У аҳли китоблардан (яҳудийлардан) кофир бўлган кимсаларни биринчи тўплашдаёқ ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарган Зотдир. (Эй мўминлар), сизлар уларнинг чиқиб кетишларини ўйлаган ҳам эмас эдингиз. Улар ҳам ўзларининг қўрғон-қалъаларини Аллоҳ(нинг азобидан) тўсгувчи деб ўйлаган эдилар. Бас, Аллоҳ(нинг азоби) улар ҳисобга олмаган томондан келди ва дилларига қўрқинч солди. Улар уйларини ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан бузурлар. Бас, эй ақл эгалари, (уларнинг аҳволидан) ибрат олингиз![1]
Агар Аллоҳ уларга сургунни ёзмаганида, албатта уларни мана шу дунёда (қатл қилиш ёки асирлик билан) азоблаган бўлур эди. Улар учун Охиратда дўзах азоби ҳам бордир.
(Эй мўминлар), сизлар (Бану Назийр хурмозорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз поясида турган ҳолида қолдирдингларми, бас, (сизлар қилган ҳар бир иш) Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва у фосиқ-итоатсиз кимсаларни расво қилиш учун (бўлди).
(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар — камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир.
Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмаган. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан».
Қасамки, агар (яҳудийлар ўз диёрларидан) қувиб чиқарилсалар (мунофиқлар) улар билан бирга чиқиб кетмаслар, қасамки, агар (яҳудийларга қарши) жанг қилинса, (мунофиқлар) уларга ёрдам ҳам бермаслар ва агар (фаразан) ёрдам берсалар ҳам, албатта яҳудийлар (мўминлар томонидан мағлуб қилинишиб) ортларига қараб қочурлар ва кейин уларга бирон ёрдам берилмас.
Улар (мунофиқ ва яҳудийлар) бирлашган ҳолларида сизлар билан фақат қалъа-қўрғонли қишлоқлар ичида (беркиниб) ёки деворлар ортидагина жанг қила олурлар, (яъни, ҳеч қачон сизларга қарши очиқ жангга чиқа олмаслар). Улар ўз ўрталарида кучли-қувватлидирлар, (яъни, жанг-жадал бўлмасдан туриб ўзаро куч-қудратли эканликлари ҳақида лоф ураверадилар, аммо жанг пайтида ожиз-қўрқоқдирлар). (Оғизларидаги сўзларидан) уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз қавм эканликларидир.
Бас, иккисининг (шайтон ва унинг сўзига кириб, кофир бўлган инсоннинг) оқибати дўзахга кириб, унда мангу қолишлари бўлди. Золим кимсаларнинг жазоси шудир!
Агар Биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. (Лекин айрим инсонларнинг диллари тоғнинг тошидан ҳам қаттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас). Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз.
У — Аллоҳ, шундай Зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкора нарсаларни) билгувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир.
У — Аллоҳ, шундай Зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (ёлғиз) подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) покдир-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва Охират азобидан) омон қилгувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб тургувчидир, қудрат Соҳибидир, бўйсундиргувчидир, (танҳо) кибр Эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир.
У — Аллоҳ яратгувчидир, (йўқдан) бор қилгувчидир, (барча нарсага) сурат-шакл бергувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир.