда эмас. Лекин кўплари билмайдилар.

132Улар: «Ҳар қанча оят келтириб бизни сеҳрламоқчи бўлсанг ҳам, биз сенга иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар.

133Бас, уларнинг устидан тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қонларни очиқ-ойдин ва муфассал белгилар қилиб юбордик. Бас, улар мутакаббирлик қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар. (Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг аҳли ваъз-насиҳатга қулоқ тутсин, инсофу иймонга келсин, қилаётган жиноятларидан қайтсин, деб уларга муфассал қилиб, алоҳида-алоҳида тарзда оят-белгиларни юборди. Баъзи уламоларнинг фикрича, Исро сурасидаги «Мусога тўққизта очиқ-ойдин, оят-белги бердик», дейилишига қараганда, тўққиз йилда тўққизта оят юборган, чунончи: асо, қўл, қаҳатчилик, мева ва жонларни нуқсонга учратиш, тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қон. Аллоҳ таоло ҳар гал бало юборганида, Фиръавн аҳли дод-вой солишиб, тавба қилишар, жиноятларини тарк этишга ва Бани Исроилни қўйиб юборишга Мусога (а.с.) ваъда беришар эди.)

134Қачонки устиларига азоб тушса: «Эй Мусо, сенга берган аҳд ҳурмати, Роббингга дуо қил, агар биздан азобни кўтарсанг, албатта, сенга иймон келтирамиз ва Бани Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дер эдилар.

135Қачонки устиларидаги азобни ўзлари етиб борадиган муддатга кўтарсак, қарабсанки, қасамларини бузиб турибдилар.

136Бас, улардан интиқом олдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганлари ва улардан ғофил бўлганлари учун уларни денгизга ғарқ қилдик. (Аллоҳ таоло вақти-соати етганида, қоил мақом қилиб интиқом олди. Аллоҳнинг оятларини рад этиб, кофирлардан ибрат олмай, ғофил бўлганлари учун сув қаърига ғарқ бўлиб, ҳаммалари бирданига ҳалок бўлдилар. Ояти каримада, денгизга ғарқ қилдик, дейилади.)

137Ва хўрланиб юрган қавмни эса, Ўзимиз баракали қилган ернинг машриқию мағрибига меросхўр қилдик. Сабр қилганлари учун Роббингнинг гўзал сўзлари Бани Исроилга батамом бўлди. Фиръавн ва унинг қавми қурган нарсаларни ва улар юксалтирган нарсаларни вайрон қилдик. (Оятдаги «хўрланиб юрган қавм»дан мурод Бани Исроилдир. Фиръавн ва унинг аҳли Бани Исроил ўғлонларини ўлдириб, қизларини чўри, ўзларини хизматкор қилиб, мудом хўрлашар эдилар. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини улкан жиноятлари боисидан ғарқ этиб, ҳалок қилганидан сўнг, «хўрланиб юрган қавм»ни Ўзи баракали қилиб қўйган ернинг машриқ ва мағрибига меросхўр қилганини эслатмоқда. Энди улар хорликдан қутулиб, озод ва фаровон турмуш кечириш имконига эга бўлдилар.)

138Ва Бани Исроилни денгиздан олиб ўтдик. Бас, улар ўз санамларига берилиб сиғинаётган қавм устига келдилар. Улар:«Эй Мусо, бизга ҳам худди уларнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер», дедилар. У: «Албатта, сиз жоҳил қавм бўлаётибсиз.

139Ахир, анавилар этиб турган нарса ҳалокатдир ва қилаётган ишлари ботилдир», деди. (Аслида, уларни Фиръавн ва унинг аҳлининг узоқ муддатли эзишидан, хўрлашидан халос этган Аллоҳга шукр айлаб, ёлғиз Унгагина ибодат қилишлари керак эди. Аслида, уларни даҳшатли азоб-уқубатлардан Аллоҳнинг амри ва ёрдами ила фидокорлик қилиб қутқазиб олиб чиққан Пайғамбарлари Мусонинг (а.с.) маслаҳатисиз ҳеч бир иш қилмасликлари лозим эди. Лекин улар бир золим бутпараст қавмни йўл-йўлакай кўриб қолиб, уларга ҳавас қиляптилар.)

140У:«Сизларга Аллоҳдан ўзгани худо қилиб берайми?! Ҳолбуки, У сизларни оламлардан афзал қилган зот-ку!» деди. ( Аллоҳ таоло уларга Пайғамбар юбориб, илоҳий китоб нозил қилса, шариат бериб, ўз замонасидаги одамлардан афзал этиб қўйса-ю, улар ўз Пайғамбарларига, бизга ҳам анави қавмнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер, деб туришса. Бу ғоят даражада ношукрлик ва ўтакетган шаккоклик эди)

141Сизларни ёмон азобларга қўяётган, ўғилларингизни ўлдириб, қизларингизни тирик қолдираётган Фиръавн аҳлидан қутқарганимизни эсланг! Ва бу ишда Роббингиздан улуғ синов бордир.

142Ва Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса, уни ўн (кеча) билан тугал қилдик. Бас, Роббининг белгилаган вақти тўлиқ қирқ кеча бўлди. Мусо акаси Ҳорунга: «Қавмимда менинг ўрнимни ол, яхши иш қил, бузғунчиларнинг йўлига эргашма», деди.

143Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, сенга назар солай», деди. У зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди. (Башар фарзанди тарихидаги тенги ва ўхшаши йўқ ҳодиса. Робб ила банданинг учрашуви. Бутун оламларни яратган Зот билан ўша оламларнинг кичик бир заррасининг юзлашуви. Бу учрашув тафсилотини ва қандай ҳолда рўй берганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса, Қуръонда зикр этилгани билан кифояланамиз, холос. Эҳтимол ушбу учрашув келажакдаги машаққатларни енгиб ўтиш учун Мусога (а.с.) қувват ва сабот манбаи бўлар. Эҳтимол шунинг учун учрашувдан бурун қирқ кун ҳамма нарсани тарк этиб, чилла ўтириб алоҳида ҳозирлик кўрилгандир. Вақти-соати етиб, учрашув ўз вақтида, белгиланган жойда содир бўлди. Бу учрашув араб лафзида «мийқот», яъни, исми замон ва исми макон бўлиб ва учрашув вақти ва замони маъносини билдиради.)

144У зот:«Эй Мусо, Мен сени одамлар ичидан Пайғамбарлигим ва гаплашишим ила танлаб олдим. Бас, сенга берган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!» деди.

145Ва унга лавҳларда ҳамма нарсадан мавъиза ва ҳар бир нарсанинг тафсилотини ёзиб бердик. «Бас, уларни қувват ила тут ва аҳлингга буюр, уларнинг энг яхшиларини олсинлар. Энди сизларга фосиқларнинг диёрини кўрсатаман», дедик. (Ушбу ояти каримада зикр қилинган «лавҳлар» ҳақида тафсир уламолари кўплаб маълумотлар келтиришган, кўплаб баҳс мунозара қилишган. Аммо кейинги даврдаги муҳаққиқ тафсирчи олимларимиз, маълумотларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбалардан олинмаганлиги учун улар ҳақида тортишувнинг ҳожати йўқ, деган хулосага келганлар. Биз учун «лавҳлар» нимадан иборатлиги, қайси моддадан бўлгани, шакли ёки ҳажми аҳамиятсиз, балки уларга ёзилган маънолар аҳамиятлидир, дейди муфассирлар.)

146Энди ер юзида ноҳақдан мутакаббирлик қилаётганларни, барча оятларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмаётганларни, тўғрилик йўлини кўрсалар ҳам, уни ўзларига йўл тутмаётганларни, агар адашув йўлини кўрсалар, уни ўзларига йўл тутаётганларни Ўз оятларимдан бураман. Бундай бўлиши уларнинг оятларимизни ёлғонга чиқаришлари ва улардан ғофил бўлишлари сабабидандир.

147Оятларимизни ва охират мулоқотини ёлғонга чиқарганлар амаллари бехуда кетганлардир. Улар фақат қилиб юрган амалларининг жазосини олурлар.

148Мусонинг қавми ундан кейин тақинчоқларидан (бўлган) бўкирадиган бузоқ жасадини (худо) тутдилар. Унинг уларга гапирмаслигини ва уларни ҳидоят қилмаслигини билмадиларми?! Уни (худо) тутдилар ва зулм қилувчилардан бўлдилар. (Яъни, Мусонинг (а.с.) қавми бўлмиш Бани Исроил, у зот Роббининг мийқотига кетганларидан сўнг, ўзлари билан Мисрдан олиб чиққан тақинчоқлардан ясалган бузоқ жасади–ҳайкалини ўзларига худо қилиб олдилар. Бу тақинчоқлар Миср аҳолиси–қибтийларнинг тақинчоқлари эди. Қавм ичидан Самурий исмли одам ўша тақинчоқлардан бузоқ шаклини ясаб, устакорлик билан ундан хўкизнинг бўкиришига монанд овоз чиқадиган ҳолга келтирди. Мусо (а.с.) Бани Исроилга маълум ўттиз кундан ортиқ қолиб кетганларидан сўнг, Самурий: «Мусо мийқотига кетган Робби шунинг ўзи, у унутиб қўйиб бошқа ёқларда адашиб юрибди», деди. Бани Исроил Пайғамбарлари Мусонинг сўзларини унутиб, унинг халифаси Ҳоруннинг ҳам гапига кирмай, Самурийнинг иғвоси ила тилла тақинчоқлардан ясалган алланечук бўкиргувчи бузоқ ҳайкалига сиғинмоққа ёпирилдилар.)

149Қўллари тушган пайтда ва ўзларининг адашганларини билганларида: «Агар Роббимиз бизга раҳм қилмаса ва мағфират этмаса, албатта, зиёнкорлардан бўламиз», дедилар.

150Қачонки Мусо ўз қавмига ғазабланган ва афсус қилган ҳолида қайтганида: «Менинг кетимдан қандай ҳам ёмон халифа бўлдингиз. Роббингизнинг амридан (олдин) шошилдингизми?!» деди ва лавҳларни ташлаб, акасининг бошидан тутиб, ўзига торта бошлади. У (Ҳорун): «Эй онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди. Энди сен душманларни устимдан кулдирмагин ва мени ҳам золим қавмлардан деб билмагин», деди. ( Дарғазаб бўлган укадан бу тасарруфни кўрган Ҳорун (а.с.) уни бир оз ҳовридан тушириш учун ораларидаги ака-укалик ҳурматини эслатиб: «Эй онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди», дедилар.)

151У: «Мени ва акамни мағфират қилгин ва бизларни Ўз раҳматингга киритгин. Сенинг Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан», деди.

152Албатта, бузоқни (худо) тутганларга Роббиларидан ғазаб ва ҳаёти дунёда хорлик етадир. Ёлғон тўқувчиларни мана шундай жазолаймиз.

153Гуноҳ ишларни қилганлар, ундан кейин тавба қилсалар ва иймон келтирсалар, албатта, Роббинг ундан сўнг мағфират қилгувчи ва меҳрибон зотдир.

154Қачонки Мусонинг ғазаби босилгач, лавҳларни олди. Уларнинг нусхасида Роббиларидан ҳақиқатда қўрқадиганлар учун ҳидоят ва раҳмат бор эди. (Ҳоруннинг гапидан кейин бир оз ўзига келиб, Аллоҳдан мағфират сўраб, унинг раҳматидан умидворликларини билдирганларидан сўнг, Мусонинг (а.с.) ғазаблари босилди. Шунда ерга қўйган лавҳларни қўлларига олдилар. Бу лавҳларда Аллоҳ таолодан ҳақиқатда қўрқадиган одамлар учун катта ҳидоят ва улкан раҳматлар борлиги ёзилган эди)

155Ва Мусо мийқотимизга қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Уларни даҳшатли зилзила тутган пайтда: «Эй Роббим, агар хоҳласанг, буларни ҳам, мени ҳам бундан олдин ҳалок қилсанг бўларди. Эсипастларимиз қилган иш туфайли бизни ҳалок қиласанми? Бу Сенинг синовингдан бошқа нарса эмас. У ила кимни хоҳласанг, адаштирасан ва кимни хоҳласанг, ҳидоятга соласан. Сен валиймизсан, бас, бизни мағфират қил ва раҳм эт. Сенинг Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисисан. (Бани Исроил тилладан ясалган бузоқ ҳайкалига ибодат қилиб, улкан гуноҳ содир этганлари, кейин афсус билан тавба қилганлари учун Аллоҳ таоло Мусога (а.с.) улардан етмиш кишини Ўз мийқотига олиб келишни амр қилган эди. Мусо (а.с.) Бани Исроилнинг ўн икки уруғидан, бузоққа ибодат қилмаган етмиш кишини танлаб, Аллоҳнинг мийқотига олиб бордилар. Улар эса Мусога (а.с.), бизга худонинг Ўзини кўрсат, деб туриб олдилар.Ҳаттоки улар орасидан танлаб олинганларнинг қилмиши шу бўлди. Бундай шаккоклик содир этганларидан сўнг, уларни даҳшатли зилзила тутиб, ўзларидан кетдилар.)

156Ва бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзиб қўй. Биз сенинг Ўзингга тавба қилдик», деди. У зот:«Азобим ила кимни хоҳласам, тутаман. Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман.

157Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий, Набий, Пайғамбарга эргашадилар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар–ана ўшалар нажот топгувчилардир», деди. (Аллоҳдан гуноҳларини кечишини сўраганларидан сўнг, у зот икки дунёнинг яхшилигини ҳам сўрадилар. Фақат охиратнинггина эмас, бу дунё ва у дунёнинг яхшиликларини сўрадилар. Бу ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Мусо (а.с.) танлаб олинган етмиш нафар номидан қилган илтижолари охирида «Биз сенга тавба қилдик», дедилар. Муҳаммаднинг (с.а.в.) сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган. Шундай бўлишини Аллоҳ таоло қадимда Мусо (а.с.) билан бирга мийқотга келган Бани Исроилнинг етмишта вакилига ҳам айтган. Кейинчалик шундай бўлди ҳам. Қанчадан-қанча аҳли китоблар ёки бу китоблардан бўлажак Пайғамбарнинг сифатлари ҳақида маълумот олганлар Муҳаммадни (с.а.в.) кўришлари билан иймонга келдилар.)

158Сен:«Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз», деб айт. (Бурунги Пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги Пайғамбар келгунча бўлган даврга Пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Аммо Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга Пайғамбар бўлиб келдилар. У кишининг шариатлари вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки барча вақт ва маконга салоҳияти бор шариатдир. Шунинг учун ҳам Муҳамадга (с.а.в.) бутун инсониятга қарата, мен барчангизга Пайғамбарман, деб айтиш ҳуқуқи берилган.)

159Ва Мусонинг қавмидан баъзи жамоалар борки, ҳақ ила ҳидоят қилиб, у ила адолат қиларлар. (Яъни, Бани Исроил ёппасига ёмон бўлмаган. Мусо (а.с.) даврларида уларнинг орасида баъзи жамоалар ҳақ сўзлар ила одамларни ҳидоятга бошлаб, ҳақ ила уларнинг сафида адолат қилганлар. Кейинчалик Муҳаммад (с.а.в.) Пайғамбар бўлиб келганларида Абдуллоҳ ибн Саломга (р.а.) ўхшаш Бани Исроил аҳли шундай қилдилар.)

160Уларни ўн икки уруғ–жамоага бўлиб юбордик. Ва қавми ундан сув талаб қилган пайтда Мусога: «Асонг ила тошни ур!» деб ваҳий юбордик. У(тош)дан ўн иккита булоқ отилиб чиқди. Ҳамма одамлар ўз сувхонасини билди. Ва уларга булутни соябон қилдик, манн ва беданаларни нозил қилдик. «Сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларини енглар» (дедик). Улар бизга зулм қилмадилар. Лекин ўзларига зулм қилар эдилар. (Маълумки, Исроил лақабини олган Яъқубнинг (а.с.) ўн иккита ўғиллари бор эди. Аллоҳ ана ўша ўн иккита ўғилдан тарқалган фарзандларнинг ҳар бирини бир жамоа–қабила қилиб қўйди.Саҳрода сув билан таъминлашнинг устига, Бани Исроил бошида булутни соябон бўлиб сузиб юрадиган қилиб қўйди. Улар қаерга бормасинлар, бошлари узра булут соя солиб турар эди. Таом сифатида осмондан манн (асалли ҳалво) ва бедана гўштини ҳозир қилиб қўйди)

161Уларга: «Мана бу шаҳарни маскан тутинглар, унда хоҳлаган жойингизда таом енг ва «Ҳиттатун» (гуноҳларимизни кечир) деб эшикдан сажда қилган ҳолингизда кирсангиз, сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз, эҳсон қилувчиларга зиёда қиламиз», деганимизни эсла.

162Бас, улардан зулм қилганлари уларга айтилгандан ўзга гапни алмаштирдилар. Бас, зулм қилганлари туфайли устларига осмондан азоб юбордик. (Улардан зулм қилганлари айтишлари лозим бўлган «Ҳиттатун» деган иборани, «Ҳинтатун», яъни, «буғдой» деган сўзга алмаштирдилар ва шаҳарга сажда қилган ҳолларида эмас, ортлари билан сурилиб кирдилар. Ана шу итоатсизлик ва зулмлари учун Аллоҳ таоло уларнинг устидан азоб туширди.)

163Улардан денгиз соҳилида бўлган қишлоқ ҳақида, шанба кунида ҳаддан ошганлари, шанбалик кунларида балиқлари очиқ келиб, шанбалик қилмаган кунлари келмагани ҳақида сўра. Қилган фосиқликлари туфайли уларни шундай синаймиз. (Оятдаги бу хитоб Пайғамбаримиз Муҳаммадга (с.а.в.) қаратилгандир. Аллоҳ ул зотга яҳудийлардан уларнинг тарихида бўлиб ўтган машҳур воқеа ҳақида сўрашга амр қилмоқда. Бани Исроилнинг талабларига биноан ҳафтанинг шанба куни улар учун байрам, дам олиш куни қилиб белгиланди. Бу куни уларга ишлаш ва тирикчиликка уриниш ҳаром қилинди. Соҳил бўйидаги мазкур қишлоқда яҳудийлар учун катта синов бўлди. Шанба куни балиқлар соҳилга келиб очиқ-ойдин кўриниб, кўзларини ўйнатиб юрар эди. Шанба кунидан бошқа куни эса ҳеч бир балиқ кўринмасди. Шунда Бани Исроилдан баъзилари чидаб тура олмай ман қилинган амрни буздилар. Ривоятларда келишича, улар шанба куни алоҳида тўсиқлар ташлаб, соҳилга келган балиқларни қайтиб кета олмайдиган қилиб қўйишар ва якшанба куни йиғиб олишар, шу билан бирга, биз Аллоҳнинг амрини бузганимиз йўқ, шанба куни дам олдик, ов қилганимиз йўқ, дер эдилар.)

164Улардан бир жамоат: «Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб-ла азобловчи қавмга ваъз қилиб нима қиласиз?!» деганида, улар, Роббингизга узр бўлиши учун ва шоядки тақво қилсалар деб, дедилар. (Яъни, Аллоҳ олдидаги бурчимизни адо этдик. Охират куни Аллоҳ сўраб қолса, узр бўлиши учун уларга насиҳат қилдик ва яна шоядки насиҳат таъсир этиб, тақво қилиб қолсалар, деган умидимиз бор эди, дедилар.)

165Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсани унутганларида, ёмонликдан қайтараётганларга нажот бердик ва зулм қилганларни қилган фосиқликлари туфайли шиддатли азоб ила тутдик.

166Бас, улар ўзлари қайтарилган нарсадан қайтмай, такаббурлик қилганларида, уларга: «Хўрланган маймунларга айланинг!» дедик. (Солиҳ қавмлар ваъз қилиб қайтарсалар ҳам, улар қайтмадилар. Мутакаббирлик қилдилар ва улар «хўрланган маймунга» айландилар. Чунки Аллоҳ таолонинг «Бўл» деган амри бўлмасдан қолмайди.Улар оддий маймун эмас, «хўрланган маймун»га айландилар.)

167Роббинг, албатта, уларнинг устларига қиёмат кунигача уларга ёмон азобни тоттирадиганларни юборишни эълон қилганини эсла! Албатта, Роббинг иқоби тез зотдир ва, албатта, У мағфиратли ва раҳмли Зотдир.

168Ва уларни ер юзида жамоатларга бўлиб юбордик. Улардан аҳли солиҳлари бор ва улардан ундай эмаслари ҳам бор. Шоядки қайтсалар, деб уларни яхшиликлар ва ёмонликлар ила синадик.

169Бас, улардан сўнг, ортларидан китобни меросга олган бир ўринбосарлар келдики, улар мана бу тубаннинг ўткинчи (матоҳи)ни оларлар ва «бизни кечирилади», дерлар. Агар ўшанга ўхшаш ўткинчи нарса келса, яна олаверадилар. Улардан Аллоҳга нисбатан фақат ҳақдан бошқа нарса айтмасликка Китобнинг аҳду паймони олинган эмасмиди?! Улар у(китоб)даги нарсаларни ўрганганлар-ку?! Охират ҳовлиси тақво қилганлар учун яхшидир. Ақл ишлатмайсизларми?! (Аслида, Аллоҳ гуноҳни билмай қилиб қўйиб, тавба-надомат чеккан, қайта унга яқинлашмаганларнигина кечиради. Аммо билиб туриб гуноҳ қилгач, тавба қилмайдиган, ўзларича «бизни кечирилади», деб ҳукм чиқариб, яна гуноҳ қилаверадиганлар Аллоҳга нисбатан фақат ҳақдан бошқа нарса айтмасликка Китобнинг аҳд-паймонини олган эмасмидилар?! Аллоҳ Тавротда Бани Исроилга буни таъкидлаб айтган эди.)

170Китобни маҳкам тутганлар ва намозни қоим қилганлар бўлса, албатта, Биз аҳли солиҳларнинг ажрларини зое қилмасмиз.

171Уларнинг устига тоғни худди соябондек кўтарганимизни, улар уни, устимизга тушиб кетади, деб ўйлаганларида, сизга берган нарсамизни қувват ила олинглар ва ундаги нарсани эсланглар, шоядки тақво қилсангиз, деганимизни эсла.

172Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғанасидан, қиёмат куни, бундан ғофил эдик, демасликларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Роббингиз эмасманми?» деганида; «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!» деганларини эсла. (Аллоҳ таоло Ўзига маълум бўлган бир пайтда, даври қиёматгача дунёга келадиган барча одамларни оталарининг сулбидан уруғликларни чиқариб олган ва ўша уруғликларга «Роббингиз эмасманми?!» деб савол берган. Мазкур илоҳий саволга ҳамма зурриётлар «Худди шундай», яъни, албатта, сен Роббимизсан, «гувоҳ бўлдик», деб жавоб беришган. Шунга биноан инсон уруғлик пайтида, яъни, она қорнига ўтганда ва инсон бўлиб яралганда, Аллоҳнинг Робб эканлигини эътироф этгувчи табиат соҳиби бўлади.)

173Ёки: «Ҳақиқатда, ширк келтирганлар олдинги ота-боболаримиз, биз, уларнинг кейинги зурриётимиз. Ботил иш қилувчиларнинг қилмиши туфайли бизларни ҳалок этасанми», демаслигингиз учун.

174Шояд қайтсалар, деб оятларни мана шундай батафсил баён қиламиз.

175Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб бер! (Ушбу ояти каримада зикр қилинган шахс ким экани хусусида мўътабар тафсир китобларимизда кўп сонли турли-туман ривоятлар бор. Шунинг ўзи ҳам бу оят муайян бир шахсга хос бўлмай, балки маълум бир тоифа одамларга хос эканини кўрсатиб турибди. Ояти каримада «оятларимизни берганимизда», дейилишига кўра, у одам диний илмдан огоҳ экани кўриниб турибди. Демак, у одамга Аллоҳ таоло диний илмларни эгаллашга имкон берган, аммо у (Аллоҳ) оятларидан ўзини олиб қочган, яъни, илмига амал қилмаган. Шу туфайли, «уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган».)

176Агар хоҳласак, уни ўша (оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар.

177Оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисоли қандай ҳам ёмон бўлди! Улар ўзларига зулм қиларлар.

178Аллоҳ кимни ҳидоятга солса, ўша ҳидоят топувчидир. Кимни адаштирса, ўшалар ўзлари зиён кўрувчилардир.

179Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар.

180Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша(исм)лар ила дуо қилинг ва Унинг исмларидан оғадиганларни тек қўйинг. Яқинда қилган амалларига яраша жазоланурлар. (Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим. Имоми Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта, бир кам юзта исми бордир. Ким уларни санаб чиқса, жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради», деганлар.)

181Ва Биз яратган кимсалар ичида ҳақ ила ҳидоят қиладиган ва у ила адолат қиладиган жамоат ҳам бор.

182Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, улар билмайдиган томондан аста-секин оламиз. (Яъни, Аллоҳ таоло кофир ва мунофиқларни оҳиста-оҳиста ўзларига билдирмаган ҳолда ҳалок қилади. Даставвал уларнинг хоҳлаган йўриғига юришга имкон бериб қўяди. Кофирлар бу ҳолни ўзларининг тадбири, ақли ва уринишларига йўйиб, залолатда шиддатлайверади. Охир бориб, ҳалокатга дуч келади.)

183Уларга муҳлат бериб қўяман. Албатта, менинг «макрим» метиндир.

184Улар ўз соҳибларида мажнунлик йўқлигини тафаккур қилиб кўрмайдиларми?! У фақат ошкора огоҳлантирувчи, холос.

185Осмонлару ернинг мулкларига, Аллоҳ яратган нарсаларга ва, ажаб эмаски, ажаллари яқинлашиб қолган бўлишига назар солмайдиларми? Бундан кейин, яна қайси гапга ишонарлар?!

186Аллоҳ кимни залолатга кетказса, унга ҳидоят қилувчи йўқдир. Уларни тек қўйиб қўяди, туғёнларида адашиб-улоқиб юраверадилар.

187Сендан (қиёмат) соати қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен:«Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен:«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар.(Kиёмат Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Лекин мушриклар Пайғамбаримизни (с.а.в.) синаш, ул зотни хижолат қилиш учун, қиёмат қачон бўлади, деб сўроқ қиладилар. Қиёматнинг қачон бўлиш илми Аллоҳнинг Ўзига хос илмидир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммадга (с.а.в.) ҳам билдирмаган. У зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса айб эмас.)

188Ўзим учун на фойда ва на зарарга молик эмасман. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади. Агар ғайбни билганимда яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмасди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмлар учун огоҳлантирувчи ва башорат берувчиман, холос», деб айт.

189У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилдилар.

190Уларга солиҳ (фарзанд)ни берганида эса, Аллоҳ берган нарсада Унга шериклар қила бошладилар. Аллоҳ улар келтирган ширкдан олийдир. (Қуръони Карим нозил бўлаётган даврда одамлар ўз болаларини баъзи бутларга назр қилардилар. Уларга шундай маъноларни акс эттирадиган исмларни қўяр эдилар. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш ҳодисалар учраб туради. Болага турли мақсадлар асосида ном қўйиш ёхуд фақат шу жиҳатларга эътибор бериш, тарбиясини ҳам ушбу ҳолатга мослаб қилиш кенг тарқалган. Жоҳил инсонлар аҳволлари оғир пайтларда Аллоҳга ёлборганлари, боламизни соғ-саломат қўлимизга олсак, Аллоҳга шукр қиламиз, деб берган аҳду паймонларини унутиб, бошқа турли-туман ширк йўлидаги орзу-ҳавасларга берилиб кетадилар. Натижада Аллоҳ берган неъмат–фарзандда ўша ғалат орзу ҳаваслар камол топиши учун ҳаракат қиладилар. Бу нарса Қуръони Каримда ширк деб номланмоқда.)

191Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, ўзлари яратиладиган нарсаларни ширк келтирадиларми? (Ота-оналар ёхуд ўша боланинг камолотига дахлдор барча кишилар Аллоҳга шерик қиладиган нарсалари нима бўлишидан қатъи назар, ҳеч нарсани ярата олмайдилар. Балки уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қудрат қўли билан яратилгандирлар. Шундай экан, қандай қилиб уларни Аллоҳга ширк килиш мумкин?)

192Ва уларга ёрдам беришга қодир эмаслар ҳамда ўзларига ҳам ёрдам бера олмаслар. (Яъни, Аллоҳга ширк қилиб келтирилаётган ўша нарсалари бировга ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто ўзига ҳам ёрдам беришга қодир эмас.)

193Агар уларни ҳидоятга даъват қилсангиз, сизга эргашмаслар. Уларни даъват қиласизми ёки жим турувчи бўласизми, сиз учун барибир.

194Албатта, сиз Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётганлар ўзингизга ўхшаш бандалардир. Агар ростгўй бўлсангиз, уларни чақириб кўринг, бас, сизга жавоб берсинлар-чи!

195Ёки уларнинг оёқлари бормики, юрсалар; ёки қўллари бормики, ушласалар; ёки кўзлари бормики, кўрсалар; ёки қулоқлари бормики, эшитсалар. Сен:«Шерикларингизни чақиринг-да, менга ҳеч муҳлат бермай, зиддимга ҳийла-найранг қилаверинг!

196Албатта, менинг валий–эгам Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни дўст тутадир.

197Ундан ўзга сиз ибодат қилаётганлар сизга ёрдам беришга қодир эмаслар ва ўзларига ҳам ёрдам бера олмаслар.

198Агар уларни ҳидоятга даъват қилсангиз, эшитмаслар. Уларни сенга назар солиб тургандек кўрасан. Ҳолбуки, улар кўрмаслар», деб айт.

199Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир. (Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул зот ҳақидаги ривоятларда кишини ҳайрон қолдирарли даражадаги ҳолатлар зикр этилган. Ул зотнинг саҳобаи киромлари, ҳақиқий мўмин-мусулмонлар ҳам доимо ояти каримада таъкидланганидек бўлишга, ана шу қоида асосида яшашга ҳаракат қилганлар.)

200Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У яхши эшитувчи ва яхши кўрувчи Зотдир. (Яъни, жоҳиллар билан муомала қилиш мушкул иш. Улардан ҳар нарсани кутиш мумкин. Мабодо ўшандай муомала чоғида бирор кўнгилсизлик содир бўлиб, шайтон васваса қиладиган бўлса, қизишмасдан, дарҳол Аллоҳдан паноҳ сўра. У энг яхши эшитгувчи Зот, сўровингга дарҳол жавоб беради.)

201Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар. (Шайтондан бирор бир шарпа (васваса, иғво ва ғазаб) етиши жаҳолат, кўрлик ва нодонликка бошлайди. Аллоҳнинг зикри эса, илм-маърифат, кўзи очиқлик ва оқиллик манбаидир.)

202Ва у(шайтон)ларнинг биродарлари йўлдан оздиришда уларга мадад берадилар, сўнгра бунда тўхтамаслар.

203Ва агар уларга мўъжиза келтирмасанг, «Ўзинг тўқиб қўявермайсанми?» дейдилар. Сен:«Мен фақат Роббимдан ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Мана бу–иймон келтирувчи қавм учун Роббингиздан кўз очувчи, ҳидоят ва раҳматдир», деб айт.

204Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз. (Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар. Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор.)

205Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъла, қўрқиб овоз чиқариб, гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма.

206Роббинг ҳузуридагилар, албатта, Унинг ибодатидан мутакаббирлик қилмаслар, Уни поклаб ёд этарлар ва Унга сажда қиларлар.

Chapter 8 (Sura 8)

1Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар.Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар», деб айт.

2Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир.

3Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир.

4Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Роббилари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор.

5Албатта, бу ҳолат, мўминлардан бир гуруҳи ёқтирмаган бўлсалар ҳам, Роббинг сени ҳақ ила уйингдан чиқарганга ўхшайди. (Яъни, уйингдан Бадрга уруш қилиш учун чиқарганга ўхшайди. Ушбу икки иш - ўлжани бўлиш ва ғазотга чиқишнинг бир-бирига ўхшашликлари бор. Ўлжа тақсимоти бир гуруҳ мўминларга ёқмаганидек урушга чиқиш ҳам баъзи бир мўминларга ёқмаган эди.)

6Худди ўзлари кўриб турган ҳолларида ўлимга ҳайдалаётгандек, ҳақ аён бўлгандан кейин ҳам сен билан баҳслашарлар. (Ҳақ аён бўлгандан кейин ҳам, яъни, уруш бўлиши аён бўлиб қолгандан кейин ҳам. Чунки Абу Суфён карвонни бошқа томонга буриб, соҳил бўйлаб ўтиб кетганининг ва қурайшликлар аскар тортиб келаётганининг аниқ хабари етган эди. Шундай бўлса ҳам, баъзилар биз карвонни қасд қилиб чиққан эдик, урушга тайёр эмасмиз, деб сен билан баҳс қилдилар. Агар урушга борсак, албатта, ўламиз, деб ўйладилар.)

7Ўшанда Аллоҳ сизга икки тоифадан бири албатта, сизники бўлишини ваъда қилган эди. Сизлар шавкати йўғи сизларники бўлишини суяр эдингиз. Аллоҳ эса, Ўз калималари ила ҳақни ҳақ қилишни ва кофирларнинг думини қирқишни ирода қилган эди. (Яъни, Бадр томон юрган вақтингизда, икки тоифадан бири–ёки Абу Суфённинг карвони ёки Қурайш лашкарлари сизники бўлишини Аллоҳ ваъда қилган эди.)

8Жиноятчилар ёқтирмасалар ҳам, ҳақни ҳақ, ботилни ботил қилиш учун шундай бўлишини ирода қилган эди.

9Ўшанда Роббингиздан мадад сўраганингизда, сизни (сўровингизни) ижобат қилиб: «Албатта, мен сизларга кетма-кет келадиган мингта фаришта ила мадад берувчиман», деди.(Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мадад учун фаришталарни юборганлиги ҳақида мавзуларда энг ишончли манба Қуръони Карим ва ҳадиси шариф бўлади. Икрима ва Ибн Аббос (р.а.)лардан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар (с.а.в.) Бадр куни:-Мана бу Жиброил отининг бошидан тутиб устида уруш анжомлари билан келмоқда, дедилар.)

10Аллоҳ у(мадад)ни башорат ва қалбларингиз у билан хотиржам бўлиши учунгина қилди. Ғалаба эса, фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.

11Ўшанда У сизни Ўзидан омонлик қилиб, мудроқ ила ўраган эди ва сизни поклаш, сиздан шайтоннинг васвасасини кетказиш ҳамда қалбларингизни боғлаш ва қадамларингизни собит қилиш учун устингизга осмондан сув туширган эди. (Мусулмонларга ажойиб бир руҳий ҳолат пайдо бўлди ўшанда. Ҳозиргина қўрқиб, хавсираб турган одамлар бир мудроқдан кейин қалблари тўла сокинлик, ўзлари ҳотиржам, душмандан заррача қўрқмайдиган ҳолга келдилар. Мудроқ босиш ҳолати Пайғамбаримизда (с.а.в.) қандай кечгани Имоми Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида бундай ривоят қилинган: «Бадр уруши куни Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) билан капада дуо қилиб турганларида Расулуллоҳни (с.а.в.) мудроқ босди. У киши кулиб уйғондилар. «Суюнавер, эй Абу Бакр, Жаброил отда икки томонидан чанг чиқариб келмоқда», дедилар. Сўнгра кападан «Тезда бу жамоат енгилади ва орқага қараб қочурлар», деган оятни ўқиб чиқдилар». Сувсизликдан, шайтоннинг васвасасидан етган заифликни кетказиш, собитқадам қилиш учун Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди.)

12Ўшанда Роббингиз фаришталарга: «Мен, албатта, сиз биланман, бас, сиз иймон келтирганларни собит қилинг, тезда куфр келтирганларнинг қалбларига қўрқинч соламан. Бас, бўйинлар устидан зарба беринглар ва ҳамма бармоқларига зарба беринглар», деб ваҳий қилган эди.

13Бу уларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши турганлари учундир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши турса, бас, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир.

14Мана шу сизники, тортаверинглар! Албатта, кофирларга дўзах азоби бордир.

15Эй иймон келтирганлар, куфр келтирганларга яқинлашиб, юзма-юз келганингизда уларга орқа ўгирмангиз.

16Кимки ўша кунда жанг ҳунари кўрсатиб ёки бошқа гуруҳга қўшилмоқчи бўлган ҳолатдан ташқари уларга орқа ўгириб қочса, бас, батаҳқиқ, Аллоҳдан бўлган ғазаб ила қайтибди. Унинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой.

17Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. Отган пайитингда, сен отмадинг, балки Аллоҳ отди. Ва мўминларни гўзал синов ила синаш учун (шундай қилди). Албатта, Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зотдир. (Бадр урушида Пайғамбаримиз (с.а.в.) сиқимларига тупроқ олиб, мушриклар томонга «Шаҳатил вужуҳ» (Юзлар қаро бўлсин!) деб отганлари ривоятларда собит. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) бу ҳақда шундай ривоят қиладилар: «Бадр куни Расулуллоҳ (с.а.в.) қўлларини кўтариб: «Эй бор Худоё, агар ушбу жамоа ҳалок бўлса, ер юзида сенга ибодат қиладиган одам қолмайди...» деб дуо қилдилар. Жаброил келиб у кишига: «Бир сиқим тупроқ олиб, уларнинг юзига қараб от!» деди. Бир сиқим тупроқ олиб, уларга отдилар. Кўзига ва оғзи-бурнига тупроқ кирмаган бирорта ҳам мушрик қолмади. Шундан кейин ортларига қараб қоча бошладилар».)

18Ана ўшалар (нинг сизга бўлиши) Аллоҳ, албатта, кофирларнинг ҳийласини заиф қилгувчи бўлганидандир.

19Агар орани очишни сўраган бўлсангиз, бас, батаҳқиқ сизга орани очиш келди. Агар тўхтасангиз, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар сиз қайтсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Сизнинг гуруҳингиз қанча кўп бўлса ҳам, сизга ҳеч бир ҳожатингизни чиқара олмас. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир.

20Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилингиз ва эшитиб туриб, ундан юз ўгириб кетмангиз.

21Ва ўзлари эшитмасалар ҳам, «эшитдик» деганлар каби бўлмангиз.

22Аллоҳнинг ҳузурида ҳайвоннинг энг ёмони, албатта, кару соқов бўлиб, ақл ишлатмайдиганлардир.

23Агар Аллоҳ уларда бирор яхшиликни билганида, албатта, эшиттирар эди ва агар уларга эшиттирса ҳам, албатта, юз ўгириб, бурилиб кетар эдилар. (Аллоҳ таоло улардан бирор яхшилик чиқишини билганида эди, албатта, уларни эшитганидан фойда оладиган қилиб қўйган бўларди. Аммо уларнинг табиатлари бузуқлигини, эшитсалар ҳам, юз ўгириб кетишларини билгани учун ҳам Аллоҳ бундай қилмади.)

24Эй иймон келтирганлар! Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг ва билинки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди ва, албатта, Унинг ҳузурида тўпланурсиз. («Ҳаёт берадиган нарса»–иймон ва Исломдир. Қуръони Карим таъбири бўйича, ҳақиқий ҳаёт иймон ва Исломдир. Инсон буларсиз ўликдир. Аллоҳ инсон билан қалбининг орасини ажратгандан кейин у ўзини ўнглай олмай қолади. Инсон ўз қалбига молик бўла олмай қолмайди.)

25Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир.

26Сиз ер юзида оз сонли, заифҳол бўлиб, одамлар сизни тутиб олишидан қўрқиб юрган ҳолингизни эсланг. Бас, У зот сизга жой берди, Ўз нусрати ила қўллади ва сизларга пок нарсаларни ризқ қилиб берди. Шоядки шукр қилсангиз. (Аллоҳ таоло мусулмонларга жуда қийин пайтларида ҳам Ўзи ёрдам берганини эслатмоқда. Исломий даъватнинг бошланишида мусулмонлар оз сонли, заифҳол эдилар. Маккада қўрқиб бекиниб юрардилар.)

27Эй иймон келтирганлар, билиб туриб, Аллоҳга, Пайғамбарга ва омонатларингизга хиёнат қилманг. (Аллоҳга хиёнат–«Ла илаҳа илаллоҳ», деб иймонга келган шахснинг ана ўша «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ» шиорига хилоф қилишидир. Аллоҳдан ўзганинг йўлига юриш, Аллоҳ фарз қилган амалларни тарк этиш, қайтарганларидан қайтмаслик ва бошқа гуноҳлар Аллоҳга хийнат қилиш бўлади. Пайғамбарга хиёнат қилиш эса, «Муҳаммадун Расулуллоҳ»-га хилоф қилишдир. Пайғамбаримизни (с.а.в.) шариатларига юрмаслик, суннатларига амал қилмасликдир. Кишилар орасида бўладиган муомалаларда омонатлар бор. Муомалалар шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқача бўлиши мумкин. Уларнинг ҳаммасида ҳам бировга бир нима ишониб топширилса, омонат бўлади. Уни ўз ўрнига қўя олмаслик хиёнат ҳисобланади.)

28Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва, албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир. (Молу дунё ва фарзандлар омонатга хиёнат қилишга сабаб бўлиши учун эмас, синов учун берилади. Ҳар бир инсонда молу дунёга, фарзандга муҳаббат бор. Булар ҳам Аллоҳнинг неъматлари.)

29Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради, сизнинг гуноҳларингизни ювиб, мағфират қиладир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.

30Куфр келтирганларнинг сени ушлаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла. Улар макр қилдилар ва Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «макр» қилгувчиларнинг устасидир. (Уламоларимиз Аллоҳга «маккор» сифатини беришдан қайтарганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ёки ҳадисда Аллоҳ таолога нисбатан «макр» лафзи ишлатилса, уни бандаларга нисбатан қўлланилгани каби тушунмаслик керак.)

31Уларга оятларимиз тиловат қилинса: «Батаҳқиқ, эшитдик, агар ҳоҳласак, бунга ўхшашни ўзимиз ҳам айтамиз. Бу аввалгиларнинг афсонасидан ўзга нарса эмас», дерлар.

32«Эй бор Худоё, агар мана шу Сенинг ҳузурингдан келган ҳақ бўлса, устимизга осмондан тош ёғдиргин ёки бизга аламли азоб юборгин», деганларини эсла.

33Модомики сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас.

34Нега энди Аллоҳ уларни азобламас экан. Улар Масжидул Ҳаромдан тўсмоқдалар. Ҳолбуки, унинг валийлари эмаслар. Унинг валийлари тақводорлардан ўзга ҳеч ким эмас. Лекин кўплари билмайдилар.

35Уларнинг байт олдидаги намозлари ҳуштак ва қарсак чалишдан иборат эди, холос. Бас, куфр келтирганингиз туфайли азобни татиб кўринг. (Мушриклар Байтуллоҳнинг валий-мутасаддилари бўлса, ибодатлари хуштак ва чапак чалишдан иборат бўлармиди? Бу ишда на Байтуллоҳга ҳурмат-эҳтиром бор ва на Аллоҳга ибодат. Фақат овоз чиқариш, тўс-тўполон қилиш. Шунинг учун ҳам оятнинг сўнгида уларга хитобан:«Бас куфр келтирганингиз туфайли азобни татиб кўринг», дейилмоқда.)(Яъни, Бадр урушидаги азобни татиб туринг, қолганини қиёматда оласиз.)

36Албатта, куфр келтирганлар молларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун сарфларлар. Бас, уларни сарфлайдилар-у, сўнгра ўзларига ҳасрат бўладир, кейин маблуғ бўларлар. Куфр келтирганлар жаҳаннамга тўпланурлар. (Ушбу сураи карима тафсири муқаддимасида келтирилган Бадр уруши ҳақидаги ривоятларда Макка мушрикларининг бойлари мусулмонларга, Пайғамбарга (с.а.в.) қарши қанчалик молу мулк сарифлаганликларини кўриб ўтдик. Кофирлар одамларини Аллоҳнинг йўлидан қайтариш учун ундан кейин ҳам, ҳозир ҳам ҳисобсиз маблағларини сарфламоқдалар. Улар ўзларича, бу харажатларни эзгулик йўлида, савоб учун сарфлаяпмиз, деб ўйлайдилар. Улар хоҳлаганларича сарфлайверсинлар, лекин бир куни келиб, худди шу сарфлаган моллари ўзларига ҳасратнадомат бўлиб қайтади. Бунга Бадр урушига харжланган моллар мисол бўла олади. Минг-минглаб сарф қилсалар ҳам, мақсадларига эриша олмай, мағлуб бўлдилар. Охиратда эса, жаҳаннамда тўпланадилар.)

37Аллоҳ покдан нопокни айириши учун ва нопокнинг баъзиси устига баъзисини тахлаб, ҳаммасини жаҳаннамга ташлаши учун. Ана ўшалар зиён кўргувчилардир. (Аллоҳ таоло кофирларни у дунёда жаҳаннамга тўплайди, уларни пок–жаннати мўминлардан ажратиб олиш учун, худди ўтинни тахлагандек, бир-бирларининг устига тахлаб туриб, дўзахга ташлаш учун тўплайди. Ҳақиқий зиён кўрувчилар ана шулар бўлади.)

38Куфр келтирганларга айт, агар тўхтасалар, ўтган нарсалар мағфират қилинур ва агар қайтадиган бўлсалар, бас, батаҳқиқ, аввалгиларнинг суннати ўтган.

39Ва улар билан то фитна бўлмагунча ва диннинг ҳаммаси Аллоҳга бўлгунча, уруш қилинг. Агар тўхтасалар, бас, Аллоҳ, албатта, нима қилаётганларини кўриб тургувчи зотдир.

40Агар юз ўгирсалар, бас, билгинки, албатта, Аллоҳ хожангиздир. У қандай ҳам яхши хожа ва қандай ҳам яхши нусрат бергувчи!